1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ТАВАККУЛ

05:00 / 28.02.2017 18862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал қилишдир.
Аллоҳ таолога таваккал қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир» деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.
Таваккулни Ибн Ражаб ўзининг «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди: «Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир» (409 – бет).
Журжоний «Таърифот»да: «Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74 – бет).

Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.
Банда бу ишларни қилаётганда фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса Аллоҳ таолога таваккал қилмаган бўлади.
Таваккул ҳақидаги оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159-оят).
Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккал қилиш керак. Бу қоидага Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Кўниб, шунга азму қарор қилганларидан сўнг, ҳалиги кўпчилик ўз фикридан қайтсалар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом қайтмадилар. Аллоҳга таваккал қилдилар.
Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.
«Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир».
Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккал, деб тушунувчилар кўп.
Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккалларини олиб кўрайлик. Мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.
Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккал қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, икки совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар.
Етиб боргандан кейин ҳам, душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар.
Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хулласи калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар.
Аммо Аллоҳга таваккал бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил, деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккал, деб бўлмайди.
Афсуски, кўпчилик таваккални дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51- оят).
Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қийинчилик ва машаққатлар бизни насрга элтувчи воситалардир. Шу тарзда Аллоҳ бизни синаб кўради.
«У бизнинг хожамиздир».
У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди.
«Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар».
Ҳа, улар фақатгина Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳнинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккал қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас. Балки Аллоҳнинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳнинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккал қилмаган - (суянмаган) бўладилар.
Аллоҳ таоло «Тағобун» сурасида: «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга (вазифа) очиқ-ойдин етказиш, холос. Аллоҳ Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар», деган (12 – 13 – оятлар).
Яъни, тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи ва ўлдирувчи-Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилади, суянади. Аллоҳга таваккал қилган кишининг эса хотири жам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди.
Таваккул ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. «Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан;

1.«дам солишни талаб қилмайдиган»
2. «шумланмайдиган»
3. «тамға қиздириб босмайдиган»
4. «Роббиларига таваккал қиладиган»

Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.
Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганинигизда оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақақий таваккал қилсалар-суянсалар уларга худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқни бергани каби уларга ҳам ризқ бериши турган гап эканлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган ҳар қандай қуш қорни очиб қорни ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам кўзга олиб қўйган ризқ манбаси ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади. Дунёдаги барча ҳайвонотларнинг ҳоли шу.
Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар уларга ҳам ғайбдан ризқ бериши турган гап. Гап фақат қуш уясидан чиқиб ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоғи керак. Аллоҳ таоло ҳатто қушларга ва қурт қумурсқаларга ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар уларнинг ризқини ётган жойига олиб келиб бермайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши «Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?» деди. Бас, у зот «Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, биз таваккал қилувчилармиз, дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиламчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда, яманликлар «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга бу иш ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб у тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда.

Таваккулнинг фойдаларидан:

1. Таваккул иймоннинг камолидандир.
2. Таваккул исломнинг гўзаллигидир.
3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир.
4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир.
5. Таваккул шариат чегарасида туришдир.
6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир.
7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир.
8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишдан сақлайди.
9. Таваккул хотиржамликдир.
10. Таваккул барқарорликдир.
11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради.
12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради.
13. Таваккул бандани қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради.
14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир.
15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди.
16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабаларидан биридир.

Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар: Ҳаётнинг ҳар бир нарсасида Аллоҳ таолога таваккал қилиш матлубдир. Шу билан бирга Қуръони Каримда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида тваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоири зави тамййиз фии латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган:

1. Агар нусрат ва кушойиш истаснгиз, У зотга таваккал қилинг.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (160 – оят).

2. Қачон душманларингдан юз ўгирсанг, рафиқинг таваккул бўлсин.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81-оят).

3. Қачон халойиқ сендан юз ўгирса, таваккулга суян.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин», деган (129 – оят).

4. Қачон сенга Қуръон тиловат қилинса ёки уни ўзинг тиловат қилсанг, таваккулга суян.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир», деган (2 – оят).

5. Қачон бир қавм ўртасида сулҳ ва ислоҳни талаб қилсанг, унга таваккул ила васийла изла.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деган (61 – оят).

6. Қазои қадар карвони етиб келса, уни таваккул билан кутиб ол.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51 – оят).

7. Қачон душманлар макр тузоғини қўйса, сен у ерга таваккул ила кир.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар. Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди», деган (71-72-оятлар).

8. Қачон барчанинг қайтар жойи Аллоҳга эканини ва ҳамманинг тақдири Аллоҳда эканини билсанг, ўзинг учун таваккул тўшагидан жой ол.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил», деган (123 – оят).

9. Аллоҳ таоло ҳақиқий Ягона эканини тушуниб етган бўлсанг, Ундан ўзгага суянма.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт», деган (30 – оят).

10. Ҳидоят Аллоҳ таолонинг ўзидан бўлганидан кейин уни шукр ва таваккул ила кутиб ол.
Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида: «Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (12 – оят).

11. Агар Аллоҳ таолонинг душманлари ва шайтоннинг ёмонлигидан қўрқсанг, таваккулга юзлан.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин.
Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ», деган (98 - 99 - оятлар).

12. Агар ҳар вақт Аллоҳ таоло сенинг вакилинг бўлишини истасанг, ҳар вақт таваккулни маҳкам тут.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81 – оят).

13. Агар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасанг, таваккул мақомида бўл.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159 – оят).

ОЛИЙМАҚОМ ТАВАККАЛЧИ

Ўттиз иккинчи ҳижрий сана.
Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.
Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳар кўчалари бўйлаб юриб кетмоқдалар.
У киши кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бугун бетоб бўлиб қолганларини эшитиб ташвишга тушганлар.
Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни бугун ҳолидан хабар олишлари лозимлигини яхши биладилар.

Абу Добядан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розиялоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўргани келдилар ва у кишига: «Нимадан шикоятинг бор», дедилар.
Шунда Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар.
«Нимани хоҳлайсан?» деб сўрадилар ҳазрати Усмон.
«Роббимнинг раҳматини», деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
«Сенга табиб юборайми?» дедилар ҳазрати Усмон.
«Табиб (яъни Аллоҳ) Ўзи касал қилди», деб жавоб қилидилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
«Бўлмаса, моддий ёрдам беришни буюрайин», деди халифа.
«Менинг унга ҳожатим йўқ!» деди бемор.
«Сенга бўлмаса, кетингдан қолган қизларингга керак бўлар», деди халифа.
«Менинг қизларимни камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кечада «Воқеа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, ким «Воқеа» сурасини ҳар кечада ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди, деганларини эшитган эдим,-дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам таваккул-ҳар бир нарсада Аллоҳ таоло га суяниш қандоқ бўлиши борасида дарс ўтдилар. Ислом туфайли мўъжизага айланган зот охиригача ўша ҳолда қолдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўра оладиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини аниқлашнинг тўрт давоми...

3264 13:00 / 24.10.2020
1. Салмон Форсий розияллоҳу анҳуЭронда ҳижратдан 215 йил олдин туғилганлар. Ҳижрий 35 санада 250 ёшларида Эроннинг Мадоин шаҳрида вафот этганлар.Салмон Форсий давоми...

5103 15:10 / 28.12.2018
Бахилликнинг асосий сабаби молга бўлган ортиқча муҳаббатдир. Бу муҳаббатнинг икки сабаби бор Биринчиси ndash орзуни узун қилган ҳолда молсиз эришиб бўлмайдиган давоми...

2504 19:05 / 16.05.2022
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3276 13:00 / 13.06.2020
Аудиолар

131520 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52002 14:35 / 11.08.2021