1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ўз ғоянгизни билиб олинг

05:00 / 01.03.2017 3793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамдлар, Аллоҳнинг расулига, у зотнинг оли асҳобларига ҳамда у зотнинг йўлларидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъд:

Қалбларнинг тўғрилиги барча нарсанинг асосидир:

Биз бугун қалбни поклаш ҳақида сўзлашамиз. «агар у тўғри бўлса, жасаднинг ҳаммаси тўғри бўладиган ва агар у бузуқ бўлса жасаднинг ҳаммаси бузиладиган» (1) ана шу бир парча эт ҳақида суҳбатлашамиз.

Инсон жасади билан эмас руҳи билан инсондир:

Инсон гўшт, қон, суяк, пайлар, аъзолар ва хужайралардан таркиб топган ана шу ҳайкал эмас. Бу нарсалар инсонларда бўлгани каби ҳайвонларда ҳам мавжуддир. Инсонни инсон қилиб турган нарса шубҳасиз бу ўша руҳоний жавҳардир. У сабабли инсон инсон бўлиб ажралиб чиқди ва ўшанинг учун Аллоҳ уни шарафлаш ва улуғлаш маъносида малоикаларни унга сажда қилдирди. «Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг».

Ана шунинг учун Ислом ана шу эт парчаси ва ана шу жавҳарни, зоҳирий ғилофнинг ичида сокин бўлган: қалб, нафс, юрак ва ақлни ислоҳ этишга бутун эътиборини қаратган. Сиз уни қандай истасангиз шундай атайверинг. Ҳар ҳолда инсоннинг тўғри ёки бузуқ бўлиши, инсоннинг тирик ёки ўлик бўлиши унга боғлиқдир.

«Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўладими?»

Бу ердаги тириклик ва ўлим қалбларнинг тирик ва ўлик бўлишидир. Инсон охиратда фақатгина ана шу қалбига қараб нажот топади. Агар саломат қалб бўлса, тавба қилгувчи қалб бўлса, дўзахдан нажот топиб жаннатга киришга мустаҳиқ бўлади.

«Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди.»

Саййидимиз Иброҳим Роббиларига дуо қилар эканлар: «Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)», деган эдилар.

Ширкдан саломат қалб, нифоқдан саломат қалб, разолатлардан саломат қалб. Саломат қалб– айнан ана шугина дўзахдан нажот топади. Тавба қилгувчи қалб– айнан ана шугина жаннатга киришга муносибдир: «Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди. Бу сизга ваъда қилинган нарсадир. Ҳар бир сертавбага ва сақловчига. Роҳмандан ғоибдан қўрққан ва саломат қалб ила келган кимсасага.Унга саломат бўлган ҳолда кирингиз. Бу мангулик кунидир» (дейилди)». Шунинг учун ҳам биз ана шу покланишга эътибор қаратдик.

Илму маърифат покланиш йўлидаги илк бекатдир:

Ушбу йўл– Аллоҳга олиб борадиган йўлнинг, жаннатга олиб борадиган, ризвонга олиб борадиган йўлнинг, покланиш йўлининг биринчи бекати –бу илму маърифат бекатидир.

Сизнинг зиммангиздаги илк вазифангиз динингизни ўрганишдир. Ҳадисда шундай келган: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди».(2)

Қуръони каримда эса: «Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар», дейилади.

Илм бандани динида адашиб кетишдан ҳимоя қилади:

Чунки сиз агар динингизни билмасангиз, агар ўз динингиз ишида хужжатга эга бўлмасангиз ғарга қараб юраман деб шарққа қараб кетишингиз мумкин. Ёки шарққа қараб юраман деб ғарбга томон кетиб қолишингиз мумкин. Аслида  бидъат бўлган амални ибодат деган ўй билан амал қилишингиз эҳтимоли бор. Аслида ҳаром бўлган нарсани ҳалол деб, аслида ботил бўлган нарсани ҳақиқат деб билишингиз мумкин. Ана шу нарсаларнинг барчасида сизни хабардор қилиш ва Роббингиз томонидан бирор хужжатингиз бўлиши учун ҳам сизга илм керак. Сизнинг Роббингиз томонидан бирор бир хужжатингиз бўлиши керак:  «Сен: «Бу-менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб-ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт»

          Ислом хоҳлайдиган нарса ана шу: ўзингиз билмаган ҳолда адашиб кетмаслигингиз учун ҳам ишни энг аввал илмдан бошлашингиздир: «Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?! Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсани залолатга кетказур, хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур».

«Сен:«Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин».

Амалдан олдин илм ўрганиш буюрилган:

Ҳасан Басрий дедилар: «Ибодатга зарар бермайдиган қилиб илм ўрганинглар. Илмга зарар бермайдиган қилиб ибодат қилинглар. Чунки бир қавм илм ўрганишдан олдин ибодат қилдилар ва натижада уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устига қиличларини кўтариб чиқдилар. Агар улар илм ўрганган бўлганларида эди албатта уларни қилган ишларидан бошқасига бошлаган бўлар эди. Илм ўрганмасдан ибодат қилишликнинг тегадиган фойдасидан кўра зарари кўпроқдир».(3)

Ҳасан Басрий уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устига қиличларини кўтариб чиқдилар, деганда хаворижларни назарда тутган эдилар. Улар кўп рўза тутадиган, кечалари кўп қойим бўладиган, ибодатлари кўп бўлган, Қуръонни кўп ўқийдиган одамлар эдилар. Лекин уларнинг офатлари фиқҳларида эди. Улар Исломни яхши тушунмаган эдилар. Қуръонни яхши англамаган эдилар. Улар Қуръонни ўқир эдилару томоқларидан нарига ўтмасди. Томоқлари билан ўқир эдилар. Қуръон уларнинг қалблари ва ақлларининг тубига етиб бормаган эди. Уларнинг қилган қилмишларига сабаб ана шу эди.

«Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас. Диндан  камондан ўқ чиққандек чиқурлар».(4)

Маърифат манбаини белгилаб олиш вожиб:

Сизнинг энг бирламчи вазифангиз: маърифат манбаингизни белгилаб олишдир. Динингизни қаердан ўрганишни аниқлаб олишдир. Салафларимиз розияллоҳу анҳум: «Албатта бу илм диндур. Шундоқ экан ўз динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг», (5)деганлар.

Улар бу гапни ҳадис толибларига айтганлар. Динингни кимдан олаётганинга қарагин. Кечқурун ўзи билмаган ҳолда ичида илонларию чаёнлари бор бўлган бир қучоқ ўтинни кўтариб олган ўтинчи каби бўлмагин. Йўқ, сен динингни кимдан ўрганаётганингни ажратиб олгин. У ёғда мавзу ҳадисларни ўрганаётганлар бор. Мункар ҳадисларни ўрганаётганлар бор. Асли йўқ, тизгини ҳам жилови ҳам бўлмаган ҳадисларни ўрганадилар. Улар ўз сулуклари ва тасарруфотларини ўшалар асосига барпо қиладилар. Ўз алоқаларини ўшаларга асослайдилар. Ваҳоланки улар ҳеч нарсага муносиб эмасдир.

Одамлар орасида Қуръонни эгри тушунадиганлари бор. Улар ўз ҳаётларини ўша эгри тушунча асосига барпо этадилар. Улар ўша тушунчани ишончли одамлардан олмаганлар. Шунинг учун ҳам Сиз ўз манбаингизни белгилаб олишингиз лозим.

Сўфийлар маърифатларининг манбаларида оғишдилар:

Йўлдан оғган айрим сўфийлар: «Биз илмни қалбларимиздан оламиз. Уламолардан олмаймиз», дейдилар. Шунинг учун ҳам баъзилари: «Менга қалбим Роббимдан ривоят қилди, унга қалби Роббисидан ривоят қилди», дейдилар. Бу тамоман мардуд ишдир. Биз илм ўрганишимиз учун восита бўлиши лозимдир.

Маъсумлик расулларга эргашишдадир:

Аллоҳ башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб Ўз расулларини нима учун юборди?   Исмат  уларга эргашишда бўлгани учун.

Сўфийлар ва мураббийларнинг шайхи бўлмиш Жунайд шундай дер эди: «Ким Қуръонни ёдламаса ва ҳадис ёзмаса, бу иш(тасаввуф)да унга эргашилмайди. Чунки бизнинг бу илмимиз Китоб ва Суннатга қайдлангандир».(6)

Яна шундай деган: «Йўлларнинг барчаси халоиқлар учун ёпиб қўйилгандир. Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан эргашганлар бундан мустаснодирлар».(7)

Сиз Қуръон ва ҳадисдан илм ўрганишингиз керак. Ўз завқлари ва ҳиссий кечинмаларини ҳоким қиладиган ва кўпинча залолатга олиб борадиган ана у кимсаларга ўхшаманг. Ҳақ нимаю ботил нима билиш керак. Яхши нимаю ёмон нима билиш лозим. Гўзаллик нимаю қабоҳат нима билиш керак. Ҳидоят нимаю залолат нима билиш керак. Ҳалол нимаю ҳаром нима билиш керак.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганмас эканмиз бу иш умуман бўлмайди «Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар.» «Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади.»

Икки шаҳодат калимаси маърифат манбаининг кафилидир:

Шунинг учун ҳам Ислом икки калимада умумлашган, у икки калимани ихлос калимаси, тавҳид калимаси, шаҳодат калимаси ўз ичига қамраган. У икки калимани ана ўша «ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расуулуллоҳи» калимаси ўз ичига олган.

«Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу» сизга маъбуд ким эканлигини, ибодатга сазовор зот кимлигини, у­ – халқ қилгувчи, ризқ бергувчи, ҳаёт бергувчи, ўлдиргувчи ва ишларни  тадбир қилгувчи Аллоҳ эканлигини ўргатади.

Унга ибодат қилишни кимдан ўрганасиз, қандай қилиб ибодат қиласиз, Уни қандай рози қиласиз, Уни рози қиладиган йўлдан қандай юрасиз? Унинг расули Муҳаммад расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали. Ана ўша калима иккинчисини лозим тутади ва уни тўлдириб келади.

Фалсафачилар мусулмоннинг ақлини ёриб ўтмоқчилар:

Инсонга лозим бўлган биринчи иш илм ўрганадиган манбани белгилаб олишдир. Тарих давомида бир қанча одамлар ана шу ёпиқ деворни бузиб ўтишга уриндилар. Улар мусулмоннинг ақлига кириб, уни Аллоҳнинг йўлидан адаштирмоқчи бўлдилар. Ҳар бир асрнинг ўз даъватчилари бўлди. Кишини ақл ёки фалсафа ёрдамида қўлда ушлашни истаганлар ҳам бўлди.

Мусулмонлар ҳаётида ва Ислом ҳазорасида фалсафачилар намоён бўлди. Улар ўз мафкураларини ғарб ҳазорасидан ёки ғарблик фалсафачилардан, грек фалсафасидан, юнон фалсафасидан олган эдилар. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларининг биринчи муаллимлари деб санамадилар. Йўқ, уларнинг муаллимлари Арасту эди. Арасту нимани айтган бўлса, ўша ҳақиқат, ўша тўғри. Қуръон ва Суннатда келган таълимотлардан унга хилоф келганларини таъвил қилиш керак. Бу очиқ– ойдин залолатдир.

Мусулмон олимларнинг ғарб фалсафасидан таъсирланишлари:

Мусулмон даҳолардан бўлган буюк инсонлар ўша нарсага мафтун бўлдилар. Уларнинг ўйлашларича риёзиёт, ҳандаса ва табиий фанлар борасида пайдо бўлган ана шу фалсафа илоҳиёт борасида хатога йўл қўйиши мумкин эмас эди. Бу уларнинг биринчи адашган жойлари эди. Риёзиёт ёки табиий фанларда хатога йўл қўймайдиган ҳар кимса илоҳиёт борасида ҳам адашмаслиги мумкин эмас. Илоҳиёт маъсум ваҳий орқали ўрганилиши керак. Шунинг учун улар Қуръонни ва Суннатни таъвил қилдилар. Улар жисмларнинг қайта тирилишини таъвил қилдилар. У ёқда жасадларнинг қайта тирилишини, у ёқда еб– ичиладиган, ҳуру айнлари бор бўлган жаннат борлигини, унда аламли азоблари, қайноқ сув ва йиринглари бор бўлган дўзах мавжудлигини  инкор этдилар.

Файласуфларнинг илмий ҳақиқатлар деб ўйлаган нарсаларидаги хатолари:

Кейинроқ улар илмий ҳақиқатлар деб ўйлаган кўпгина нарсаларнинг илмий ҳақиқатлар эмаслиги аниқ бўлиб чиқди. Улар борлиқни тўрт унсур: сув, ҳаво, тупроқ ва олов асосига барпо бўлган дер эдилар. Сўнгра бошланғич мактабнинг ўқувчиси ҳам унсурларнинг юздан ошиқ эканлигини, тупроқнинг ўзи ҳам битта унсур эмас, у кўплаб унсурлардан ташкил топган мураккаб жисм эканини, сувнинг иккита унсурдан таркиб топганини, ҳавонинг бир неча унсурлардан таркиб топганини ва ҳоказоларни билди.  

Улар айтар эдиларки: фалаклар жипслашиш ва ёрилишни қабул қилмайдиган жисмлардир. Ҳозир  инсон қандай қилиб Ойга кўтарилиб бораётганини қаранг. Қандай  қилиб Марсга чиқишни хоҳлаб турганини қаранг. Қандай қилиб ана шу юлдузлар ва фалакларга чиқишни истаб турганини бир кўринг. У ақллар учун фитна эди. Мусулмон одам ўз йўлини билиб олишдан адашмаслиги керак бўлади.

Ғарб ўлкамиздаги дунёвийларнинг маъбудидир:

Ҳозирги давримизда айрим одамлар Ғарбни ўзларининг маъбудлари қилиб олдилар. Уни санам қилиб олдилар. Ўлкамиздаги дунёвийлик тарафдорлари уларга ибодат қиладилар. Лекин уларнинг маъбудлари амр қиладиган, тақиқлайдиган, ҳалол ёки ҳаром ҳукмини берадиган ўша Аллоҳ эмас. Лекин улар ўша одамларни Аллоҳнинг ўрнига парвардигор қилиб олдилар. Улар нимани улар учун ҳалол десалар ўша ҳалол ва улар учун нимани ҳаром десалар ўша ҳаром бўлиб қолди.

NLP (Neuro-linguistic programming) ва бош мияни тозалаш:

Инсон ўз йўлини кимдан ўрганишни белгилаб олиши керак. Бизнинг асримизда турли услублар билан мусулмонларнинг устига киришни истайдиган инсонлар бор. Ана ўша ғарблик инсонлар баъзи бир зиёли мусулмонларга ўзларининг NLP лари орқали дахл қилиб бўлганлар.

Бу дегани улар бош мияларини ювиб тозалаш, уларнинг онгини йўқотган, кейинроқ эса онги бор ақлларига мафкуралар талқин қилиш учун мусулмонларга дахл қилмоқчилар. Бунинг хулосаси шуки, ушбу борлиқ ягонадир. Парвардигор ҳам махлуқ ҳам йўқ. Бу ёқда фақат ваҳдатул вужуд бор. Ваҳдатул вужуд тарафдорлари сўзлаб юрган эски фикрларни ўша одамлар ана шу программалари орқали айтмоқдалар.

NLPнинг динга алоқаси йўқдир:

Ушбу программа таъсир қилиш, такрорлаш ва кўнгилларга фикрлар уқтиришга асосланган. Улар: «Бизнинг динга алоқамиз йўқ. Биз ўзимиз одамларга ўргатаётган прграммалардан фойдаланамиз», дейдилар. Уларнинг ортларида ёмон мақсадлар ва узоқ ниятлар бор. Буларнинг барчаси мусулмонларнинг ақллари нишонга олинган урушларнинг бир кўринишидир. Шунинг учун ҳам бизлар ҳарис бўлишимиз ва ишонч ҳосил қилишимиз керак бўлган бирламчи нарса шуки: эй мусулмон! Ўз йўлингни таниб ол. Ғоянгни  билиб ол. Мақсадингни билиб ол.

Ғояда тўғри бўлишлик:

Сиз ўз ғоянгизни билиб олинг. Ўз йўлингизни таниб олинг ва: «Аллоҳга имон келтирдим», денг да, ана шунда мустақим туринг.

«Эй Аллоҳнинг расули! Менга Исломдаги шундай сўзни айтингки, у ҳақда Сиздан бошқа ҳеч кимдан (Абу Муовия «Сиздан кейин ҳеч кимдан», деб ривоят қилган) савол сўрамайгин», деган ўша саҳобийга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар. У зот: ««Аллоҳга имон келтирдим», дегин да шу нарсада мустақим бўлгин», дедилар.(8)

Қуръонда ҳам шундай келган: «Албатта, «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: «Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир». Ана шу нарсаларнинг барчаси ким учун?  «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганлар учун.

«Роббимиз Аллоҳ» калимаси манҳажга амал қилиш, унинг машаққатларига сабр қилиш демакдир:

«Роббимиз Аллоҳ» калимаси оғизнинг бир четидан чиқиб кетадиган оддийгина сўз эмас. У мажбуриятни зиммага олишдир. «Роббимиз Аллоҳ» дер экансиз демак унинг маъноси шуки Сиз Унинг манҳажига амал қиласиз, Уни рози қиладиган ишни қиласиз ва Унинг ғазабини келтирадиган ишлардан четда бўласиз. «Роббимиз Аллоҳ»нинг мазмуни шудир. Бу йўлда сиз машаққатларга дучор бўласиз ва уларга сабр қиласиз.

«Роббимиз Аллоҳ» деганлар имтиҳон қилинадилар:

Шунинг учун ҳам «Роббимиз Аллоҳ» деганларга мусибатлар етиб турган.

Саййидимиз Мусо «Роббим Аллоҳ» деган вақтларида Фиръавн у кишини ўлдирмоқчи бўлди. «Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Роббига дуо қилсин. Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди».

Шунда Фиръавннинг аҳлидан бўлган бир  киши туриб: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир», деди. Ана шу ҳақиқатни эълон қилгани туфайли унинг қонини тўкмоқчимисиз?! «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?!»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга асҳоблари ана шу «Роббимиз Аллоҳ», санамлар ҳам, тоғутлар ҳам эмас, Ҳубал ҳам, Манот ҳам эмас, Лот ҳам Уззо ҳам эмас, худди ўз аҳборлари ва роҳибларини Аллоҳнинг ўрнига парвардигор қилиб олганлар сингари одамларга ўз истакларига қараб ҳалол ва ҳаромни белгилаб берадиган башар ҳам эмас, калимасини очиқ айтган вақтларида, Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари «Роббимиз Аллоҳ» деган вақтларида уларга нима мусибат етган бўлса етди. Шунинг учун Аллоҳ: «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар». Уларнинг «Роббимиз Аллоҳ» деганларидан бошқа гуноҳлари йўқ. Улар шуни баралла айтишди. Улар Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани рад қилдилар ва: «Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз», дедилар. Натижада ўз диёрлари ва молу мулкларидан қувилдилар. Уларнинг устиларидан азоб қамчилари ёғдирилди.

Истиқоматнинг асли мустақим йўлни тутишдир:

Шунинг учун «Роббим Аллоҳ» денг. Ўз ғоянгизни билинг ва уни маҳкам тутинг.  Ажралмас мустаҳкам арқонни тутинг. Ўз йўлингизни билиб олинг. Ва у йўл ана шу калима­ тавҳид калимаси, роббим Аллоҳ калимасининг тақозосида мустақим бўлишдир. Истиқомат йўлидан юринг. Бу йўлдан тўхтаманг. Бу йўлдан ортга қайтманг. Ўнга ҳам сўлга ҳам бурилманг.

Истиқоматнинг асли мустақим йўлдан юриш демакдир. Сиз ҳар куни агар фақатгина фарз намозлар билан чекланиб қоладиган бўлсангиз камида ўн етти марта ўша йўлга ҳидоят қилишни Аллоҳдан сўрайсиз: «Бизни тўғри йўлга бошлагин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас».

 

Ғазабга дучор бўлганлар киму адашганлар кимлар?

Ғазабга дучор бўлганлар: улар ҳақни таниб туриб ундан юз ўгирганлардир.

Адашганлар: улар тўғри йўлдан адашиб, уни танимаганлардир.

Сиз ана ўшаларнинг йўлларидан бошқа йўлга бошлашини сўраб Аллоҳга дуо қилганингизда Аллоҳ уларга неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг йўлини назарда тутган бўласиз. Уларни аллоҳ Ўзининг ҳидояти билан ҳидоят қилган, уларнинг устиларидан Аллоҳнинг ҳидоят нурлари порлаб турибди. Ана шу­– айни йўлдир.

Илм иймондан ажралмайди:

Сиз ўз ғоянгизни билиб олинг. Ўз йўлингизни таниб олинг. Аллоҳга олиб борадиган йўлдан юришни, Аллоҳнинг розилигига эришиш билан ўз нафсини поклашни истайдиган мусулмон талаб қилиши лозим бўлган нарса ана шудир. Шу нарсадан бошқаси билан у қанчалик амал қилмасин агар соғлом илмга асосланган бўлмаса, ўз истагига асло эришмайди. Муоз розияллоҳу анҳу айтганларидек илм имом бўлса, амал унинг тобесидир.(9)

Биз мусулмонлар учун илм амалнинг имомидир. Ва у имоннинг далилидир. Бизнинг ақидамизда илм билан имон ажралмасдир. Илм имоннинг далилидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир». Ушбу Қуръоний таъбирга бир қаранг. Илм берилган ўша кимсалар Қуръоннинг Аллоҳ наздидан келган ҳақ эканлигини биладилар. Ана шу илм ортида унга имон келтириш ётибди. Ана шу имоннинг ортида қалбларининг унга боғланиши ва Аллоҳ таолодан қўрқиши ётибди.

Араб тилидаги «ف»  ҳарфи тартибга ва шарҳга далолат қилади. Яъни илм таъсирида имон келиб чиқади. Имоннинг таъсиридан қалбларда унга боғланиш, юмшаш ва қўрқиш пайдо бўлади. Ана шу илм. Шундай экан илмни маҳкам ушланг. Тўғри йўлдан юринг. Аллоҳ таборака ва таолодан сизларга берган неъматини тўкис қилиб беришини, сизларга сакинатини ёғдиришини, Ўзининг фазли ва марҳаматини устингиздан сочишини сўранг. Аллоҳ ким учун бирор бир нур бермаган бўлса демак унинг учун умуман нур йўқдир.

Ва  Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Доктор Ю. Қаразовий.

Алоуддин Ҳофий таржимаси

1.    Муттафақун алайҳи.

2.    Муттафақун алайҳи.

3.    Ибн Абу Шайба «Зуҳд»да ривоят қилган.

4.    Муттафақун алайҳи.

5.    Муслим “Муқаддима”да Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилган.

6.    Абу Нуъайм “Ҳулятул авлиё”да келтирган.

7.    Юқоридаги манба.

8.    Муслим ривоят қилган.

9.    Ибн Абдулбар «Жомеъу баёнил илм» да ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш учун қуйидаги ишларга жиддий эътибор беришимиз лозим1. Қуръонни тадаббур ила, маъноларини яхши тушуниб ўқиш. 2. Фарз ибодатлар билан давоми...

3287 05:00 / 01.03.2017
1. Аллоҳ таолога қалбни ислоҳ қилишини сўраб дуо қилиш. 2. Аллоҳнинг Каломини ҳар куни бир саҳифадан бўлса ҳам тадаббур билан ўқиш. 3. Солиҳлар билан бирга давоми...

3344 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта давоми...

539 19:00 / 12 октябрь
.Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади,. Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг давоми...

1427 19:00 / 21 январь
Аудиолар

133586 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53936 14:35 / 11.08.2021