Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (53-дарс). Хизр бува қўлласин ёхуд мадад сўраш

16:05 / 05.10.2019 7330 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, бошларига тушган мушкулларни кушойиш қилишларини сўраганлар. Шунингдек, бирор фойдали иш бўлишини ҳам сўраганлар. Бу ҳол айниқса, одамлар бошига оммавий кулфат тушган пайтларда ёрқин намоён бўлади. Ўша пайтларда зикрлар уюштирилиб, «Ё мадад! Ё мадад!» кўпайиб қолади. Ҳар қавм ўзи эътиқод қиладиган валий ёки солиҳ кишининг исмини айтиб, мадад сўрайди. 

Аксар ҳолларда Хизр алайҳиссаломдан мадад сўраш одат тусига кирган. Оналар болаларини бирор жойга юбораётиб: «Хизр бувам қўлласин», дейдилар. Бошқаларда ҳам бунга ўхшаш мадад сўрашлар тез-тез такрорланади. 

Одатда беморлигига шифо излаганлар ҳам бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, назр атаб туриб, дардига шифо сўрайди. Баъзилар фарзанд сўрайди. Яна бошқа бировлар ўзининг бошқа ҳожатининг раво бўлишини тилайди. Улар қабр тошларини ўпиб, кўзларига суртадилар, яна бошқа бидъат ишларни қиладилар.

Уламоларимиз бу ишларнинг барчасини инкор қиладилар ва уларга қарши курашадилар. Улар тирик ёки ўлик шахслардан, ким бўлишларидан қатъи назар, мадад сўраш ширк эканини тинмай таъкидлайдилар.

Аммо тасаввуф сафига суқилиб кириб қолган баъзи бировлар мазкур ишларни ўзларича таъвил қиладилар. Улар аҳли солиҳ кишилар тирикликларида ҳам, ўтганларидан кейин ҳам ўз руҳлари билан мадад бера олишларини даъво қиладилар. Бу даъволарини тасдиқлаш учун турли қиссалар ҳам айтадилар. Улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз.

Бир мурид оғир юкни кўтариши керак бўлиб қолибди. У ҳарчанд уринса ҳам, ҳалиги юкни кўтара олмабди. Кейин шайхи эсига тушибди-да, «Ё пирим», деб туриб кўтарган экан, дарҳол юкни кўтариб, йўлига равона бўлибди. Манзилга етгандан кейин пирининг олдига кириб, бўлган ҳодисани айтибди. Шунда пир: «Юкни сен кўтардинг-у, азобини биз тортдик», деб елкасини очиб кўрсатибди. Қараса, елка юк ботганидан шилиниб кетган эмиш.

Бу дунёдан ўтиб кетган авлиёларнинг ихлос қилган кишиларга берган «ёрдамлари» ҳақида сон-саноқсиз қиссалар бор ва улар тинмай янгилари билан тўлиб боради.

Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан олимлар мадад сўраш масаласида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларнинг сабабларини ҳам аниқлаганлар.

Ўша сабаблардан бири шийъа мазҳабидан таъсирланиш, дейдилар мазкур олимлар. Турли омилларга кўра, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги кишилардан баъзилари аҳли ташаййуънинг фикрларидан таъсирланган ҳолатлар ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидаги кишиларда имом ҳақида ўзига хос эътиқод бор. Ўша эътиқодга биноан, имом ғайбни билади, халойиқнинг нидоларини эшитади ва ҳоказо. Тариқатда юрган баъзи кишилар ҳам ўз шайхлари ҳақида мана шу эътиқодни қиладилар.

Замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Араб шарқидаги саёҳатчининг эсдаликлари» номли китобларида тариқат шайхларидан бирининг эшиги олдида ҳалқа бўлиб олиб зикр қилаётган кишилар «Мадад! Эй саййидим Ҳасан! Сен – султони замон!» деб турганларини кўрганликларини ёзганлар ва шайхлар тавҳидга зид бу ҳолни кўриб туриб, жим турганларидан ажабланганлар.

Мазкур сабабларнинг иккинчиси ва асосийси баъзи бир оят ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилиш ёки ўта заиф ҳадиси шарифларни ҳужжат қилиб олишдир. 

Баъзи бир илмли шайхлар бу ҳолни енгиллаштириш учун мадад фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина бўлишини таъкидлаш билан бирга, азиз-авлиёлардан мадад сўраш ишини бошқачароқ тушунча асосида англашга ёки англатишга ҳаракат қиладилар.

Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо «мадад» деган гапларига келсак, албатта, йўқдан бор қилиш ва мадад бериш неъмати фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир ва Аллоҳ таолонинг Ўзидангинадир. Бу дунё ҳаёти ҳам, охират ҳаёти ҳам, мулкнинг барчаси ҳам, малакутнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ва мадади билан бўлади. У Зотнинг Ўзи «Ҳаммасига, анавиларига ҳам, манавиларига ҳам Роббинг атосидан мадад берурмиз!» деган (Исро сураси, 20-оят). Бу оят комил ва шомилдир. Бошқа бир оятда «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридан, деб айт!» дейилган (Нисо сураси, 78-оят).

Банда йўл ва сабабдир.

Ҳар бир нарсага йўл ва сабаб бор.

Бас, агар мадад сўровчи тирик шайхдан мадад сўраётган бўлса, унинг мадад сўрашдан мақсади илм, иршод ёки дуо сўрашдир. Қалб орқали ёки нафс орқали ёхуд шайхнинг иймон сирлари, ибодат қуввати ва робитаи ҳузур билан йўғрилган қувватидан руҳий оқим ёки таъсирини сўрашидир.

Ҳар бир махлуқнинг таъсир қилувчи кучи, магнит оқими ва йўналишлари бор. Буни эски ва янги илм исбот қилди. Ҳамда бунга инсондаги шижоат, мурувват, ҳиммат ва шунга ўхшаш нарсаларни далил қилди. Буларнинг ҳаммаси махфий қувватлардир. Биз уларни турли номлар билан атаб, «ахлоқ» деб васф қилганмиз. 

Сўнгра буни янги илми нафс ҳам тасдиқлади. У ҳасадни инсондаги ёмон қувватга мисол қилиб олди. Бу нарса инсондаги ёмон қувватга муқобил ўлароқ яхши қувватлар борлигига далилдир. Ўша қувватлар бошқаларга худди ҳасад қилинган шахсга таъсир кўрсатганидек таъсир кўрсатади. Ҳар бир нарсанинг муқобили бордир. Бу унинг зиддидир. 

Сўнгра дунёнинг барча дорилфунунлари ва маҳкамалари томонидан эътироф этилган магнит ухлатилиши ҳам бор. Бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган далилдир. 

Шайх Ибн Қайюм ўзининг «Руҳ» номли китобида тириклар ва ўликларда кўпгина инсоний қувват ва энергиялар борлигини таъкидлаган:

«Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳ таолога шафоатчи бўлиб йўлланишини сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Буни тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат юксак ақл эгаларигина қодир бўладилар.

Бу тасаввуфга нисбат бериладиган баъзи жамоаларнинг алаҳлашга ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзунинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».

Бошқа бир замондош уламо, тасаввуф ҳақида бир қанча китоблар ёзган мутахассис Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобининг 312-313-бетларида бу борада тамоман бошқача фикр тақдим этади:

«Авлиёлар Аллоҳ таолонинг «Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» деган қавлида зикр қилингандирлар. Уларнинг кароматлари шариатдаги шартлари ила собитдир. Шу билан бирга, эътиқод шулки, улар розияллоҳу анҳум ўзларига ҳаётлик чоғларида ҳам, мамотларидан кейин ҳам наф ва зарар бера олмайдилар. Бас, шундай экан, ўзгаларга ҳеч нарса бера олмасликлари турган гап. 

Ривоятларда келган, ҳадисларда таърифланган кайфиятда қабрларни зиёрат қилиш шариатда суннат ҳисобланади. Аммо ким бўлишларидан қатъи назар, қабрдагилардан мадад сўраш, уларга бу ҳақда нидо қилиш, улардан ҳожатларни раво қилишларини сўраш, уларга назр аташ, қабрларни безаш, мунаввар қилиш, силаш, Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ва улардан келиб чиқадиган бидъатлар гуноҳи кабиралар бўлиб, уларга қарши курашиш лозим. Баъзи ғаразли кишиларнинг турли сафсаталарига дарча очмаслик учун бу ишларни таъвил қилишга ўтмаймиз.

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганса, тавҳид ақийдасини ҳимоя қилиш энг муҳим масала эканини яққол кўради. Ҳеч шубҳа йўқки, мазкур нидоларга ўхшаш нарсаларни таъвил қилиш имкони бўлса ҳам, улар энг оз деганда, баъзи одамлар учун ширк эшикларидан биридир. 

Баъзи кишилар авлиё ва шайхларга нидо қилиб, мадад сўраш шийъалардан кириб қолган нарса эканини баҳона қиладилар ва бунга шийъалар ишлатадиган «мадад» сўзини далил қилиб келтирадилар.

Баъзилари эса руҳларнинг бу дунё билан алоқаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. 

Аммо униси ҳам, буниси ҳам тавҳиднинг аслига таъсир ўтказадиган мазкур ишларни оқлаш учун кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло бизга ўтганларга дуо қилишимизни амр қилган, улардан бирор нарсани сўрашни амр қилмаган. Аллоҳ таоло мўминларнинг васфида шундай марҳамат қилади: 

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимизда «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин», дейишимизни таълим бердилар. 

Иш чаппасига айланиб, уларнинг ҳаққига дуо қилиш ўрнига, улардан мадад сўраб турсак, шубҳасиз, хато қилган бўламиз».

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Кўпинча, хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. Хулқдан давоми...

7102 05:00 / 28.02.2017
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир. 2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради. 3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

1947 19:00 / 15.04.2023
16. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 718 сана ndash милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана давоми...

3134 19:00 / 12.11.2018
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида давоми...

3470 15:00 / 08.05.2021