1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

62-боб. Шўрва сувини кўпроқ қилиб, қўшниларга улашиш

14:02 / 05.10.2019 2715 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ: أَوْصَانِي خَلِيلِي  بِثَلَاثٍ: أَسْمَعُ وَأُطِيعُ وَلَوْ لِعَبْدٍ مُجَدَّعِ الْأَطْرَافِ. وَإِذَا صَنَعْتَ مَرَقَةً فَأَكْثِرْ مَاءَهَا، ثُمَّ انْظُرْ أَهْلَ بَيْتٍ مِنْ جِيرَانِكَ فَأَصِبْهُمْ مِنْهُ بِمَعْرُوفٍ. وَصَلِّ الصَّلَاةَ لِوَقْتِهَا، فَإِنْ وَجَدْتَ الْإِمَامَ قَدْ صَلَّى، فَقَدْ أَحْرَزْتَ صَلَاتَكَ، وَإِلَّا فَهِي نَافِلَةٌ.

Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Менинг халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани тавсия қилганлар:

Қўл-оёқлари кесилган қулга ҳам (агар у бошлиқ қилиб тайинланса) итоат қилишим, гапига қулоқ солишим.

Шўрва қилсанг, сувини кўп қил. Сўнгра қўни-қўшниларнинг аҳли байтига назар сол. Эҳтиёжларига қараб ундан уларга ҳам улаш.

Намозни ўз вақтида ўқи. Имомни намозни ўқиб бўлган ҳолда топсанг, намозингни сақлаб қолган бўласан, бўлмаса (буниси) нафл бўлади».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида уч муҳим ишга тавсия қилмоқдалар. Буларга алоҳида эътибор бериш ва уларга амал қилиш ҳар бир мусулмондан матлубдир.

Ҳар бир жамиятда тўғри йўлдаги раҳбарга итоат қилиш муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун мусулмонлар жамиятида бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳолат кўпгина яхшиликларни жалб қилиш билан бирга, кўпгина ёмонликларни даф ҳам қилади.

Иккинчи тавсия қўшнига яхшилик қилиш ҳақида бўлиб, ҳеч бўлмаса шўрванинг сувини кўпроқ қилиб бўлса ҳам қўшнидан хабар олиб туриш тавсия қилинмоқда.

Албатта, бу тавсияга амал қилиш қўшнилар орасидаги алоқаларнинг ва улар орасидаги муҳаббат ришталарининг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Гап шўрва ёки унинг ичидаги гўшт, ёки сувда эмас, балки инсон зотига бўлган эҳтиром ҳиссида эканини ҳамма яхши билади. Бу иш қўшнилар орасидаги алоқанинг мустаҳкамланиб туришига хизмат қилади. Озиқ-овқат танқис пайтларда эса унинг аҳамияти яна ҳам зиёда бўлади.

Бу ҳадиси шарифдаги нозик нуқталардан бири қўшнига яхшилик қилиш тўғрисидаги набавий тавсиянинг мусулмонлар раҳбарига итоат қилиш ва намоз каби икки улкан иш орасида келганидир. Мана шунинг ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилишга қанчалар эътибор берганларини яққол кўрсатиб турибди.

Учинчи тавсия намозни вақтида ўқиш кераклиги ҳақида. Албатта, мусулмон шахс ва жамият ҳаётида намознинг тутган ўрни ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бу ҳаммага равшан ҳақиқат. Аммо ҳадисдаги намоз ҳақида келган ибораларни аниқ тушуниш учун уларни бир оз шарҳ қилишга тўғри келади.

«Намозни ўз вақтида ўқи. Имомни намозни ўқиб бўлган ҳолда топсанг, намозингни сақлаб қолган бўласан, бўлмаса (буниси) нафл бўлади».

Яъни баъзи сабабларга кўра намозни ўз вақтида ўқиб олиб, сўнг масжидга борсанг, имом намозни тугатган бўлса, ҳечқиси йўқ. Чунки сен ўзинг уни ўқиб олгансан. Имом тугатмаган бўлса, иқтидо қиласан ва буниси сенга нафл намоз бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мўмин-мусулмонлар раҳбарларига итоат қилишлари лозимлиги.

2. Ўз таомини кўпроқ қилиб, қўшнилар билан баҳам кўриш яхши иш экани.

3. Намозни вақтида ўқиш фазилат экани.

4. Намозини ўқиб олган одам ўша намозни ўқиётган имомга иқтидо қилса, кейинги намоз унинг учун нафл бўлиши.

5. Қўшнининг ҳаққига алоҳида аҳамият бериш кераклиги.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ : «يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً فَأَكْثِرْ مَاءَ الْمَرَقَةِ وَتَعَاهَدْ جِيرَانَكَ، أَوِ اقْسِمْ فِي جِيرَانِكَ».

 Абу Заррдан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Зарр! Шўрва қилсанг, сувини кўпайтиргин-да, қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам тақсимлаб бер», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам қўшничилик алоқаларини яхшилашнинг энг халқчил омилларидан бири ҳақида сўз юритилмоқда. Кўп нарса талаб қилинмайди. Шўрванинг сувини мўлроқ қилиб, ундан қўшнига ҳам берилади.

Гап таомда эмас. Гап қўшнига бўлган эътиборда. Бу муомаладан қўшни хурсанд бўлади. У ҳам жавоб тариқасида яхшилик қилишга ўтади. Оқибатда жамият аъзолари орасидаги ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун ниҳоятда керакли омилдир.


«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Кимга бир маъруф қилинса, у жавобан мукофот берсин. Агар мукофотга давоми...

2451 17:32 / 27.04.2021
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади . ,..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир,, давоми...

2922 11:55 / 19.10.2019
Мулойимлик нимада бўлса, унга чирой, кўрк бахш этади . . ,. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура кетдим. давоми...

2992 09:00 / 27.07.2021
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто бир куни укамга .Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр, давоми...

2031 16:17 / 19.12.2022
Аудиолар

230213 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148791 14:35 / 11.08.2021