1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Талоқ
Махмуд Халил Хусорий - Талоқ
00:00
/
00:00

Талоқ сураси

Мадинада нозил бўлган. 12 оятдан иборат.

Ушбу суранинг «Талоқ» деб аталишининг ўзи унинг асосий мавзусидан хабар бериб турибди. Ушбу сурада муҳим шаръий аҳкомлардан бўлмиш талоқ масаласи, эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари, талоқдан келиб чиқадиган идда, нафақа, турар жой, эмизувчига бериладиган ҳақ ва бошқа ҳукмлар тўғрисида сўз кетади.

Сураи кариманинг аввалида талоқ икки хил (сунний ва бидъий) бўлиши айтилади ва мўминлар, агар муҳтож бўлсалар, афзалини – сунний талоқни танлашга чақириладилар. Шу билан бирга, талоқ қўйиладиган бўлса, шариатда кўрсатилганидек муносиб вақтда, яъни ҳайздан покланган вақтда қўйиш тавсия этилади.

Яна сурада идда сақлашга, бунда ҳам бошқа ишларга ўхшаб, Аллоҳ таоло белгилаган чегарада туришга, ундан чиқмасликка чақирилади. Идданинг ҳукмлари баён қилинади. Ёши ўтганлиги муносабати ила ёки касаллиги туфайли ҳайз кўрмайдиган аёлларнинг иддаси қанча бўлади? Ёши кичиклиги учун ҳайз кўрмайдиганларнинг иддаси қандай бўлади? Ҳомиладор аёлларнинг иддаси қанақа ва ҳоказо ҳукмларнинг очиқ-ойдин баёни келади.

Ушбуларнинг баёнига ёнма-ён ўлароқ, доимо Аллоҳга тақво қилишга, Ундан қўрқишга даъват қилиб борилади.

Бу сураи кариманинг тафсирини бошлашдан аввал бир оз муқаддима қилиб ўтилса, унинг оятларини тушунишда катта ёрдам беради.

Ислом душманлари аёллар масаласини динимизнинг кураги остидан уриладиган заҳарли ханжарга айлантириб олганлар. Улар маккор устозлари тарафидан тўқилган сийқаси чиқиб кетган дийдиёларни тўтиқушдек такрорлайверадилар. Жумладан, талоқ масаласини ҳам ўз ғаразлари йўлида қурол қилиб олганлар. Душманларимизнинг гапларига қулоқ солсангиз, Исломда оила қуришдан асосий мақсад талоқ қўйишдек бўлиб туюлади. Аслини олганда эса узоққа бориб ўтирмасдан, ҳозирги кундаги ҳисоб-китобларга бир назар солишнинг ўзи бу даъвонинг асоссизлигини исботлаш учун кифоя. Исломга душман бўлган жамиятларда янги оилаларнинг етмиш фоизи бир йилга бормай, бузилиб кетяпти. Улар билан ўзаро муносабат ва суҳбатлардан шу нарса маълум бўладики, уларнинг орасида ўз оиласи билан бахтли ҳаёт кечираётган эркак ёки аёлни учратиш амри маҳол.

Ислом оилавий алоқаларни муқаддаслик даражасига кўтарган. У алоқа меҳрибонлик, муҳаббат алоқасидир. Никоҳ сокинлик, барқарорлик алоқасидир. Исломий оила бир-бирининг айбини беркитиш, гўзаллик, ўзаро эҳтиром алоқасидир. Ислом инсондаги табиий рағбат ёки шаҳватни қораламайди. Балки уни поклайди ва тартибга солади. Эркагу аёлдаги мавжуд хоҳишларни ҳайвоний даражадан инсоний даражага кўтаради. Никоҳ орқали икки жасаднинг қўшилишини икки руҳ, икки қалб, икки нафснинг, қисқа қилиб айтганда, икки инсоннинг қўшилишига айлантиради. Уларни бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини адо этиб, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром билан яшашга тарғиб қилади. Оилани мустаҳкамлаш учун барча чораларни кўради.

Шу билан бирга, талоқ масаласида бошқа дин ва тузумлар қандай йўл тутганини ҳам билиб қўйиш керак. Бу масалада икки хил йўл танланган:

Биринчиси – талоққа рухсат бермаслик. Бу йўл баъзи масиҳий мазҳаблар тутган йўлдир.

Иккинчиси – талоққа рухсат бериш. Бу йўл кўпларнинг, шу жумладан, мусулмонларнинг ҳам тутган йўлидир.

Талоққа рухсат бермаслик инсон табиатига қарши ҳукмдир. Чунки инсон ўз ҳаётида турли ҳолатларга тушиб туради, баъзи ҳолатларда эр-хотин оилавий ҳаётни бирга давом эттиришга ҳеч имкон топа олмай қоладилар. Шунинг учун талоққа рухсат берилмаган давлатларда эр-хотинлар расман ажрашмаган бўлсалар-да, амалда бирга яшамай, ўзларига ўйнаш тутадилар ёки зино билан машғул бўлиб юрадилар.

Талоққа рухсат берганлар ҳам ўзаро бир неча тоифага бўлиниб кетадилар.

Баъзилар «Талоқни қози, яъни ҳозирги тил билан айтганда, суд орқали амалга ошириш керак», – дейдилар.

Баъзилар «Хотинларга ҳам талоқ қўйиш ҳуқуқини бериш керак», – дейишади.

Учинчи тоифа эса «Талоқ қўйиш эрнинг ҳуқуқи», – дейдилар.

Энди бу йўналишларни қиёслаб кўрайлик.

Талоқ қози томонидан бўлиши умуман мумкин эмас. Чунки талоқ эр-хотиннинг ўзаро оилавий сирлари билан боғлиқ нарса. Кўпгина сабабларни одамларга, жумладан, қозига айтишга инсоний одоб-ахлоқ йўл қўймайди. Бу ҳолатда ким юзсизроқ, гапга устароқ бўлса, ёлғонни кўпроқ ишлатса, ўша ютади. Буни ҳозирги кунда ҳамма кўриб, билиб турибди.

Хотинга талоқ қўйиш ҳуқуқининг берилиши ҳам тўғри эмас. Чунки аёл кишини Аллоҳ таоло алоҳида хос табиат билан яратган. У мулойимлик, юмшоқлик, латофат, гўзаллик соҳибаси ва бундай ҳолатларда ўзини қулай ҳис этади. Аксинча, қўполлик, уруш-жанжал, куч ишлатиш, аччиқни ютиш каби ҳолатлар уларда кам учрайди.

Ушбу ҳолатларни эътиборга олиб, фараз қилинг-а: ихтиёр аёл кишида бўлса, қисқа муддатда эрини неча марта талоқ қўйиши мумкин?

Учинчиси Исломий ечимдир. Бу инсон табиатини эътиборга олишдан келиб чиққан илоҳий ечимдир. Одатда оила қуриш учун бўлғуси келин эмас, бўлғуси куёв кўпроқ елиб-югуради. У бу мақсад йўлида мол-пул сарфлайди, қаллиғига маҳр беради, тўй харажатларини кўтаради. Оиланинг обрўси унинг шахсий обрўсидан ҳам устун бўлиб қолади. Фарзандлар унга нисбат берилади. Хуллас, мазкур ва яна бошқа сабабларга кўра, талоқ қилишдан аввал эр етти ўлчаб, бир кесмоғи шарт бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам Исломда талоқ қилиш ҳақ-ҳуқуқи эрга берилган. Лекин шариат талоқ қилишдан аввал бошқа енгилроқ чораларни кўриб, ажрашишнинг олдини олишга даъват этади. Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат қилиш тавсия этилади. У фойда бермаса, жойни бошқа қилиб ётиш лозим. У ҳам таъсир қилмаса, зарар етказмасдан уришгача рухсат этилган. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан ҳам бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўрадилар. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубатга айланиб қолгандагина, талоққа рухсат берилади. Тўғри, Исломда талоққа рухсат берилган, айни чоғда, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ўзи ҳалол-у, лекин Аллоҳ энг ёмон кўрган нарса талоқдир», – деганлар. Бошқа ривоятларда «Талоқ тушганда Аллоҳнинг арши ларзага келади», дейилган.

Бошқа ҳукмлар қатори, талоқ масаласида ҳам Ислом дини инсон табиатини эътиборга олиб, иш тутади. Чунки инсонни Аллоҳ таоло яратган, унга нима мос келишини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. Исломдан аввал бошқа масалалардаги каби, талоқ масаласида ҳам аёллар хорланар эди. Уларни инсон ўрнида кўрмасдилар. Баъзилар хотинини хоҳламай қолса, бошқага уйланиб, уни қаровсиз қолдирар, на ўзи хотин қилар ва на бошқага эрга тегиб кетишига имкон берар эди. Ёки талоқ қилиб, иддаси яқин қолганда яна қайтиб, уни ўйинчоқ қиларди. Шу ва шунга ўхшаш усуллар билан аёлларни ҳайвондан баттар ҳолга солар эдилар.

Ислом бундай хорликларга чек қўйди. Эр кишига фақат уч талоқнинг ҳуқуқини берди. Аёлни қийнамасликка буюрди. Айни чоғда, аёлга «хулуъ» ҳуқуқини берди. Яъни аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, бунга жиддий сабаб бўлса, қозига арз қилиб, ажраб кетишига имкон берди. Албатта, бу борада бошқа китобларда батафсилроқ сўзлармиз, лекин ушбу сура тафсирида ҳам қисқача бўлса-да, эслатиб ўтиш фойдадан холи эмас, деб билдик.

«Талоқ» сўзи луғатда бирор нарсани бўшатиб қўйиш маъносини англатади. Шариатда эса эр-хотинлик боғланишини очиқ ёки киноя иборалари билан бўшатишга айтилади. «Сен талоқсан», «Сени талоқ қилдим» каби иборалар эр-хотиннинг ажралишини очиқ англатгани учун уларни очиқ иборалар деяпмиз. Киноя иборалари эса «Сен менга ҳаромсан» каби ифодалардир.

Талоқнинг шариатда рухсат берилганига сабаблар кўп. Шулардан иккитасини зикр қилиб ўтайлик.

1. Фараз қилайлик, бир кишининг хотини туғмаслик касалига мубтало. У киши ўзгаларга ўхшаб, ортидан зурриёт қолдиришни хоҳлайди. Икки хотинни ушлаб туришга эса имкони йўқ. Шунда аввалга хотинни талоқ қилиб, фарзанд кўришга лаёқати бор аёлга уйланиши мумкин.

2. Эр-хотиннинг феъл-атворлари бир-бирларига тўғри келмай қолиб, бир-бирларига нафратлари кучайиб, бирга яшашнинг сира иложи қолмаганида ҳам талоқ ёрдамга келади. Икковини бир-биридан қутқаради. Ҳозирда талоқни Исломга айб қилиб тақайдиган ғарбий давлатларнинг кўпида ўз динларининг аҳкомларига қарши чиқиб, талоққа рухсат берилган.

Баъзилар эр кишининг бир оғиз сўзи билан талоқ тушишини жуда ҳам енгил ҳукм, ҳаётга жиддий қарамаслик деб тушунадилар. Аслини олганда, бундай хавотирга асос йўқ. Ислом ҳаётга жиддий қарайди. Ислом нуқтаи назаридан қаралганда, балоғатга етган ҳар бир инсон ўз сўзига жавобгардир. «Қиёмат куни бекордан-бекорга ўлдирилган чумчуқ Аллоҳнинг ҳузурида тортишиб, «Эй Парвардигор, манави банданг мени фойдаланиш учун эмас, балки бекордан-бекорга ўлдирган эди, энди менинг қасосимни олиб бер», дейди», – деган эдилар маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом. Демак, ҳаётга жиддият билан қараш ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Жумладан, талоқ масаласида эҳтиёт бўлиш ҳам ҳар бир мусулмон эркакнинг вазифасидир. Бўлар-бўлмас сабабларга кўра аёлни талоқ қилавериш мусулмончиликка тўғри келмайди. Суранинг тафсири баёнида яна кўплаб масалалар ойдинлашади. Шуни ҳам айтиш керакки, бу сура талоқ ҳақидаги ҳамма оятларни ўз ичига олган эмас.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ
1. Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддаларида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, очиқ фаҳш иш қилган бўлсалар, мустасно. Ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди. Сен билмассан, шоядки, Аллоҳ ундан кейин бирор ишни жорий қилса.
ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ
2. Улар муддатларига етсалар, уларни маъруф билан ушланглар ёки улар билан маъруф ила ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир.
ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ
3. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир.
ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ
4. Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир.
ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ
5. Булар Аллоҳнинг сизга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини буюк қилиб берур.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ
6. Уларга имконингиз борича, ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича, уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро маъруф билан маслаҳат қилинглар. Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га бошқа аёл эмизиб берур.
ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ
7. Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур.
ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ
8. Қанчадан қанча қишлоқлар ўз Роббининг ва Унинг расулларининг амрига саркашлик қилди. Бас, Биз уларни шиддатли ҳисобга олдик ва қаттиқ азоб ила азобладик.
ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ
9. Бас, улар ўз қилмишларининг уқубатини тотдилар ва ишларининг оқибати зиён бўлди.
ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ
10. Аллоҳ уларга шиддатли азобни тайёрлаб қўйди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, эй иймон келтирган ақл эгалари! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга зикрни нозил қилди,
ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ
11. Расулники, у иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-ойдин оятларини тиловат қилиб берур. Ва ким Аллоҳга иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, У Зот уни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. У ерда абадий – мангу қолувчидирлар. Батаҳқиқ, Аллоҳ унинг ризқини яхши қилгандир.
ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ ﰖ ﰗ ﰘ ﰙ ﰚ ﰛ ﰜ
12. Аллоҳ етти осмонни ва уларнинг мислича ерни яратган Зотдир. Уларнинг орасидан (У Зотнинг) амри тушадир. Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани Ўз илми ила ўраб олганини билишингиз учундир.