1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Наср
Махмуд Халил Хусорий - Наср
00:00
/
00:00

Наср сураси

Мадинада нозил бўлган. 3 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «Изаа жааъа насруллоҳи» жумласидан олинган. «Наср» – «нусрат», «ғалаба», «ёрдам» деган маъноларни англатади. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг нусрати бўлмаса, бир нарсага эришиб бўлмайди. Айниқса, фатҳ каби улкан ҳодисалар фақатгина У Зотнинг нусрати ила бўлади. Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у зотга Ўзи берган неъматни эслатмоқда ва наср келганда, ғалабага эришилганда ўзни қандай тутиш кераклигини ўргатмоқда.

Мусулмонлар Ислом даъватининг бошланишида оз сонли бўлиб, кўплари камбағаллардан эди. Кофирларнинг сони, мол-дунёси, қуввати жуда кўп эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар кофирлардан озор чекардилар, азобланардилар. Лекин шунга қарамай, Ислом олдинга қадам ташларди. Мадинада мусулмонлар жамоаси пайдо бўлди. Кофирларнинг, айниқса, Макка мушрикларининг адовати янада кучайди. Бир неча урушлар бўлди. Атрофдаги барча қабилалар: «Муҳаммад билан ўз қавми – Макка мушриклари орасидаги низо нима билан тугар экан, агар маккаликлар ғолиб келса, Муҳаммаднинг пайғамбарлиги рост бўлмайди, агар Муҳаммад ғолиб келса, пайғамбарлиги рост бўлади, иймон келтирамиз», – деб кутиб туришарди. Вақти келиб, Макка фатҳ этилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобийлар ғолиб, музаффар бўлиб, Маккага кириб боришгандан сўнг, ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кира бошлади. Бу сурада шулар ҳақида сўз юритилади.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ
1. Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...
ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ
2. ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрсанг...
ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ
3. бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У тавбани кўплаб қабул қилувчидир.