1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Кавсар
Махмуд Халил Хусорий - Кавсар
00:00
/
00:00

Кавсар сураси

Маккада нозил бўлган. 3 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «кавсар» сўзидан олингандир. «Кавсар» сўзи луғатда «кўп яхшилик», «жуда ҳам кўп яхшилик» деган маъноларни англатади. Арабларда сони жиҳатидан, қадр-қиймати жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага «кавсар» дейилади. Ушбу сурадаги «кавсар»дан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга икки дунёда берилган кўп яхшиликлардир. Машҳур муфассирлардан Абу Хайённинг айтишларича, «кавсар»дан кўзланган мурод ҳақида йигирма олти хил нарса зикр қилинган экан.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: «Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан, тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир марта ичса, кейин абадий чанқамайди».

Имом Муслим ва имом Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса шундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар. Биз:

– Сизни нима кулдирди, эй Аллоҳнинг Расули? – дедик.

– Менга ҳозиргина бир сура нозил қилинди, – деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнакалкавсар сурасини қироат қилдилар. Сўнгра: – Кавсар нималигини биласизларми? – дедилар.

Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидирлар, дедик.

У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган анҳордир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб, ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Уларнинг ичидан бир банда суғуриб олинади. Мен «У менинг умматимдан», дейман. Шунда «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейилади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Кавсар – кўп яхшилик» деган. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу дунёда берилган – нубувват, Қуръон, илм, умматнинг кўплиги, душманларга ғолиблик, фатҳларнинг кўплиги ва у дунёда берилган – шафоат, ҳавз, мақоми маҳмуд кабиларнинг ҳаммаси кавсардан ҳисобланади», – деганлар.

Ушбу сура Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос. Аллоҳ таоло бу сурада ул зотга яхши ваъдалар беради. Шунингдек, душманларнинг номини ўчиришга ваъда беради ва у зоти бобаракотни шукрга йўллайди.

Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмаган, вафот этган. Кофирлар, душманлар шундан ҳам дарров гап тарқатганлар, чунки мусулмонларнинг раҳбарига туҳмат қилиб, обрўсини тўкиш билан Исломнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш дин душманларининг қадимдан ишлатиб келаётган услубидир. Улар: «Муҳаммаднинг орти кесик, ишини давом эттирадиган ўғил фарзанди йўқ, вафотидан сўнг ҳамманинг ёдидан чиқади», – дейишган.

Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига тасалли бериб, душманларга раддия қилиб, дин фарзанддан афзал эканини баён қилади.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ
1. Албатта, Биз сенга кавсарни бердик.
ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ
2. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй.
ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ
3. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг ўзининг орқаси кесик.