1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Юсуф
Махмуд Халил Хусорий - Юсуф
00:00
/
00:00

Юсуф сураси

Маккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат.

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Ҳуд сурасидан кейин нозил бўлган.

Ҳуд сураси қандай оғир вазиятда, Ислом ва мусулмонлар учун нақадар нозик, ҳассос ва қийин пайтда нозил бўлганини кўриб ўтдик. Мушрикларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонларга тазйиқлари ниҳоятда кучайган бир пайт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ва суянчиқ бўлиб турган зотлар – амакилари Абу Толиб ва Биби Хадийжа онамиз бирин-кетин вафот этиб, бандалардан келаётган сўнгги кўмаклар ҳам битган, мусибат ортидан мусибат келаверган, ўша йил мусулмонлар учун «маҳзунлик йили»га айланган бир пайт. Мусулмонларнинг нажот истаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чоралари қолмаган пайт. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, қийноқда сиқилиб қолган мусулмонлар ҳам бир оғиз бўлса-да, далдага муҳтож пайт. Ана шу ҳолатда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан далда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга бундан-да қаттиқроқ мусибатларга йўлиққан, синовларнинг ҳар турлисига учраган бир банданинг – пайғамбар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари келди. Бу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мусулмонларга ҳам улкан тасалли ва буюк дарс эди.

Шу билан бирга, бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам ақийда масалалари, Аллоҳнинг қудрати, Ислом даъвати ҳақида сўз юритилади. Иймон йўлида тинмай ҳаракат қилиш, бу йўлдаги турли тўсиқларга бардош бериш лозимлиги ва бошқа масалалар қисса давомида муолажа қилинади.

Юсуф сураси битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларни аралаштирмай, ҳикоя қилган ягона сурадир. Юсуф алайҳиссаломнинг исмлари бу сурадан бошқа яна бир жойда зикр қилинади, холос. Бу сураи каримада, бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларнинг ҳолатларига эътибор берилган. Диний-маънавий тарбия бўлмагани туфайли бой-зодагон оилаларнинг баъзи аъзолари «тўқликка шўхлик» қилишларидан намуналар келтирилган.

Улуғ пайғамбарлар – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларнинг сулоласи бўлмиш ёш ва гўзал йигит Юсуф ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғаниб, йўқотмоқчи бўладилар, маслаҳатлашиб, Юсуфни қудуққа ташлайдилар ва оталарига келиб: «Биз мусобақа қилиб, ўйнаб кетиб қолибмиз, Юсуфни бўри еб қўйибди», – дейдилар. Юсуф эса ночор ҳолда қудуқда ўтирибди. Лекин у келажакда эришадиган олий мартабалари учун синов кунларини ўтамоқда, баъзи тажрибаларни бошидан кечирмоқда, холос. Ҳамма ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ уни қутқариш йўлини ҳам Ўзи яхши билади. Ана, йўловчилар сув олиб келиш учун сувчиларини қудуқ томон йўлладилар. Биттаси челагини сувга ташламоқчи эди, қараса, қудуқ ичида чиройли бир йигит ўтирибди. Уни қудуқдан чиқариб олишди ва қул қилиб сотишди. Ҳа, улкан пайғамбарларнинг фарзандини, бўлажак пайғамбарни қул қилиб сотишди. Баҳосига унча қизиқишмади ҳам. Ё Аллоҳ, бу нақадар даҳшат! Лекин ҳакийм сифатли Зот ҳамма ишни ҳикмат ила амалга оширади. Юсуфнинг ҳозирча қул бўлиб сотилишининг ҳам ҳикмати бор, бу иш келажакда илоҳий ироданинг юзага чиқиши сари бир поғонадир.

Уни сотиб олган кимса оддий одам эмас, Мисрдек катта юртнинг Азизи – бош вазири бўлган бир кишисидир. У одам Юсуфдаги одоб, ахлоқ, олийжаноблик, юқори савиядаги тарбия ва бошқа яхши хулқларни кўриб, ёқтириб қолди. Аҳли байтига «Бунга яхши қаранглар, эҳтимол, ўғил қилиб олармиз», – деб тайинлади. Аллоҳ таоло Ўз тадбири ила Юсуфни қудуқдан ва қулликдан қутқариб, Миср бош вазирининг қасрига, қароргоҳига олиб келди ва уни алоҳида эътиборга сазовор этди. Аммо бу ерда ҳам Юсуфни имтиҳон, ниҳоятда катта имтиҳон – фитна кутар эди. Бойлик, айшу ишрат, ҳойи-ҳавас ичида яшаб ўрганган Азизнинг хотини ёш ва гўзал Юсуфга ошиқ бўлиб қолди. Ошиқ бўлганда ҳам, ашаддий ошиқ бўлди. Бирдан-бир нияти Юсуфга эришиш бўлиб қолди. Тўқликка шўхлик, деб шуни айтадилар-да! Лекин тарбия кўрган комил бир эркак бўлиш билан бирга, Роббидан қўрқишни-да ўрнига қўядиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган Юсуф бу имтиҳон-синовдан ҳам муваффақиятли ўтди. Азизнинг хотинининг ҳаром хоҳиши амалга ошишига восита бўлмади. Балки ундан, унинг сиймосидаги хиёнатдан, фаҳш ишдан, ҳаромдан қочди. Лекин бу ҳолда ҳам яна туҳматга учради. Яна синов, яна имтиҳон, яна мусибат ва яна кулфат. Уларнинг бу ҳолатлари устига кириб қолган эрини кўриши биланоқ хотин Юсуфга туҳмат тошларини ота бошлади. «У сенинг аҳлингга тажовуз қилмоқчи бўлди, уни ҳибсга ол ёки аламли азоб бер!» – дея даъво қилди. Лекин даъвони исбот қилиш керак эди. Текшириш жараёнида ашёвий далиллар хотиннинг зиддига, Юсуфнинг фойдасига бўлиб чиқди. Эр хотинининг макр қилганини тушунди. Хотинларнинг макри зўр эканини яна бир бор англаб етди.

Бўлиб ўтган воқеа ҳақида шаҳар аёллари ўртасида турли миш-мишлар тарқалди. Улар Азизнинг хотинини маломат қила бошладилар. Бу миш-мишларни эшитган Азизнинг хотини сергап аёллардан қасос олмоқчи бўлди. Уларни зиёфатга чақирди. Ҳаммаларига таом улашиб, қўлларига биттадан пичоқ берди. Юсуфга уларнинг олдига чиқишни буюрди. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанда, меҳмон аёллар унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб қолишди, таомни кесаман деб, қўлларини кесавердилар ва: «Бу башар эмас, малак экан-ку!» – дейишди. Юсуфнинг ошиқлари кўпайди. Энди аввалгидан ҳам каттароқ балога, синовга, имтиҳонга йўлиқди. Охири Аллоҳ ҳаром қилган йўлга юришдан кўра ҳибсда ўтиришни афзал кўрди. Қамоқ ҳам унинг учун синов, имтиҳон ва келажакка тайёргарлик босқичи бўлди. У ерда ҳам Аллоҳнинг динига даъват қилишни давом эттирди. Қамоқдагилар унинг фазли, илми, ахлоқ-одобини кўриб, ундан ҳатто тушларининг таъбирини сўрайдиган бўлдилар. Аллоҳ берган илм асосида тушга таъбир айтар экан, Юсуф даъват ишларини ҳам олиб борди. Ва келажакда бўладиган ишларнинг эҳтиётини қилиб, нажот топиб чиқиши умид этилган кишига гап тайинлади. Бир қанча муддат ўтиб, худди кутганидек бўлиб чиқди. Туши ўнгидан келиб, қамоқдан чиққан одам подшоҳнинг тушини таъбир қилиш қийинлашиб қолганда, Юсуфни эслаб қолди ва подшоҳга уни эслатди. Қамоқдан чиққан Юсуфнинг таъбири, илми, тадбиркорлиги подшоҳга ёқиб қолди ва уни ўзига вазир қилиб олди.

Асосий имтиҳон ва синов энди бошланди. Ўлдириш учун қудуққа ташланган, қул қилиб сотилган, туҳматга учраб, қамалган Юсуф алайҳиссалом Мисрдек катта юртга вазир бўлдилар. Вазир бўлганда ҳам, энг қийин вақтда – бир неча йил очарчилик ҳукм суриб, одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш оғирлашган ва бошқа нозик ишларни амалга ошириш зарурати туғилган вақтда бўлдилар.

Очарчилик фақатгина Мисрга кирмаган эди. Бошқа юртларда, жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг она юртларида ҳам ўз ҳукмини ўтказарди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг акалари Мисрдаги муваффақиятли иқтисодий ҳолатдан хабар топиб, нажот излаб келдилар. Вазирга таҳсинлар айтиб, ёрдам сўрашди. Лекин улар бу вазир ўзлари бир пайтлар қудуққа ташлаган укалари Юсуф эканини билмадилар. Юсуф алайҳиссалом эса уларни дарҳол танидилар ва яхши муомалада бўлдилар. Янаги сафар келишларида уйда қолган укаларини ҳам бирга олиб келсалар, бир туя қўшимча озиқ-овқат олиб кетишлари мумкинлигини айтдилар. Акалари қайтиб бориб, оталари Яъқуб алайҳиссаломга бўлган ҳодисаларни гапириб бердилар ва келгуси сафар кичик укаларини қўшиб беришини сўрадилар. Аммо фарзанд доғи ҳамон қалбини ўртаётган ота «Юсуфни сизга ишониб топшириб, панд еганман, энди укасини ҳам сўрайсизларми?» – деди. Узоқ тортишувлардан кейин аҳду паймон олиб, кичик ўғлини ҳам акаларига қўшиб берди. Миср вазири – Юсуф алайҳиссалом тадбир ишлатиб, укаларини ўзлари билан бирга олиб қолдилар. Яъқуб алайҳиссаломнинг дардларига дард қўшилди. Лекин бу вақтинчалик эди. Олдиндаги катта хурсандчиликка «дебоча» эди.

Ниҳоят, Юсуф алайҳиссалом ўзларининг ким эканликларини ошкор қилдилар. Акаларига ота-оналарини ҳам олиб келишни тайинладилар. Шундай бўлди ҳам. Ҳаммалари – ота-она ва ўн бир ўғил Миср вазири Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, эҳтиромларини билдирдилар. Ул зотнинг ёшликда кўрган тушлари ўнгидан келди.

Қиссанинг сўнгида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.

Юсуф алайҳиссалом қиссасининг мухтасар баёни шундан иборат. Бу қиссада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам йўқ. Зеро, бу Аллоҳнинг ваҳий қилиб юборган Қуръонидир. Бу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳат. Келинг, Қуръони Каримда бу қисса қандай ҳикоя қилинганини ўрганиб чиқайлик.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ
1. Алиф лам ро. Ушбулар очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир.
ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ
2. Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки, ақл юритсангиз.
ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ
3. Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Гарчи ундан олдин бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам.
ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ
4. Эсла, Юсуф отасига: «Эй отажон, мен тушимда ўн битта юлдузни ҳамда қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», – деди.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ
5. У деди: «Эй ўғилчам, тушингни ака-укаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир.
ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ
6. Роббинг шундай қилиб сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва бундан аввал Ўз неъматини оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа тўлиқ қилганидек сенга ва Оли Яъқубга тўлиқ қилиб беради. Албатта, Роббинг билувчидир, ҳакимдир».
ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ
7. Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят(ибрат)лар бор эди.
ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ
8. Ўшанда улар айтишди: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир.
ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ
9. Юсуфни ўлдиринглар ёки бирор ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Ундан кейин солиҳ кишилар бўлиб оласизлар».
ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ
10. Улардан бир сўзловчи: «Юсуфни ўлдирманглар. Агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, баъзи йўловчилар олиб кетади», – деди.
ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ
11. Улар айтишди: «Эй отамиз, сенга нима бўлдики, Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга насиҳат қилувчилармиз.
ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ
12. Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келади. Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз».
ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ
13. У: «Уни олиб кетишингиз албатта, мени маҳзун қилади. Сиз ундан ғофил қолганингизда, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», – деди.
ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ
14. Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиён кўрувчилардан эканмиз-да?!» – дедилар.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ
15. Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга келишганларида, унга: «Сен албатта, уларга бу ишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар (сени) сезмаслар ҳам», – деб ваҳий қилдик.
ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ
16. Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб:
ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ
17. «Эй отамиз, биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», – дедилар.
ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ
18. Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Нафсингиз сизга бирор ишни чиройли кўрсатибди. Энди ишим – чиройли сабр. Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», – деди.
ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝﮞ ﮟ ﮠﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ
19. Ва йўловчилар келиб, (қудуққа) сувчиларини юбордилар. Бас, у челагини ташлади ва: «Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!» – деди. Уни тижорат моли сифатида яшириб қўйдилар. Зотан, Аллоҳ уларнинг нима амал қилаётганларини билувчидир.
ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ
20. Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унинг ҳақида зоҳидлардан бўлдилар.
ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ
21. Ва уни Мисрда сотиб олган ўз хотинига: «Унинг турар жойини яхши қил, ажаб эмаски, бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», – деди. Ана шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик. Бу унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун ҳамдир. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ
22. Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилувчиларни шундай мукофотлармиз.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ
23. У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» – деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир у турар жойимни яхшилаб берган хожам-ку! Албатта, золимлар зафар топмаслар», – деди.
ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ
24. Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир.
ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ
25. Эшик томон чопишди. Хотин унинг кўйлагини орқа томонидан йиртиб олди. Эшик олдида у(хотин)нинг хўжайинига дуч келишди. У (хотин): «Сенинг аҳлингга ёмонлик истаганнинг жазоси фақатгина зиндонбанд этилиши ёки аламли азобдир», – деди.
ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ
26. У деди: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», – деди. У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томонидан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибдир, у ёлғончилардандир.
ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ
27. Агар унинг кўйлаги орт томонидан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибдир, у ростгўйлардандир».
ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ
28. Эр унинг кўйлагининг орқа томонидан йиртилганини кўргач, деди: «Албатта, бу сиз – хотинларнинг ҳийлангиздир. Албатта, сиз – хотинларнинг ҳийлангиз жуда зўрдир.
ﯬ ﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ
29. Эй Юсуф, бу ишни унут. Сен, хотин, гуноҳингга истиғфор айт. Албатта, сен хато қилувчилардан бўлдинг».
ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃﰄ ﰅ ﰆ ﰇﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ
30. Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди. Унга жуда ҳам муҳаббат қўйиб қолган экан-да! Биз у(аёл)ни, албатта, очиқ-ойдин адашувда деб биламиз», – дейишди.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ
31. У уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда уларга одам юбориб, чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади. Ва ҳар бирларига пичоқ берди. Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» – деди. Уни кўрган чоғларида лол қолдилар, қўлларини кесдилар ва: «Аллоҳ покдир! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!» – дейишди.
ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ
32. У: «Сиз мени маломат қилган нарса мана шу. Дарҳақиқат, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар амримни бажармаса, албатта, зиндонбанд этилур ва хор бўлувчилардан бўлур», – деди.
ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ
33. У: «Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун зиндон маҳбуброқдир, уларнинг ҳийласини Ўзинг мендан нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», – деди.
ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ
34. Бас, Робби унга ижобат қилиб, уларнинг ҳийласини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.
ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ
35. Сўнгра, оят(аломат)ларни кўрганларидан кейин, уларга уни маълум вақтгача зиндонбанд этишлари равшан бўлди.
ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ
36. У билан зиндонга иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда хамр сиқаётганимни кўрмоқдаман», – деди. Бошқаси эса: «Мен тушимда бошимда нон кўтариб юрибман­у, ундан қуш еяётганини кўрмоқдаман», – деди. «Бизга бунинг таъбири ҳақида хабар бер. Албатта, биз сенинг яхшилик қилувчилардан эканингни кўрмоқдамиз».
ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ
37. У айтди: «Сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу менга Роббим ўргатган нарсалардандир. Албатта, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати(дини)ни тарк этганман.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ
38. Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллатига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу Аллоҳнинг бизга ва одамларга бўлган фазлидир, лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар.
ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ
39. Эй ҳамзиндон ўртоқларим, турли-туман робблар яхшими ёки ягона, Қаҳҳор Аллоҳми?
ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ
40. Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган, Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган исмларга ибодат қилмоқдасиз. Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир, лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ
41. Эй ҳамзиндон ўртоқларим, сизлардан бирингиз хожасига хамр соқийлиги қиладир. Бошқаси бўлса осилади ва қушлар унинг бошидан ейдир. Сиз ечимини сўраётган иш битди».
ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ
42. Ва у ўзи икковларидан нажот топувчи деб билган шахсга: «Хожанг ҳузурида мени эсга ол», – деди. Шайтон унга хожасига эслатишни унуттирди. Бас, у зиндонда бир неча йил қолиб кетди.
ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ
43. Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», – деди.
ﭑ ﭒ ﭓﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ
44. Улар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», – дедилар.
ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ
45. Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтганидан сўнг хотирлаб, деди: «Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг».
ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ
46. «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганининг ва еттита яшил бошоқнинг ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки, одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», – деди.
ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ
47. У айтди: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизнинг озгина ейдиганингиздан бошқасини бошоғида қолдиринг.
ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ
48. Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Озгина асраб қўйганингизгина мустасно.
ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ
49. Сўнгра, ундан кейин бир йил келадики, унда одамлар сероб қилинурлар ва унда (меваларни) сиқурлар».
ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ
50. Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар», – деди. Элчи келганда, унга: «Хожанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини ўта билувчидир», – деди.
ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ
51. У: «Юсуфнинг нафсини хоҳлаган вақтингиздаги ишингиз нима эди?» – деди. Улар: «Аллоҳ пок! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», – дедилар. Азизнинг хотини айтди: «Энди ҳақиқат равшан бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим. Албатта, у ростгўйлардандир.
ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ
52. Бу йўғида унга хиёнат қилмаганимни ва албатта, Аллоҳ хоинларнинг ҳийласини тўғриликка йўлламаслигини билиши учундир.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ
53. Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ
54. Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», – деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», – деди.
ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ
55. У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва ўта билувчиман», – деди.
ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ
56. Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, у ўзи хоҳлаган жойга жойлашар эди. Ўз раҳматимизни кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва яхши амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз.
ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ
57. Иймон келтирган ва тақво қилганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқ бўлур.
ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ
58. Юсуфнинг оға-инилари келдилар ва унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди. Улар эса уни танимадилар.
ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ
59. Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда деди: «Менинг ҳузуримга ота бир инингизни олиб келинг. Менинг ўлчовни тўла қилаётганимни ва энг яхши мезбон эканимни кўрмаяпсизларми?
ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ
60. Агар уни ҳузуримга олиб келмасангиз, унда сизга менинг даргоҳимда ўлчаб бериш йўқ ва менга яқин ҳам келманглар».
ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ
61. Улар: «Уни отасидан сўраб, олиб келишга уринамиз. Албатта, биз буни қилувчимиз», – дедилар.
ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ
62. У ўз йигитларига: «Уларнинг тижорат молларини юклари ичига солиб қўйинглар. Шояд, улар аҳлларига борганларида буларни таниб, қайтиб келсалар», – деди.
ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ
63. Оталарининг ҳузурига қайтиб борганларида: «Эй отамиз, бизга ўлчаб бериш ман этилди. Биз билан инимизни юбор, ўлчаб оламиз ва албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», – дедилар.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ
64. У: «Уни сизларга худди илгари акасини ишонганимдек ишониб топширайми? Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофаза қилувчи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг раҳмлисидир», – деди.
ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ
65. Матоҳларини очганларида, тижорат молларининг ўзларига қайтарилганини кўрдилар. «Эй отамиз, яна нима истаймиз? Мана, тижорат молларимиз ўзимизга қайтарилибди. Яна аҳлимизни озиқ­овқат билан таъминлаймиз, укамизни муҳофаза қилиб, бир туя зиёда (юк) ўлчови оламиз. Бу озгина ўлчовдир», – дедилар.
ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ
66. У: «Токи менга, албатта уни ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан аҳду паймон бермагунингизча, уни зинҳор сиз билан юбормасман. Магар (ҳалокатга) ўралиб қолсангиз, мустасно», – деди. Унга аҳду паймонларини берганларида, у: «Айтган гапларимизга Аллоҳ вакилдир», – деди.
ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ
67. У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккул қилдим. Таваккул қилувчилар Унгагина таваккул қилсинлар», – деди.
ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ
68. Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Бу Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим эгаси эди. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ
69. Юсуфнинг олдига кирганларида, у инисини ўз ёнига олди ва: «Мен акангман, улар қилган нарсалардан қайғуга тушмагин», – деди.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ
70. Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда, инисининг юкига бир сувидишни солиб қўйди. Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар!» – деб жар солди.
ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ
71. Улар буларга қараб: «Нима йўқотдингиз?» – дедилар.
ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ
72. Улар: «Подшоҳнинг ўлчов идишини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман», – дедилар.
ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ
73. Улар: «Аллоҳга қасамки, ўзингиз биласиз, ер юзида бузғунчилик қилиш учун келган эмасмиз, биз ўғрилар бўлган эмасмиз», – дедилар.
ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ
74. Улар: «Агар ёлғончи бўлиб чиқсангиз, жазоси нима?» – дедилар.
ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ
75. Улар: «Унинг жазоси – (ўша нарса) кимнинг юкида топилса, бас, жазоси унинг ўзидир. Золимларни мана шундай жазолаймиз», – дедилар.
ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ
76. У инисининг идишидан олдин уларнинг идишларидан (тафтиш) бошлади. Сўнгра уни инисининг юкидан чиқариб олди. Шундай қилиб, Юсуфнинг фойдасига ҳийла қилдик. Агар Аллоҳ хоҳламаса, подшоҳнинг дини бўйича инисини олиб қола олмас эди. Кимни хоҳласак, даражаларини кўтарамиз. Ҳар бир илм эгаси устидан ўта билувчи бор.
ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ
77. Улар: «Агар бу ўғирлаган бўлса, илгари унинг акаси ҳам ўғирлаган эди», – дедилар. Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади. У: «Ўзингиз ёмонроқ мақомдасиз. Аллоҳ сиз васф қилаётган нарсани яхши билувчидир», – деди.
ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ
78. Улар: «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сенинг яхшилик қилувчилардан эканингни кўрмоқдамиз», – дедилар.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ
79. У: «Нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда албатта, золимлардан бўлиб қоламиз», – деди.
ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ
80. Ундан умидни узган чоғларида четга чиқиб, хуфёна маслаҳат қилдилар. Катталари деди: «Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан аҳду паймон олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида йўл қўйган камчилигингизни билмайсизларми?! Токи отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менга ҳукм чиқармагунича, бу ердан қимирламасман. У Зот ҳукм қилувчиларнинг энг яхшисидир.
ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ
81. Отангизнинг олдига қайтинглар ва айтинглар: «Эй отамиз, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат ўзимиз билган нарсага гувоҳлик бердик, холос. Биз ғайбни билувчи эмас эдик.
ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ
82. Биз бўлган шаҳардан сўра ва у ерда биз учраган карвондан сўра, биз албатта, ростгўйларданмиз».
ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ
83. У: «Йўқ, нафсингиз сизга бир ишни раво кўрибди. Энди (ишим –) чиройли сабр. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларнинг ҳаммасини ҳузуримга жамлаб келтирса. Албатта, Унинг Ўзи ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир», – деди.
ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ
84. Ва улардан юз ўгириб: «Эсизгина Юсуф!» – деди ва қайғудан кўзларига оқ тушди. Бас, у дардни ютувчи бўлди.
ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ
85. Улар: «Аллоҳга қасамки, токи мадордан кетгунингча ёки ҳалок бўлувчилардан бўлгунингча, Юсуфни эслайверасан», – дедилар.
ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ
86. У деди: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани билурман.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ
87. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар».
ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ
88. Унинг ҳузурига кирганларида: «Эй Азиз, бизни ва аҳлимизни зарар тутди ва арзимаган тижорат моли келтирдик. Бас, бизга ўлчовни тўлиқ қилиб бер ва бизга садақа қил. Албатта, Аллоҳ садақа қилувчиларни мукофотлайдир», – дедилар.
ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ
89. У: «Жоҳиллик пайтингизда Юсуфга ва унинг инисига нима қилганларингизни биласизларми?» – деди.
ﮉ ﮊ ﮋ ﮌﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ
90. Улар: «Ҳали сен Юсуфмисан?!» – дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Дарҳақиқат, ким тақво қилса ва сабр этса, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», – деди.
ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ
91. Улар: «Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса хатокорлардан бўлдик», – дедилар.
ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ
92. У айтди: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У раҳмлиларнинг раҳмлисидир.
ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ
93. Мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнг барчангиз аҳлингиз ила ҳузуримга келинглар».
ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ
94. Карвон йўлга чиққан вақтда оталари: «Мени ақлдан озган деманглар-у, албатта, мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», – деди.
ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ
95. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен эски адашувингдасан», – дедилар.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ
96. Хушхабарчи келган чоғида, у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен: «Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан», – демаганмидим?!» – деди.
ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ
97. Улар: «Эй отамиз, гуноҳларимиз учун мағфират сўра. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз», – дедилар.
ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ
98. У: «Сизлар учун Роббимдан мағфират сўрарман. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деди.
ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ
99. Юсуфнинг ҳузурига кирган чоғларида, у ота-онасини ўз ёнига олди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!» – деди.
ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ
100. Ота-онасини тахтга кўтарди. Унга сажда қилиб йиқилдилар. (Юсуф деди:) «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни рўёбга чиқарди. Дарҳақиқат, У Зот менга яхшилик қилди: мени қамоқдан чиқарди, шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан кейин си-зларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим хоҳлаган нарсасига латифдир. Албатта, У Зот би-лувчидир, ҳакимдир.
ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ
101. Роббим! Батаҳқиқ, менга подшоҳлик бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин».
ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ
102. Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида келишаётганларида, олдиларида бўлмаган эдинг.
ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ
103. Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ
104. Улардан бунинг учун ажр ҳам сўрамайсан. У оламлар учун эслатма, холос.
ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ
105. Осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят(белги)лар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтадилар.
ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ
106. Кўплари эса Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос.
ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ
107. Ўзларига Аллоҳдан қамраб олувчи азоб келишидан ёки сезмай турганларида, Соат тўсатдан келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!
ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ
108. «Бу – менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт.
ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰﮱ ﯓ ﯔ ﯕ
109. Сендан олдин ҳам фақат шаҳар-қишлоқ аҳлидан эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос. Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!
ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ
110. Ниҳоят, расуллар ноумид бўлиб, ўзларини ёлғончига чиқарилганлар деб гумон қилиб қолганларида, уларга нусратимиз келади. Бас, Биз хоҳлаганларга нажот берилур. Азобимиз жиноятчи қавмлардан қайтарилмас.
ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ
111. Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганнинг тасдиғи ва барча нарсанинг тафсилоти, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир.