Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 169-дарс. Ҳасад — қалб хасталиклари

17:00 / 22.01.2022 2753 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳасад» сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.

Уламолар: «Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир», дейдилар.

Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача, ҳар нарсада ҳасад бордир.

Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади.

Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган.

У Зот Нисо сурасида марҳамат қилади:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ فَقَدْ آتَيْنَآ آلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآتَيْنَاهُم مُّلْكًا عَظِيمًا

«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54-оят).

Аллоҳ таоло Фалақ сурасида марҳамат қилади:

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ

«Айт: «Тонг Роббидан паноҳ сўрайман… У яратган нарсалар ёмонлигидан... ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан... ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан... ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)» (1–5-оятлар).

Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори, ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди», дедилар».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда бир банданинг қалбида икки турли нарса жам бўлмаслигининг хабари берилмоқда.

Биринчиси – Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб, жаннат аҳлидан бўлишидир.

Иккинчиси – бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги.

Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, йўқ бўлиб кетиши ҳамда умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради.

Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.

Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилган жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир.

Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканини муҳаддисларимиз ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг мол-мулк ва шарафга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам қўрқинчлидир», дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўри қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Қўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад ҳам жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби жамиятни ҳалокат сари бошлайди.

Молга ҳирс қўйиш оқибатида одамлар Аллоҳга бандаликдан чиқиб, мол-дунёнинг бандасига айланадилар. Мол-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қоладилар. Мол-дунё эса ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳасад эгаси мендан эмас», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Яъни, «Ҳасадчи менинг умматим эмас», деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
116. Учта хато ҳаётимизда такрорланиб туради1. Вақтни зое қилиш.2. Фойдасиз нарсалар ҳақида гапириш.3. Аҳамиятсиз ишларга эътибор қаратиш.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

4622 10:03 / 04.04.2017
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

7153 16:05 / 05.10.2019
Риё ошкора ва махфий бўлиши мумкин. Ошкора риё амалга чорловчи омил бўлиб, одамлар кўриши учунгина қилинади. Ундан кейинги ўринда турадиган риё ўзи амалга сабаб давоми...

2670 17:00 / 04.12.2021
ТАРЖИМОН СЎЗБОШИСИБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ҳозирги вақтда ахлоқий ҳаётимизда айрим камчиликлар вужудга келиб, кўпчиликни ташвишга солаётгани сир эмас. Инсон давоми...

3583 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

131608 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52084 14:35 / 11.08.2021