
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
وَقَالَ أَنَسٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِتَمْرٍ عَتِيقٍ، فَجَعَلَ يُفَتِّشُهُ يُخْرِجُ السُّوسَ مِنْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.
«Анас розияллоҳу анҳу:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскириб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, ундан қуртни чиқара бошладилар», деди».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисдан таомни ейишдан олдин яхшилаб кўриб, баъзи бир нарсалар бўлса, эътибор бериб ейиш кераклиги ўрганилади.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وُضِعَ الْعَشَاءُ وَأُقِيمَتِ الصَّلَاةُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا أُقِيمَتِ الصَّلَاةُ وَحَضَرَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Қачон намозга иқомат айтилганда кечки таом ҳозир бўлса, кечки таомдан бошланглар», дейилган.
Учовлари ривоят қилганлар.
Мусулмон одамнинг таоми намоз вақтига тўғри келиб қолиши зарурат юзасидан бўлиши мумкин, холос. Аслида мусулмон инсон ўз кунини намоз вақтига мослаб, намозга ҳеч нарса тўсиқ бўлмайдиган қилиб тартибга солади.
Зарурат юзасидан таом билан намоз вақти баробар келиб қолганда эса таомни олдин бошлаган афзал экан. Чунки инсон ўта оч қолган бўлиши мумкин. Қолаверса, қорни оч одам олдидаги тайёр таомни қўйиб, намоз ўқиса, намозда хаёли бузилиши ҳам мумкин. Ана ўша эътиборлардан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَعَشَّوْا وَلَوْ بِكَفٍّ مِنْ حَشَفٍ، فَإِنَّ تَرْكَ الْعَشَاءِ مَهْرَمَةٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир сиқим сифатсиз хурмо билан бўлса ҳам кечки овқат қилинглар. Чунки кечки таомни тарк қилиш қариликдир», дедилар».
Термизий ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.
Биз «кечки овқат» деб таржима қилган ибора араб тилида «ъашаа» дейилади ва Пешин вақтидан кейинги ҳар қандай таомга нисбатан ишлатилади. Бу ҳадиси шарифдан кечки овқатни тарк қилиш, пешин вақтидан кейин умуман овқат емай қўйиш яхши эмаслигини тушуниб оламиз.
Уламо аҳли таом одоби ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқиб, уларни солиштириб, усули фиқҳ ва бошқа қоидаларни ишлатиб, жумладан, қуйидаги хулосаларни қилганлар:
1. Таом ейиш гоҳида фарз бўлиб, инсон бу ишни қилгани учун савоб олади ва уни қилмагани учун гуноҳкор бўлади. Ҳалокатни даф қилиш учун ейишнинг ҳукми шудир. Чунки Исломда инсон ўз жонини ҳалокатга ташламайди, балки уни сақлаш учун ҳаракат қилиш фарздир.
2. Таом ейиш гоҳида вожиб бўлади.
Фарз намозни тик туриб ўқишга қодир бўлгудек ва фарз рўзани тутишга қодир бўлгудек ейиш вожибдир. Шариат қоидаси бўйича, вожибни адо этиш учун керак бўлган нарса ҳам вожиб ҳисобланади.
3. Таом ейиш гоҳида мандуб бўлади.
Ризқ касб қилишга, илм олишга ва нафл ибодатларни адо этишга қодир бўлгудек ейиш мандубдир.
4. Таом ейиш гоҳида мубоҳ бўлади.
Зарар етмайдиган даражада тўйиб таом тановул қилиш мубоҳдир.
5. Таом ейиш гоҳида ҳаром бўлади.
Ортиқча тўйиб, ўзига зарар етказадиган даражагача таом ейиш ҳаромдир.
6. Таом ейиш гоҳида макруҳ бўлади.
Бунга тўйганидан ортиқча ейиш киради.
7. Ўзи қилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир.
8. Ақийқанинг ҳукми ҳам қурбонликнинг ҳукмига ўхшаш.
9. Каффорот ва фидя учун сўйилган ҳайвоннинг гўштидан ўша каффорот ва фидя вожиб бўлган одам ейиши мумкин эмас.
10. Тўй ва зиёфат таомидан ейиш мустаҳабдир.
11. Нотаниш жойда таом емоқчи бўлган одам у ернинг таомлари қандай бўлишини билмагани учун бу ҳақда суриштирмай туриб емаслиги керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо аввал суриштириб олиб, кейин таомга қўл узатар эдилар.
12. Меҳмонга тезроқ таом тақдим қилиш мезбоннинг одобидандир.
13. Тақдим қилинган таомдан тезроқ тановул қилиш меҳмоннинг одобидандир. Агар у таомдан емаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлади.
14. Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.
15. Таом тановул қилишни бошлашда «Бисмиллаҳ» айтилади.
16. Таом ўнг қўл билан ейилади.
17. Ҳар ким ўз олдидан ейди. Бировнинг олдидаги таомга қўл узатиш беодобликдир.
18. Қўл билан ейилганда таом учта бармоқ билан олинади. Ундан кўп бармоқни ишга солиш очкўзликдир.
19. Таом ёнбошлаган ҳолда ейилмайди.
20. Қўлдан тушган таом олиб ейилади.
21. Таом еб бўлинганидан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилинади.
22. Меҳмон таомдан сўнг мезбонни дуо қилади.
23. Таомдан кейин икки қўл ювилади.
24. Таомдан кейин оғиз чайилади.
25. Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.