Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири бахилликдир. Бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани қилмасликдир. Бахиллик энг ёмон хулқлардан бири ҳисобланади.
Бахилликнинг даражаси иккитадир
1. Ўзида бор нарсага бахиллик қилиш.
2. Ўзгадан бор нарсага бахиллик қилиш.
Бу энг ёмонидир. Уни «Нисо» сурасидаги: «Бахиллик қиладиганлар ва одамларни бахилликка буюрадиганлар ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир.», деган оятдан билиб олса ҳам бўлади.
Уламоларнинг таъкидлашларича бахилликнинг энг ёмони кишининг ўзига ўзи бахиллик қилишдир. Кўпгина бахиллар мумсиклик қилиб молини ўзига сарфламай бемор бўлиб қолганлар. Улар даволанишга пул сарфлашдан ҳам бахиллик қиладилар.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон сурасида: «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», деган (180 – оят).
Ислом таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси, Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир».
Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўпланганига бало-офат бўлиб қолади.
«Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур».
Бу ўралиш қандай бўлишини ҳадиси шарифдан билиб олишимиз мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чеккасидан тишлаб туриб, мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман, дейди», дедилар. Кейин: «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларича яхшилик деб ҳисобламасинлар», оятини охиригача ўқидилар». Бухорий ривоят қилган.
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур», деганлар.
Ҳа, инсон қанча яшамасин, қанча мол тўпламасин, барибир бир куни келиб ўлади ва молу мулкини тарк этади.
«Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир».
Ҳамма-ҳаммаси Аллоҳга қолади. Ҳеч бир инсон дунёга устун бўлмайди.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Кимнинг бахил, кимнинг бахил эмаслигини жуда ҳам яхши билиб туради.
Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сруасида: «Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кек-ҳиқдларингизни чиқарур», деган (37 – оят).
Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларининг сир - асрорларидан, камчилик ва табиатларидан хабардордир. У ҳамма нарсани билади. Шунинг учун ҳам аввалги оят охирида «...ва мол-дунёларингизни сўрамас», деган бўлса ҳам, ушбу оятнинг бошида, агар сўраб қолса нима бўлар эди деган саволга Ўзи жавоб бериб:
«Агар сиздан уларни сўраса»,
Яъни, мол-дунёларингизни беришингизни сўраса, сизга оғир туюлади, мол-дунёларингизни сарфлашга тегишли бўлган амр ҳақида ўйлаб қиласизлар. Ҳа, Аллоҳ сиздан молларингизни сарф қилишни сўраса,
«…қийнаса, бахиллик қиласизлар…»,
демоқда.
Яъни, молларингизни Аллоҳнинг йўлида сарф қилмайсизлар, демоқда.
Аллоҳ хоҳласа, ана шундоқ қилиб,
«…кек-ҳиқдларингизни чиқарур».
Сиз ўзингиз сезмаган ҳолда айбларингизни ошкор қилиб қўясиз.
Кейинги оятда эса, дин йўлида мол сарфлашда содир бўладиган бахиллик каби қийинчиликни Қуръоний услубда муолажа қилинади.
«Ҳой сизлар. Анавилар. Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилсангиз, бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар. Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўзига бахиллик қилур. Ва, ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар. Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур, улар эса сизларга ўхшаган бўлмаслар» (Муҳаммад: 38).
Ояти каримада Аллоҳ таоло инсон табиатини қанчалик дақиқ билишини таъкидламоқда ҳамда воқелик ҳақида хабардор қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам ушбу ояти карималар нозил бўлиб турган вақтда инсоният тарихида олтин саҳифалар бўлиб қоладиган сахийлик, Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашдек фазилатлар кўп мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари мўъжиза даражасига бориб етган тарих саҳифаларида боқий қолган.
Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлган, бу ҳам воқеъликдир. Қуръони Карим ушбу оятда шу бахилликни муолажа қилмоқда. Содир этилган бахилликни муолажа қилинаётгани учун нидо ҳам ўшанга яраша бўлмоқда:
«Ҳой сизлар. Анавилар».
Нима учун молларингизни ортиқча яхши кўрасиз?
«Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга чақирилсангиз, бас, баъзиларингиз бахиллик қилурсизлар».
Бу жуда ҳам нотўғри иш. Бу мўмин-мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайдиган иш. Наҳотки, молу дунёни ризқ қилиб берган зот Ўзининг йўлида ўша молу дунёнинг баъзисини нафақа қилишга чақирганда бахиллик қилинса?!
«Ва ким бахиллик қилса, албатта, ўзига бахиллик қилур».
Ким хайр-эҳсон қилса, Аллоҳнинг йўлида сарф-ҳаражат қилса, ўзига захийра тўплаган бўлади. Охиратда қачон хоҳласа, ундан олаверадилар. Ҳа, бу дунёда қилинган нафақа, қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади.
Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, барчани охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас:
«Ва ҳолбуки Аллоҳ бой, сизлар камбағалсизлар».
Қўлларингиздаги мол-дунёни вақтинчалик, сизларни синаш учун Аллоҳнинг Ўзи берган-ку! Ўша Ўзи берган молдан нафақа қилсангиз, уни сақлаб, кўпайтириб қайтарадиган ҳам Ўзи-ку! Қайси тарафдан қаралганда ҳам камбағал сизларсизлар. Ҳожатманд сизларсизлар, дейилмоқда. Қўлиздаги молни Аллоҳ берган бўлса, улардан савоб ҳосил бўлса, савобни берувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзи бўлса, унда нимага Аллоҳнинг дини йўлида бахиллик қиласиз?!
Исломга даъват, динга хизмат қилиш Аллоҳнинг бандасига берган улуғ неъмати ва эъзозидир. Ушбу улуғ ишончга муносиб бўлмай, қўрқоқлик, дангасилик ва бахиллик қилсалар, Аллоҳ берганини қайтариб олиб, Ўз улуғ неъматининг қадрини биладиган бандаларига бериш ҳеч гап эмас.
«Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтирур».
Албатта, янги қавм аввалгисига ўхшаб қўрқоқ, дангаса ва бахил бўлмайди.
«…улар эса, сизларга ўхшаган бўлмаслар».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз», деган (37 – оят).
Аллоҳ бахилларни, бахилликка буюрадиганларни ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганларни хуш кўрмайди. Бахил одам ўз қўлидаги неъматни ўзи яратгани йўқ, балки бу неъматни унга Аллоҳ берган. Аммо бу инсон шу нарсани ўзига ўхшаган, аммо ҳозирда оғир аҳволга тушиб қолган бошқа бир инсонга беришдан қизғанади.
Бахиллик жамият аъзолари ичида бир-бирини кўра олмасликка, турли фитналар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар ва: «Бахилликдан сақланинглар. Чунки у сиздан олдингиларни ҳалок қилгандир. Уларнинг бахилликка амр қилди, бахиллик қилдилар. Уларни алоқаларни узишга буюрди, уздилар. Фужурга буюрди, фужур қилдилар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур номаъқул инсонлар ўзлари бахиллик қилганлари етмаганидек, бошқаларни ҳам бахилликка буюрадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларни беркитадилар. Одамларга кўрсатишдан қочадилар. Одамлар билиб қолмасин, деб ўзлари ҳам емай, ичмай, киймай кун кечирадилар.
Имрон ибн Ҳусойндандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бир бандага неъмат берса, унинг асари ўша бандада зоҳир бўлишини яхши кўради», дедилар.
Ояти кариманинг охирида: «Ва кофирларга хорловчи азобларни тайёрлаганмиз», дейилишидан, бу оятлар кимлар ҳақида экани яна ҳам равшан бўлади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга бузғунчи ҳам, миннатчи ҳам, бахил ҳам кирмайди», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда зикри келган учта ёмон хулқдан узоқда бўлиш зарур.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хислат мўминда жам бўлмайди; бахиллик ва бадхулқлик», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Мўминлик улкан шарафдир. Мўмин киши ҳусни хулқ соҳиби бўлади. Унда бахиллик ва бадхулқлик каби ёмон хислатлар тамоман бўлмайди. Бунга ўхшаш ёмон ахлоқлар билан иймон бир шахсда жам бўла олмайди.
Бахилликнинг зарарларидан:
1. Бахиллик иймон билан жам бўлмайди.
2. Бахиллик кўпгина нуқсонларнинг аслидир.
3. Бахиллик кўплаб ёмон хислатларга сабаб бўлади.
4. Бахиллик Аллоҳ таолога ёмон гумонда бўлиш аломатидир.
5. Бахиллик ақлнинг озлиги ва тадбирнинг ёмонлиги далилидир.
6. Бахиллик инсоннинг ҳалокатга элтувчидир.
7. Бахиллик ахлоқни бузувчидир.
8. Бахиллик улуғнинг обрўсини тўкади.
9. Бахил бу дунёда маҳрумдир, охиратда малъундир.
Бахиллик чегараси:
Уламолар бахиллик чегараси ҳақида ўзига хос баҳс юритганлар. Баъзилар, сарф қилиниши вожиб бўлган нарсани ман қилиш бахилликдир. Ўзига вожиб бўлган нарсани адо қилган шахс бахил бўлмайди, деганлар.
Бу гап унча тўғри эмас. Ҳоким ўзига белгилаб берган миқдорни аҳли аёлига бериб, ундан зиёда ҳеч нарса бермай қўйган одам бахил бўлади.
Тўғриси бахилликдан қутилиш учун шариатда вожиб қилинган миқдорни бериши билан бирга мурувват тақозо қиладиган нарсани ҳам сидиқи дилдан бериш керак бўлади.
Шариат вожиб қилан нарса закот ва аҳли аёлнинг нафақасидир.
Мурувват тақозо қиладигани эса, торлик вужудга келтирмаслик ва майда чуйда нарсаларга ҳам эътибор беравермасликдир. Чунки бу ҳолатни одамлар пасткашлик дейдилар.
Бу нарса ҳолат ва шахсларга қараб турлича бўлади. Камбағал учун пасткашлик бўлмаган нарса бой учун бўлиши мумкин. Кишининг тор олиши бола чақасига қилинганда пасткашлик бўлса ҳам, бегонага қилганда бўлмаслиги мумкин.
Бахил шариат ҳукми ва мурувват тақозоси ила ман қилиш мумкин бўлмаган нарсани ман қилган шахсдир.
Шариат вожиб ва мурувват тақозо қилган нарсани бемалол сарф қилган киши бахил дейилмайди. Аммо бундан яна ҳам зиёдани сарф қилмагунча сахий ҳам бўла олмайди.
Бахилликнинг давоси:
Бахилликнинг асосий сабаби молга бўлган ортиқча муҳаббатдир. Бу муҳаббатнинг икки сабаби бордир.
Биринчиси: Умидни узун қилган ҳолда молсиз эришиб бўлмайдиган шаҳватларга муҳаббат қўйиш. Умиди узун бўлмаса, бола – чақаси ҳам узун умид ўрнига ўтаверади.
Иккинчиси: Молнинг ўзига муҳаббат қўйиш.
Баъзи одамларнинг умри бўйи етиб ортадиган молу мулки бўлади. Ўзи қариб чириган бўлади. Шунда ҳам ўзига вожиб бўлган молни чиқармайди. Садақа ҳам қилмайди. Ўлса моли душманларига қолишини ёки зое бўлишини ҳам билади. Бу давоси йўқ дарддир.
Бу худди бир одамни яхши кўриб юриб унинг элчиси келганда маҳбубни қўйиб элчини яхши кўриб қолган одамга ўхшайди. Зотан молу дунё ҳожатларни чиқарувчи элчидир. Ҳожатини эсдан чиқариб динорнинг ўзига муҳаббат қўйиш залолатдан бошқа нарса эмас.
Ҳар бир нарсанинг иложи унинг зидди билан бўлади. Шаҳватларга берилиш қаноат ва сабр билан даволанади. Умидни узун қилиш ўлимни кўп эслаш билан даволанади.
Ўзида бахиллик дардининг аломатларини сезган одам унинг ёмонлиги ҳақидаги оят ва ҳадисларни кўп ўқиб юрсин. Бахилликнинг зарарлари ва оқибатини эсга олсин. Сахийликни эсга солувчи оят ва ҳадисларни ўқиб, амалини шунга тўғриласин.