Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (111-дарс). Фарзанд тарбиясининг бошланиши

13:00 / 21.11.2020 3572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зебу зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи, катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Ота-она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Уни фақатгина диндор ва ҳалол ейдиган аёлга эмиздирсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди.

Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун ота-она унга овқатланиш одобларини ўргатсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи, нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. 

Ота-она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп таом ейиш ҳайвонлар иши эканини тушунтиради.

Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимлар аёлларга хослиги тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади.

Вақти келганда мактабга бериб, Қуръон, ҳадис ва яхшиларнинг қиссаларини таълим бериш бошланади. Шу тариқа унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. Ишқнинг зикри бор шеърларни ёдлашига йўл қўйилмайди.

Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим. 

Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, унинг айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай жазолаш ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтирган яхши. Аммо жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласи ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак. Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин...

Кундузи ва бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлашни ман қилинмайди. Аммо ётар жойи юмшоқ қилинмайди.

Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин.

Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва бадантарбияга одатлансин.

Бола ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин.

Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозели бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим.

Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқдирилади. 

Болага тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим.

Болага ўтирган жойида туфламаслик, бурун тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик кабилар таълим берилади.

Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади.

Болани уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан ман қилинади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.

Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу ила у ўқишдаги чарчоғини ёзади. 

Бола ота-онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарур.

Бола етти ёшга етганида намоз ўқишга буюрилади. Ўрганиши учун таҳоратсиз юрмасликка одатлантирилади. Уни ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка одатлантирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганида ундан ўша пайтда керакли бўладиган нарсалар талаб қилинади.

Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим нарсалардан бири боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади.

Бунда ўтган салафи солиҳларимиздан ўрнак бўладиган тажрибалар кўп қолган. 

Саҳл ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади: «Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солиб турар эдим. Бир куни тоғам менга: «Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?» деди.

«Уни қандай зикр қиламан?» дедим.

«Тилингни қимирлатмасдан, қалбингда уч марта «Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим», дегин», деди.

Мен у сўзларни бир неча кеча айтдим ва тоғамга хабарини бердим. У менга:

«Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт», деди.

Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтгач, тоғам менга:

«Мен сенга ўргатган нарсани ёдлаб олгин-да, то қабрга киргунингча уни давом эттир», деди.

Мен у ишни йиллар давомида узлуксиз қилиб юрдим. Уларнинг ҳаловатини ичимда топдим. 

Сўнгра тоғам менга: «Эй Саҳл! Аллоҳ у билан бирга бўлган, унга назар солиб турган ва унинг устидан гувоҳ бўлган одам У Зотга осий бўладими? Маъсиятдан ҳазир бўл!» деди.

Кейин мактабга бориб, олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўзани кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган таомим арпа нони бўлди. Ундан кейин кечаларни бедор бўлиб, ибодат-ла ўтказадиган бўлдим». 

Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг тарбиясига, хусусан, руҳий тарбиясига кичиклигидан аҳамият бериш унинг яхши одам бўлиб етишишида қанчалар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди. 

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ айтади Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик улар буни кўгаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз давоми...

8424 11:17 / 30.10.2018
Куннинг аввалида банданинг нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам давоми...

2760 09:08 / 24.11.2018
Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб. Аллоҳ таоло марҳамат давоми...

1114 19:00 / 13 июль
Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўплаб қилиш ила содир бўлади.Ислом дийнини бир томонлама давоми...

24767 05:00 / 28.02.2017