1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ХИЁНАТКОРЛИК, ВАЪДАБОЗЛИК, АЛДАМЧИЛИК

05:00 / 28.02.2017 4123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мақолага сарлавҳа қилиб олинган бу уч маънавий жиноят бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бунга ажабланиш керак эмас. Зотан, барча маънавий жиноятлар бир-бирларига занжир халқалари каби боғлиқдир. Аммо мазкур уч маънавий жиноят бошқаларидан кўра бир-бирларига янада яқинроқдир. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ Таоло ҳам ушбу маънавий жиноятларни кўпинча биргаликда зикр қилган. Улар пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам биргаликда зикр этилган. Мазкур омиллардан келиб чиқиб, биз ҳам бу уч маънавий жиноятни бир мақолага мавзу қилдик.
Бизда омонатга хиёнат дейилганда, бировга сақлаш учун берилган пул ва мол, қимматбаҳо нарсаларни ўз эгасига қайтиб бермаслик тушунилади. Тўғри бу катта хиёнат, лекин омонатга хиёнат қилиш дейилганда, фақат шу нарса тушунилмаслиги керак. Омонат кенг маънони ўз ичига олган тушунчадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким сенга бир гап айтиб, атрофга аланглаб қўйса бу омонатдир», деганлар. Чунки гап айтатуриб хавотирланган одам, гапимни бошқа биров эшитиб қолмасин, деган маъонда аланглаб қўйди. Демак, бу гап сир сақланиши лозим бўлади. Бу гапни сир сақламай бошқаларга айтган одам эса, хиёнаткордир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: "Намоз омонатдир, таҳорат омонатдир, тарози тортиш омонатдир, ўлчаш омонатдир", деган эканлар. Бундан кўринадики, ҳақиқатан ҳам омонат жуда кенг маънони қамраб олади ва унинг замирида бир шахснинг иккинчи шахсга ишонч билдириши ётади. Омонат олган шахс, яъни ишонч билдирилган шахс, бу ишончни оқлаш билан омонатни адо этган бўлади. Бир одам иккинчи шахсга ўз пули ёки қимматбаҳо нарсасини омонатга қўйиши, унга нисбатан ишончи борлигининг аломатидир. Агар омонатни олган шахс, бу нарсани яхши сақлаб, уни эгасига камчиликсиз қайтарса, омонатни адо этган бўлади. Акс ҳолда у хиёнаткордир.
Шунингдек шахсларга ишониб топширилган вазифа, мансаб ва раҳбарликлар ҳам улар учун омонат бўлади. Бошқаларини бу ҳолатларга таққослаб билинади.
Келинг, очиқчасига гаплашайлик: бугун барча ерда омонатлар бир хилда адо этилмоқдами? Бу саволни ҳаммамиз аввало ўзимизга берайлик, сўнг бир-биримиздан сўрайлик-да, биргалашиб унга жавоб топайлик. Бу саволга ижобий жавоб берадиган одамлар кўпми? Хиёнаткорлик авж олиб, одамлар унга кўникиб, содир қилинаётган хиёнатлар бурунларига қўнган чивинчалик ҳам таъсир қилмай қўймаганмикан?
Баъзан бировга бир гапни айтиб, атрофга аланглаб, омонатлигига ишора этмоқ, бошқаларга айтмасликни умид қилмоқ у ёқда турсин, бу гапнинг омонатлигини минг бор таъкидлаб, бировга айтмайсан, деб қасам ичирсангиз ҳам, суҳбатдошингиз сиздан айрилмай туриб, омонатга хиёнатни бошлайди.
Намоз, таҳорат кабилар омонат бўлиш у ёқда турсин, дин афюндир, у эскилик қолдиғи, деб эълон қилинган жамиятда вояга етиб, тарбия топганларнинг Каъбатуллоҳнинг олдида қасам ичиб қилган омонатига хиёнатидан ҳам ажабланмай қолмадикми?
"Тарозидан уриб қолмаган, ўлчовни ўз фойдасига бурмаган номард!" шиори билан суяги қотганлар жамиятида халқ мулкини миллион-миллион ҳолда туя бўлиб кетиши кимни ҳайратга солади?
Хиёнаткорликнинг тури, исталган даражаси, ҳар қандай ҳажми топиладиган жамиятда ўзаро ишонч қолмайди. Элу юрт бошига турли офатлар келади.
Биз "ваъдабозлик" деб номлаётган маънавий жиноят фақат кўп ваъда бериш маъносидагина тушунилмаслиги керак. Инсон кўп ваъда бериб, унга вафо қилса, албатта, яхши. Аммо маънавий жиноят ҳисобланувчи ваъдабозлик-ваъдани бериб унга вафо қилмасликни англатади. Мўмин - мусулмонлик, инсонийлик ҳар бир кишидан берилган ваъдага вафони тақозо этади. Бирор киши билан учрашувга ваъдалашилдими, вақтида келиш, ваъдада туриш керак. Халқни ишонтириб катта-кичик ваъдалар берилдими, уларни амалга ошириш шарт. Лекин киши бошқаларнинг юзига қараб ваъда беришни ноқулай ҳолатдан қутулиш учун восита деб тушунса, бу киши ваъдабоз ва мунофиқ ҳисобланади.
Худди омонат каби ваъдабозлик ҳам кенг тушунчадир. Кимнидир нимагадир ишонтириб, келажакда бирор нарсадан умидвор қилиш-ваъда ҳисобланади. Мўминнинг бурчи-берган ваъдасига вафо қилишдир. Ваъдага вафо қилмаслик, бошқача айтганда маънавий жиноятнинг ҳозирги кунги ҳолати ҳақида нима дейиш мумкин? Афсус, минг бор афсуски, ваъдабозлик ҳозирги кунда ҳам ҳаётда учраб турувчи бир дарддир. Айрим одамлар тасаввурида, "Ваъдабозликда ютиб чиққанлар ҳаётда муваффаққиятга эришадилар", деган нотўғри хулоса пайдо бўлган. Ҳозирги даврда ваъдабозлик икки ёки уч киши орасида бўлиб ўтадиган муомала доирасидан чиқиб, ваъдабоз билан миллионлаб кишилар орасидаги муомалага айланиб қолган. Бундай ваъдабозликнинг ҳажми катта бўлгани билан, унинг мазмуни ўзгармайди. Жамоатларга, ишчиларга, аҳолининг маълум табақасига, бутун бошли халққа бераётган ваъдаларига вафо қилиш ҳақида ўйлаб кўрмайдиганлар ҳам бор. Бу ваъдаларни бериб, кишиларни ишонтираётган пайтларидаёқ, уларда бу ваъдаларни бажариш нияти бўлмайди. Табиийки, бундай вазиятда, турли- туман ваъдалардан тўйган халқ уларга ишонмай қўяди. Шунинг учун ҳам катта-кичик ваъдабозлар халқни ишонтириш учун турли-туман қасамлар ҳам ичадиган бўлишади. Ҳатто орага ўғил-қизларини, ёш болаларини, қари ота-оналарини ҳам қўшиб ваъда бериб юбораверадилар. Оқибатда элу юртда ишончсизлик, турли соҳаларда етишмовчилик ва шунга ўхшаш бошқа муаммолар келиб чиқади.
"Алдамчилик" деганимизда ваъдабозликдан кўра каттароқ маънавий жиноятни тушунмоғимиз лозим. Алдамчилик-аҳдни бузишдир. Аҳд-икки томоннинг бир-бирини ишонтириб, ваъдалашишини англатади. Аҳд-аҳдлашаётган томонларнинг шахси, тутган ўрни, ўртадаги нарсанинг аҳамиятига қараб турли даражада бўлади. Аммо аҳдни бузиб, алдамчилик қилиш, қайси шаклда бўлмасин, бирдай гуноҳ-маънавий жиноятдир. Ҳозирда ғолибо бировга ёмонлик қилмаслик ҳақида аҳд берган томон, ўша ёмонликни қила олмагани учун аҳд беради. Аслида эса, аҳдлашишдан мақсад, иккинчи томонни ғафлатда қолдириб, кейин ёмонлик етказиш бўлади. Бу борада мисоллар келтиришга ҳожат йўқ. Инсон ўзи тузган аҳдга содиқ бўлишини англамоғи, бу борадаги масъулиятни кучайтирмоғи лозим. Юртимиз, Мовароуннаҳр доимо аҳдга вафо қилувчи зотлар билан машҳур бўлиб келган. Буюк бобомиз Амир Темурнинг "Мен ким фотиҳ Темур" номли эсдаликларини ўқиганимда бунга яна бир бор амин бўлдим. У киши қон кечган, душмани билан қилич солишган, қирғин-барот урушлар даврларида ҳам Аллоҳдан қўрқиб, аҳдларига амал қилиб, ўзлари ҳам, аскарлари ҳам баъзи шахсларни даҳлсиз қолдирганини ҳикоя қиладилар. Бизлар, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, аҳдга вафо қилган боболар юртига содиқ фарзанд бўлмоғимиз даркор.
Энди йигирманчи аср жоҳилиятида сиз билан бизнинг бошимизни қотириб турган ушбу маънавий жиноятларни Аллоҳнинг охирги ва абадий дини, инсониятга икки дунё саодатини таъмин қилувчи Ислом дини қандай муолажа қилишини кўриб чиқайлик. Ушбу муқаддас таълимотларни ўрганганимиздан кейин уларга амал қилишни Аллоҳ Таоло ҳаммамизга насиб айласин!
Мақола аввалида айтганимиздек, Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам мазкур маънавий жиноятлар, яъни, хиёнаткорлик, ваъдабозлик ва алдамчилик бир-бирларига яқин бўлганликларидан, уларнинг муолажаси ҳам биргаликда қўшиб олиб борилади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Мўминун сурасида ҳақиқий мўмин бандаларнинг асосий сифатларини зикр қилар экан, омонатни адо этиш ва аҳдга вафо қилиш ҳам ўша асосий сифатларга киришини билдириб, шундай дейди: "Улар (мўминлар) омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир". (Мўминун сураси, 8).
Демак, омонатга хиёнат этган, аҳдига вафо қилмаган инсон мўминликнинг иккита катта сифатини йўқотади. Агар бирор буюм икки асосий қисмини йўқотса, у умуман ишга яроқсиз бўлиб қолади.Бу маъно, ояти кари- маларда келган умумий ишораларни батафсил тушунтириб, шарҳлаб, ҳаётга тадбиқ қилиб, кўрсатиб берадиган суннати набавияда очиқ-равшан айтилгандир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда улуғ саҳобий Анас розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга қилган хутбаларида: "Омонати йўқ одамнинг иймони йўқ, аҳди йўқ одамнинг дини йўқ дер эдилар", дейди.
Маълумки, хутбаларда, хусусан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларида энг муҳим масалалар зикр қилинган. Мазкур хутба нима учун омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдни бузмасликка бунчалик катта эътибор берилмоқда, деган савол ўз-ўзидан юзага келади. Тузукроқ ўйлаб кўрсак, омонат ва аҳд банда билан банданинг орасида бўлганидек, банда билан Аллоҳнинг орасида ҳам мавжуддир. Мусулмон билан мусулмон орасида бўлганидек, мусулмон билан номусулмон орасида ҳам бордир. Ўзининг мусулмон биродарига хиёнат қилган кимса, албатта номусулмон билан бўлган аҳдни ҳам бемалол бузаверади. Бандалар орасидаги аҳдни бузиб ўрганган шахс, Аллоҳ билан банда орасидаги аҳдни ҳам бузади. Алдамчилик ҳам худди шундай.
Демак, хиёнаткор, ваъдабоз ва алдамчи шахснинг зиёни фақат ўзига ёки у билан муомалада бўлиб, унинг хиёнати, ваъдабозлиги ва алдамчилигидан жафо тортганларгагина бўлиб қолмай, балки халқига, миллатига ва, ниҳоят, энг азиз нарса бўлган динига ҳам катта зарар етказади. Хиёнаткорнинг хиёнатидан, ваъдабознинг ваъдасига бевафолигидан ва алдамчининг алдовидан зарар кўрган бошқа халқ вакиллари ва миллат намоёндалари фалончи халқ ёки миллат хиёнаткор, ваъдабоз ва алдамчи экан, деб дунё олдида уларни шарманда қилади.Шунингдек, ўзини Ислом одами деб юрган хиёнаткор, ваъдабоз ва алдамчи туфайли Ислом динига нисбатан ноўрин, бузуқ тасаввур пайдо бўлади. Номусулмон халқлар "Мусулмонлар шу маънавий жиноятни қиляптиларми, демак, уларга дини буларни қилишга рухсат берар экан", деган хулосага келишади.
Авваллари инсонлар дунёнинг турли бурчакларида мусулмонларнинг омонатга хиёнат этмасликлари, ваъдага хилоф иш қилмасликлари, аҳдни ҳеч қачон бузмасликларини кўриб, бунга қойил қолиб, ҳаваслари келиб, Ислом динини ўзлари ҳам очиқ кўнгиллик билан қабул қилганлар. Ўз ҳам Иймондан, ҳам Исломдан, Қуръондан ва Суннатдан ҳам бехабар ўсган, исломий ахлоқлар кўчасидан ўтмаган кимсаларнинг қилаётган хиёнаткорлиги, ваъдабозлиги ва алдамчилигини кўриб, Исломга янги кирган одамлар ҳам диндан чиқиб кетишлари мумкин. Демак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: "Омонати йўқ одамнинг иймони йўқ, аҳди йўқ одамнинг дини йўқ", дея хиёнатчи, ваъдабоз ва алдамчиларни иймон ва Ислом доирасидан чиқариб ташлаганликлари айни ҳикмат экан. Бундайларнинг боридан йўғи яхшироқдир. Мазкур маънавий жиноятларни ўзига эп кўрган кимсалар фақат иймондан, диндан айрилиш билан кифояланиб қолмай, балки энг катта маънавий жиноят бўлган мунофиқликкача бориб етадилар.
Имоми Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Аркам саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: "Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса унга хилоф иш қилади, омонат топширилса унга хиёнат қилади".
Икки улуғ имом-Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Тўрт нарса борки, кимда ўша нарсалар бўлса, у мунофиқдир. Агар кимда у иллатлардан бири мавжуд экан, унда ўша иллатни ташлагунча нифоқнинг бир иллати бўлади: Агар омонат топширилса, хиёнат қилади. Гапирса, ёлғон гапиради. Аҳдлашса, алдайди ва баҳслашса, фожирлик қилади", деганлар.
Бу ерда ҳамма нарса очиқ ва равшандир. Ортиқча шарҳнинг ҳожати ҳам йўқ. Лекин мунофиқлик кофирликдан ҳам баттар эканлигини яна бир бор эслатиб қўйиш кифоя. Кофир ўзининг мавқеини яширмайди, очиқ-ойдин айтади. Шунинг учун у билан олдиндан билиб, ҳисоб-китобни тўғрилаган ҳолда муомала қилинади. Мунофиқ эса, сиртдан ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, ўзига мусулмонларга қилинган муомалада бўлишларини истайди ва оқибатда мусулмонларни доғда қолдиради. Эътибор билан қаралса, хиёнатчилар, ваъдабозлар ва алдамчилар ўзларини ишончли қилиб кўрсатиш учун Исломдан, Иймондан, Қуръондан лоф уриб гапирадилар. Биз ҳам мусулмонмиз, бизнинг ҳам Худодан умидимиз бор, каби инсон дилини эритадиган гапларни топиб гапиради. Ҳатто қасам ҳам ичиб юбораверади. Аммо бу ақли қасирлар бошқаларни вақтинчалик алдаётганларини, тезда кирдикорлари фош этилажагини, оқибатда, юзлари шувит бўлажагини англамайдилар. Албатта, қиёмат куни Аллоҳ Таоло бундайларни жаҳаннамнинг энг тўрига-қаърига ташлаш билан жазолайди. Чунки мазкур маънавий жиноятлар фақатгина шундай жазога муносибдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: "Аллоҳнинг йўлида қатл бўлишлик ҳамма гуноҳларни ювади. Аммо бу ҳам омонатга хиёнатни юва олмайди. Агар банда Аллоҳнинг йўлида қатл қилинган бўлса ҳам қиёмат куни унинг олдига келиб: "Омонатингни адо эт", дейилади. Бу одам: "Эй Парвардигоро, қандай қилиб адо этаман. Ахир у дунё тугади-ку?", дейди. Шунда:" Уни дўзахнинг четига олиб боринглар", дейилади. Бу одамни дўзахнинг четига олиб боришади. Ўзи хиёнат қилган омонат унга берилган кунидаги ҳолида кўринади. Бу одам омонатни танийди. Уни олмоқчи бўлиб изидан (дўзахга) тушади. Уни елкасига кўтариб юқорига чиқа бошлайди. Энди чиқдим, деганида елкасидаги омонат сирғалиб тушиб кетади. Бу ҳол абадул абад давом этади. "Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна: "Намоз омонатдир, таҳорат омонатдир, тарози тортиш омонатдир, ўлчаш оманатдир", деб бир қанча нарсаларни санадилар. Уларнинг ичида энг ашаддийси омонатга қўйилган мол-мулклар эди. Ушбу гапларни эшитган Зазон исмли киши айтадилар-ки: "Мен Барро ибн Озибнинг ҳузурига бориб: "Ибн Масъуднинг айтганларига нима дейсан?" дедим. У бўлса: "Жуда тўғри айтибди. Аллоҳ Таолонинг: "Албатта Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига адо қилишни амр этади", деган оятни эшитмаганмисан, деди".
Маълумки, Аллоҳнинг йўлида қатл этилган одам шаҳиди аъло, яъни жаннатдаги энг олий мақомларга эришадиган бандалардандир. Унинг бу дунёда қилган гуноҳлари кечирилади. Аммо омонатга хиёнат қилиш шу даражада ёмон маънавий жиноятдирки, у шаҳиди аълони ҳам хижолатга қўяр экан. Аллоҳ Ўзи сақласин!
Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (.а.в): "Аллоҳ Таоло қиёмат куни аввалгилару охиргиларни жамлаганда ҳар бир (аҳдини бузган) алдамчига байроқ тикилади ва мана бу фалончи ўғли пистончининг алдамчилиги деб айтилади", деб марҳамат қилганлар.
Бу дунёда ҳам баъзи жиноятчиларни одамлар тўпланадиган жойга боғлаб, бўйнига жиноятчилиги ҳақида ёзув осиб қўйилса, бу қаттиқ жазо ҳисобланади. Кўпчилик бундан кўра ўлимни ёки ҳар қандай оғир тан жазосини устун кўради. Қиёмат кунида ҳам маънавий жиноятлар учун жазолар белгилангандир. Яна қандай жазолар денг: Аллоҳ инсонни яратгандан тортиб то қиёмат кунигача бўлган халойиқнинг олдида шарманда бўлишликдан ортиқ ҳам жазо борми?
Хиёнаткорлик, ваъдабозлик ва алдамчилик каби гуноҳлардан якка шахсларга, уруғ-қабилаларга, жамоаларга ва ундан кейин бутун халққа ва муқаддас ҳисобланган динга етадиган зарарлар, бу гуноҳлар учун қиёмат куни бериладиган азоб-уқубатлар ва шармандаликлар ҳақида гапириб ўтдик. Лекин бу маънавий жиноятларнинг ёмон оқибатлари ушбулар билан чегараланиб қолмайди. Балки бу дунёда бошқа бало офатларга ҳам сабаб бўлади. Улар элу юртнинг бошига турли мусибатлар солади.
Имом ал-Ҳоким Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
"Қайси қавм аҳдни бузса, албатта уларнинг ичида уруш-ўлдириш бўлади. Қайси қавм ичида фоҳиша зоҳир бўлса, албатта ўлим султони уларнинг устига келади. Қайси қавм закотни манъ қилса, албатта уларга ёмғир манъ қилинади".
Албатта, ушбу мусибатлар жиноятчиларни танлаб, фақат уларнинг бошига келмайди. Улар ҳамма учун, оммавий равишда келади. Сиртдан адолатсизлик бўлиб кўринса ҳам, бу айни адолатнинг ўзидир. Чунки ўзидан кетиб, йўлдан адашган жамиятлардагина ушбу мазкур маънавий жиноятлар юзага чиқади.
Лекин бўлар иш бўлибди, деб қараб ўтирмаслик керак. Дардни билгандан кейин унинг давосини ахтариш зарур. Мазкур дардларнинг давоси Ислом ва унинг таълимотларидадир. Келинг, ушбу шифобахш даволардан бир-иккитасини шу ерда эслатиб ўтайлик.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Убодату ибн ал-Сомит (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар менга олти нарсанинг кафолатини беринглар. Мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман: Гапирсангиз рост гапиринг, ваъда берсангиз вафо қилинг, топширилган омонатни адо қилинг, фаржларингизни (зинодан) сақланг, кўзларингизни (ҳаромдан) қўринг, қўлларингизни (ҳаромдан) асранг", деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қиладиган бўлсак, бу дунёда кўплаб яхшиликларга эришамиз. У дунёда жаннатга эришишнинг кафолатини эса, Расулуллоҳ (с.а.в.)инг ўзидан олиб турибмиз.
Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига шундай деганлар: "Олти нарсанинг менга кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман". Мен "Улар нималар, эй Расулуллоҳ ", дедим. У зот: "Намоз, закот, омонат, фарж, қорин ва тил", дедилар".
Ушбу ҳадиси шарифдаги олти омил қисқача баён қилинса-да, улар икки дунёнинг саодатига бошлайдиган омиллардир. Ушбу улуғ сифатларни орзу қилган банда мана бу ҳадиси шарифни ўзига амал дастури қилиб олса, унга албатта эришади, иншоаллоҳ!
Омонатга хиёнат қилмаслик, ваъдага хилоф иш қилмаслик ва аҳдни бузмасликда ҳаммамизнинг ҳабибимиз, кўзимизнинг қорачиғи, икки дунёнинг сарвари, оламларга раҳмат қилиб юборилган зот -Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўрнак бўлишлари лозим. Бу сифатларнинг камоли ўша зотда ўз аксини топгандир.
Биргина мисол келтирайлик. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамса розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: "Пайғамбар бўлишларидан олдин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан савдо муомаласида бўлдим. У кишининг менда бироз ҳақлари қолган эди. Мен турган жойларига олиб келиб беришни ваъда қилдим. Лекин, кейин буни унутиб қўйибман. Уч кундан кейин ёдимга тушиб келсам, у киши ўша жойда турган эканлар. "Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг- ку. Бу ерда уч кундан бери сенга интизор бўлиб турибман", дедилар.
Биз ҳам бошқалар билан ваъдалашганда, аҳдлашганда, арзимаган нарса учун аҳдлашиб, уч кун бир жойда ваъдасини унутиб қўйган одамни кутиб турган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ёдга олиб турайлик. У кишидек гапининг, ваъдасининг, аҳдининг устидан чиқадиган шахслар бўлишга уринайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, бундан бир неча юз йиллар олдин чироқ ўрнида оловдан фойдаланиладиган даврда бир бадавлат киши яшар эди. Уни барча хос хизматларини бажарадиган давоми...

2976 05:00 / 01.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Инсон доимо Аллоҳ таолонинг неъматига бурканиб яшайди. Шундай экан у ҳамиша неъматларга шукр қилишга муҳтож. Сонсаноқсиз неъматлар давоми...

21269 05:00 / 01.03.2017
Ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучорбўлишини билиб қўйсин.Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар давоми...

4575 15:00 / 20.03.2021
Учинчи ҳикмат Химматларининг ўзиб кетиши қадарлар деворини ошиб ўтолмайдиrdquo Бу ҳикмат ўзидан аввалги ҳикматнинг қўшимчаси ва тўлдирувчиси бўлиб, ҳамда давоми...

3014 05:00 / 01.03.2017