1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (тўртинчи мақола)

09:14 / 18.09.2023 1422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ «Мажолисун нафоис»да Мирзо Улуғбек ҳақида ёза туриб: «Улуғбек Мирзо донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди», дея таъкидлайди. Биз Улуғбекни доим фақат фалакиёт олими, математик деб билганмиз. Аслида у киши нафақат оддий ҳофизи Қуръон, балки Қуръонни етти қироатда ўқий оладиган олим бўлган экан. Шунингдек, у замонасининг етук фақиҳларидан бўлган. Бироқ, фалакиёт илми билан кўп шуғилланиб, шу соҳада танилгани учун унинг бошқа илмлардаги даражаси кўзга кўринмай қолган.


Олдинда мадрасаларда диний ва тажрибий илмлар бирга ўқитилган. Аждодларимиз илмни диний дунёвийга ажратмаган. Ҳар қандай фойдали илмга уларнинг бағри кенг, қалби очиқ бўлган. Ҳатто мадрасалар ташкил топмай туриб уламоларимиз табиий илмларни шаръий илмларга қўшиб масжидларда ўрганишган. Кўпчилик фуқаҳолар тиб, математика, ҳандаса илмларида мутахассис бўлган. Ибн Сино ўзининг таржимаи ҳолида: «Фалсафа ва табобатни ўрганиш билан бирга фиқҳ дарсига қатнардим ва унда мунозалар олиб борардим», дейди. Шунинг учун бўлса керак, Ибн Сино одатда фақиҳларга хос либос кийиб юрган. Бу ҳақда унинг таржимаи ҳолида алоҳида таъкидланади.


Мирзо Улуғбекнинг мадрасасини кўринг, қибла тарафида масжид жойлашган, устозу талабалар шу ерда беш маҳал намозни канда қилмай ўқишган. Ҳужралар тоқига ояту ҳадислар битилган, толиби илмларга ҳамиша дину ахлоқни эслатиб турган. Эътиборлиси, мадрасадаги таълим дастурида Қуръондан ҳафтияк, фиқҳдан «Ҳидоя» ва яна бошқа шаръий илмлардан мўътабар қўлланмалар жой олган. Улуғбекнинг фалакиёт билан шуғулланиши уни динидан узоқлаштирмаган, аксинча, яқинлаштирган.


Мирзо Улуғбекнинг тасаввуфга эҳтироми ва амали ҳам юксак бўлган. У мадрасани битиргач, унинг қаршисига, ҳозирги «Шердор» мадрасаси ўрнида хонақоҳ солдирган. У ерда зокирлар зикр ва руҳий тарбия билан машғул бўлишган.


«Мухтасарул виқоя» муаллифи аллома Садрушшариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий фиқҳий асарлар ёзиш билан бирга, математикага оид иккита рисола битган. Бухоро мадрасаларида нафақат шаръий, балки тиб ва бошқа илмларда ҳам махсус имтиҳон ва шаҳодатномалар бериш йўлга қўйилган ва бу анъана рус босқинигача давом этган.


Хуллас, ҳозирда замонавий илмлар билан чекланган одамларнинг тафаккурида кузатиладиган кўп муаммолар насронийлик оламига хос бўлган зеҳният ‒ илм фан билан дин илмлари ўртасида сунъий девор уриш ёки чоҳ қазишни мусулмон оламидан қидир ёки тиқиштиришга бориб тақалади. Мусулмон ёшлари бунга хушёр бўлишлари даркор.


12. Маълумки, илм-фан хулосалари доим ҳам қатъий бўлмайди, кўпинча нисбий бўлади ва илм тараққий этиши билан ҳамиша ўзгариб туради. Инсоннинг ожизлиги ва тажриба шуни тақозо қилади. 


Шариатдаги ижтиҳодий ёки айрим зонний билимлар ўзгариши мумкин, аммо қатъий илмлар ўзгармайди. Илм фандаги айрим тажрибий ва ақлий хулосалар агар ўша қатъий илмларга зид келса, шариат олимлари бунга албатта эътироз билдиришга ҳақли. Акс ҳолда, нисбий ёки даврий бўлган хулосалар сабабли диннинг асосларига путур етиши мумкин. Бу ҳолда шариатнинг самовийлиги йўққа чиқади. Шунинг учун ҳам диннинг ҳимоясида посбон бўлган олимлар шариатга зид қарашларга ҳамиша раддия бериб келадилар. Бу уларнинг вазифалари. Ўз навбатида, тажрибий илм эгалари ҳам ўз соҳалари бўйича бошқаларнинг хатоларини тузатиб келишади. Шу зайлда улар бир-бирларининг хатоларини тўғрилаб боришган. Бу илмий баҳс ҳамиша давом этган ва этаверади ҳам. Буни тўғри қабул қилиш лозим. Бундан шариат олимлари билан бошқа илм эгалари ўртасига чоҳ қазишга уриниш саводсизлик ёки ғаразгўйликдан бўлади.


Олдинда айрим суяк қолдиқларини далил қилиб, одамни маймундан бўлган дейишга уринишар эди. Генетика фани ва бошқа тадқиқотлар бу сафсатани буткул инкор қилгач, бошқа тахминлар илгари сурилмоқда. Яқинда бир жойда фан олимлари билан бўлган мажлисда улар ер юзида инсондан олдин унга ўхшаш махлуқлар бўлиб, улар қирилиб кетган бўлиши ва мазкур суяклар ўшаларга тегишли экани тахмин қилинаётганини айтиб қолишди. Ибн Касир ва бошқа муфассирларимиз Ҳижр сурси оятлари тафсирида ер юзида Одамдан олдин бун ва жин тоифалари яшагани, бунларни жинлар қириб ташлгани ҳақида ривоят борлигини айтадилар. Демак, изланишлар давом этар экан, хулосалар ўзгариб бориши мумкин. Қуръони Каримдаги ҳақиқатлар эса ўзгармайди.


13. Китоблар икки тур бўлади: дарслик ва мутолаа китоби. Мадрасаларда одатда дарсликлар ўқитилади, мутолаа китоблари эса мустақил ёки махсус халқаларда ўрганилади. Аввалда дарслик бўлган жуда кўп китобларнинг вақт ўтиши билан мутолаа китобига айланиши давр тақозоси ҳисобланади. 


Ибн Сино, Беруний ва бошқа кўп катта олимларнинг китоблари кўпинча мутолаа учун ўқилган. Дарслик бўлганлари ҳам кейинроқ улардан кўра қулай дарсликлар ёзилгач мутолаа китобига айланиб кетган. Бироқ, бу улардаги илмлар буткул бекор бўлган, дегани эмас, балки маълумотлар янги қўлланмаларда ўрганила бошлаган, янгича муноқаша қилинган, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтганда, ўша қадимги китоблар мадрасаларда кейинги босқичларда бевосита бўлмаса ҳам, билвосита ўқитилган. 


Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, катта ақл эгаси бўлган олимлар ёшликдан китоб ёзишга киришган ва улғайгач ёзган асарларида аввалги бир қатор фикрларини ўзлари рад этган. Кейинги уламолар шуни эътиборда тутиб, аввалгиларнинг китобларини тузатилган суратда қайта тақдим қилганлар ва талабаларни чалғитмаслик учун уларнинг айрим асарларини ўқишни тавсия қилишмаган. Зотан, олимнинг ўзи инкор қилган фикрларини муноқаша қилиб ўтириш кўпинча вақтни зое қилиш бўлиши мумкин.


14. Бобом Абдулмажид қози домладан қолган бир сандиқ китоб бор эди. Уларнинг ичида қўлёзмалар ҳам кўп. Мен шахсан ўзим ўша қўлёзмалар ичида Ибн Синонинг Ихлос сурасига ёзган тафсирини ўқиганман. Жуда ҳам фалсафий тафсир, тушуниш мушкул. Яқинда бу тафсирнинг араб тадқиқотчилари тарафидан қилинган янги нашрини ҳам кўрдим. Абдулмажид қози домла 1870 йилда туғилиб, 30 ёшида қози бўлиб етишганини ҳисобга олсак, юртимизда сўнги асрларда ҳам, айни пайтда болшевиклардан олдин ҳам бизда Ибн Синонинг китоблари ўрганилганини хулоса қилиш мумкин. Баъзилар иддао қилганидек, бизга олимларимизни фақат комунистлар танитмаган. Балки кимларгадир айнан улар танитгандир, лекин бизнинг мадраса кўрган уламоларимиз улуғ ўтмишдошларини ва уларнинг асарларини ўз манбаларидан, устозларидан ўрганиб келишган. Бу маънода улар бошқага муҳтож бўлишмаган.


Суратда Хоразмийнинг «Ал-Жабр» асаридан намуналар.

(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нубувватнинг 12йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон давоми...

2173 15:02 / 12.05.2020
15. Сўнги асрларда Ислом оламида нафақат ақлий илмлар, шаръий илмларда ҳам турғунлик даврлари бўлиб ўтган. Шунинг учун устозимиз шайх ҳазратлари айтардиларки, давоми...

1329 09:44 / 22.09.2023
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврлари фатҳларга тўла бўлди. У киши Умар розияллоҳу анҳу даврларидаги фатҳларни тугатиш бўйича муҳим ишларни олиб бордилар. давоми...

766 09:36 / 12 сентябрь
Исломнинг умумий руҳидан ва таълимотларидан келиб чиқиб, мусулмонлар ер юзини обод қилишга катта аҳамият берар эдилар. Ўша вақтдаги обод бўлмаган қишлоқ ва давоми...

703 14:25 / 22 июль
Аудиолар

137641 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57707 14:35 / 11.08.2021