1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тафаккур

05:00 / 28.02.2017 15165 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тафаккур нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Тафаккур «фикр» ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади.

Аллоҳнинг китобида тафаккур қилишга ўн еттита оятда тарғиб қилинган. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз. Инсон ақлининг баркамоллигига зикрга фикрни қўшиш билан эришилишини Қуръони карим баён қилган.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир», деган (190–191-оятлар).
Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан.
Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатнинг олий мақомига эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.
Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.
Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва уни «Ўзинг поксан», деб тасбеҳ айтиб ёдга олади.
Ушбу борлиқнинг яратилишини, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш уларда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради ва бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз», деган (24 -оят).
Ушбу ояти каримада бу дунё ҳаёти ва унинг матоҳлари табиатда рўй бериб турадиган ҳодисаларга ўхшатилмоқда. Қуруқ ерга ёмғир ёғиб, сув тушса, одамларга ҳам, чорва ҳайвонларига ҳам озуқа бўладиган ўсимликлар униб чиқади. Бу ўсимликлар ер юзини безайди. Ўсган сари гўзаллиги ортиб боради. Ҳосил вақти яқинлашганида эгаларининг кўзлари қувонади. Энди бир нарсали бўладиган бўлдим, деб келгуси ҳосил устида ҳар хил режалар тузади. Шунда, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, Аллоҳдан амр келиб, ҳалиги ўсимликлар бирдан қуриб қолади. Қуруқ хашакка айланади. Яшиллиги ҳам, гўзаллиги ҳам, меваси ҳам йўқ.
Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, ўсади. Тинмай ҳаракат қилади. Маълум бир натижаларга ҳам эришади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришган нарсани олиб қўйиши мумкин. Яъни, бу дунё матоҳи бир лаҳзага арзимайдиган нарсадир.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, қиёмат куни бу дунёда энг улкан неъматларга эришганларни дўзахга солиб: «Ҳеч яхшилик кўрганмисан? Ҳеч бир неъматга эга бўлганмисан?» деб сўралганида, «Йўқ», деб жавоб берар эканлар. Бундай нарсаларни ҳар бир банда яхши тафаккур қилмоғи лозим.
«Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз».
Аммо тафаккур қилмаганлар, Аллоҳнинг айтганига юрмаганлар икки дунёсини ҳам куйдиради.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратадир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир», деган (3-оят).
Ҳа, У зот кўз ўнгингизда ерни чўзиб қўйган Зотдир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган.
«Унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган».
Ердаги баланд тоғларни ким барпо этган? Ердаги анҳорларни ким оқизиб қўйган? Албатта, Аллоҳ.
«Ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир».
Агар меваларда жуфтлик – эркак ва урғочилик хусусияти бўлмаганида, мевага айланмас эди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло.
«У кечани кундузга ўратади».
Кеча ва кундуз ҳам бир жуфтлик бўлиб, бир-бирини ўрайди. Навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани ўраб туради. Бу жараён асрлардан буён давом этиб келмоқда. Хўш, буни ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ таоло. Ушбу ҳодисаларни ҳар бир одам ўйлаб кўрмоғи лозим: «Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир».
Тафаккур қилмаганлар эса, онгсиз ҳайвонларга ўхшаб юраверадилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам тафаккур алоҳида эътибор ила тилган олинган.

Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар:
«Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар Оишанинг олдиларига кирдик. Ибн Умар: «Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг», деди.
У киши йиғладилар, сўнгра дедилар: «Ҳамма ишлари ажойиб эди. Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга ўринга кириб ётдилар. Бир муддат ўтгандан сўнг: «Эй Ойиша, менга изн бер, Парвардигоримга ибодат қилай», дедилар. Туриб, сув идишга бориб, оз сув ишлатиб таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб қироат қилдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларини ёноқларидан оқаётганини кўрдим. Сўнгра ўтириб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг кўксиларига оқиб тушаётганини кўрдим. Кейин ўнг ёнбошларига ёнбошлаб, қўлларини юзларига тирадилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ерга оқиб тушаётганини кўрдим. Билол туриб, у кишини намозга чақирди: «Намозга, эй Аллоҳнинг Расули», деди. (Билол келиб, намозга азон айтди). У кишининг йиғлаётганларини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса ҳам,йиғлаяпсизми?» деди.
«Эй Билол! Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида...» ояти нозил бўлди», дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандоқ туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғудек аниқ ўнгидан келар эди.
Сўнгра у зотга холий қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холий қолиб аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни, ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олар эдилар.
Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундоқ бўлди. Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.
«Мен ўқувчи эмасман», дедим. У мени тутиб ўзига тортди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!» деди.
«Мен ўқувчи эмасман», дедим.
У мени иккинчи марта тутиб ўзига тортди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва:
«Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!» деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша (оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтди ва Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирди ва: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» деди.
Бас, у зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди деб қўрқдим», деди.
Шунда Хадийжа: «Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз, заифга ёрдам берурсиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз, меҳмонга зиёфат берасиз, фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.
Сўнгра у зотни олиб Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо (Хадийжанинг амакисининг ўғли)нинг олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди.
Хадийжа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.
Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарурларми?!» дедилар.
«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса , душманликка учрайди. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди.
Кўп ўтмай Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди». Бухорий ривоят қилган.

Мусулмон уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида ажойиб фикрларни билдирганлар.
Имом Ғаззолий «Иҳъё»да ёзади: «Луқмон ёлғиз ўзи узоқ ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: «Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?» дер эди.
«Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир», дерди Луқмон».
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тафаккур ила ўқилган икки ракъат қисқа намоз фикрсиз тун бўйи бедор бўлгандан яхшидир».
«Умар ибн Абдулазиз айтади: «Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида фикр юритиш энг афзал ибодатдир» (4-жуз, 224–225-бет).
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир» (242-бет).
Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур» тафсирларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қурайшликлар яҳудийларга бориб: «Сизларга Мусо келтирган мўъжиза нима?» дедилар.
«Асо ва назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринадиган қўли», дейишди.
Насороларга бориб: «Ичингизда у қандай бўлган эди?» деб сўрадилар.
«Туғма кўр ва песни тузатар ҳамда ўликни тирилтирар эди», дейишди.
Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Роббингга дуо қил. Бизга Сафони тилло қилиб берсин», дейишди.
Бас, У зот дуо қилдилар ва «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор» ояти нозил бўлди.
Бас, улар ана шунинг ҳақида тафаккур қилсинлар» (2-жуз. 407-бет).
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Барча нарсалар ҳақида тафаккур қилинг. Фақат Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманг» (409-бет).
Вакийъ ибн Жарроҳнинг «Зуҳд» китобида шундай дейилади: «Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади:
«Умму Дардодан Абу Дардонинг афзал ибодати нима эди?» деб сўрадим.
«Тафаккур ва эътибор эди», деб жавоб берди» (474-бет).
Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур» тафсирларида қуйидагиларни ёзади: «Омир ибн Абду Қайсддан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча саҳобаларидан: «Иймоннинг зиёси ёки иймоннинг нури тафаккурдир» дейишганини эшитдим» (2-жуз. 409-бет).

ТАФАККУРНИНГ ФОЙДАЛАРИ

1. Тафаккур Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига олиб борувчи йўлдир.
2. Тафаккур бағрикенглик ва қалб сокинлигидир.
3. Тафаккур Аллоҳ азза ва жалладан хавфда бўлиш ва қўрқиш малакасини ҳосил қилади.
4. Тафаккур ҳикмат малакасини ҳосил қилади ва қалбни тирилтиради.
5. Кўп эътибор бериш ва ваъзланиш ўтганларнинг сийратидандир.
6. Тафаккур катта ақлий қувват бўлиб, якка шахсларнинг огоҳлигига ва умматларнинг уйғонишига олиб боради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3656 20:05 / 31.12.2019
Куфр тўрт хил бўлади 1. Инкор куфри. Бу хилдаги куфр эгаси ҳам қалби, ҳам тили билан куфр келтирган бўлади ва тавҳиддан ҳеч нарсани билмайди. Бундай кишилар ҳақида давоми...

5033 17:00 / 12.06.2021
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

1788 19:00 / 03.06.2023
Баъзи орифлар сабрнинг мақоми учтадир, дейдилар Биринчи мақом шаҳватни тарк қилишдан иборат бўлиб, уни .тавба қилувчилар даражаси, дейилади. Иккинчи мақом тақдир давоми...

883 19:00 / 26 май
Аудиолар

133128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53475 14:35 / 11.08.2021