1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳ таолодан хавфда бўлиш

05:00 / 01.03.2017 3500 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ердан Аллоҳ таоло нинг азоби ва иқобидан хавфда бўлиши-қўрқиб туриш ҳақида сўз кетмоқда. Бу иш ҳар банда учун вожибдир. Албатта, хавфдан кўра умидворлик устун туриши лозим. Аммо хавфни унитиш мутлақо мумкин эмас. Бундоқ хавф кишини тутиб туради ва уни яхшиликларга чорлаб ёмонликлардан қайтаради.

Аллоҳ таоло: «Бас, агар мўмин бўлсангиз, Мендан қўрқинглар», деган.
Аслида бу жумла Оли Имрон сурасидаги бир оятнинг бўлагидир. Унда Аллоҳ таоло томонидан мўминларга У зотдан хавф қилиш-қўрқишга амр борлиги учун муаллиф уни бу ерда келтирмоқда. Маънони тўлиқ англар етиш учун оятни тўлиқ ҳолида ўрганишимиз афзал бўлса керак.
«Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитур. Улардан қўрқманглар. Бас, агар мўмин бўлсангиз, Мендан қўрқинглар.
Яъни, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Худди улардан фойда ёки зарар етадигандек улардан қўрқишингизни хоҳлайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдилар. Мендан қўрқинглар, дейди Аллоҳ таоло Чунки ҳақиқий фойда ва зарар етказувчи фақт Ўзидир.
Аллоҳ таоло «Роҳман» сурасида: «Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор», деган.
Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан.
«Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат, гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари-боғлари орасида сайр қилиб юрадилар. Яъни, роҳат устига роҳат, фароғат устига фароғат.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қилади. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир», деган.
Аллоҳга тақво қилганлар ва Унинг азобидан огоҳ бўлганлар доимо ютуққа эришадилар. Хусусан, Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб борганда, нажот топишлари аниқ.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини узоқ масофада бўлишини истайдиган кунда. Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир», деган.
Кофирлар ноқулай ҳолатдан қутилишга ҳарқанча ҳаракат қилсалар ҳам, қиёмат кунидан қутила олмайдилар.
«Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини узоқ масофада бўлишини истайдиган кунда».
У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади. Лекин энди вақт ўтди. Бундай орзудан фойда йўқ.
«Аллоҳ сизларни Ўз азобидан огоҳ қилади. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир».
Меҳрибонлигидан, уларни қайта-қайта огоҳлантирмоқда. У дунёда азобга дучор бўладиганларга қўшилиб қолмасликка чақирмоқда. Мўмин банда ушбу чақириққа лаббай деб жавоб бериши, доимо Аллоҳ таолонинг азоби ва иқобидан хавфда туриши вожибдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Агар мен билганни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз!» дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг айтилиши тафсилотини имом Бухорий ва имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қиладилар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломга саҳобаларидан бир нарса етди. У зот хутба қилиб:
«Менга жаннат ва дўзах арз қилинди. Бугунги кундақа яхшилик ва ёмонликни кўрмадим. Агар мен билганни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз!» дедилар.
Саҳобаларга ўша кундан шиддатлироқ кун келмаган. Ҳаттоки улар йиғлаб бошларини буркаб олдилар.
Шунда Умар туриб:
«Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммадни Набий деб рози бўлдик!» деди.
Бас, ҳалиги одам туриб:
«Отам ким?» деди.
«Отанг фалончи!» дедилар.
Шунда Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўладир» нозил бўлди».
Агар одамлар ўлим, қабрдаги нарсалар ва охиратдаги ҳолатлар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлсалар, албатта, Аллоҳ таолонинг азоби ва иқобидан қўрқиб кўп йиғлаган ва оз кулган бўлур эдилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Дўзах шаҳвоний нарсалар ила ўралгандир. Жаннат ёқимсиз нарсалар ила ўралгандир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Дўзахнинг атрофига ҳавойи нафс ўзини унга урадиган майишатпарастлик, зино, қимор, ўғрилик, порахўрлик каби нарсалардан парда қилиб қўйилган. Ким ўша ишларни қилса, мазкур пардани кўтарган бўлади. Ким ўша пардани кўтарса, унинг ортида турган жаҳаннамга қулайди.
Жаннатнинг атрофига ҳавойи нафсга ёқмайдиган ибодат, тақво, сабр, аччиқни ютиш, бошқаларнинг ёмонликларини кечириш каби нарсалардан парда қилиб қўйилган. Ким ўша ишларни қилса, мазкур пардани кўтарган бўлади. Ким ўша пардани кўтарса, унинг ортида турган жанната киради.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Жаннат сизнинг ҳар бирингизга оёқ кийими ипидан ҳам яқиндир. Дўзах ҳам ўшандоқ», дедилар». Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Шунинг учун ҳар қанча кичик бўлса ҳам яхшиликни қилмоқ керак. Шояд ўша сизнинг назарингизда арзимаган бўлиб кўринган яхшилик жаннатга киришингизга сабаб бўлиб қолса.
Бинобарин, ҳар қанча кичик бўлса ҳам ёмонликдан қочмоқ керак. Шояд ўша сизнинг назарингизда арзимаган бўлиб кўринган ёмонлик дўзахга киришингизга сабаб бўлиб қолса.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Охири замонда бир кишилар чиқадир. Улар дин ила дунёни талаб қиладилар. Улар одамлар учун юмшоқ қўй териларини киядилар. Тиллари шакардан ҳам ширин. Қалблари эса, худди бўриларнинг қалбларидек. Аллоҳ азза ва жалла «Мен ила ғурурга кетдиларми ёки Менга журъат қилдиларми?! Бас, Ўзим ила қасам ичиб айтаманки, албатта, ўшаларнинг бошларига уларнинг ўзларидан фитна юбораман. У ҳалимни ҳам ҳайрон қолдиради», дейди», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамабар алайҳиссалом охири замон бўлганда пайдо бўладиган бир ҳолат ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу ҳолатни ўрганиш жуда ҳам муҳим. Чунки унинг оқибати жуда ҳам қўрқинчлидир. Келинг, ўша ҳолат ила ҳадиси шариф матни юзидан яхшилаб танишиб чиқайлик.
«Охири замонда бир кишилар чиқадир. Улар дин ила дунёни талаб қиладилар».
Охири замон бўлганда чиқадиган бу қавм мантиққа ва барча хайрли таълимотларга қарши ўлароқ иш кўрар эканлар. Улар дунёни ишга солиб динни топиш ўрнига тамоман тескари иш қилар эканлар. Улар динни ишга солиб дунё топишга уринар эканлар. Одамларнинг диний ишлари юзасидан молу дунё топишга ўтар эканлар. Умуман олганда улар ўзларининг дунёвий мақсадларига етишлари учун диний мақсадларни ишга солар эканлар. Мазкур нобакорлар ўз мақсадларига эришиш йўлида ўзларини қўйдай ювош кўрсатишга ҳаракат қиладилар
«Улар одамлар учун юмшоқ қўй териларини киядилар».
Кишиларга юмшоқ супурги бўлиб кўринадилар. Ўзларини диндор кўрсатиб, дин учун фидокор бўлиб кўринадилар. Улар ўзларининг кишиларга диндор кўрсатиш учун нима керак бўлса шуни қиладилар.
«Тиллари шакардан ҳам ширин».
Фақат дину диёнатдан, тақвою ибодатдан гапирадилар. Динни ишга солиб дунё ортдириш учун нима ширин гап керак бўлса ўшани гапирадилар.
«Қалблари эса, худди бўриларнинг қалбларидек».
Кўзига кўринганга чанг солиш пайидан. Нима қилиб бўлса ҳам бировларнинг ҳаққини юлиб қолиб ўзига бойлик ортдириш пайидан. Албатта, дин ила дунёни талаб қилиш улкан гуноҳдир. Бу гуноҳ Аллоҳ таолонинг чексиз ғазабига олиб борадиган гуноҳдир. Ўша гуноҳ содир бўлганда Аллоҳ таолонинг ғазаби қўзийди ва:
«Аллоҳ азза ва жалла «Мен ила ғурурга кетдиларми ёки Менга журъат қилдиларми?! Бас, Ўзим ила қасам ичиб айтаманки, албатта, ўшаларнинг бошларига уларнинг ўзларидан фитна юбораман. У ҳалимни ҳам ҳайрон қолдиради», дейди».
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло ила ғурурга кетишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таолога нисбатан журъат қилишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло қасам ила таъкидлайдиган азобга сазовор ишдир.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга ўтганлар ҳалимни ҳам ҳайрон қолдирадиган фитнага дучор бўладилар.
Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга мутлақо яқинлашиш керак эмас.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ўлганлардан ҳар бир киши, албатта, надомат қиладир», дедилар. Э-и,» дейишди.
«Агар яхши бўлса, кўпроқ қилмаганидир. Агар ёмон бўлса, тезроқ суғрилиб чиқмаганидир», дедилар».
Шарҳ: Яхши бўлсин, ёмон бўлсин ўлган банда барибир ўлганидан кейин афсус-надомат қилар экан. Чунки у ўз ўлимидан кейин бу дунёда қилинган ҳар бир нарса учун агар ўша нарса заррача бўлса ҳам мукофот ёки жазо олишига ишончи комил бўлади. Бу ҳақиқатни ўз бошидан ўтказади. Ана ўшанда яхши бандалар ўзларига бу дунёда қилган яхшиликлари учун бериладиган мукофотларни кўрганларидан кейин, аттанг, яна ҳам кўпроқ яхшилик қилсам бўлар экан, дейдилар. Ёмон бандалар эса, ўзларига бу дунёда қилган ёмонликлари учун бериладиган жазоларни кўрганларидан кейин, аттанг, тезроқ гуноҳлардан ажраб чиқсам бўлар экан, дейди.
Бас, шундоқ экан, ҳеч қандай яхшиликни оз санамай иложи борича кўпроқ амали солиҳ қилиш пайидан бўлиш керак. Турли сабабларга кўра ёмон йўлга юриб қолганлар эса зудлик билан бу йўлдан тўғри йўлга ўтишлари лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ким хавфсираса, кечаси юради. Ким кечаси юрса, манзилга етади. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг савдо моли қимматдир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг савдо моли жаннатдир», дедилар».
Шарҳ: Душмандан қўрққан одам қийин бўлса ҳам, кечаси сафар қилади. Кечаси сафар қилса ҳам, кўп қийинчиликларга дучор бўлса ҳам бари-бир у ўз манзилига етади ва мақсади ҳосил бўлади. Худди шунингдек, Аллоҳнинг азоби ва иқобидан қўррқан одам ҳам қийин бўлса ҳам яхши ишларни қилишга шошилади. Ҳамда охир оқибат жаннатга дохил бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «То сут елинга қайтмагунча Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга кирмас. Аллоҳнинг йўлидаги чанг ила жаҳаннам тутуни жам бўлмас», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таолонинг азоби ва иқобидан қўрқиб чин қалбдан йиғлаган одам худди соғилган сутни елинга қайтариб бўлмаганидек жаҳаннамга тушиши мумкин эмас экан. Шунинг учун мўмин банда бу маънода ўзини доимо шай тутиши лозим. Унинг Аллоҳ таолонинг азоби ва иқобидан қўрқиши хоҳлаган пайтда йиғлайдиган ҳолда тутиши лозим. Анашундагина банда зоҳидлар мақомига эришади.

Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр устида турса соқолини хўл қилгунча йиғлар эди. Бир куни унга: «Жаннат ва дўзахни зикр қилганда йиғламайсану, аммо бундан йиғлайсанми?» дейилди.
Шунда у: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом «Қабр охират манзилларининг биринчисидир. Агар ундан нажот топса, кейингилари ундан кўра енгилдир. Агар ундан нажот топмаса, кейингилари ундан кўра қийиндир. Қабрдан кўра қўрқинчлироқ манзарани кўрмаганман» деганлар», деди
».
Шарҳ: Пайғамабар алайҳиссаломга барча манзаралар, жумладан, қабрдаги манзаралар ҳам кўринар эди. Шунинг учун у зот мазкур манзараларни солиштириши имконига эга эдилар.
Мўмин киши қабр азобидан қўрқиш малакасини ҳосил қилмоғи лозим. Анашунда у зоҳидлик мақомига эришишда муҳим қадам босган бўлади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Албатта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўрурман ва эшитмаган нарсаларни эшитурман. Осмон кучанди ва унга кучаниш ҳақ ҳам эди. Унга фаришталар тўрт панжа сиғадиган жой ҳам қолдирмай тўлдилар. Ҳаммалари Аллоҳга сажда қилиб пешоналарини қўйдилар. Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз! Тўшаклар устида аёллардан лаззат олмас эдингиз. Ва, албатта, манзиллардан чиқиб Аллоҳдан паноҳгоҳ излар эдингиз! Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам!» дедилар».
Ушбу олтитани Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамабар алайҳиссалом ўзларининг бир неча ҳадиси шарифларида кўпчилик кўрмаган нарсаларни кўриб, эшитмаган нарсаларни эшитишларини қайта-қайта тарорлайдилар. Мазкур ҳадиси шарифларнинг барчасида тақво ва зоҳидлик ҳақида сўз кетади. Бундан тақводорлик ва зоҳидлик учун ўта ҳассос бўлиш, кўпчилик ҳис қилмайдиган нарсаларни ҳам ҳис қилиш малакасига эга бўлиш даражаси ила эришилишини англаб оламиз. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаломдаги бу хислатлар у зотга Аллоҳ таоло томомнидан алоҳида инъом этилган. У зотнинг умматларидан баъзи кишилар ўз ибодатлари ва саъйи кўшишилари ила маълум даражадаги мақомларга эришилари мумкин бўлади.
Мана, Пайғамабар алайҳиссалом ўзларининг ушбу, биз ўрганаётган ҳадиси шарифларида яна:
«Албатта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўрурман ва эшитмаган нарсаларни эшитурман», демоқдалар.
Ва шу билан бирга ўша нарсани нима эканини ҳам баён қилмоқдалар.
«Осмон кучанди ва унга кучаниш ҳақ ҳам эди».
Осмон худди уловга оғир юк юкланганда уни кўтаришда қийланиб кучаниб овоз чиқаргандек, овоз чиқарди. Осмоннинг кучанишига сабаб;
«Унга фаришталар тўрт панжа сиғадиган жой ҳам қолдирмай тўлдилар. Ҳаммалари Аллоҳга сажда қилиб пешоналарини қўйдилар».
Ана ўша издиҳом ва оғирлик осмонни кучантирди.
«Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз!»
Ана ўша нарсаларни билмаганингиз учун кўп кулиб, оз йиғлаб юрибсиз.
«Тўшаклар устида аёллардан лаззат олмас эдингиз».
Чунки, мазкур нарсаларнинг даҳшати сизни бошқача қилиб қўяр эди. Шунинг учун ҳойи ҳавасни йиғиштириб қўяр,
«Ва, албатта, манзиллардан чиқиб Аллоҳдан паноҳгоҳ излар эдингиз!»
Чунки Аллоҳ таолодан ўзга паноҳ йўқлигини англаб етган бўлар эдингиз.
«Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам!»
Кесилиб кетсаму, кейин бутунлай унут бўлсам.
Бундан Пайғамабар алайҳиссалом кўрган ва билган нарсалар жуда ҳам даҳшатли ва оғир эканлиги келиб чиқади. Ана ўша ҳолни унитмаслигимиз лозим. Зоҳидлик давоси бор ёки ўша мақомга яқинроқ юриш нияти бор мўмин мазкур ҳолни зинҳор ёдидан чиқармаслиги керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
126. Илгари мен ва соғлик молдунёни қидирган эдик. Бугун эса, мен ва молдунё соғликни қидиряпмиз.127. Ҳар сафар бемор кишини кўрсанг, Аллоҳдан унга шифо тилаб дуо қил давоми...

4392 15:10 / 09.04.2017
Шиблий роҳматуллоҳи алайҳ бир куни Ҳижозга бориш учун йўлга чиқади ва йўлиБағдоддан ўтади. Ўша вақтдаги халифа Хорун Рашид Шиблий ҳазратларининг давоми...

3523 05:00 / 07.03.2017
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида давоми...

3336 15:00 / 08.05.2021
. ,. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари азза ва жалладан давоми...

1845 19:00 / 16.01.2023
Аудиолар

131690 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52156 14:35 / 11.08.2021