1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Халқнинг хилоф илмига берилиши сабаби (тўртинчи мақола)

19:40 / 26.05.2019 1652 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Булардан ташқари, яна бир қанча разил хислатлар ҳам борки, улар туфайли мунозара қилаётганлар ўзларини тия олмай, мунозара охирида муштлашиш, ёқалашиш, кийим-бош йиртиш, соқол юлиш, ота-онасини сўкиш, устозларини ҳақорат қилиш, бир-бирларига бўҳтон ағдаришгача боришади. Бу турдаги тортишувларни инсон номига лойиқ кўрмаганимиз боис, уларнинг сабабчиси бўлган хислатларни айтиб ўтирмадик. Аммо оқил ва буюк олим ҳисобланмиш тортишувчилар ҳам мазкур айблардан холи эмаслар. Тўғри, баъзилар рақибининг даражасидан анча паст ёки юқори бўлишига, яшаб турган шаҳри ёки яшаш ҳолатларига кўра, бу хатоликлардан йироқ бўлиши мумкин. Аммо ўшалар ҳам даражаси баробар бўлганлар орасига кирган вақтларида ёмон хислатларини намойиш қилишади. Ўзини мудофаа қилиш, адоват, тамаъ, мол орттириш севгиси, ғолиб бўлиш учун мансабга интилиш, манмансираш, мутакаббирлик, бошқаларни менсимаслик, бойлар ва амалдорларга хушомад қилиш, уларни тез-тез зиёрат этиш, уларнинг ҳаром молларидан олиш, шаръан манъ қилинган кийимлар, уловлар, маркаблар ила зийнатланиш, фахр ва кибр билан одамларни таҳқирлаш, кераксиз амал ва сўзларга шўнғиб кетиш, қалбдан Аллоҳ қўрқуви ва меҳр-шафқат кўтарилиб кетиши, намозда нима ўқиганини, унинг моҳияти ва кимга муножот қилаётганини унутиш даражасида ғафлат эгаллаб олиши, мунозарада ёрдам берадиган, лекин охиратда фойдасиз бўлган чиройли ибора, гўзал қофия ва нодир масалаларни ёдлаш каби саноқсиз илмлар билан умрини ўтказган киши қалбида асло хушуъни ҳис қилмайди. Тортишувчиларнинг юқоридаги разолатлардан насибадорлик даражалари турлича бўлади. Дини юксак, ақлли мунозарачилар ҳам ўша ахлоқлардан бутунлай халос бўлолмайдилар. Фақат имкон қадар яширишга ва унга қарши курашишга ҳаракат қиладилар.

Билгилки, ушбу разолатлар тазкира ваъз-насиҳат айтиш билан шуғулланувчиларга тегишлидир. Агар халқ орасида ном қозониш, мансабга эришиш ёки бойлик-иззат орттиришни мақсад қилган бўлса, воизларга ҳам тегишли. Мазҳаб ва фатволар илми билан шуғулланаётганларда агар қозилик мансабига эришиш, вақфлар доирасида валий бўлиш ёки ёнидагилардан ўзиб кетиш ғоялари уйғонса, уларда ҳам бўлиши мумкин. Умуман олганда, илм билан охиратда Аллоҳ савобидан бошқа нарсаларни талаб қилаётганларнинг ҳар бирига тегишлидир.

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланувчи Аллоҳ илмидан фойдалантирмаган олимдир», деганлар». (Жуда заиф.) Унинг илми нафақат бефойда, балки унга зарар ҳам келтиради. Кошки, у нажот келтирмайдиган илмдан қутилиб қолса эди. Афсуски, ундан нажот топа олмайди.

Илмнинг хатари жуда хавфлидир. Илм толиби абадий мулк, доимий неъмат толиби ҳисобланади. Илм толиби учун абадий мулк ёки абадий ҳалокат пешвоз туради. Олимнинг ҳолати дунёдаги мулк толибига ўхшайди. Агар у мол-дунё орттириш орқасида ижобий-тўғри натижага эришмаса, ўзини хорликдан сақлаб қололмайди. Балки хорликдан ҳам баттарроқ, шармандалироқ ҳолга тушиб қолади.

Агар: «Мунозарага рухсат беришда фойда бор, у туфайли одамлар илмга тарғиб қилинади. Агар мансаб севгиси бўлмаганида, илм инқирозга учрар эди», десанг, сўзинг бир жиҳатдан ҳақ, болалар ҳам копток ёки чумчуқ ўйини орқали мактабга тарғиб қилинади. Бу тарғиб маҳмуддир. Аммо, бу мансаб севгиси бўлмаганида, илм зое бўларди, дегани эмас, мансаб ошиқлари нажот топишади, деган маъно ҳам чиқмайди. Балки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло бу динни ундан бенасиблар билан ҳам қувватлайверади», (Насоий, Анас розияллоҳу анҳулар саҳиҳ иснод ила ривоят қилган.)

«Аллоҳ таоло бу динни фожир киши билан ҳам қувватлайди», деган ҳадисларидаги «бенасиб» ёки «фожирлар»дан бўлади. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Мансаб талаб қилгувчининг ўзи ҳалок бўлади. Гоҳида у тарки дунёга чақиргани туфайли бошқалар салоҳият топиши мумкин ва бу эса, зоҳирини салаф уламоларига ўхшатиб, ботинида мақсади обрў бўлган кишига тегишлидир. Бундайларнинг мисоли шамга ўхшаб кетади. Шам бошқаларга ёғду таратгани ҳолда, ўзи ёниб тугаб бораверади. Сохта олим ҳам шундай. Ўзгаларни ислоҳ қилса-да, ўзи ҳалокат йўлида давом этаверади. Мол-дунё топишга тарғиб қилувчилар эса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ёндириб тугатадиган оловга ўхшайди.

Олимлар уч хил бўлади:

1. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ҳалок этувчи олимлар. Улар очиқдан-очиқ дунё талаб қилганлар ва унга юз тутганлар.

2. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам саодатга элтгувчи олимлар. Улар халқни зоҳиру ботинда Аллоҳга даъват қилади.

3. Ўзларини ҳалок қилиб, бошқаларни саодатга йўлловчи олимлар. Улар зоҳиран одамларни охиратга чорлайди, ташқаридан дунёни тарк қилганга ўхшаб кўринади, лекин ботини, асл мақсади халқни ўзи томонга оғдириш ёки бирор обрўга эга бўлишдир.

Бас, ҳолат шундай экан, сен ўзингнинг қайси тоифадан эканингга эътибор бер! Кимлардан ибрат олаётганингга холис қара. Аллоҳ ўзи учун қилинганидан бошқа бирор илм ёки амални қабул этмаслигини хотирингдан чиқарма.

(тамом)

«Иҳёу улумуд-дин» асаридан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Британиялик тадқиқотчилар томонидан тиббиётга оид янги тадқиқот ўтказилди. Унга кўра, кунига ярим литр сут ичиш кишини қандли диабет, юрак касалликлари ва ичак давоми...

2228 15:09 / 28.08.2020
Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо айтади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага жўнаб кетаётганларида отам Абу Бакр Сиддиқ бор пулини ўзи билан давоми...

4121 08:00 / 23.12.2018
Аллоҳ таоло сени сабаблари ичида турғизганда тажридни ирода қилишинг махфий шаҳватдандир. Аллоҳ таоло сени тажридда турғизиб қўйганда сабабларни ирода қилишинг давоми...

2880 21:00 / 21.06.2019
Савол Саҳарлик ва ифторлик вақтга қараб белгиланадими ёки қуёш ҳаракатига қарабмиЖавоб Саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқ кирганкирмагани ва давоми...

2167 20:31 / 07.05.2020