Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 жумадис сони | 2025 йил 08 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (154-дарс). Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир

18:14 / 02.10.2021 4573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган:

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгариш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.

Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан ва бидъатга қарши турувчилардан биридир.

Ҳақли равишда «Нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз: «Имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган», деб жавоб берганлар.

Имом Шотибийнинг биринчи таърифида «Бидъат фақат ибодатларда бўлади», деганларнинг фикри, иккинчи таърифида эса «Бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади», деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

Ҳар икки таърифдаги бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.

Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун у диннинг асосига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилар экан.

Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз», деганда, динимизни назарда тутганлар.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «فَإِنَّ خَيْرَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَخَيْرَ الْهَدْيِ هَدْيُ مُحَمَّدٍ، وَشَرَّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ، وَكُلُّ ضَلَالَةٍ فِي النَّارِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

2. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳадисда «Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дейилмоқда. Агар диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар ҳам бидъат бўлганида, ҳолимиз не кечар эди? Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди.

Пайғамбаримизнинг ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқулладилар.

Биз бу мақомда «бидъати саййиъа» – «ёмон бидъат» ҳақида сўз юритамиз. Айнан шу турдаги бидъат банда нафсининг кирланишига ва ахлоқининг бузилишига сабаб бўлади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи бир ояти карималарда .тақво, сўзи .ихлос, маъносини англатади. Тавба сурасидаги қуйидаги ояти карималарда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади давоми...

2719 19:00 / 25.11.2023
Ушбу мақолада ужбнинг сабаблари, кўринишлари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида сўз юритилади. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар Билгинки, ужб кибрга олиб боради. давоми...

5559 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло тилни қалбнинг таржимони, яхшилик ва ёмонликнинг калити қилиб яратган. Шундай экан, қалбинг яхши бўлишини истасанг, тилингни тий. Тилни тийиш жоҳил давоми...

5514 14:05 / 14.09.2019
Гоҳида мурид жидди жаҳд қилиб, маъсиятларни тарк қилиб, хулқини сайқалланганини ва энди мужоҳадага ҳожат қолмаганини гумон қилиши мумкин. Аслидан эса, ундоқ эмас. давоми...

4763 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

211517 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130779 14:35 / 11.08.2021