Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
ﭡ ﭢ ﭣﭤ
«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят).
ﭣ ﭢ ﭡﭟ ﭠ ﭞ
«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4-оят).
وَالرُّؤْيَةُ حَقٌّ لِأَهْلِ الْجَنَّةِ، بِغَيْرِ إِحَاطَةٍ وَلَا كَيْفِيَّةٍ، كَمَا نَطَقَ بِهِ كِتَابُ رَبِّنَا: ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ وَتَفْسِيرُهُ عَلَى مَا أَرَادَهُ اللهُ تَعَالَى وَعَلِمَهُ، وُكُلُّ مَا جَاءَ فِي ذَلِكَ مِنَ الْحَدِيثِ الصَّحِيحِ عَنِ رَسُولِ اللهِ فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَعْنَاهُ عَلَى مَا أَرَادَ، لَا نَدْخُلُ فِي ذَلِكَ مُتَأَوِّلِينَ بِآرَائِنَا وَلَا مُتَوَهِّمِينَ بِأَهْوَائِنَا، فَإِنَّهُ مَا سَلِمَ فِي دِينِهِ إِلَّا مَنْ سَلَّمَ للهِ عَزَّ وَجَلَّ وَلِرَسُولِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَرَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إِلَى عَالِمهِ.
Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) иҳотасиз ва кайфиятсиз кўриш ҳақдир. Худди Роббимизнинг Китоби нутқ қилганидек: «У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар). Бунинг тафсири Аллоҳ таоло ирода қилганидек ва билганидекдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча нарса у киши айтганларидекдир. Унинг маъноси у киши ирода қилганларидекдир. Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз гумонлар қилмаймиз. Чунки инсон Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсанинг илмини олимларга ҳавола қилмагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди.
Шарҳ: Ушбу бандда жаҳмия, мўътазила ва уларга эргашган хаворижларга ва шийъаларнинг айрим тоифаларига раддия бордир. Чунки улар Аллоҳ таолони жаннатда кўриш масаласида мусулмонлар жумҳурига хилоф қилганлар. Уларнинг бу ақийдалари Қуръон ва Суннат орқали мардуддир.
Аллоҳни жаннатда кўриш собитлигини саҳобалар, тобеъинлар, динда имомлиги билан танилган Ислом имомлари, аҳли ҳадислар ва Аҳли сунна вал жамоага мансуб бўлган барча аҳли калом тоифалари тасдиқлаганлар. Бу масала ақийда бобидаги энг шарафли ва энг улуғ масалалардандир. Чунки унинг мавзуси – энг улуғ, энг шарафли ва энг лаззатли неъмат – Аллоҳ таолони жаннатда кўришдир.
Муаллифнинг «Аҳли жаннат учун (Аллоҳни)... кўриш ҳақдир», деб аҳли жаннатни хослаб айтишидан улардан бошқалар кўрмаслиги келиб чиқади.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг
ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ
«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир» (Мутоффифин сураси, 15-оят) деган сўзидан Аллоҳ таоло кофирлардан Ўзини тўсиб, уларга кўринмаслиги ҳамда мўминлар билан Аллоҳ ўртасида парда бўлмаслиги келиб чиқади.
Муаллифнинг «иҳотасиз ва кайфиятсиз» дейиши Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва гўзаллиги камолидан Уни кўзлар кўрса ҳам, иҳота қила олмаслигини билдиради. Худди бир нарсани билиш мумкин-у, аммо уни илм билан иҳота қилиб бўлмаганидек, киши ақл кўзи билан Аллоҳни иҳота қилиб билмаганидек, очиқ кўзи билан ҳам кўриб, иҳота қила олмайди. Аллоҳ таоло:
ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ
«Уни илм ила иҳота қила олмаслар», деган (Тоҳа сураси, 110-оят).
Муаллифнинг «Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз таъвиллар қилмаймиз» дегани «Мўътазилийларга ўхшаб кўриш ҳақида Қуръон ва Суннатда келган далилларни ўз фикримизча таъвил қилмаймиз ва турли асоссиз гумонларни айтмаймиз», деганидир. Чунки бу Аллоҳнинг каломини, Унинг Расулининг каломини ўз ўрнидан ўзгартиришдир. Чунки энг тўғри таъвил суннатда келган нарсага мувофиқ таъвилдир. Бузуқ таъвил эса суннатга хилоф таъвилдир.
Таъвил – гапирувчининг ирода қилган нарсаси ҳақида «У фалон нарсани назарда тутмоқда», деб хабар беришдир. У кўчирма гап эмасдир. Бузуқ таъвил қилувчи эса Аллоҳга ва Унинг Расулига нисбатан ёлғон тўқувчидир. Аллоҳ таоло:
ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ
«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган... кимсадан кўра золимроқ ким бор?» деган (Анъом сураси, 21-оят).
وَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ». (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ عَنِ الْمُغِيرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَمُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деганлар.
(Имом Бухорий Муғийра розияллоҳу анҳудан, имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.)
«Таъвил қилувчи кофир бўлмайди», деган гапда эса биз юқорида зикр қилган тўғри таъвил ва диний зарурат бўлмаган нарсалар борасидаги таъвил кўзда тутилган бўлади.
Каломни гапнинг бориши далолат қилмайдиган равишда, маъноси ишора қилмайдиган равишда, суннатда келган нарсага хилоф равишда таъвил қилиш эса раъйга суяниб таъвил қилиш ва ҳавойи нафсига мос гумон қилиш бўлади.
Ҳақиқатни айтганда, ашаддий низочи далилнинг лафзи ва матнини инкор қилишдан ожиз бўлганида, маъносини инкор қилишга ўтади ва «Менимча, бунинг маъноси ундоқ бўлса керак», дейди.
Муаллифнинг «Чунки инсон Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди» деган сўзи «Ҳеч ким Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расулининг суннатига таслим бўлиб, бўйсунмагунича, уларга шак-шубҳалар, фосид таъвиллар ва ўз ақли билан эътироз қилишдан сақланмагунича динида саломат бўла олмайди», деганидир. Баъзиларнинг «Албатта, ақл нақлнинг аслидир, агар нақл ақлга тўғри келмаса, ақлнинг айтганини қиламиз», дейишлари шунга ўхшайди. Чунки нақл собит ва саҳиҳ бўлса, ақлнинг далолат қилгани жаҳлдир. Агар собит бўлмаса, (ақлга) қарши бўла олмайди.
Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.