Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (160-дарс). Аллоҳ яхшиликка, тоатларга йўллаб қўйиши ризқдир

19:00 / 06.12.2021 2819 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари «Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир», деб таъриф берганлар.

Аллоҳ таоло оқил ва оқил эмас, катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар манфаатланадиган таом, ичимлик, кийим ёки маскан уларнинг ризқидир.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида:

وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ

«Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир», деган (6-оят).

Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиғлиқ ҳамдир.

Ризқ икки қисм бўлади: ҳалол ризқ ва ҳаром ризқ.

Бунга далил  Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُلُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُواْ لِلّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ 

«Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз»  (172-оят).

Аллоҳнинг Ўзи мўмин бандаларига ризқ қилиб берган нарсаларидан покини еб, лаззатланган бандалар ризқ берган Зотга – Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлигини англатмоқда.

Мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Пок озуқа ила озуқаланган инсон соғ-саломат бўлади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида:

وَكَأَيِّن مِن دَابَّةٍ لَا تَحْمِلُ رِزْقَهَا اللَّهُ يَرْزُقُهَا وَإِيَّاكُمْ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

«Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир», деган (60-оят).

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида, уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановул қилади, холос. Аммо ризқ тополмасдан, бирортаси очиқиб, ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади.

Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган кўпгина одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.

Аслида эса:

«Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир».

Яъни ўз ризқини ўзи кўтара олмайдиган ўша жонзотларга ҳам, инсонларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида:

فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ فَارِقُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَأَشْهِدُوا ذَوَيْ عَدْلٍ مِّنكُمْ وَأَقِيمُوا الشَّهَادَةَ لِلَّهِ ذَلِكُمْ يُوعَظُ بِهِ مَن كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجًا 

وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا 

«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган (2-3-оятлар).

Яъни, ким Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Одам ишлаб топиб, ўзи манфаат олмаган нарсалар унинг ризқи бўлмайди. Мисол учун, одам ўлганидан кейин меросхўрларига қолган нарсалар унинг ризқи эмас, ўша нарсалардан манфаат оладиган меросхўрларнинг ризқидир.

Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган ҳар бир нарса ризқ эканини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан ҳам тушуниб оламиз.

عَنْ أَبِي كَبْشَةَ الْأَنَّمَارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا فَاحْفَظُوهُ»، قَالَ: «مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا إِلَّا زَادَهُ اللهُ عِزًّا، وَلَا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ» أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا. «وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا فَاحْفَظُوهُ»، قَالَ: «إِنَّمَا الدُّنْيَا لِأَرْبَعَةِ نَفَرٍعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَعِلْمًا، فَهُوَ يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ، وَيَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ، وَيَعْلَمُ لِلَّهِ فِيهِ حَقًّا، فَهَذَا بِأَفْضَلِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ عِلْمًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ مَالًا، فَهُوَ صَادِقُ النِّيَّةِ، يَقُولُلَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ بِعَمَلِ فُلَانٍفَهُوَ بِنِيَّتِهِ فَأَجْرُهُمَا سَوَاءٌ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ عِلْمًا، فَهُوَ يَخْبِطُ فِي مَالِهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ، لَا يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ، وَلَا يَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ، وَلَا يَعْلَمُ لِلَّهِ فِيهِ حَقًّا، فَهَذَا بِأَخْبَثِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ لَمْ يَرْزُقْهُ اللهُ مَالًا وَلَا عِلْمًا، فَهُوَ يَقُولُلَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ فِيهِ بِعَمَلِ فُلاَنٍفَهُوَ بِنِيَّتِهِ، فَوِزْرُهُمَا سَوَاءٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

 

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар (ёки шунга ўхшаш бир калима айтдилар). Сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар:

Албатта, дунё тўрт нафарникидир:

Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.

Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.

Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.

Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда молга қўшиб илмнинг ҳам ризқ деб аталиши эътиборга сазовордир. Шу билан бирга, банда Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа нисбатан қилган тасарруфига биноан турли даражаларга эришишини ҳам билиб олмоқдамиз. Ризқни тақво билан Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфлаган банда олий даражага эришади. Ризқни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочган, у билан Роббига тақво қилмаган, силаи раҳм қилмаган, ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмаган банда эса энг ёмон даражада бўлади.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

4378 17:00 / 21.06.2021
Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога давоми...

3836 23:54 / 02.12.2016
r . . Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади .Усмон қачон қабр устига келса, йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл давоми...

2614 19:00 / 06.02.2023
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг давоми...

6995 22:58 / 02.12.2016
Аудиолар

135047 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55322 14:35 / 11.08.2021