Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Кўришни инкор қилувчиларнинг далиллари ва уларга жавоблар | Ақийда дарслари (307-дарс)

19:00 / 23 декабрь 274 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг

ﯜ ﯝ ﯞ

«У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан…» деди» ­(Аъроф сураси, 143-оят) деган оятини далил қилиб «Аллоҳ, Мусо алайҳиссаломга «ҳеч» деган сўзни ишлатиб, келажакда кўриш мумкин эмаслигини таъкидлади», дейдилар.

2. Улар яна

ﭥ ﭦ ﭧ

«Кўзлар Уни идрок эта олмас» (Анъом сураси, 103-оят) оятини ҳам далил қилиб, «Ушбу оят кўзлар Аллоҳ таолога назар солишга қодир эмаслигига далолат қилади», дейишади.

Биринчи оятнинг жавоби: «Бу оят мўътазилийларнинг зиддига далилдир, уларнинг фойдасига эмас. Чунки бу оят кўришнинг собитлигига бир неча томондан далолат қилади.

Биринчидан: Мусо алайҳиссаломдек Аллоҳ билан гаплашган, У Зотнинг муҳтарам пайғамбари бўлган ва ўз замонасида Роббини энг яхши таниган пайғамбар У Зотдан жоиз бўлмаган нарсани, яъни Аллоҳга назар солишни сўраши мумкин эмас. Бундай қилиш улар (пайғамбарлар) учун амри маҳолдир.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг саволини «Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан» (Ҳуд сураси, 46-оят), деб инкор қилганидек, Мусо алайҳиссаломнинг саволини инкор қилгани йўқ.

Учинчидан: Аллоҳ таоло «Мени ҳеч кўра олмассан», деди (Аъроф сураси, 143-оят). «Мен кўрилмасман» ёки «Мени кўриш жоиз эмас», дегани йўқ. Икки жавоб орасидаги фарқ очиқ-ойдин. Бу эса Аллоҳ таолони кўриш мумкинлигига, аммо одамзод заифлиги сабабли Мусо алайҳиссаломнинг қуввати У Зотни бу дунёда кўришга етмаслигига далолат қилмоқда. Аллоҳ таолонинг «Лекин тоққа назар сол» (Аъроф сураси, 143-оят), дейиши ҳам шунга далолат қилади. Агар бу дунёда Аллоҳ таолонинг тажаллисига тоғ қодир бўлмаса, заиф инсон қандай қилиб қодир бўлсин?!

Мўътазилийлар «ҳеч» маъносини ифода қилувчи «лан» қўшимчаси нафийнинг, яъни инкорнинг абадийлигини билдиради, деб даъво қиладилар (яъни «лан тарони» дегани «Мени ҳеч қачон кўра олмайсан» дегани, дейдилар). Уларнинг бу даъвоси ботилдир. Чунки бу ҳарф (яъни «лан» қўшимчаси) қайд қилинган тақдирда ҳам нафийнинг охиратда давом этишига далолат қилмайди. Шундай экан, қандай қилиб қайд қилинмаган ҳолда охиратга ҳам ўтиши мумкин?

Ибн Молик «Алфия»сида:

«Ким десаки: «Лан» абадий равишда нафий қилур»,

Унинг гапини рад қил, бошқасини қўллаб-қувватла», деган.

Иккинчи оятнинг жавоби: Бу оят ҳам жуда латиф жиҳатдан кўришнинг собитлигига далолат қилади. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло уни мақтов борасида зикр қилишидир. Маълумки, мақтов фақат собит сифатларда бўлади. Собитликнинг акси эса камолот эмас. Шунинг учун бу билан мақталмайди.

Бунинг маъноси шуки, албатта, У Зот кўрилади, аммо идрок қилинмайди, иҳота қилинмайди. Чунки идрок қилиш иҳота қилиш бўлиб, кўришга қўшимча нарсадир. Қайдни рад қилишдан қайдланганни рад қилиш келиб чиқмайди. Ҳа, Аллоҳ таоло кўрилади, аммо идрок қилинмайди.[1] Билинади, аммо У Зотни илм ила иҳота қилиб – қамраб олиб бўлмайди. Саҳобалар ва имомлар ушбу оятдан шуни тушунганлар.

وَلَا تَثْبُتُ قَدَمٌ فِي الْإِسْلَامِ إِلَّا عَلَى ظَهْرِ التَّسْلِيمِ وَالْاِسْتِسْلَامِ.

Исломнинг қадами фақатгина таслим бўлиш ва бўйсуниш устидагина собит бўлур.

Шарҳ: Бу истиоранинг турларидандир. Ҳиссий қадам фақат бирор нарсанинг устида собит бўлади. Яъни ким Қуръон ва Суннатда келган нарсаларга таслим бўлмаса, бўйсунмаса ва уларга эътироз қилиб, фикри, ақли ҳамда қиёслаши билан уларга қарши чиқса, Исломи собит бўлмайди.

Имом Бухорий имом Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрийдан қилган ривоятда у киши раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аллоҳдан рисолат, Расулдан етказиш, биздан таслим бўлиш», деганлар. Бу жамловчи гап бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масъулиятлари бўлмиш етказишни ва бизнинг бурчимизни, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсага таслим бўлиб, бўйсунишимизни ўз ичига олгандир. Оқил одам билурки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан келтирган хабарда маъсумдирлар, у киши хато қилишлари мумкин эмас. Аллоҳ таоло: «У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос», деган (Нажм сураси, 4-оят). Шунинг учун у зотга таслим бўлиб, амрларига бўйсунишимиз вожибдир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ

«Расулнинг зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос» (Анкабут сураси, 18-оят).

ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Расулнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ» (Нур сураси, 54-оят).

ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦﮧ

«Қайси бир расулни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир» (Иброҳим сураси, 4-оят).

ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ

«Йўқ, Роббингга қасамки, ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга сени ҳакам қилмагунларича, кейин чиқарган ҳукмингга нафсларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!» (Нисо сураси, 65-оят).

Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

[1] Яъни оятдаги «Кўзлар Уни идрок эта олмас» дегани «У Зотни кўриб бўлмайди» дегани эмас, аксинча, «У Зотни кўриш мумкин, лекин идрок этиб бўлмайди» деганидир.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлҚуддус Қуддус сифатининг маъноси шуки, бу Зот ҳар қандай айблардан холи, нолойиқ сифатлардан муназзаҳдир. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ давоми...

11283 08:13 / 20.04.2017
.Сизга баён қилишимиз учун,. Яъни сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик. .Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор давоми...

2552 19:00 / 19.06.2023
Аллоҳ таоло Қуръони каримда.Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади,, деган Ҳуд сураси, 114оят.Бу эса мўмин киши ёмонлик қилган чоғида яхшиликлар қилиб, давоми...

5535 13:30 / 06.05.2019
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РАҲИЙМКуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ханифа Нуъмон ибн Собит АлКуфий, Абу Юсуф Яъкуб ибн Иброҳим АлАнсорий ва Абу Абдуллоҳ давоми...

11151 17:01 / 01.12.2016