Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (174-дарс). Пайғамбарлар бир дин ва ҳақ китоб билан келганлар

18:33 / 14.03.2022 3683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

كَانَ النَّاسُ أُمَّةً وَاحِدَةً فَبَعَثَ اللّهُ النَّبِيِّينَ مُبَشِّرِينَ وَمُنذِرِينَ وَأَنزَلَ مَعَهُمُ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِيَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ فِيمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ وَمَا اخْتَلَفَ فِيهِ إِلاَّ الَّذِينَ أُوتُوهُ مِن بَعْدِ مَا جَاءتْهُمُ الْبَيِّنَاتُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ فَهَدَى اللّهُ الَّذِينَ آمَنُواْ لِمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإِذْنِهِ وَاللّهُ يَهْدِي مَن يَشَاء إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

«Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила китоб нозил қилди» (213-оят).

Аслида инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эди. Аста-секин кўпайиб бордилар. Уларнинг кўпайишлари билан бирга, фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимнинг ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Ҳар кимнинг фитратидаги хусусияти бор. Зеро, ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида, ер юзи обод бўлмасди...

Демак, одамлар ўртасида хилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканлигини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйсак, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди. Ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.

Агар улардан бир гуруҳларини танлаб олиб, ўша танланганларга топширсак, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир, уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас-бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади. Ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин. Ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.

Демак, «Бундай ихтилофнинг қайси бири тўғри, қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, бекаму кўст, тамаъдан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша Зот Аллоҳ таолонинг Ўзи! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади.

كَانَ النَّاسُ أُمَّةً وَاحِدَةً فَبَعَثَ اللّهُ النَّبِيِّينَ مُبَشِّرِينَ وَمُنذِرِينَ وَأَنزَلَ مَعَهُمُ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِيَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ فِيمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ وَمَا اخْتَلَفَ فِيهِ إِلاَّ الَّذِينَ أُوتُوهُ مِن بَعْدِ مَا جَاءتْهُمُ الْبَيِّنَاتُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ فَهَدَى اللّهُ الَّذِينَ آمَنُواْ لِمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإِذْنِهِ وَاللّهُ يَهْدِي مَن يَشَاء إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

«Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила китоб нозил қилди» (Бақара сураси, 213-оят).

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифаси мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб-уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар. Адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса, ҳеч кимнинг ҳукми ҳақ бўла олмайди.

Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган.

Пайғамбар  алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилишга даъват қилишдир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида бу борада қуйидагиларни айтади:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ مِن رَّسُولٍ إِلَّا نُوحِي إِلَيْهِ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدُونِ

 

«Сендан илгари юборган ҳар бир расулга: «Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят).

Ибодатга сазовор зот яккаю ягона эканини англатиш, ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолони бу дунёда кўришни эшитилган далиллар тасдиқлайдими Бу саволнинг жавобида Аҳли сунна ва жамоа икки хил фикрни айтганлар. Биринчи жавоб Оиша онамиз давоми...

4148 19:00 / 27.12.2021
Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғаззолий. У киши Тус вилоятининг ҳозирги Машҳад Тобарон номли шаҳарида ҳижрий давоми...

4644 16:00 / 20.08.2019
Ва фаришталарга, набийларга ва расулларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва .Улар очиқойдин ҳақда бўлганлар,, деб гувоҳлик берамиз.Ушбу ишлар иймон давоми...

4699 16:30 / 10.02.2020
Ҳеч шакшубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3143 13:49 / 15.06.2020