Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (32-дарс). Гуноҳ иш мусулмонни диндан чиқармайди (давоми)

13:30 / 06.05.2019 5494 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (Ҳуд сураси, 114-оят).

Бу эса мўмин киши ёмонлик қилган чоғида яхшиликлар қилиб, ёмонликларини ўчириши мумкинлигига далолат қилади.

Мазкур амалларни «куфр» дейиш «Иймон сўз ва амалдир. Зиёда ва ноқис бўлур» дейдиганларнинг наздида эътиқодий эмас, амалий куфрдир. Чунки уларнинг наздида куфрнинг даражалари бор. Бир куфр бошқасидан фарқ қилади. Иймон ҳам шундай.

«Иймон – тасдиқ қилишдир. Амал иймон номига кирмас. Куфр – инкор қилишдир. Икковлари зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди», дейдиганлар наздида эса мазкур амалларни «куфр» дейишдан мурод, миллатдан чиқармайдиган мажозий куфрдир. Чунки ҳақиқий куфр миллатдан чиқаради. Шунингдек, мажозий равишда баъзи ишлар «иймон» деб номланган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ иймонингизни зое қилмас», деган (Бақара сураси, 143-оят). Бу эса «Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозингизни», деганидир.

Иймоннинг соғломлиги намозга боғлиқ бўлгани учун Аллоҳ таоло намозни мажозий равишда «иймон» деб атади. Шунингдек, намоз иймоннинг далили бўлгани учун ҳам уни «иймон» деб атади.

Гоҳида мазкур ишларни қилиш улардан ҳаром қилинганларини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санаш, ёки уларни ҳақир санаш билан ҳақиқий куфр бўлиши ҳам мумкин.

Шунингдек, гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга куфрдан бошқа нарсаларда ҳам муомала сиртига қараб бўлаверади. Бу масалалар ҳам аввалги ақийда китобларимизда баён қилинган:

Аҳли қибланинг яхшисию фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз, деб биламиз.

Шарҳ: Ушбу иборада икки масала бор:

Биринчиси: Намозда ҳар бир яхшига ва фожирга иқтидо қилиш жоизлиги.

Иккинчиси: Ҳар бир яхши ва фожирга жаноза ўқиш жоизлиги.

Биринчи масаланинг далили:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир яхши ва фожирнинг ортидан намоз ўқийверинглар», деганлар.

Дора Қутний ривоят қилган.

2. «Саҳиҳи Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумонинг Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий ортидан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Ҳажжож фосиқ ва золим бўлгани эса маълум ва машҳур.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқбанинг ортидан намоз ўқир эдилар. У эса ароқ ичар эди.

3. Шунингдек, яна «Саҳиҳи Бухорий»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Улар сизларга намозга ўтадилар. Агар тўғри қилсалар, сизга ҳам, уларга ҳам фойда. Агар нотўғри қилсалар, сизга фойда, уларга зарар», деганлар.

Ҳеч ким шак-шубҳа қилмайдики, фожирдан мурод: эътиқодида бидъат йўқ одамдир. Чунки ширк соҳиби ва эътиқодий бидъат соҳиби мўмин бўлмайди. Унга қандай қилиб иқтидо қилиш мумкин?!

Имомлар иттифоқ қилганларки, бидъати ва фосиқлиги билинмаган одамнинг орқасидан намоз ўқиса бўлади. Иқтидо қилувчи киши имомнинг эътиқоди қандай эканини билиши шарт эмас. Шунингдек, «Бу ёки у нарсада қандай эътиқоддасан?» деб имтиҳон қилиш ҳам шарт эмас. Ҳоли номаълум одамга намозда иқтидо қилинаверади.

Тўғриси, ўз бидъатига даъват қилаётган бидъатчининг ва фосиқлиги маълум фосиқнинг ҳам ортидан намоз ўқилаверади, агар у тайинланган имом бўлиб, ундан бошқанинг ортида намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки у Жума, Ҳайит ва Арафот намозларига имом бўлса. Бундай имом ортидан намоз ўқишни барча салафу халаф жоиз кўрганлар. Лекин, аввал айтилганидек, унинг бидъати эътиқодий бўлмаслиги ва ижмолий ақийдаларга бирор нарса зиёда ёки нуқсон қилмаган бўлиши шарт.

Бидъатчи ва фосиқнинг ортидан намоз ўқиш жоизлиги билан бирга, макруҳликдан холи эмас. Аммо қайта ўқиш лозим бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобаи киромлар фожир бошлиқлар ортидан Жума ва бошқа жамоат намозларини ўқиганлар, аммо қайта ўқиб олмаганлар.

Лекин бу бидъатчи ва фожирни имом қилиб қўйиш керак, дегани эмас. Балки уни кетказиб, имомликка илмли, тақводор кишини тайинлашга ҳаракат қилиш лозим.

Иккинчи масаланинг далили:

Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум золим бошлиқларнинг жанозасини ўқиганлар. Уларни жанозасиз кўммаганлар. Осийлар ва гуноҳи кабира қилганларни ҳам шундай қилганлар.

Аммо бу умумий ҳукмдан Ислом давлатига қарши чиққан боғийлар, йўлтўсарлар ва ўзини ўлдирганлар истисно қилинади. Бошқаларга ибрат бўлиши учун уларга жаноза ўқилмайди. (Имом Абу Юсуф: «Ўзини ўлдирганга жаноза ўқиса бўлади», деган).

Улардан бирортасини жаннатга ёки дўзахга туширмаймиз.

Шарҳ: Яъни аҳли қиблалардан муайян бир кишини, «Бу аҳли жаннатдир ёки бу аҳли дўзахдир», деб айтмаймиз. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «аҳли жаннат» деб айтган бўлсалар, айтамиз. Мисол учун, жаннат башорати берилган ўн киши. Агар умумий қилиб, «Гуноҳи кабира қилганларни Аллоҳ дўзахга киритади, сўнгра шафоатчиларнинг шафоати ила чиқаради», десак ҳам, муайян шахс ҳақида бу гапни айтмаймиз. Муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий, деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки ҳақиқат махфийдир. Яхшиларга умид қиламиз. Ёмонларга хавф қиламиз.

«Ва уларга, модомики зоҳир бўлмаса, куфр, ширк ва нифоқ ҳақида гувоҳлик бермаймиз. Сирларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз».

Шарҳ: Яъни бирор одамнинг кофирлиги, мушриклиги ва мунофиқлиги ҳақида ҳукм ёки фатво чиқармаймиз. Модомики улардан бу нарсалар очиқ-ойдин сиртга чиқмадими, ичларидагини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз. Чунки биз зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга амр қилинганмиз.

Ўзимиз билмаган нарсага эргашишдан қайтарилганмиз.

Далил:

1. «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир» (Ҳужурот сураси, 11-оят).

2. «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

3. «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг ҳаммаси масъулдирлар» (Исро сураси, 36-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бирор кишини ўлдиришни жоиз деб, ҳукм чиқармаймиз. Илло, шаръий ҳукм ила қасос учун, муртадлик учун ва зинокорлик учун ўлдирилиши лозим бўлганларга шундай ҳукм бўлур.

Далил:

1. «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир» (Нисо сураси, 93-оят).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Лаа илааҳа иллаллоҳ», деб ва мени Расулуллоҳ деб, шаҳодат келтирган мусулмон одамнинг қони фақат уч нарса билангина ҳалол бўлур: уйланган зинокор, жонга жон ва динини тарк қилиб, жамоатдан ажраган», деган ҳадиси шарифлари.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди, Анъом сураси, 115оят. .Сен .Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун давоми...

528 19:00 / 18 ноябрь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан давоми...

4096 18:54 / 02.12.2016
Аввалги самовий китоблар ўзгартирилишидан ташқари, уларни тушуниш борасида ҳам янглишиш, хато талқин этиш ҳолатлари кўпайиши натижасида ушбу китобларга иймон давоми...

3193 10:40 / 17.08.2021
Имом Ғаззолий илми каломни бевосита олимларининг ўзидан ва уларнинг китобларидан яхшилаб ўргандилар. У киши бу илмни пухта эгаллади ва унда бир неча китобларни давоми...

5014 13:40 / 26.08.2019
Аудиолар

136484 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56610 14:35 / 11.08.2021