Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (47-дарс). «Низомия» мадрасасининг энг ёш бош мударриси

16:00 / 20.08.2019 4512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғаззолий. У киши Тус вилоятининг (ҳозирги Машҳад) Тобарон номли шаҳарида ҳижрий 450-санада таваллуд топганлар.

Отаси аҳли солиҳ ва камбағал одам бўлиб, жун йигириш билан кун кўрар эди. У, уламоларни севар, ҳурмат қилар ва уларнинг хизматида бўлиб, имкони борича уларга мол ҳам сарфлар эди. Уламоларнинг суҳбатларини тинглаганда, йиғлаб ўтирар ва Аллоҳдан ўзига олим бўладиган ўғил тилар эди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди ва унга бир эмас, икки ўғил берди. Ота ўғилларидан бирига Муҳаммад, бошқасига Аҳмад исмини қўйди.

Вафотидан олдин ота ўғилларини ўзининг сўфий оғайнисига васият қилиб қолдирди. Сўфий уларнинг таълим-тарбиясига киришди. Бу иш болаларнинг отаси қолдирган мол тамом бўлгунча давом этди. Пул тугагандан кейин сўфий уларни боқа олмай қолди ва «Мен сизларга отангиз қолдирган молни сарфладим. Ўзимнинг пулим йўқ. Энди сизлар мадрасага бориб яшасангиз, яхши бўлади», деди.

Ғаззолий ёшлигида она юртида Аҳмад ибн Муҳаммад Розконийдан фиқҳ илмини олди. Сўнгра Журжонга сафар қилиб, имом Абу Наср Исмоилийнинг ҳузурида таълим олди ва кўплаб нарсаларни ёзиб олди.

Ўша ёзиб олинган нарсалари ўша вақт тилида «таълийқа» деб номланар эди. Кейин Ғаззолий она юрти Тусга қайтди. Йўлда ажойиб ҳодиса юз берди. У ҳақда Ғаззолийнинг ўзи қуйидагиларни айтади:

«Йўлтўсарлар йўлимизни тўсдилар ва улар менинг бор-будимни олиб қўйдилар. Кетаётганларида ортларидан эргашдим. Шунда уларнинг бошлиғи менга қараб:

«Орқангга қайт! Шўринг қурсин! Бўлмаса, ҳалок бўласан!» – деди.

«Мен Ундан саломатликни тилайдиган Зот номи билан сўрайман, фақат таълийқаларимни қайтариб бер. Барибир, сизларга улардан фойда йўқ», – дедим.

«Таълийқанг нима?» – деди у.

«Анави халтадаги китоблар. Мен ана ўшаларни эшитаман, ёзиб оламан ва ичидаги илмни оламан деб ҳижрат қилганман», – дедим. У кулиб юборди-да:

«Қандоқ қилиб сен улардаги илмни билибсан?! Биз уларни сендан тортиб олдик-ку! Сен улардан жудо бўлдинг! Илмингдан ажраб қолдинг!» – деди. Сўнгра у одамларидан бирига амр қилган эди, у халтани менга қайтариб берди.

Ўша одамнинг тили билан Аллоҳ таоло мени тўғри йўлга иршод қилишни ирода қилган бўлса, ажаб эмас. Тусга етиб борганимдан кейин, уч йил ҳаракат қилиб, барча таълийқаларни ёд олиб, йўлтўсарлар илмимни тортиб ололмайдиган бўлиб олдим».

Кейинчалик Ғаззолий ўша пайтда салжуқийларнинг пойтахти ва Бағдоддан кейинги катта илмий марказ ҳисобланган Найсобурга бориб, энг машҳур уламоларидан бири бўлган Имоми Ҳарамайнига шогирд тушди. Ғаззолий бу улуғ устознинг ҳузурида ўта тиришқоқлик билан ўқиб, фиқҳ, усул, хилоф ва жадал каби замоннинг кенг тарқалган илмларида пешқадам олим бўлиб етишди.

Ғаззолийни устози Имоми Ҳарамайни жуда ҳам яхши кўрар ва уни мақтаб: «Ғаззолий тубсиз денгиздир», дер эди.

Ҳижрий 478-санада Имоми Ҳарамайни вафот этганидан кейин Ғаззолий йигирма етти ёшида вазир Низомулмулкнинг олдига борди. Ўша вақтда Ғаззолийнинг фазли зоҳир бўлиб, илмий шуҳрати донг таратган эди. Низомулмулкнинг мажлиси эса аҳли илмнинг олий кенгашига айланган эди. Барча мажлисларда, ҳатто мотам маросимларида ҳам фиқҳ, илми калом ва бошқа илмлардан мунозаралар бўлар эди.

Ғаззолий Низомулмулкнинг мажлисида кўплаб уламолар билан баҳс ва мунозаралар қилиб ўзининг кимлигини намойиш қилди. Ҳамма унга тан берди. Охири, вазир Низомулмулк Ғаззолийни «Низомия» мадрасасининг бош мударриси этиб тайинлади. Бу ўша вақтнинг энг обрўли диний мансаби эди. Ғаззолий бу мансабга ҳижрий 484-санада, ўттиз тўрт ёшида эришди ва бундай шарафга сазовор бўлган энг ёш олим бўлди.

«Низомия» мадрасасидаги дарслар олимнинг шуҳратига шуҳрат қўшди, уни имомлик даражасига олиб чиқди. Имом Ғаззолийга нафақат аҳли илмлар, балки аҳли давлатлар ва аҳли ҳукмлар ҳам бўйин эгдилар. Халийфалар ҳам имом Ғаззолийга яқин бўлишга интилдилар.

Аббосий халийфалардан Муқтадий биллаҳ у кишидан баъзи ишларни илтимос қилди.

Халийфа Мустазҳир биллаҳ имом Ғаззолийни ўзига дўст тутар эди. Унинг илтимосига биноан имом Ғаззолий ботинийларга раддия китобини ёзди ва китобни «Мустазҳирий» деб номлади.

Шундоқ қилиб, имом Ғаззолий барча тарафдан обрў-эътиборнинг чўққисига чиқди. У киши учун бу дунёда интилиши мумкин бўлган мансаб, мартаба, шуҳрат ёки улуғлик қолмаган эди. Бугунги кун таъбири билан айтилганда, инсон боласининг қўли узатган ерга етадиганига айланган эди.

Аммо имом Ғаззолийнинг кўнгиллари ғаш эди. У киши ҳали илми яқийнга эришмаган эди. Ичларида нафсоний кураш борар эди. Ҳамма ҳақийқатни англаб етишга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун, барча шон-шуҳратдан ўзини олиб қочиб, чуқур ва атрофлича илмий баҳслар ва изланишлар олиб боришга қарор қилди. Бу мақсадга эришиш учун Бағдодни тарк қилиб, тўлиқ саодатни излаб илмий сафарга чиқди.

Имом Ғаззолий ўша вақтда одамлар машғул бўлиб турган илмларни бирма-бир ўрганиб чиқиш учун уларга назар солди. Ўша пайтда одамлар, асосан, илми калом, ботинийя, фалсафа ва тасаввуфга қизиқар эдилар. Имом Ғаззолий мазкур илмларни чуқур эгаллашга ва улардан қайси бирини танлаш мақсадга мувофиқ эканини аниқлашга киришди.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таквийн сифрида ҳозирги замон илмига нисбатан энг кўп қарамақаршиликлар тўпланган. Биз улардан учтасини айтиб ўтамиз. 1. Оламнинг яратилиши ва унинг давоми...

3287 19:00 / 04.07.2022
Ажал ҳам, ризқ ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.Бу нарса айниқса, зоҳидлик йўлига юрганларда давоми...

5557 21:41 / 01.12.2016
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила давоми...

4297 18:30 / 28.03.2022
Таховий акидасидан...сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса давоми...

9228 19:05 / 02.12.2016
Аудиолар

133137 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53483 14:35 / 11.08.2021