Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (89-дарс). Кўришни инкор қилувчиларнинг далиллари ва уларга жавоблар

14:00 / 08.06.2020 3800 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг

«У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан», деди» (Аъроф сураси, 143-оят) оятини далил қилиб, «Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга «ҳеч» деган сўзни ишлатиб, келажакда кўриш мумкин эмаслигини таъкидлади», дейдилар.

2. Улар яна: «Кўзлар Уни идрок эта олмас» (Анъом сураси, 103-оят) оятини ҳам далил қиладилар. Шунга биноан, кўзлар Аллоҳ таолога назар солишга қодир эмаслар», дейдилар.

Биринчи оятнинг жавоби: «Бу оят мўътазилийларнинг зиддига далилдир, уларнинг фойдасига эмас. Чунки бу оят кўришнинг собитлигига бир неча томондан далолат қилади.

Биринчидан: Аллоҳ таоло билан гаплашган, У Зотнинг муҳтарам набийси бўлган ва ўз замонасида Роббини энг яхши таниган Мусо алайҳиссаломдек зотнинг жоиз бўлмаган нарсани, яъни Аллоҳ таолога назар солишни сўрашлари мумкин эмас. У зотнинг бундай қилишлари амримаҳолдир. Бундан эса «Демак, жоиз эканки, сўраганлар», деган хулоса чиқади.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг саволини худди Нуҳ алайҳиссаломни инкор қилганидек: «Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни ваъз қиламан», деб инкор қилгани йўқ (Ҳуд сураси, 46-оят).

Учинчидан: «У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан», деди», дейилган (Аъроф сураси, 143-оят).

«Мен кўрилмасман» ёки «Мени кўриш жоиз эмас», дегани йўқ. Икки жавоб орасидаги фарқ очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу эса Аллоҳ таолонинг кўрилишига, аммо Мусо алайҳиссаломнинг қуввати У Зотни бу дунёда кўришга етмаслигига далолат қилмоқда. Аллоҳ таолонинг «Лекин тоққа назар сол» дейиши ҳам шунга далолат қилади (Аъроф сураси, 143-оят). Агар бу дунёда тажаллийга тоғ қодир бўлмаса, заиф инсон қандай қилиб қодир бўлсин?

Мўътазилийларнинг «Бу оятдаги «ҳеч» деган маънони ифода қилувчи «лан» ҳарфи абадийлик маъносини билдиради», деб даъво қилишлари ботилдир. Чунки бу ҳарф қайд қилинган чоғида ҳам манфийлик маъноси охиратда давом этмайди. Қандай қилиб қайд қилинмаган ҳолда ўтиши мумкин?

Ибн Молик: «Ким «лан» ҳарфи абадий равишда нафий қилади» деса, унинг гапи мардуддир (рад этилгандир)», деган.

Иккинчи оятнинг жавоби: Бу оят ҳам жуда латиф жиҳатдан кўришнинг собитлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло уни мақтов борасида зикр қилди. Маълумки, мақтов фақат собит сифатларда бўлади. Субутсизлик эса камолот эмас, шунинг учун мақталмайди.

Маъно шулки, албатта, У Зот кўринади, аммо идрок қилинмайди, иҳота қилинмайди. Идрок қилиш, иҳота қилиш кўришдан кўра зиёда нарсадир. Ҳа, Аллоҳ таоло кўрилади, аммо идрок қилинмайди, билинади, аммо Уни илм ила иҳота қилиб, яъни қамраб олиб бўлмайди. Ушбу оятни саҳобалар ва имомлар шундай тушунганлар.

Исломнинг қадами фақатгина таслим бўлиш ва бўйсуниш устидагина собит бўлур.

Шарҳ: Бу истиора услубидир. Ҳиссий қадам фақат бирор нарсанинг устида собит бўлади. Бу гапнинг маъноси шуки, ким Қуръон ва Суннатда келган нарсаларга таслим бўлиб, бўйсунмаса ва уларга эътироз қилиб, қарши чиқишни тарк этмаса, Исломи собит бўлмайди.

Имом Бухорий имом Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрийдан қилган ривоятда у киши раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аллоҳдан рисолат, Расулдан етказиш, биздан таслим бўлиш», деганлар. Бу жамловчи гап бўлиб, «Аллоҳ таолонинг ҳаққини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масъулиятлари бўлмиш етказишни ва бизнинг бурчимизни, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсага таслим бўлиб, бўйсунишимизни ўз ичига олгандир.

Оқил одам билурки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан келтирган хабарда маъсумдирлар, У зот хато қилишлари мумкин эмас. Бас, биз учун у зотга таслим бўлиб, амрларига бўйсунишимиз вожибдир.

Далиллар:

«Расулуллоҳнинг зиммасида фақат етказиш бор» (Анкабут сураси, 18-оят);

«Расулуллоҳнинг зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бор» (Наҳл сураси, 35-оят);

«Қайси бир Набийни юборган бўлсак, фақат ўз қавми тилида, уларга баён қилиб бериш учун юбордик. Бас, Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштирур ва хоҳлаган кишини ҳидоят қилур» (Иброҳим сураси, 4-оят);

«Йўқ! Роббинг ила қасамки, токи ораларидаги хилофга сени ҳакам қилмагунларича, сўнгра сен чиқарган ҳукмдан нафсларида тинчлик бўлиб, бутунлай таслим бўлмагунларича (бўлмас)» (Нисо сураси, 65-оят).

Кимки ўзига илми ман қилинган нарсани билишга отилса, таслим бўлишга фаҳмини қаноат қилдирмаса, бу матлаби уни холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсибдир.

Шарҳ: Бу хитоб аввалги гапни таъкидлаш ва дин асосларида бирор нарсани илмсиз гапиришдан огоҳлантиришдир.

Яъни кимки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули ман қилган, иштибоҳли нарсалар, Аллоҳнинг зоти ва сифатининг ҳақиқати ҳамда шунга ўхшаган нарсаларни билишга уринса, ўз фаҳми ва илмини Аллоҳ таоло ва Расул алайҳиссалом айтган нарсаларга таслим қилишга ўргатмаса, унинг кўзлаган нарсаси ботилдир. Бу нарса уни холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан ман қилади.

Далиллар:

«Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас» (Оли Имрон сураси, 7-оят);

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир» (Исро сураси, 36-оят);

«Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишганлари ва бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор» (Ҳаж сураси, 3-оят);

«Одамлардан Аллоҳ ҳақида илмсиз, на ҳидоят ва на нурли китобсиз ҳолда тортишадиганлари бор. Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун бўйнини булқаб (тортишар). Унга дунёда шармандалик бор. Ва қиёмат куни унга ёниш азобини тоттирамиз» (Ҳаж сураси, 8-9-оятлар);

«Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?!» (Қосос сураси, 50-оят);

«Улар (мушриклар) Роббларидан ҳидоят келганига қарамай, гумон ва ҳавойи нафс хоҳишига эргашарлар, холос» (Нажм сураси, 23-оят)

Яна имом Термизий Абу Амома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир қавм ҳидоятда бўлганларидан кейин адашмайди. Магар, жадал (тортишув) берилсагина, адашадилар», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида:

«Одамларнинг Аллоҳ ҳузурида энг ғазабга кўп дучор бўладигани кўп хусумат қиладиганидир», деганлар (Имом Бухорий ва имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва уларнинг ҳақида хотиржам бўла олмаймиз ва жаннатга давоми...

5260 18:18 / 02.12.2016
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлФаттоҳ.АлФаттоҳ, исмининг маъноси кўплаб нарсаларни очувчи, Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчидир.Гоҳида инсон қаршисида ризқ давоми...

14063 08:30 / 20.04.2017
Сўнгги икки даражада учинчи ва тўртинчи ихтилофга тушган мушриклар асосан қуйидаги фирқаларга бўлинади Юлдузпарастлар. Улар .Юлдузлар ибодатга сазовордир, давоми...

1014 19:00 / 13 май
...Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, .Ушбу жойнинг хўжайин давоми...

17219 22:36 / 02.12.2016