1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Ғаффор (15)

08:26 / 20.04.2017 9150 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Ғаффор

Бу исмнинг маъноси – кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айб ва гуноҳларини Ўз фазли ила кечириб юборувчидир.

Ушбу исм Қуръони каримда уч кўринишда келган.

1. Ал‑Ғофир.

«У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган Зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир» (Ғофир сураси, 3‑оят).

 2. Ал‑Ғофур.

«Ва Роббинг сермағфират, раҳм-шафқат соҳиби бўлган Зотдир. Агар уларни қилган қилмишлари учун 

(уқубатга) олса, азобларини тезлаштирган бўлар эди. Лекин уларга ваъда қилинган вақт бор. У келганда эса ундан ўзга паноҳгоҳ топмаслар» (Каҳф сураси, 58‑оят).

 3. Ал‑Ғаффор.

«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» (Тоҳа сураси, 82‑оят).

Ушбу ал‑Ғофир, ал‑Ғофур ва ал‑Ғаффор исмларининг барчаси «мағфират» сўзидан олинган.

Баъзи уламоларнинг айтишича, инсон Аллоҳ таолога осийлик қилса, Қуръон уни «золим» (зулм қилувчи), «залум» (ўта золим) ва «заллом» (жабр қилувчи) деб номлаган. Аллоҳ таолонинг мазкур уч исми гуноҳкорнинг ана шу уч даражасига мувофиқдир. Банда золим бўлса, Аллоҳ ғофирдир, банда залум бўлса, Аллоҳ ғофурдир, банда заллом бўлса, Аллоҳ ғаффордир. Банда қандай маъсият васфи билан келса, у гуноҳнинг муқобилида Аллоҳнинг шунга мувофиқ сийғадаги исми мавжуддир. 

Бироқ, бу ердаги нозик жиҳат шуки, инсоннинг сифатларида тугаллик бор, у содир қилган гуноҳларнинг ҳам ҳажми, чегараси бор. Аммо Аллоҳ таолонинг мағфират қилиш сифатида чегара ва ниҳоя йўқ. Шунинг учун Аллоҳнинг раҳматидан кофир, жоҳил ва қайсар кимсагина ноумид бўлади. «Мағфират» сўзи гоҳида ўтган замонда (мозий), гоҳида келаси замонда (музореъ), гоҳида ҳозирги замонда (ҳолий) келади. Бунинг сабаби шуки, У Зот ўтган гуноҳларни ҳам, ҳозирги гуноҳларни ҳам, энди содир қилинажак гуноҳларни ҳам кечирувчидир.  

Аллоҳ таоло Ўзига томон йўл олганларни, тавба қилганларни, қайтганларни, ўзини ислоҳ қилганларни, истиғфор айтганларни кечиради. Аммо маъсиятдан қайтмай, гуноҳида давом этишни қасд қилиб туриб, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, раҳмдил Зот деган кимса жоҳил ва аҳмоқдир.

Тавбанинг шарти гуноҳдан ҳозир, шу онда батамом тўхтаб, ўтган ишларни ислоҳ қилиш ва гуноҳга иккинчи бор қайтмасликдир. Тавбанинг аркони – илм, ҳол, амал, ундан буткул узилиш, азимат ва ислоҳдир. Бир гуноҳ устида бардавом қолиш мағфиратни йўққа чиқаради. Баъзи авомлар Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил дейишади, аммо гуноҳдан батамом тўхтамай туриб бундай сўзларни айтиш айни сафсатадир. 

«Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас» (Анфол сураси, 33‑оят).

«Модомики сен уларнинг ичида экансан» деган жумла Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган бўлиб, уммат сенинг суннатингни маҳкам тутса, унга риоя қилса, ҳалол ва ҳаромнинг чегарасида собит турса, Мен уларни азобламайман, деганидир.

«Модомики истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас», дегани эса истиғфор ҳам азобдан халос қилади, демакдир.

Масалан, бир талаба математика фанидан имтиҳонда ноль баҳо олди. Отаси эса бу соҳанинг кучли олими бўлиб, фарзандининг ҳам ўз йўлидан боришини истаб, унинг келажагини белгилаб берган эди. Имтиҳон натижасини кўрган ота фарзандини қаттиқ жазолашни хоҳлади. Аммо, фарзандининг юзига қараса, сарғайиб кетган, овқат ҳам емай қўйган. Шунда ота фарзандининг қаттиқ пушаймонда эканини сезиб, унинг хусусий дарс олиши учун бор маблағини ажратишга қарор қилади. Фарзанд қилган ишидан пушаймон бўлиб, надомат чекса, отаси уни урадими? Йўқ, албатта! 

Худди шунингдек, инсон ҳам қилган ишидан надомат чекиб, тавба қилар экан, Аллоҳ у бандани жазоламайди. 

Ҳадисда: «(Гоҳида) гуноҳ уни қилмаган одамга ҳам шумлик келтиради», дейилган (Имом Дайламий ривояти).

Масалан, бир инсон катта молиявий жиноят содир қилди.  Агар биз уни муғамбир деб ғийбат қилсак, қилган ишидан ҳайрон қолсак, унинг гуноҳига шерик бўлиб қоламиз. Аслида ака‑укамиз, ўртоғимиз ёки қўшнимиз бирор гуноҳ қилса, уни айблашнинг ўрнига Аллоҳ бизни ўша гуноҳдан омон сақлагани учун шукр қилишимиз, унинг айбини бошқаларга очмасдан, унга насиҳат қилишимиз керак эди.

Бошқа бир ҳадисда: «Гуноҳ (гоҳида) уни қилмаган одамга шумлик келтиради. Агар уни (бошқаларга) айтса, ғийбат қилган бўлади», дейилган.

Айтайлик, бир биродарингиз гуноҳ қилиб қўйди. Уни гуноҳи ҳақида гапирсангиз, ғийбат қилган бўласиз. Уни айблаб, устидан кулсангиз, ўзингиз ҳам ўша балога гирифтор бўласиз. Аммо ўша гуноҳга индамай рози бўлсангиз, унинг гуноҳига шерик бўласиз.

Ким айбларни билмаганга олиб, яхшиликларни зикр қилса, кўп яхшиликдан насибадор бўлади. Шунинг учун одамларнинг фақат ижобий жиҳатларини гапиришга одатланайлик. Уларни айбларини билмаганга олиб, яхшиликларини гапирайлик. Инсондаги энг қабиҳ одатлардан бири – яхшиликларни яшириб, ёмонликларни гапиришдир.

Инсон ер юзидаги энг катта гуноҳни содир қилиб қўйса ҳам,  агар насуҳ тавбани қилса, Аллоҳ унинг гуноҳини кечириб, тавбасини қабул қилади. 

Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларим тавба қилса, Мен уларнинг ҳабибиман. Тавба қилишмаса, Мен уларнинг табибиман», яъни гуноҳ ва айбларидан покланишлари учун уларни мусибатга дучор қиламан. Битта яхшилик Менинг ҳузуримда ўн баравар ва ундан ҳам кўпроқ бўлиб ёзилади. Ёмонлик эса бир баравар ёзилади ёки Мен уни афв қилиб юбораман. Мен бандаларимга она боласига нисбатан меҳрибон бўлганидан ҳам меҳрибонроқман. 

Ал‑Ғаффор – Ўз фазли билан гуноҳларни яширувчи, бандаларининг айбини Ўзининг афви билан кечиб юборувчи Зот демакдир. 

Уламолар айтишадики, агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзининг етук ҳикматига биноан бандани афв қилиб юборади, хоҳласа – унинг адабини бериб, кейин кечириб юборади, хоҳласа – таъзир бермасдан ҳам кечириб юбораверади. Шунинг учун банданинг Аллоҳ олдидаги мажбурияти У Зотнинг камолоти, ҳикмати ва муҳаббатига ишонишдир. 

«Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр қилувчилардан бўл!» (Зумар сураси, 66‑оят).

Бу нарсани тушуниш осон бўлиши учун бир латифани эслайлик. Бир киши бир қулга «Хожанг сени сотмоқчи», дебди. Қул: «Бу унинг иши», дебди. «Сени мен сотиб олмоқчиман», деса, қул: «Бу сенинг ишинг», дебди. «Қочиб кета қолмайсанми?», деса, қул: «Бу менинг ишим», деган экан. 

Ҳа, ҳар бир одамнинг ўз вазифаси, ваколати, имконияти, қиладиган иши бўлади. Бизнинг ишимиз – бандалик қилиш, Хожамизга итоат қилишдир. Қўлимиздан келадигани, бизга буюрилгани шу. Масалан, Аллоҳ таоло ғайримуслимларнинг мусулмонларга душманлигини тўхтатишни бизга буюрмаган. Бу бизнинг тоқатимиздан ташқари нарса. Бизга буюрилган иш – хонадонимизда исломий турмуш тарзини жорий қилиш, ҳар бир ишда шариатга риоя қилишдир. Мана бу икки ишни қилиш бизнинг ихтиёримиздадир. Биз ўзимизга буюрилган ишни адо этсак, бизга буюрилмаган ишларга У Зотнинг Ўзи  кифоя қилаверади.

Юқорида ал-Ғаффор исмининг уч хил сийғаси ҳақида сўз юритган эдик. «Ал‑Ғаффор» ва «Ал‑Ғофур» исмлари маъно жиҳатидан жуда яқин бўлса-да, орада нозик фарқ бор. Ал‑Ғаффор исми ал‑Ғафурдан кучлироқдир: Ал‑Ғафур улкан гуноҳларни кечириб юборувчи, ал‑Ғаффор эса жуда кўп гуноҳларни кечириб юборувчидир. Демак, ал‑Ғафур кечириладиган гуноҳларнинг турини англатса, ал‑Ғаффор уларнинг ҳажмини англатади. 

Биз Аллоҳ таолонинг ал‑Ғаффор исмига ниҳоятда муҳтожмиз. Масалан, бемор бўлсак, Аллоҳнинг аш‑Шофий – шифо берувчи деган буюк исми ёрдам беради. Камбағал бўлсак, Аллоҳнинг ал‑Муғний – беҳожат қилувчи деган буюк исми ёрдамга келади. Худди шунингдек, гуноҳкор бўлсак, Аллоҳнинг ал‑Ғаффор – мағфират қилувчи деган буюк исми ёрдамга келади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг 91 оятида Ўзини ал‑Ғофур деб атаган. Ал‑Ғаффор исми бешта оятда, ал‑Ғофир исми эса бир ўринда келган.

Аллоҳ таоло Ал‑Ғаффор исми билан банданинг Ўзига нисбатан қилган гуноҳларини яшириб, тўсиб қолади.

Аллоҳ таоло Ал‑Ғофир исми билан гуноҳкорнинг ўзини сатр қилиб, уни азобга тутмайди, шарманда қилмайди.

Аллоҳ таоло ал‑Ғофур исми билан кўплаб гуноҳкор бандаларнинг гуноҳини яшириб, уларни азобга гирифтор қилмай, афв этади.

Ушбу буюк исмларга иймон келтиришнинг самараси ниҳоятда улуғдир. 

Аввало Аллоҳ таоло ўзини ал-Ғаффор деб номлади. У Зот каттаю кичик хато ва гуноҳларни кечирувчидир. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

«Эй ўз жонига исроф (жабр) қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли, раҳмли Зотдир», деб айтган (Зумар сураси, 53‑оят).

«Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳнинг мағфиратли, раҳмли Зот эканини кўради» (Нисо сураси, 110‑оят).

 

Имом Аҳмад ўзининг «Муснад»ида шундай ривоят қилади:

Абу Саид ал‑Худрийдан ривоят қилинади: 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шайтон: «Эй Робб! Азизлигинг ҳурмати, модомики бандаларнинг руҳи жасадида турар экан, мен уларни йўлдан оздиравераман», деганида Робб таоло: «Азизлигим ва улуғлигим ҳурмати, модомики улар истиғфор айтишар экан, Мен уларнинг гуноҳларини кечиравераман», деди».

Агар банданинг тавбаси чин бўлса, унинг ёмонликларини яхшиликка ўзгартириш Аллоҳ таолонинг фазлу карамидандир. 

Мусулмон одамнинг «Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, раҳмдил Зот» деган ҳужжат билан гуноҳ-маъсиятларга енгил қараши жоиз эмас. Ҳақиқий мағфират гуноҳдан батамом қайтиб, астойдил тавба қилганларгагина насиб қилади, холос. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: 

«Агар аҳли солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У Зот сертавбалар учун сермағфиратдир» (Исро сураси, 25‑оят).

«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» (Тоҳа сураси, 82‑оят).

Демак, мағфиратга эришиш, мағфиратга лойиқ бўлиш учун ёмон ҳолатдан яхши ҳолатга батамом ўзгариш керак экан.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истиғфор айтишда бир неча лафзларни ишлатганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳаййул қоййум, ва атуубу илайҳ» (Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган, Ҳайюл Қойюм  бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан) деса, ҳатто жангдан қочган бўлса ҳам, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан  ривоят қилинади:

«Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат-Тавваабур-Роҳим» (РоббимМени мағфират қил, тавбамни қабул қил, ахир Сен тавбаларни қабул қилувчисан, раҳмдилсан) деб юз марта айтганларини санаганмиз».

Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилган.

 

Барчамиз бир қулмиз, бандамиз.  Банда сифатида Роббимизнинг бу буюк исмига нима алоқамиз бор? Бу алоқа шундан иборатки, Аллоҳ таоло гуноҳларни кўплаб кечирувчи Зотдир, шундай экан, биз ҳам бошқаларнинг хатосини кечиришни унутмайлик.

Дўстингиз бирор гуноҳга ботиб қолса, мўмин бўлсангиз, буни ҳеч кимга айтманг. Аллоҳнинг ал‑Ғаффор исмини биламиз. Аллоҳ бизнинг гуноҳимизни кечиргани каби, ўзимиз ҳам биродаримизнинг айбини кечириб, гуноҳларини яширишимиз шарт.

Аллоҳнинг ал‑Ғаффор исми бизни У Зотдан мағфират сўрашга ундаши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуб дуолардан бири «Аллоҳумма! Иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний» (Аллоҳим! Сен афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв этгин) деган дуо эди.

Мўмин кишининг ал‑Ғаффор исмидан оладиган насибаси – Аллоҳ яширган гуноҳни бошқалардан яшириш, мўмин ёки ғайримуслим бўлишидан қатъи назар, одамларнинг яширилган гуноҳларини ошкор қилмаслик, одамларнинг камчиликларини кечиришдир.

Аллоҳ таоло барчамизга тавбаи насуҳни, гуноҳларимиздан батамом қайтишни, афсус-надомат чекиб, бу гуноҳларга ҳеч қачон қайтмаслигимизни насиб этиб, Ўзининг Ғаффор сифати ила мағфиратига, раҳматига олсин, омин!


    (Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болаларни унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдакни ҳузурига келтирилди. давоми...

4771 17:04 / 08.01.2017
7. Фаришталарга руҳларни қабз қилиш вазифаси юкланган. Аллоҳ таоло Анъом сурасида .Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл давоми...

2826 00:00 / 25.10.2022
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. .Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди,, демаймиз.Шарҳ давоми...

5873 13:10 / 29.04.2019
Ислом мусулмонларни фаришталарга иймон келтиришга чақиради. Бу Иймон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, давоми...

6603 22:39 / 02.12.2016
Аудиолар

135061 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55339 14:35 / 11.08.2021