Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тавҳиднинг асли ва эътиқод тўғри бўлиши учун қуйидагиларни айтмоқ вожибдир: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, яхши-ёмон қадар Аллоҳ таолодан эканига, ҳисобга, мезонга, жаннат ва дўзах ҳаммаси ҳақлигига иймон келтирдим».
Аллоҳ таоло адад жиҳатидан эмас, Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан бирдир: «Айт: «У – Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир. (Ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир.) У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
У Ўзи яратган нарсалардан бирон нарсага ўхшамас. Унга Ўзи яратган нарсалардан биронтаси ўхшамас. У Ўзининг исмлари, зотий ва феълий сифатлари ила азалийдир ва абадийдир.
Зотийлари – ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш ва ирода.
Феълийлари – яратиш, ризқ бериш, иншоъ – пайдо қилиш, ибдоъ – ихтиро қилиш, сунъ – юзага чиқариш ва бошқа феъл сифатлари.
У исмлари ва сифатлари ила азалийдир, абадийдир. Унга янги исм ва сифат пайдо бўлмаган. У азалдан илми ила олимдир ва илм азалдан Унинг сифатидир. У азалдан қудрати ила қодирдир ва қудрат азалдан Унинг сифатидир. У азалдан каломи ила гапирувчидир ва калом азалдан Унинг сифатидир. У азалдан яратиши ила яратувчидир ва яратиш азалдан Унинг сифатидир. У азалдан феъли ила фоъилдир ва феъл азалдан Унинг сифатидир. Фоъил Аллоҳ таолодир. Феъл азалдан Унинг сифатидир. Мафъул – махлуқ, яъни яратилгандир. Аллоҳ таолонинг феъли махлуқ эмасдир. Унинг сифатлари азалийдир. Кейин пайдо бўлган ҳам, яратилган ҳам эмас. Бас, ким уларни «махлуқ» деса, «кейин пайдо бўлган» деса ёки тўхтаб қолса, ёхуд шак қилса, Аллоҳ таолога кофирдир.
Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи, мусҳафларда ёзилган, қалбларда ёд олинган, тилларда қироат қилинган, Набий алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир, уни ёзишимиз махлуқдир, уни қироат қилишимиз махлуқдир, Қуръоннинг ўзи эса махлуқ эмасдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда Мусо ва бошқа набий алайҳиссолату вассаломлардан ва фиръавн ва иблисдан ҳикоя қилароқ зикр қилган нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улардан хабар берган каломидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Мусо ва ундан бошқа махлуқларнинг каломи махлуқдир. Қуръон Аллоҳ таолонинг қадим каломидир. Уларнинг каломи қадим эмас.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг каломини эшитган. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Ва Аллоҳ Мусога ўзига хос гапирди», деган. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга гапирмаганида ҳам, гапирувчи бўлган. Аллоҳ таоло махлуқотларни халқ қилмасидан олдин ҳам азалдан холиқ эди. Унга ўхшаш ҳеч бир нарса йўқ. У ўта эшитувчи, ўта кўрувчидир.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга гапирганида Ўзига азалдан сифат бўлган каломи ила гапирган. У Зотнинг барча сифатлари махлуқларнинг сифатларига мухолифдир. У бизнинг илмимизга ўхшамаган илм ила билади, бизнинг қудратимизга ўхшамаган қудрат ила қодир бўлади, бизнинг кўришимизга ўхшамаган кўриш ила кўради, бизнинг эшитишимизга ўхшамаган эшитиш ила эшитади, бизнинг каломимизга ўхшамаган калом ила гапиради. Биз асбоб – аъзолар ва ҳарфлар ила гапирамиз. Аллоҳ таоло асбобсиз, яъни аъзоларсиз ва ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқдир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмасдир. У Зот бошқа нарсаларга ўхшамаган нарсадир. Нарсанинг маъноси унинг жисмсиз, жавҳарсиз ва сифатсиз исбот бўлишидир. У Зотнинг чегараси йўқдир, зидди, тенги, ўхшаши йўқдир. У Зотнинг қўли, юзи, нафси Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилганидек бордир. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган юз, қўл, нафс кабилар Унинг кайфиятсиз сифатларидир. «Унинг қўли – қудратидир ёки неъматидир», дейилмайди. Чунки бунда сифатни ботил қилиш бордир. Бу қавл аҳли қадар ва эътизолнинг қавлидир. Лекин Унинг қўли кайфиятсиз сифатидир. Ғазаби, ризоси ҳам У Зот таолонинг кайфиятсиз сифатларидир.
Аллоҳ таоло нарсаларни нарсасиз яратди. Аллоҳ таоло азалдан нарсаларни бўлишидан олдин ҳам билувчи эди. У Зотнинг Ўзи нарсаларнинг ўлчовини ва қазосини белгилагандир. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам У Зотнинг хоҳишисиз, илмисиз, қазо ва қадарисиз ҳамда Лавҳул Маҳфузга ёзишисиз бирор нарса бўлмайди. Лекин У Зотнинг ёзиши васф-сифатлашдир, ҳукм қилиш эмас. Қазои қадар ва машиъат У Зотнинг азалий кайфиятсиз сифатларидир.
Аллоҳ таоло йўқ нарсани йўқлик ҳолида йўқ деб билади. Шунингдек, уни вужудга келтирганида қандай бўлишини ҳам билади.
Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжуд нарсанинг мавжуд ҳолида мавжудлигини билади. Шунингдек, унинг қай ҳолда фанога юз тутишини ҳам билади.
Аллоҳ таоло тик турувчининг тик турган ҳолида тик турганлигини билади. У ўтирса, унинг ўтирган ҳолида ўтирувчилигини билади. Бунда У Зотнинг илми ўзгармайди ёки Унга янги илм пайдо бўлмайди. Ўзгариш ва ихтилофли бўлиш эса махлуқларга хосдир.
Аллоҳ таоло халойиқни куфр ва иймондан саломат қилиб яратган. Сўнгра уларга хитоб қилди, амр ва наҳий қилди. Куфр келтирган ўз амали, инкори, ҳақни тан олмаслиги ва Аллоҳ таоло уни тарк қилиши ила куфр келтирди. Иймон келтирган ўз амали, иқрори, тасдиғи ҳамда Аллоҳ таолонинг унга тавфиқ ва нусрат бериши ила иймон келтирди.
У Зот Одамнинг зурриёдини унинг сулбидан (пуштикамаридан) қумурсқа суратида чиқарди. Сўнгра уларга хитоб қилиб, иймонга амр қилди ва куфрдан қайтарди. Бас, улар У Зотнинг Робблигига иқрор бўлдилар. Бу эса улардаги иймон асоси бўлди. Улар ана ўша фитрат – табиат ила туғиладилар. Ундан кейин ким куфр келтирса, батаҳқиқ, (мазкур фитратни) алмаштирган ва ўзгартирган бўлади. Ким иймон келтирса, батаҳқиқ, (мазкур фитратда) собит қолган ва бардавом бўлган бўлади. У Зот Ўз яратганларидан бирортасини куфр ёки иймонга мажбур қилмаган ва уларни мўмин қилиб ҳам, кофир қилиб ҳам яратмаган. Балки уларни шахслар қилиб яратган.
Иймон ва куфр бандаларнинг амалидир. Аллоҳ таоло куфр келтирган кимсани куфри ҳолида кофир деб билади ва шундан кейин иймон келтирса, уни иймонга келиш ҳолида мўмин деб билади ва муҳаббат қилади. Буларнинг ҳаммаси У Зотнинг илми ва сифати ўзгармаган ҳолда бўлади.
Бандаларнинг ҳаракат, сокинлик ва бошқа барча амаллари ҳақиқатда уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло (ўша амалларнинг) яратувчисидир. Уларнинг барчаси Унинг машиъати, илми, қазоси ва қадари иладир. Тоатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг амри, муҳаббати, розилиги, илми, машиъати, қазоси ва тақдири ила вожиб бўлган. Маъсиятларнинг барчаси У Зотнинг илми, қазоси, тақдири, машиъати ила, муҳаббатисиз, розилигисиз ва амрисиздир.
Анбиё алайҳиссолату вассаломларнинг барчаси каттаю кичик гуноҳлардан, куфр ва қабоҳатлардан покдирлар. Улардан гоҳида баъзи тойилиш ёки қасдсиз хатолар бўлиши мумкин. Муҳаммад алайҳиссолату вассалом У Зотнинг ҳабибидир, бандасидир, расулидир, набийсидир, сафиййи (танлаб олгани) ва нақиййидир (поклаганидир). У зот санамга ибодат қилмаганлар, Аллоҳга кўз очиб юмгунча бўлса ҳам ширк келтирмаганлар ва кичик ҳамда катта гуноҳни мутлақо қилмаганлар.
Набийлар алайҳиссолату вассаломлардан кейин одамларнинг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб Форуқ, сўнгра Усмон ибн Аффон Зуннурайн, сўнгра Али ибн Абу Толиб Муртазо розияллоҳу анҳумдир. Ҳаммалари обидлар, ҳақда собитлар ва ҳақ билан биргалар. Барчаларини дўст тутамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг ҳар бирини фақат яхшилик ила зикр қиламиз. Гуноҳлардан бир гуноҳ туфайли, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам, модомики уларни ҳалол санамаса, мусулмонни кофир демаймиз. Ундан иймон исмини кетказмаймиз ва уни «ҳақиқатан мўмин» деб номлаймиз. Фосиқ мўмин бўлиши, кофир бўлмаслиги жоиз.
Икки маҳсига масҳ тортиш суннатдир. Рамазон ойи кечаларида Таровиҳ суннатдир.
Мўминлардан ҳар бир яхши ва фожирнинг ортидан намоз ўқиш жоиздир. «Мўминга гуноҳлар зарар қилмайди», демаймиз. «У дўзахга кирмайди», демаймиз. «У дўзахда абадий қолади», демаймиз. Агар фосиқ бўлса ҳам, фақат бу дунёдан мўмин ҳолида чиқса, бас. Муржиъаларга ўхшаб «Яхшиликларимиз мақбулдир, ёмонликларимиз мағфурдир», демаймиз. Лекин «Ким ҳамма шартлари ила бузувчи айблардан ва ботил қилувчи маънолардан холи яхши амал қилса, ҳамда уни куфр ва ридда (диндан қайтиш) ила бузмасдан, бу дунёдан мўмин ҳолида чиққан бўлса, Аллоҳ таоло уларни зое қилмайди, балки ундан қабул қилади ва савоб беради», деймиз.
Ширк ва куфрдан бошқа ёмонликлар қилган одам бу ёмонликлари учун тавба қилмасдан, мўмин ҳолида ўлган бўлса, у Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилинади. Хоҳласа, уни дўзах ила азоблайди. Хоҳласа, уни афв қилади ва асло дўзах ила азобламайди. Амаллардан бирида риёкорлик воқе бўлса, унинг ажрини ботил қилади. Шунингдек, манманлик ҳам.
Анбиёларнинг мўъжизалари собитдир. Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Аммо У Зотнинг душманлари бўлмиш иблис, фиръавн ва дажжол каби малъунлардан содир бўладиган ва хабарларда «бўлди» ва «бўлади» деб ривоят қилинган нарсаларни мўъжиза ҳам, каромат ҳам деб номламаймиз. Балки «уларнинг ҳожатларини раво қилувчи нарсалар» деб номлаймиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўз душманларини даражама-даража олиш ва уқубатга гирифтор қилиш учун уларнинг ҳожатларини раво қилиб қўяди. Улар бундан ғурурга кетиб, туғёнлари ва куфрлари зиёда бўлади. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.
Аллоҳ таоло халқ қилишдин олдин Холиқ, ризқ беришидан олдин Розиқ эди.
Аллоҳ таоло охиратда кўринади. Уни мўминлар жаннатда турганларида бошларидаги кўзлари билан ташбиҳсиз ва кайфиятсиз кўрадилар. У Зот билан халқининг ўртасида масофа бўлмайди.
Иймон – иқрор ва тасдиқдир. Осмон ва ер аҳлининг иймони Унга мўмин бўлувчи тарафидан зиёда ва ноқис бўлмайди. Яқийн ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ёки ноқис бўлади. Мўминлар иймон ва тавҳидда тенг ҳамда амалларда бир-бирларидан афзалдир.
Ислом – Аллоҳ таолонинг амрларига таслим бўлиб, бўйсунмоқдир. Бас, луғавий жиҳатдан иймон билан Исломнинг орасида фарқ бор. Лекин Исломсиз иймон ва иймонсиз Ислом бўлмас. Иккиси худди ич ва таш кабидир.
Дин – иймон, Ислом ва шариатнинг тўплами исмидир.
Аллоҳ таоло Ўзини Китобида сифатлаган барча сифатлари ила У Зот ҳақида ҳақиқий маърифат ҳосил қиламиз. Ҳеч ким Аллоҳ таолога У Зот муносиб бўлган даражада ҳаққини адо этиб ибодат қила олмайди. Лекин У Зотнинг амри ила худди Китобида ва Расулининг суннатида амр қилганидек ибодат қилади.
Мўминларнинг барчалари маърифат, яқийн, таваккул, муҳаббат, ризо, хавф, ражо ва иймонда тенгдирлар. Ўша нарсаларнинг иймондан бошқасида бир-бирларидан афзал бўлишлари мумкин.
Аллоҳ таоло бандаларига фазл кўрсатувчи ва одилдир. Гоҳида У Ўз фазлидан бандага берилиши керак бўлган савобни бир неча баробар кўпайтириб беради. Гоҳида гуноҳ учун Ўз адолати ила уқубат беради, гоҳида Ўз фазли ила афв қилади.
Анбиё алайҳиссолату вассаломларнинг шафоатлари ҳақдир. Набийимиз алайҳиссолату вассаломнинг шафоатлари гуноҳкор мўминларга ва улардан катта гуноҳларни қилганларига, уқубатга сазовор бўлганларига ҳақ ва собитдир. Қиёмат куни амалларнинг торозида тортилиши ҳақдир. Набий алайҳиссолату вассаломнинг ҳавзлари ҳақдир.
Қиёмат куни хусуматчилар орасида яхшиликлардан олиб бериш ила қасос олмоқ ҳақдир. Агар уларнинг яхшиликлари бўлмаса, зиммаларига хусуматчининг ёмонлиги осилиши ҳақ ва жоиздир.
Бугунда жаннат ва дўзах яратилгандир ва улар абадий фоний бўлмаслар. Ҳури ийнлар ўлмаслар, абадийлар. Аллоҳ таолонинг уқубати ва савоби фоний бўлмас, доимийдир. Аллоҳ таоло Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоятга солади ва Ўз адли ила хоҳлаган кимсани залолатга солади. У Зотнинг залолатга солиши қаровсиз ташлаб қўйишидир. Қаровсиз ташлаб қўйишнинг тафсири бандани Ўзи рози бўладиган нарсага тўғриламаслигидир. Бу У Зотнинг адолатидандир. Шунингдек, қаровсиз ташлаб қўйилганни маъсияти учун уқубатга дучор қилиш ҳам адолатидандир.
«Шайтон мўмин банданинг иймонини ундан қаҳр ва жабр ила суғуриб олади», демоғимиз жоиз эмас. Лекин «Банда ўз иймонини кирлаштиради, ана ўшанда шайтон уни олади», деймиз.
Мункар ва Накирнинг сўроқ-саволи ҳақдир. Бу қабрда бўлади. Банданинг жасадига руҳи қабрида қайтарилиши ҳақдир. Қабрнинг эзиши ва азоби ҳақдир. Бу нарса кофирларнинг барчасига, осий мўминларнинг баъзисига бўлади. Уламолар форсча зикр қилган Аллоҳ таолонинг сифатларидан форсча «қўл» дейишдан бошқаси жоиздир. «Барўи Худои азза ва жалла» каби ташбиҳсиз ва кайфиятсиз айтмоқ жоиздир.
Аллоҳнинг яқинлиги ёки узоқлиги масофанинг узун-қисқалиги маъносида эмас. Лекин икром қилиш ёки пастга уриш маъносидадир. Итоаткор У Зотга кайфиятсиз яқиндир. Осий У Зотдан кайфиятсиз узоқдир. Яқинлик, узоқлик ва қаршилаш муножот қилувчига воқе бўлади.
Шунингдек, жаннатда ёнида туриш ва олдида туриш ҳам кайфиятсиздир. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингандир. У ҳарфлар-ла ёзилгандир. Қуръоннинг оятлари барчаси калом маъносида фазл ва улуғликда баробардир. Аммо баъзиларининг фазли зикр қилингандир. Баъзиларида зикр қилинган нарса фазллидир. Мисоли: «Оятул Курсий». Бу оятда Аллоҳ таолонинг жалоли, азамати ва сифатлари зикр қилинган. Бу оятда икки фазл жам бўлган: зикрнинг фазилати ва мазкурнинг (зикр қилинганнинг) фазилати. Баъзи оятларда фақат зикр фазилати бўлади, холос. Бунга кофирларнинг қиссалари мисол бўлади. Бундай оятда мазкур, яъни зикр қилинганнинг фазли йўқ. Чунки улар кофирлардир. Шунингдек, исмлар ва сифатларнинг ҳаммаси ҳам улуғлик ва фазлда баробардирлар. Ораларида тафовут йўқ.
Қосим, Тоҳир ва Иброҳим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари бўлган. Фотима, Руқайя, Зайнаб ва Умму Кулсум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қизлари бўлган ва у зот улардан рози бўлганлар.
Қачон инсонга илмут-тавҳиднинг нозик масалаларидан бири мушкул бўлиб қолса, у дарҳол олим шахсни топиб сўрагунча, Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлган эътиқодни ният қилиши лозим. Сўровни ортга суришга ўрин йўқ. Тўхтаб туриши ила узрли бўлмайди. Агар туриб қолса, кофир бўлади.
Меърожнинг хабари ҳақдир. Ким уни рад қилса, у залолатга кетган бидъатчидир. Дажжолнинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжуж, қуёшнинг мағрибидан чиқиши, Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва қиёматнинг саҳиҳ хабарларда келган бошқа аломатлари бўлиши ҳақдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир».
«Ал-Фиқҳул Акбар»нинг ривоятлари.
«Ал-Фиқҳул Акбар»ни имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан бир неча киши, жумладан, у кишининг ўз ўғиллари Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоятни мулла Али Қори шарҳ қилган.
Шунингдек, «Ал-Фиқҳул Акбар»ни Абу Мутиъ Балхий ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоят «Ал-Фиқҳул Абсат» деб номланган ва Абуллайс Самарқандий ва Ато ибн Али Жузжоний шарҳ қилганлар.
Мазкур ривоят ва шарҳлардан бошқалари ҳам бўлиб, уларнинг ичида Абу Мансур Мотуридийга мансуб шарҳ ҳам бор.
«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан