Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (67-дарс). Набий ва расул орасидаги фарқ

19:30 / 06.01.2020 4689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳеч бир бандага: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман», дейиш тўғри келмайди», деганлар. Яъни Юнус алайҳиссаломдан мазкур иш воқе бўлса ҳам, у киши авом мусулмонлар қаторига тушиб қолмайдилар. Агар улар авлиё, атқиё ва солиҳлар бўлса ҳам. Чунки набий бўлмаган одам набийдан афзал бўлиш у ёқда турсин, набий мартабасига ҳам ҳеч қачон ета олмайди.

Ва Роббул оламиннинг ҳабибидирлар.

Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзига ҳабиб қилиб олган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳга муҳаббат қилган.

Далиллар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги икки ҳадис:

1. «Аллоҳ худди Иброҳимни халил этиб олганидек, мени ҳам халили этиб олди» (Муслим ва Абу Авона ривоят қилишган).

2. «Агар ер аҳлидан ўзимга халил олганимда, албатта, Абу Бакрни халил этиб олардим. Лекин сизнинг соҳибингиз Роҳманнинг халилидир» (Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Ушбу икки ҳадисдан «Халиллик Иброҳимга, ҳабиблик Муҳаммадга, Иброҳим Аллоҳнинг халилидир, Муҳаммад Аллоҳнинг ҳабибидир», деганларнинг гапи ботил экани зоҳир бўлади. Балки икковлари ҳам Аллоҳнинг халилларидир. Халиллик бирларига Қуръон йўли билан, бошқаларига суннат йўли билан собит бўлгандир.

У зотдан кейинги ҳар бир набийлик даъвоси залолат ва ҳавойи нафсга эргашишдир.

Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ким набийликни даъво қилса, бу даъво залолатдан ва ҳавойи нафсга эргашишдан бошқа нарса эмас. У зотдан кейин набийлик йўқлиги собит бўлганидан кейин, ким набийликни даъво қилса, ёлғончи экани ўз-ўзидан маълум. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг охирги Набий эканликлари ҳақида хабар берганидан кейин, биров келиб, набийликни даъво қилиши ва бу даъвосида ёлғончилиги аломати зоҳир бўлмаслиги амримаҳолдир.

Далиллар:

«Ва лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир» ояти ва юқорида келтирилган ҳадислардир (Аҳзоб сураси, 40-оят). Бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги Набий эканларининг самарасидир.

У зот жинларнинг ҳаммасига ва инсларнинг ҳаммасига ҳаққу ҳидоят, нуру зиё билан юборилгандирлар.

Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни жамики инсонларга ва жинларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бериш, Қуръонни ўргатиш, ҳикматни ўргатиш, турли ақийдавий, ахлоқий ва амалий ифлосликлардан поклаш учун юборди. Бас, у зот ҳидоят ва ҳақ дин ила ушбу ҳақ динни бошқа динлардан устун қилиш учун келдилар.

У зотнинг жинларга Набий эканликлари ҳақида қуйидаги икки оят келтирилади. Биринчи оятда жинларнинг тилидан:

«Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига ижобат қилинг», дейилган (Аҳқоф сураси, 31-оят).

Иккинчи оятда эса яна жинлар ҳақида:

«Бас, улар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик, у тўғриликка бошлайди. Бас, унга иймон келтирдик», дейилган (Жин сураси, 1-2-оятлар).

У зотдан олдин ҳам жинларга набий келганми? Ҳа, келган, бунга қуйидаги оятлар далилдир:

«Эй жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Расуллар келмаган эдими?» (Анъом сураси, 130-оят);

«Албатта, Биз Мусодан кейин нозил қилинган китобни эшитдик» (Аҳқоф сураси, 30-оят).

Жинлар тилидан айтилган бу гапдан билиниб турибдики, Мусо алайҳиссалом жинларга ҳам юборилган эдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг инсонларнинг ҳаммасига Набий этиб юборилганликларининг далиллари қуйидагилар:

«Биз сени фақат одамларнинг барчасига башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик» (Сабаъ сураси, 28-оят);

«Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг ҳаммангизга Аллоҳнинг Расулиман» (Аъроф сураси, 158-оят);

«Ва менга ушбу Қуръон, у билан сизларни ва у етган кимсаларни огоҳлантириш учун ваҳий қилинди» (Анъом сураси, 19-оят);

«Биз сени одамларга Расул этиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳ кифоя қилур» (Нисо сураси, 79-оят);

«Одамларга ўзларидан бўлган бир кишига «Одамларни огоҳлантир», деб ваҳий қилишимиз ажабланарли бўлдими?!» (Юнус сураси, 2-оят);

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли бўлди» (Фурқон сураси, 1-оят).

Ушбу оятдаги «оламларга» сўзи инсу жинни ўз ичига олади.

Шунингдек, бу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам келган. Мисол учун, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга беш нарса хос қилиб берилгани тўғрисидаги ҳадисда:

«Ва одамларнинг ҳаммасига юборилдим», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ушбу умматдан хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний бўлсин, мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра менга иймон келтирмаса, албатта дўзахга киради», деганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаққу ҳидоят, нуру зиё билан келганликларига далил қуйидаги оятлардир:

«У Зот Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборгандир» (Фатҳ сураси, 28-оят);

«Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринг» (Тағобун сураси, 8-оят);

«Батаҳқиқ, сизга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин китоб келди» (Моида сураси, 15-оят);

«Аллоҳга Унинг изни ила даъват қилувчи ва нур таратувчи чироқ (қилиб юбордик)» (Аҳзоб сураси, 46-оят).

(Тамом)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Холиқ,нинг маъноси .Бориъ, билан бирга келганда .тақдир қилувчи, ndash .ўлчовли қилувчи, бўлади. .Бориъ,нинг маъноси эса .пайдо қилувчи,, .вужудга келтирувчи, бўлади. давоми...

5217 20:05 / 02.12.2019
.Қиёмат, сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб, тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа .ҳисоб куни,, .охират давоми...

2148 19:00 / 10.05.2023
1. Савол Худонинг борлигига далил нимаЖавоб 1. Худога ишониш инсоннинг фитрати туғма мойилликлари ва хусусиятларида бордир. Ҳозирги позитив ва ижтимоий илмфан давоми...

4898 18:05 / 01.11.2018
Ақоид илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир толиби илм билиши зарур бўлган тоифалар ndash ўзини илми каломга урган фирқалар қуйидагиларХаворижМусулмонларнинг давоми...

8693 10:46 / 15.10.2018