Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (141-дарс). Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир

17:00 / 05.07.2021 3322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

وَقَالَ عُبَادَةُ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ لاِبْنِهِ: يَا بُنَيَّ إِنَّكَ لَنْ تَجِدَ طَعْمَ حَقِيقَةِ اْلإِيمَانِ حَتَّى تَعْلَمَ أَنَّ مَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَمَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، سَمِعْتُ رَسُولَاللهِصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ أَوَّلَ مَا خَلَقَ اللهُ الْقَلَمَ، فَقَالَ لَهُ: اكْتُبْ، فَقَالَ: رَبِّ وَمَاذَا أَكْتُبُ؟ فَقَالَ: اكْتُبْ مَقَادِيرَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ». يَا بُنَيَّ، إِنّي سَمِعْتُ رَسُولَاللهِصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ مَاتَ عَلَى غَيْرِ هَذَا فَلَيْسَ مِنِّي». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғлига шундай деган:

«Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини тота олмассан.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса – Қаламдир. У Зот унга: «Ёз», деди.

«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.

«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди».

Эй ўғлим! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким мана шундан бошқа(ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганларини эшитганман».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласи бор ҳадисларини мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадис, деб атаган эдик. Ушбу ҳадис эса мусулмон инсоннинг бўлиб ўтган ишларида қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадисдир.

Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига қазои қадарга иймон келтиришдан дарс берганлар. У киши ўз ўғилларига мурожаат қилиб:

«Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини тота олмассан», демоқдалар.

Қаранг, иймон ҳақиқатининг таъми – қазои қадарга ишонишда! Ўзига етган нарсани: «У мени четлаб ўтиши мумкин эмасди, шу нарса албатта бўлиши керак эди», деб билишда! Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани: «Бу шундай бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан!

Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда.

«Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини...»

Яъни сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, Иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан!

«Бу яхшилик ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди», деб ўзингдан кетма.

«Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди», деб Аллоҳга шукр айт!

Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан!

«Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундай бўлмаганда, бундай бўлар эди», дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин!

Қачон «Шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина, иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.

Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни самарасиз уриниш ва вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш керак.

«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан».

Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб: «Ундай қилмай, бундай қилганимда, бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди», деб юрма!

Ёки «Бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени четлаб ўтмас эди», деб юрма! Ундай қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан.

«Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина, иймон ҳақиқати таъмини топа оласан! Чунки шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўласан!

Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик қилиб, бу ёмонликдан четланиб қолдим», деб қувонма! «Фалончининг ёрдами бўлмаганда, ишим чатоқ эди», деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан!

«Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди», дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан келиб чиққан. Буни таъкидлаб, билдириб қўймоқдалар:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса – Қаламдир. У Зот унга: «Ёз», деди.

«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.

«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди».

Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб, Қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша нарсага ҳар бир мусулмон иймон келтириши керак. Ана ўшанда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.

Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мана шундан бошқа(ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «менинг йўлимда эмас» деганларидир. Бу эса жуда оғир гапдир. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ асрасин.

Бу ҳадиснинг ҳикмати қазои қадар ақийдасидан кўзланган ҳикматнинг асосини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди. Бу эса инсоният учун жуда зарур нарсадир.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қазои қадар ақийдаси асосан бўлиб ўтган нарсага нисбатан ишлатилади. Бировга мусибат етади, бировнинг бошига оғир иш тушади, молида, жонида нуқсонга учрайди, яна биров кўзлаган яхшилигига эриша олмайди.

Ана шунда афсус-надомат бошланади. Умидсизлик юзага чиқади. «Нима учун шундай бўлди?» деган савол пайдо бўлади. Бу мусибатларнинг сабабини ахтара бошлайди. Ўз фикрича мусибатига сабабчи бўлганларга душманлик қилишни бошлайди. Ўзи руҳий-маънавий зарар кўргани етмагандек, бошқаларга зарар етказиш, ижтимоий алоқаларни бузиш ҳам бошланади. Қўйингки, ўтиб кетган иш учун, қайта тиклаб бўлмайдиган нарса учун ҳуда-беҳуда зарар кўриш бошланади.

Қазои қадарга ишонган одам эса ушбу ҳадиси шарифга амал қилади-да, «Менга етган ушбу нарса мени четлаб ўтиб-кетиши мумкин эмас эди, муқаррар иш бўлди. Қазои қадардаги бор нарсага беҳуда афсус-надомат чекиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, энди ўзимга муяссар бўлган ишни қилишдан қолмай», дейди.

Беҳудага асабини бузишдан, руҳий – маънавий эзилишдан, ақл-заковат, куч-қудрат сарфлашдан, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказишдан тийилади. Куч ва имкониятларини келажаги учун сарфлашга ўтади.

Бу ҳолат фақат мусулмонларда бўлиши мумкин, холос.

Франциялик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақидаги хотираларида жумладан, қуйидаги маъноларни айтади:

«Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб, кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерлик аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб, ўзларини, молу-мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса, учириб кетар эди.

Шамол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Тирик ҳайвон қолгани аломати ҳам йўқ эди. Дову дарахт, экин-тикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман, ҳаётнинг асари қолмади. Биз ўзимизча: «Энди ерлик аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак», деб ўйлар эдик.

Шамол тўхтади. Аммо биз кутган нарсаларнинг бирортаси ҳам бўлмади. Ҳеч ким «дод-вой» солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб, ҳеч нарса бўлмагандек, қолган-қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Биров кўрилган зарарига афсус-надомат чекмас, фақат қолган нарсалардан фойдаланиб, ҳаётни аввалгидай давом эттириш пайидан бўлар эди. Бу оддий, саҳровий одамларнинг ўзларини тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди.

Сўраб-суриштириб, уларнинг қазои қадарга ишонишларини, ўша ақийдага биноан иш тутаётганларини билдим».

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. давоми...

5058 19:18 / 02.12.2016
Ислом мусулмонларни фаришталарга иймон келтиришга чақиради. Бу Иймон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, давоми...

6684 22:39 / 02.12.2016
Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар У билан ўзаро сўровда давоми...

5840 15:14 / 07.11.2017
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлАзизАлАзиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. давоми...

14993 08:19 / 20.04.2017