Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (121-дарс). Ҳаракат далили (3-қисм)

13:00 / 15.02.2021 4080 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Ар-Роҳман сураси тафсиридан иқтибослар:

 الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ۝

«Қуёш ва ой ҳисобдадир» (5-оят).

Яъни қуёш ва ой барча жиҳатдан – ҳажми, ҳаракати, жойлашиши, улардаги моддалар ва бошқа жиҳатлардан ҳисоб-китобли, ўлчовлидир.

Қуёш ердан тўқсон икки ярим миллион мил узоқдадир. Агар ушбу масофадан озгина яқин бўлса, ер ёниб ёки эриб кетиши керак эди. Аксинча, сал узоқ бўлса, ер музлаб қоларди, иккала ҳолда ҳам ундан асар қолмас эди.

Қуёшнинг бизга етиб келаётган ҳарорати, унинг мукаммал ҳароратининг икки миллиондан бири, холос. Шугина ҳарорат бизнинг ҳаётимизга зарур экан, шугина кел­япти. Ундан ортиқ ҳам эмас, кам ҳам эмас.

Шунингдек, ойнинг ҳажми ва ердан узоқлик масофаси сал ўзгарса, ер юзи остин-устун бўлиб кетиши мумкин. Агар ойнинг ҳажми ҳозиргисидан жиндак каттароқ бўлса, унинг тортишиш кучи кўпайиб, барча тарафда сув тошқини бўлиб, ер юзини тўфон босар эди.

Ой билан қуёшни инсоннинг яшаши учун қулай ва фойдали қилиб берган зот ким?

Бундай улкан юмушни Роҳман сифатли Аллоҳ бажармаса, бошқа ким ҳам қила олар эди?!

 وَالْأَرْضَ وَضَعَهَا لِلْأَنَامِ۝

«Ва ерни халойиқ учун қўйди» (10-оят).

Араб тилида «халойиқ» сўзи жонзот маъносида ҳам ишлатилади. Яъни ерни Аллоҳ таоло барча жонзотлар учун муносиб қилиб қўйди.

Маълумки, ер борлиқдаги сон-саноқсиз мавжудотлардан биттаси, уларнинг ҳам энг кичикларидан бири ҳисобланади. Лекин ўша ернинг яратилиши, унинг жонзотлар яшаши учун мос бўлиши ва ҳоказо ҳолатлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратининг ёрқин далилидир.

Бошқа сайёраларда нима учун жонзотларнинг яшашига имконият йўқ?

Ердаги ҳаво, сув, тупроқ, ернинг тортишиш кучи ва бошқа миллионлаб хусусиятларни ким вужудга келтирди?

Ким фақат вужудга келтирибгина қолмай, уларни бир-бирига мослаб, жонзотлар учун, уларнинг ҳаёт кечириши учун, хусусан, инсон учун хизматкор қилиб қўйди?

Буларнинг бирортасини ҳам Роҳман сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди!

 فِيهَا فَاكِهَةٌ وَالنَّخْلُ ذَاتُ الْأَكْمَامِ۝

«Унда мева-чева ва гулкосали хурмолар бор» (11-оят).

Аллоҳ таоло ерни яшаш учун мослаб қўйган деганда, жонзотларнинг ризқ-рўзини сероб қилгани ҳам назарда тутилади. Турли-туман мева-чевалар ичида гулкосали хурмолар ҳам борлигини алоҳида зикр қилаётганининг боиси – хурмо араб диёрида энг сероб мева бўлиб, таркибида беҳисоб фойдали моддалар мужассамдир.

Меваларнинг шаклини, таъмини, фойдалилик ва шифобахшлик даражаларини турли-туман қилиб ким яратди?

Нима учун бир ерда ўсган турли меваларнинг таъми турлича бўлади?

Уларга рангни ким берган экан?

Буларнинг барчасини Роҳман сифатли Аллоҳ таоло ато қилмаса, бошқа кимнинг ҳам қўлидан келарди.

 وَالْحَبُّ ذُو الْعَصْفِ وَالرَّيْحَانُ۝

«Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор» (12-оят).

Мевалар лаззатланиш учун истеъмол қилинса, ушбу оятда асосий озуқа бўлмиш донли неъматлар эслатилмоқда. Шу билан бирга, инсон тўла роҳат олиши хушбўй ҳидларни ҳидлаш билан бўлиши эътиборидан райҳон ҳам зикр қилинмоқда.

Ҳар бир донли экиннинг ўсиши, дон бўлиши ва унинг жонзотларга озуқа бўлиши алоҳида-алоҳида мўъжиза эмасми?! Донларга озуқа бўлиш хусусиятини ким берди экан? Албатта, Роҳман сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди!

Дунёда қанчадан-қанча хушбўй гуллар бор. Уларнинг чиройини айтмайсизми! Рангларининг хилма-хиллигини айтмайсизми! Қайси рассом уларга бўёқ берди экан? Ҳидларини-чи? Ҳидларни қаёқдан олишди у гуллар?

Жавоб битта: буларга фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таологина қодир.

 مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ۝

«Икки денгизни учрашадиган қилиб оқизиб қўйди» (19-оят).

Матндаги «икки денгиз» жумласини уламолар икки хил – чучук ва шўр сувли денгиз деб изоҳлашган. Бизнинг тилимизда чучук сувлиси дарё дейилгани учун буни дарё-денгизлар деб тушуниш мумкин. Бу маънони алоҳида таъкидлаб шарҳлашнинг боиси кейинроқ аён бўлади. Чучук ва шўр сувли дарё  ва денгизларнинг учрашиб туришида катта илоҳий мўъжиза бор экан. Бу келаси оятдан билинади.

 بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَّا يَبْغِيَانِ۝

«Ўрталарида тўсиқ, ошиб ўтолмаслар» (20-оят).

Яъни шўр денгиз билан чучук сувли дарё ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар бир-бирларига аралашиб кетмайди.

Ҳақиқатан ҳам, дарёларнинг суви денгизларга тинмай қуйилиб туришига қарамай, денгизнинг суви чучук бўлиб, дарёнинг суви шўр бўлиб қолмайди.

Денгиз илми билан шуғулланувчи олимлар аниқлашларича, иккисининг орасида маълум чизиқ бўлиб, шўр ёки чучук сувлар ўша чизиқдан на у ёққа, на бу ёққа ўта олишар экан.

Араб олимларидан доктор Муҳаммад Мутаваллининг таъкидлашларича, Форс кўрфазида денгиз остидан чучук сувли булоқлар куч билан отилиб чиқар экан. Олимлар текшириш ўтказганларида, ўша булоқларнинг суви денгизнинг шўр сувига ҳеч аралашмасдан, юқорига отилиб чиқаркан. У булоқлар Кўкбод номи ила машҳур бўлиб, улардан ғоввослар ичиб, фойдаланишар экан.

Шўр сувли денгиз ўртасида ширин сувнинг отилиб чиқиб, аралашиб кетмаслиги мўъжизаси ушбу оятда зикр қилинган ҳолатни яна бир бор тасдиқлайди. Бу ҳақда мутахассис олимлар ҳужжат ва далил билан кўпгина илмий асарлар ёзганлар.

Ер юзидаги шўр ва чучук сувларнинг дарё-денгизларга бўлиниб, миқдорлари аниқ бир ўлчовларда мувофиқ келиб қолиши ўз-ўзидан, бекордан-бекорга бўлиб қолганмикан?

Аввало, бирор томчи сув яратишга қодир зот бормикан?!

Йўқ, албатта. Фақат Роҳман сифатли Аллоҳгина бу улуғ неъматни беришга қодир.

Агар ҳозирги сувнинг ҳажми ер куррасининг тўртдан уч қисмини эгалламаса  нима бўларди? Сувнинг кўпи шўр бўлмаса-чи? Йўқ, бўлмасди. Ҳаммаёқ сасиб кетарди. Ерни тозалаб, турли заҳарли газларни ҳазм қилиб турган нарса ушбу шўр сув эмасми? Ва ҳоказо... Буларнинг ҳаммасини жонзот учун, хусусан, инсон учун фойдали қилиб берган Роҳман сифатли Аллоҳ таоло эмасми?!

 فَبِأَيِّ آلَاء رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ۝  يَخْرُجُ مِنْهُمَا اللُّؤْلُؤُ وَالْمَرْجَانُ۝

«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?! У иккисидан дур ва маржон чиқар» (21-22-оятлар).

Яъни бу икки дарё-денгиздан луълуъ ва маржон чиқади. Луълуъ денгиздаги сон-саноқсиз ажойиботлардан биридир. У денгизнинг энг қаърида, садафнинг ичида, турли хавф-хатарлардан сақланган ҳолда бўлади. У бир ҳайвон бўлиб, ўзининг тузилиши ва ҳаёт тарзи билан бошқа жониворларнинг барчасидан ажралиб туради. Унинг луълуъга айланиши жараёни ҳам ажиб. Мазкур ҳайвоннинг овчининг тўрига ўхшаш нозик тўри бўлиб, қорнига сувнинг тозаланиб киришини таъминлайди. Ўша тўрнинг остида ҳайвоннинг оғизлари, ҳар бир оғизнинг тўрттадан лаби бор. Агар қум ёки майда тош ёки зарарли жажжи ҳайвон садаф ичига кирса, ҳалиги ҳайвон ўзидан ёпишқоқ модда чиқара бошлайди ва кирган нарсани у билан қоплайди. Сўнгра у қотиб, луълуъга айланади.

Маржон ҳайвони ҳам худди шундай ҳолатдадир. Ушбу денгиз неъматларини Роҳман сифатли Аллоҳ бермаса, ким беради?!

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир рохманир рохиймҲеч ким гуноҳ қилишдан тўлиқ муҳофазаланган эмас ndash бу инсониятнинг табиатидир. Хамда, ҳадисда айтилишига биноан, жаннатийлар давоми...

12063 14:18 / 24.05.2018
Бу ҳақда юқорида эслатилган китобда шундай дейиладиБиз жамоатни .ҳақ ва тўғри, деб, тафриқани .тойилиш ва азоб, деб биламиз.Шарҳ Яъни .Саҳобалар жамоасига, давоми...

3931 05:00 / 07.03.2017
1. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг мустафо бандаси, мужтабо набийси ва муртазо Расулидир. Шарҳ Билингки, мустафо, мужтабо ва муртазо давоми...

4299 23:05 / 02.12.2016
Аввал Аллоҳга иймон ҳақида сўз юритайлик..Аллоҳнинг борлигига ишонаман,, дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ давоми...

5513 16:05 / 04.11.2019
Аудиолар

135046 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55321 14:35 / 11.08.2021