Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (4-дарс). Ақийдавий фирқаланиш. Шийъа

10:53 / 19.10.2018 7282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шийъа» сўзи «тарафкаш» деган маънони англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган. Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлар кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алининг ўзлари ҳам бу гаплардан бехабар ўтганлар. Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тарафкашлик оқибатида, мухолиф тарафга зид ўлароқ, аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.

Тарихчилардан баъзилари: «Бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффийн» урушига тўғри келади», дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетганлар.

Ҳозирги кунда Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил саналадиган энг асосий шийъа мазҳаби «Имомия» ёки «Исно ашария» деб номланади. Яъни улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар. Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйидагилар:

1. Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу.

2. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу.

3. Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу.

4. Али Зайнул Обидин ибн Ҳусайн.

5. Муҳаммад Боқир ибн Али Зайнул Обидин.

6. Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Боқир.

7. Мусо Козим ибн Жаъфар Содиқ.

8. Али Ризо ибн Мусо Козим.

9. Муҳаммад Жавод ибн Али Ризо.

10. Али Ҳодий ибн Муҳаммад Жавод.

11. Ҳасан Аскарий ибн Али Ҳодий.

12. Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарий.

Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми Муҳаммад Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида Сорраман Раъо деган жойда отасининг ҳовлисидаги ғорга ўхшаш жойга кириб кетган-у, бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қиладилар.

Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича, имомлик, яъни ягона диний раҳбар зарурий бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алига васият қилганлар, ўз навбатида ҳазрати Али имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.

Шийъаларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок, тўлиқ илм соҳиби бўлади. Набийдан фарқи ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар.

Улар ҳар куни Шом намозидан кейин «Имом Маҳдий кириб кетган», деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра «Эртага қайтиб келамиз», деб тарқалишади. Улар, имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.

Имомия шийъаларининг энг машҳур ақийдаларидан бири «тақийя»дир. Яъни бу – «Инсон ўзини сақлаш учун баъзи ҳийла ва алдовларни ишлатиши мумкин» деган гап. Имомия мазҳабидагилар ҳузурида «тақийя» диннинг аслидан ҳисобланади, ким унга амал қилмаса, намоз ўқимаган билан баробар бўлади. Ким уни тарк қилса, диндан чиқади. Бу гапларига ўзларининг бешинчи имомлари Жаъфар Содиқнинг «Тақийя менинг ва оталаримнинг дини, кимнинг тақийяси бўлмаса, иймони ҳам йўқдир», деган гапини далил қилиб келтирадилар.

Имомия шийъаларини машҳур қилган сабаблардан бири «мутъа» никоҳидир. Яъни ҳузурланиш учун уйланиш. Бир аёл билан келишиб, ҳақини бериб, маълум муддат, кун ёки соатга никоҳ қилиб олиш. Улар мутъа никоҳи «энг яхши ибодат», «қурбат ҳосил қилишнинг афзал йўли», деб эътиқод қиладилар.

Шийъалар кўпчилик саҳобаларни, айниқса уч халифа: Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зиннурайниларни лаънатлашади. Уч халифа зулм билан Алидан халифаликни тортиб олишган, деб айблашади. Шунингдек, улар Оиша онамизни ҳам сўкадилар. Шундан келиб чиқиб, улар ҳазрати Алидан бошқа саҳобалар ривоят қилган ҳадисларни қабул қилмайдилар.

Баъзи муболағага кетган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни «Ваҳийни адашиб Алига эмас, Муҳаммадга олиб тушган», деб айблайдилар.

Шийъаларнинг ўзларига хос байрамлари бор. Улардан бири «Ғадийр ҳайити» бўлиб, зулҳижжа ойининг 18-куни нишонланади ва «катта ҳайит» деб номланади. Уларнинг эътиқоди бўйича бу ҳайит Қурбон ва Рамазон байрамларидан ҳам улуғ ҳисобланади. Шийъаларнинг айтишларича, худди шу куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига халифаликни васият қилган эмишлар.

Шунингдек, улар форсларнинг қадимий байрами саналмиш Наврўзни ҳам байрам қиладилар.

Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳисобланади. Улар имом Ҳасан, имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Эътиқодлари бўйича, ўша кунлари ким ўзини кўпроқ қийнаса, шунча кўп савоб олади.

Имомия шийъаларининг Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига нисбатан энг катта ақийдавий хилофларидан бири – у дунёда мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўрмайдилар, деб эътиқод қилишларидир.

Имомия шийъаларининг хилофлари фақат ақийдавий масалалар билан чекланиб қолмайди, балки фиқҳ масалаларида, яъни шариатга амал қилиш бобида ҳам кўп. Уларнинг фиқҳи «жаъфарий фиқҳ» ҳам дейилади. Ўзлари ҳам «Биз жаъфарийлармиз», дейишади. Бу гап бешинчи имомлари Жаъфар Содиққа берилган нисбатдир.

Баъзи мисоллар келтирадиган бўлсак, шийъалар таҳорат қилганда оёқларини ювмайдилар, балки оёқларига масҳ тортадилар. Шунингдек, пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқийдилар.

Имом йўқолганлиги, имомликка муносиб шахс йўқлиги сабабли жамоат намози ўқимайдилар ва ҳоказо.

Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Эрондан уйланишлари бўлган, дейдилар. Шу қаробат туфайли сиёсий жанжалларда эронликлар Имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўлдилар.

Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.

Собиқ Совет Иттифоқини назарда тутадиган бўлсак, Озарбайжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир.

Шунингдек, Шимолий Кавказнинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Бизнинг Туркистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшайдилар. Уларнинг асли Эрондан бўлганлиги учун маҳаллий аҳоли уларни «эронийлар» деб ҳам атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

6492 14:05 / 03.07.2019
бешинчи мақола .Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринга Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми, 6364оятлар. Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб давоми...

3850 21:00 / 01.03.2021
islom.uz middot 008 Имом Абулҳасан алАшъарий Абулҳасан Али ибн Исмоил алАшъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо алАшъарий розияллоҳу анҳуга давоми...

4412 13:03 / 07.09.2020
.Холиқ,нинг маъноси ndash Бориъ билан бирга келганда тақдир қилувчи ndash ўлчовли қилувчи бўлади. .Бориъ,нинг маъноси эса пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи бўлади. давоми...

563 19:00 / 05 август
Аудиолар

135047 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55322 14:35 / 11.08.2021