Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1441 йил 14 рабиъус сони | 2019 йил 11 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Ақийда

Ақийда дарслари (44-дарс). «Ал-Фиқҳул Акбар»да иймон масаласи

15:30 / 30 июль 762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи иймоннинг таърифида: «Иймон – иқрор ва тасдиқдир», дейдилар. Яъни иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб, нутқ қилишдан иборат бўлади. Ислом эса: «Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиб, уларга бўйсунишдир». Луғат жиҳатидан иймон билан ислом орасида фарқ бор. Аммо ҳақийқатда исломсиз иймон, иймонсиз ислом бўлмайди. Улар бир-бирларига нисбатан худди бир нарсанинг ичи ва таши кабидир. Дин эса ислом, иймон ва шариат қонунларининг барчасидан иборатдир. Мазкур маънолар «Ал-Фиқҳул Акбар»да ўз аксини очиқ-ойдин иборалар билан топган. Шу билан бирга, бу маъноларни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бошқа тарафлар билан қилган мунозараларида ҳам кўришимиз мумкин.

Маккий ўзининг «Маноқиб»ида қуйидагиларни келтиради:

«Жаҳм ибн Сафвон калом учун Абу Ҳанийфани қасд қилиб келди. У кишига йўлиққанида:

– «Эй, Абу Ҳанийфа! Олдингга сен учун тайёрлаб қўйган нарсаларим ҳақида гаплашгани келдим», – деди.

– «Сен билан бўладиган калом ордир. Сен ичида турган нарсага шўнғиш алангаланиб турган нордир», – деди Абу Ҳанийфа.

– «Каломимни эшитмай, мен билан учрашмай туриб менинг ҳақимда бундай ҳукмни қандай чиқардинг?»

– «Менга сенинг ҳақингда аҳли намоз одам айтмайдиган гапларни айтишинг етган.»

– «Менинг ҳақимда ғойибдан ҳукм чиқарасанми?»

– «Бу нарса сенинг ҳақингда машҳур бўлган. Омлар ҳам, хослар ҳам гапирган. Бас, мен учун сенинг ҳақингда буни таҳқиқ қилиш жоиз бўлган.»

– «Эй, Абу Ҳанийфа! Мен сендан иймондан бошқа нарса ҳақида сўрамайман.»

– «Ҳозирги соатгача иймонни билмайсанми? Токи мендан унинг ҳақида сўрасанг!»

– «Тўғри! Аммо мен унинг баъзи тури ҳақида шакка тушиб қолдим».

– «Иймонда шак қилиш куфрдир».

– «Сенга менинг қандай қилиб куфрга лойиқ бўлишимни баён қилиб бермаслигинг ҳеч ҳалол эмас.»

– «Сўра.»

– «Аллоҳни қалби ила таниган, Унинг бирлигини, шериги ва тенгдоши йўқлигини билган, Унинг сифатларини, Унинг ўхшаши йўқлигини билган, сўнгра тили билан сўзлашидан олдин ўлган одам ҳақида хабар бер. У мўмин ҳолида ўлдими ёки кофир ҳолида?»

– «У то қалби билан таниганини тили билан гапирмагунича кофирдир. Дўзах аҳлидандир.»

– «Аллоҳни сифатлари билан таниганидан кейин ҳам қандай қилиб мўмин бўлмайди?»

– «Агар Қуръонга иймонинг бўлса ва уни ҳужжат деб билсанг, сенга у билан гапираман. Агар унга иймон келтирсанг-у, ҳужжат деб билмасанг, худди Исломга хилоф қилган одам гапиргандек гапираман», – деди Абу Ҳанийфа.

– «Қуръонга иймон келтираман ва уни ҳужжат деб биламан.»

– «Аллоҳ таборака ва таоло Ўз китобида иймоннинг икки аъзо: қалб ва тил билан бўлишини айтган. У зот таборака ва таоло: «Улар Набийга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳаққни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!»дерлар. Айтганларига яраша Аллоҳ уларга (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шудир» («Моида» сураси, 83 – 85-оятлар), деган.

Бас, У зот уларни маърифат ва гапириш ила жаннатга эриштирди ва уларни икки аъзо: қалб ва тил билан мўмин қилди.

У зот таоло яна: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар» («Бақара» сураси, 136-, 137-оятлар), деган.

У зот таоло яна: «Ва уларга тақво калимасини лозим кўрди» («Фатҳ» сураси, 26-оят), деган.

У зот таоло яна: «Ва улар ширин сўзга ҳидоят қилинурлар» («Ҳаж» сураси, 24-оят), деган.

У зот таоло яна: «Унга хуш каломлар юксалур» («Фотир» сураси, 10-оят), деган.

У зот таоло яна: «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур» («Иброҳим» сураси, 27-оят), деган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» денглар, нажот топасизлар», деганлар. Ул зот нажот топишнинг сўзсиз, фақатгина маърифат билан бўлишини айтмаганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни айтган бўлса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади», деганлар. Ким Аллоҳни таниса ва қалбида фалон нарса бор одам дўзахдан чиқади, деганлари йўқ.

Агар қавл(сўз)га эҳтиёж бўлмаса ва маърифат билан кифояланадиган бўлса, Аллоҳни тили билан рад ва инкор қилган одам уни қалби ила таниса, мўмин бўлиши керак бўлади. Бунда иблис ҳам мўмин бўлади. Чунки у Роббини танийди. У зот холиқи – яратувчиси, ўлдирувчиси ва иғвога учратувчиси эканини билади. «У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман» («Аъроф» сураси, 16-оят), деган. У яна: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди» («Ҳижр» сураси, 36-оят). У яна: «Мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди» («Аъроф» сураси, 12-оят).

Бунда кофирлар Роббиларини таниганлари учун, агар тиллари билан инкор қилсалар ҳам, мўмин бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло: «Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар» («Намл» сураси, 14-оят), деган.

Улар ўзлари Аллоҳнинг бирлигини аниқ билган бўлсалар ҳам, тиллари билан инкор қилганлари учун, уларни «мўминлар» демади. У зот азза ва жалла:

«Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир» («Наҳл» сураси, 83-оят), деган. У зот таоло:

«Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳаққ Роббингиздир» («Юнус» сураси, 31-, 32-оятлар), деган. Бас, инкорлари бўлгани учун уларга маърифатлари фойда бермади. У зот таоло:

«Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар» («Бақара» сураси, 146-оят), деган. Уларга Уни инкор қилганлари учун маърифат фойда бермади», деди.

 «Сен менинг хаёлимда бир нарсани қолдирдинг. Олдингга яна қайтиб келаман»,  деди Жаъм».

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир гуруҳ одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга .Эй Аллоҳнинг расули Қиёмат куни Роббимизни кўрамизми, давоми...

1762 18:53 / 02.12.2016
Ҳақиқатан, тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи, Аллоҳ таолога лойиқ бўлган ва Аллоҳ таолонинг зотига лойиқ давоми...

1619 12:15 / 07 январь
Мавзуга киришБисмиллоҳир раҳмонир раҳийм.Бизларга ислом динини мукаммал ва саодатга элтувчи дин қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Шаръийақидавий давоми...

2497 21:14 / 01.12.2016
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам.Ушбу умматнинг охирида ер ютиш, бошқа ҳолга айлантириш ва тошбўрон қилиш бўлади,, давоми...

1683 00:14 / 02.12.2016
Аудиолар

26801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар
Топ рейтинг www.uz Openstat