Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Арш ва Курси ҳақдир | Ақийда дарслари (248-дарс)

19:00 / 10.10.2023 2386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Арш» сўзи луғатда подшоҳнинг тахтини англатади. Қуръони Каримда Сабаъ маликаси ҳақида сўз борганда ҳам «арш» сўзи тахт маъносида келган:

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ

«Унинг буюк тахти бор экан» (Намл сураси, 23-оят).

Арш, жоҳил файласуфлар айтганидек, фалак эмасдир. Улар Аршни тўққизинчи фалак ёки атлас фалаки, дейишган.

Араблар Аршни ҳеч қачон бу маънода ишлатмайдилар. Қуръон араб тилида нозил қилингандир. Арш оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб юришади. У олам учун худди қуббадек. У махлуқотларнинг шифтидир.

Далил:

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

1. «Аршнинг эгаси, шарафи ва қадри улуғдир. Ирода қилганини қилувчидир» (Буруж сураси, 15-16-оятлар).

ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

2. «(У Зот) даражаси юксак, Арш эгасидир» (Ғофир сураси, 15-оят).

ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ

3. «Сўнгра Аршга истиво қилган...» (Юнус сураси, 3-оят)

ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ

4. «Арши сув устида эди» (Ҳуд сураси, 7-оят).

ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ

5. «Ундан ўзга илоҳ йўқ. У карамли Аршнинг Роббидир» (Муъминун сураси, 116-оят).

ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ

6. «Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар» (Ғофир сураси, 7-оят).

ﮆ ﮇ ﮈﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏﮐ

7. «Ва фаришталар унинг атрофида ва ўша Кунда Роббингнинг Аршини саккизтаси кўтариб турадир» (Ҳааққо сураси, 17-оят).

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида келган гаплар: «Азийму Ҳалийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ Аршнинг Роббидан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳдан – осмонлар Робби, ер Робби ва карим Арш Роббидан ўзга илоҳ йўқ».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, одамлар ўлурлар. Биринчи ҳушига келган мен бўлурман. Қарасам, Мусо Аршнинг оёқларидан бирини тутиб турган бўлади. Билмадим, у мендан олдин ўзига келганми ёки Турдаги зарба билан кифояланганми?» деганлар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Юқорида «Шархи «Ақийдатут Таҳовийя» китобидан олиб зикр этилган маълумотлардан Арш ҳақида эътиқод қилишимиз лозим бўлган нарсаларни билиб олдик. Энди ушбу ва бошқа ояти карималарда келадиган Аллоҳнинг Аршни эгаллаши ҳақидаги маънони тушунишимиз борасидаги зарур маълумотларни билиб олишимиз лозим.

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу маънода ҳам салафлар – ўтган мусулмон авлодлар ва уламоларнинг тутган йўллари бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик бўлган.

Бу масала «Аршга истиво» масаласи номи билан машҳурдир. Чунки бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Агар матнни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Аллоҳ Аршга баробарлашди», маъноси чиқади.

Ўтган авлодларда бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, бу ҳақда сўз очмаймиз, деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма яхши тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечиришган ва турли фитналарга дучор бўлишмаган. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўймаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.

Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан.

Шунда имом Молик: «Истиво маълум, унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар буни менинг олдимдан!» деган эканлар.

Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб туришган.

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлашди. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирдан ва тўла узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундай масалаларнинг энг катталаридан бири, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб, мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки У пок Зотга нисбат берилган бошқа сифатларда кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфр кетдилар.

Энди салафи солиҳларга, имом Моликка ўхшаб, бу масалада савол бериш бидъатдир, деб фатво чиқариш иш бермайдиган ҳолга келди. Балки, шунга ўхшаш масалада савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади.

Ана шундай нозик бир пайтда Абулҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар ақийданинг софлигини сақлаб қолиш учун катта хизмат қилдилар. Бошқа нозик масалалар қатори, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид масалада ҳам ҳал қилувчи ечим топдилар. Бузғунчилар: «Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши – унга баробарлашишидир», деган бўлсалар, халафлар – кейинги уламоларимиз: «Йўқ, унда, Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун истивони Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак», дедилар.

Шу тариқа, «Истиво – қувват ва султон ила эга бўлмоқдир», деган таъвил қилинди. Бунда ҳам худди салафи солиҳларга ўхшаб Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир.

Ҳам салаф, ҳам халаф уламоларимизнинг мақсадлари бир бўлган. Фақат мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос йўл тутишган, холос. Сиз билан бизлар ҳам бу масалада жуда эҳтиёт бўлиб, ихтилоф қилмай иш тутмоғимиз лозим.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизларга Ислом ақийдаси етиб келишида хизмат қилган зотларнинг ҳаммаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин Азиз ва муҳтарам ўқувчи Ҳозирги кунимизда ақийда ўта давоми...

6597 15:30 / 17.08.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликни биринчи навбатда барча умматдан афзалликлари ва муқаддамликлари учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу давоми...

19026 22:49 / 02.12.2016
Ажал ҳам, ризқ ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.Бу нарса айниқса, зоҳидлик йўлига юрганларда давоми...

5646 21:41 / 01.12.2016
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қирққа яқин киши бир қуббанинг ичида эдик. Шунда у зот.Аҳли жаннатнинг чораги давоми...

4231 21:45 / 01.12.2016