Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (33-дарс). Мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми

13:30 / 13.05.2019 5874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса ҳозир – ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам бўлиб, бўлган-бўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайган бир пайтда. Албатта, ҳар бир ижтимоий муаммонинг ўз сабаблари ва омиллари бўлгани каби, одамларни осонликча кофирга ёки мушрикка чиқариб юборадиганларнинг кўпайишининг ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллари бор. Уларни батафсил ўрганишни мутахассисларга ҳавола қилиб, биз ўзимизга тегишли жойини баён қилишга ўтамиз. Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори, бу масаладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ана шу камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир.

Бу масалада Аҳли сунна вал жамоа чиқарган хулоса шуки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Лекин агар ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади.

Мисол учун, ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса, осий бўлади.

Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига: эътиқодий куфр ва амалий куфрга бўлинади. Бошқача қилиб айтганда, Исломдан чиқарадиган куфрга ва мажозий куфрга. Баъзи бир гуноҳларнинг оят ва ҳадисларда «куфр» деб аталиши айнан мажозий куфрдир.

Агар гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, гуноҳкор муртад бўлиб, уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди, қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳаддлар (шаръий жазолар) жорий қилинмас эди.

Шариат ҳукмида эса мазкур гуноҳларни қилган одамлар «муртад» деб эмас, «жазога лойиқ жиноятчи» деб топилган. Бизнинг мисолимиздаги ароқхўрга дарра уриш тайин қилинган. Агар ароқ ичган одам диндан чиқиб, кофир бўладиган бўлса, уни муртад сифатида қатл қилиш лозим бўлар эди.

Баъзи гуноҳларни қилганлар диндан чиқадиган даражада кофир бўлмасликларига ояти карималардан далил бор:

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин» (Бақара сураси, 178-оят).

Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун албатта ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳаққини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳаққини яхшилик билан адо этиши зарур:

«Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».

Модомики ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уриш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсинлар.

Аллоҳ таоло ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки уни қасос эгасига «биродар» деб атади.

Агар «Мўмин-мусулмонни ўлдирган одам кофир бўлади» деган ҳадисдаги куфр мажозий бўлмай, Исломдан чиқарадиган куфр бўлганида, одам ўлдирган кишини муртад сифатида албатта ўлдириш керак бўлар эди.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида:

«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг» (9-оят) ва яна:

Албатта, мўминлар биродардирлар. Бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг», деган (10-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаа илааҳа иллаллоҳу», деган кишига тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч муҳим масалани баён қилмоқдалар.

1. «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деган кишига тегмаслик».

Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола!

2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».

Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».

Яъни калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!

Шундай бўлганидан кейин бировни кофирга чиқаришга зинҳор шошилмаслик керак. Модомики, Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан, бировни «кофир» дейиш тўғри эмас. Зеро, Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи айтган.

Мужтаҳид имомларимиз фарзлиги ва ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилган ва Қуръони Карим ҳамда Суннатда қатъий далили йўқ нарсаларни инкор қилиш куфрга олиб бормайди.

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.

Аввало, имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.

Яъни ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни «кофир», деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.

Иккинчидан, бировни «кофир» деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлади:

У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.

Болалари унинг қарамоғидан чиқади.

Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.

Уни маҳкамага бериб, «муртад» деган ҳукм чиқарилади.

У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.

Ўша ҳолида ўлса, жаҳаннамий бўлади.

Шунинг учун ҳам тақводор ва ихлосли уламолар бировни «Кофир», дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қилганлар.

Ҳижрий 970 санада вафот этган, «Ал-Баҳрур Роиқ» номли китобнинг муаллифи, ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳи худди шундай қилганлар ва: «Агар бу масалада «Кофир», дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, «Кофир», демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», деганлар.

Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун, «Фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади», деган фатво чиққан. Бу ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир, дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар:

«Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кимса кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсга нисбатан, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, «кофир», деб ҳукм чиқарилмайди».

Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтган:

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар» (10-оят).

Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бошқа қўрқитишлар ҳақдир. Аммо аниқ бир шахсга келганда, «Бу одам мана шу оятга биноан албатта дўзахга тушади», деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муайян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилиши, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор.

Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтиришди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор «Мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим», деса, унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади.

Агар ўша одам «Мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим», деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади.

Куфр гапни айтиб турган одамгаки шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли «кофир»га чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади.

Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақоид илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир толиби илм билиши зарур бўлган тоифалар ndash ўзини илми каломга урган фирқалар қуйидагиларХаворижМусулмонларнинг давоми...

8693 10:46 / 15.10.2018
Баъзи суфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто, тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

6926 19:23 / 02.12.2016
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

4267 23:07 / 02.12.2016
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

6039 21:29 / 02.12.2016