Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (60-дарс). Аллоҳ беҳожатдир, сизлар фақирсизлар

19:05 / 18.11.2019 4926 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот ҳожатсиз халқ қилувчидир (яратувчидир) ва таъминотсиз ризқ берувчидир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларнинг яратувчиси ва йўқдан бор қилувчисидир. Лекин махлуқотларга муҳтож эмас. Шунингдек, Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки ёрдам сўрамасдан ризқ берувчидир.

Далиллар:

«Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин» (Анъом сураси, 1-оят);

«У Зот сиз учун ер юзидаги барча нарсани яратди, сўнг осмонга баробар бўлди ва уларни етти осмон этиб тўғрилади» (Бақара сураси, 29-оят);

«Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир» (Раъд сураси, 16-оят);

«Мен улардан ризқ хоҳламасман ва Мени тоамлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи кўп ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (Заарийаат сураси, 57-58-оятлар);

«Эй одамлар, сизлар Аллоҳга ҳожатмандсиз, Аллоҳнинг Ўзигина беҳожат ва мақталган Зотдир» (Фотир сураси, 15-оят);

«Аллоҳ беҳожатдир, сизлар фақирсизлар» (Муҳаммад сураси, 38-оят);

Ва Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийдаги ушбу гаплари:

«Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсингизу жинингиз, сиздан энг тақводор бир киши қалбига эга бўлганларида ҳам, бу нарса Менинг мулкимга бирор нарсани зиёда қилмас.

Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсингизу жинингиз сиздан энг фожир бир кишининг қалбига эга бўлганларида ҳам, бу нарса Менинг мулкимга бирор нуқсон етказмас.

Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсингизу жинингиз бирга туриб, Мендан сўрасалар, Мен ҳар бир инсонга сўраганини берсам ҳам, бу нарса Менинг ҳузуримдагини камайтирмас, магар игнани денгизга киритгандек бўлур...» (Муслим ривоят қилган).

У Зот қўрқувсиз ўлдирувчи ва машаққатсиз қайта тирилтирувчидир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларини ўлдиради ҳамда ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқмайди. Сўнгра уларни ҳеч қийналмасдан, иккинчи марта тирилтиради. Балки уларни иккинчи марта тирилтириши биринчисидан осонроқдир. Билингки, ўлим вужудий ишдир. Яратиш тақдир маъносидир. Бас, ўлимга яратишни боғлаш мумкин.

«У ўлимни ва ҳаётни яратди» (Мулк сураси, 2-оят).

Далиллар:

«Ва У Зот бу ишнинг оқибатидан қўрқмайди» (Шамс сураси, 15-оят);

«Сўнгра жонингизни оладир ва яна тирилтирадир» (Бақара сураси, 28-оят);

«Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл», демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур» (Ёсин сураси, 82-оят);

«Осмонлару ерни яратган Зот уларга ўхшашни яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У кўплаб халқ қилувчидир, билувчидир» (Ёсин сураси, 81-оят).

У Зот махлуқотлардан олдин ҳам қадимдан Ўз сифатларига эга эди. Махлуқотлар бўлиши билан Унинг сифатларига улардан олдин бўлмаган бирор нарса зиёда бўлмади. У Зотнинг сифатлари азалий бўлганидек, абадий қолажак ҳам.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло доимо баркамол сифатлар ила сифатлангандир. Хоҳ зотий сифатлар бўлсин, хоҳ феълий сифатлар бўлсин, барибир. Бас, Аллоҳ таоло Ўзининг зотий ва феълий сифатлари ила қадимийдир. Унинг феълий сифатлари тааллуқининг пайдо бўлиши туфайли сифатларнинг ўзи пайдо бўлиши лозим бўлмайди. Чунки сифат бошқа нарса, унинг тааллуқ бўлиши бошқа нарса. Уларнинг бирининг пайдо бўлиши туфайли иккинчиси ҳам пайдо бўлиши лозим эмас. Борлиқни яратиши ва уни йўқдан бор қилишидан кейин, Аллоҳ таолода махлуқотларни яратишдан олдин йўқ бўлган сифат зиёда бўлиб қолгани йўқ. Ўша сифатлар азалдан бор бўлганидек, абадий қолажак ҳам. Аллоҳ ана шу сифатлар билан абадул абад сифатланади.

Аллоҳ таоло махлуқотларни яратгандан кейин уларни яратишдан олдин йўқ бўлган сифат билан сифатланади, деб эътиқод қилиб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг сифатлари баркамол сифатлардир. Уларнинг йўқ бўлиши нуқсондир. Аввал баркамолликка зид сифат билан сифатланиб, сўнгра баркамоллик ҳосил бўлиши Аллоҳ таолога тўғри келмайди. Балки Аллоҳ азалий ва абадий, нуқсондан покдир. Шунингдек, У Зот баркамоллик сифатлари билан сифатлангандир.

Аммо сифатлар сифатланган нарсанинг айни ўзими ёки бошқами, исм мусаммонинг айни ўзими ёки бошқами, деган баҳслар соф ақийдани фалсафий ва каломий таъвиллар билан аралаштириш бўлиб, бизнинг китобимизга тўғри келмайди. Шунингдек, бунга ўхшаш дақиқ фалсафий нарсалар салафи солиҳларимизнинг ақийдаларидан бир жуз эмас. Бу нарсалар билан машғул бўлмаймиз.

Далиллар:

«Албатта, Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир» (Нисо сураси, 11-оят);

«Ва Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир» (Нисо сураси, 96-оят);

«Аллоҳ  иззатлидир,  ҳикматлидир» (Нисо сураси, 158-оят);

Ушбу оятлардаги ва шуларга ўхшаш оятлардаги «каана» («бўлмоқ» феълининг ўтган замондаги шакли) сўзи бардавомликни ифода қилади.

«Унинг Ўзи билувчидир, ҳикматлидир» (Таҳрим сураси, 2-оят);

«У эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шууро сураси, 11-оят);

«У мағфиратлидир, раҳмлидир» (Юнус сураси, 107-оят).

Шунга ўхшаш бошқа оятлардаги жумлалар бардавомликка далолат қилади. Чунки уларни маълум бир вақтга боғловчи нарса йўқ.

«У Зотнинг сифатлари азалий бўлганидек, абадий қолажак ҳам», деган жумлада мўътазилий ва жаҳмия мазҳабларига ва уларга мувофиқ бўлган шийъаларга раддия бордир. Чунки улар: «Аллоҳ таоло ишга ва гапга қодир бўлмаганидан кейин қодир бўлди. Иш ва гап олдин мумкин бўлмаганидан кейин мумкин бўладиган бўлди», дейдилар. Бу даъвонинг ботиллиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

(Давоми бор)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шофеъий мазҳаби уламолариўн бешинчи мақолаИбн Сурайжҳ.306м.918Ибн Ҳиббонҳ.354м.965Ибн Фуракҳ.406м.1015Ибн Асокирҳ.571м.1175Ибн Муқрийҳ.837м.1433Ибн Касирҳ.774м.1372Ибн Қози давоми...

2686 14:00 / 31.08.2021
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб .Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик,, деган Кавсар сураси, 1оят. .Кавсар, сўзи луғатда .кўп давоми...

2137 19:00 / 21.08.2023
Имом Ибн Аби Дунё ва алҲоким ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Руҳул қудус менинг кўнглимга .Нафс ўз ризқини тўлалигича давоми...

3845 17:00 / 13.12.2021
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

2322 19:00 / 12.06.2023