Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (31-дарс). Гуноҳ иш мусулмонни диндан чиқармайди

13:10 / 29.04.2019 6787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. «Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди», демаймиз.

Шарҳ: «Аҳли қибла»дан мурод: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жамики нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлардир.

«Аҳли қибла» деб номланишларининг сабабларидан бири шуки, қибла Байтул Мақдисдан Каъбага айлантирилганида яҳудий ва мунофиқлар қибла ҳақида таъна қила бошладилар.

Аллоҳ таоло бу ҳақда:

«Одамлардан эси пастлари: «Уларни ўзлари бўлиб турган қиблаларидан нима юз ўгиртирди?» дейдилар» оятини нозил қилди (Бақара сураси, 142-оят).

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўз Расулини ва мўминларни юзланишга амр қилган қиблани инкор қилиш яҳудий ва мунофиқларнинг аломати бўлиб қолди.

Шунингдек, ўша қиблага юзланиш мўминларни танитадиган, уларни кофир ва мунофиқлардан ажратадиган аломатлардан бири бўлиб қолди.

Муаллифнинг «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жамики нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли «кофир» деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Аммо ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилса, кофир бўлади. Ундай кишилардан куфрни мутлақо манфий қилиш ғулувдир ва динни осон санашдир. Чунки «мўмин-мусулмонман» деб юрганлар ичида яҳудий ва насоролардан кўра ашаддийроқ кофирлар бор. Шунингдек, гуноҳи кабира туфайли уларни кофирга чиқариш ҳам тўғри йўлдан чиқишдир.

Муаллифнинг «Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди», демаймиз», дегани муржиъа мазҳабидагиларга раддиядир. Чунки улар: «Куфр бўлса, тоат наф қилмаганидек, иймон бўлса, гуноҳ зарар қилмайди», дейдилар.

Улар амални иймондан орқага сурадилар. Яъни, уларнинг фикрича, амрларга бўйсуниш ва қайтариқлардан четда бўлиш зарурий эмас.

«Амрга бўйсунмаслик, қайтарилган нарсадан қайтмаслик гуноҳ, аммо иймони бор одамга зарар қилмайди», дейдилар муржиъалар.

Муржиъа мазҳабидагилар хавориж мазҳабидагиларнинг зиддидирлар. Чунки хаворижлар: «Мусулмонни ҳар бир гуноҳ туфайли кофир бўлишига ҳукм қиламиз», дейдилар.

Мўътазилийлар учинчи томонда бўлиб: «Гуноҳи кабира одамни иймондан чиқаради, аммо куфрга киргизмайди», дейдилар.

Хулоса шулки, Аҳли сунна вал жамоа бирор кишини гуноҳи кабира қилгани учун кофирга чиқармайдилар. Муржиъалар гуноҳи кабира қилганни кофир санамайдилар ва «Иймон бўлса, гуноҳи кабира зарар қилмайди», деб ҳисоблайдилар.

Хаворижлар эса гуноҳи кабира қилганни «кофир» дейдилар.

Мўътазилийлар гуноҳи кабира қилганни иймондан чиқарадилар ва куфрга киргизмайдилар.

Шу жойда Аҳли сунна вал жамоа ақийдасига кучли ишкал етади. Чунки шариатда баъзи гуноҳлар куфр саналган,  шундай бўлгач, қандай қилиб: «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз», дейиш мумкин?!

«Куфр» деб номланган гуноҳлар қуйидагилар:

1. «Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар кофирдирлар» (Моида сураси, 44-оят).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонни сўкиш фисқдир. У билан уруш қилиш куфрдир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мендан сўнг баъзингиз баъзингизнинг бўйнингизни чопиб, кофир бўлманг», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон билан куфрнинг ўртасида намозни тарк қилиш бордир», деганлар (Муслим ривоят қилган).

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ, кофир бўлибди», деганлар (Ҳоким ривоят қилган).

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмайди», деганлар.

Яна бошқа шунга ўхшаш далиллар жуда кўп. Лекин биз ушбу олти далил ила кифояланамиз. Хавориж ва мўътазилийлар гуноҳи кабира қилган киши ҳақидаги ҳукмларига мана шуларни далил қилиб келтирганлар.

Бунга жавоб шуки, Аҳли сунна вал жамоанинг ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқдирлар. Агар у гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, муртад бўлиб, уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди, қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳаддлар (шаръий жазолар) жорий қилинмас эди.

Хулоса шуки, агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида, ҳаддларни (шаръий жазоларни) ва қасосни шариатга киритиш беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқиш ҳақидаги гапларнинг бузуқлиги ва ботиллиги очиқ-равшан кўриниб турибди.

Далил:

«Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: «Эй иймон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос қилинди» деб, охирида: «Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин», деган (Бақара сураси, 178-оят).

Бас, Аллоҳ таоло ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки уни қасос эгасига «биродар» деб атади. Шак-шубҳасиз, бу гап ила диний биродарлик ирода қилингандир.

Яна Аллоҳ таоло: «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг» ҳамда: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг», деган (Ҳужурот сураси, 9-10-оятлар).

Шунингдек, Қуръон, Суннат ҳамда ижмоъда зинокорнинг, ўғрининг ҳамда бировни зинода айблаган одамнинг ўлдирилмаслигига, балки унга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилинишига далиллар келган. Бу эса уларнинг муртад эмасликларига далолат қилади.

(давоми бор)

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

6350 23:01 / 02.12.2016
.Амални вожиб қиладиган иститоъат махлуқни сифатлаб бўлмайдиган, у билан амал вожиб бўладиган тавфиқ каби амал асносида бўлади. Аммо сиҳатсаломатлик, кенгчилик, давоми...

5532 13:30 / 01.04.2019
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Эсла, фаришталарга .Одамга сажда қилинглар, дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, давоми...

5284 19:00 / 01.08.2022
Ваҳийнинг луғавий маъноси Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига зудлик билан юборган диний кўрсатмасидир. Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан давоми...

4531 17:00 / 10.01.2022
Аудиолар

210851 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130115 14:35 / 11.08.2021