Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1442 йил 18 рабиъус сони | 2020 йил 04 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (94-дарс). Шафоатнинг турлари

14:06 / 13 июль 970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Шафоатнинг биринчи тури улуғ шафоат бўлиб, у Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари бўлмиш барча набий ва расул алайҳиссаломлар ичидан у зотнинг ўзларига хос қилингандир. Бунинг далили имом Бухорий, имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган «улкан шафоат» ҳадисидир.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари баробар бўлиб қолган одамларни жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир – дўзахга амр қилинган одамларни унга кирмасликлари учун шафоат қилишлари.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатга кирган одамларни уларнинг амаллари савоби тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун шафоат қилишлари.

5. Баъзи қавмларнинг жаннатга ҳисоб-китобсиз киришлари ҳақидаги шафоат.

Бу қисмга далил Укоша ибн Мусонинг ҳадиси бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилиб, Аллоҳ уни жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган етмиш минг кишилардан қилишини сўраганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

6. Азобга сазовор одамлардан азобни енгиллатиш учун шафоат. Набий соллаллоҳу алайҳи васалланинг амакилари Абу Толибнинг азобини енгиллатиш ҳақидаги шафоатларига ўхшаш. (Муслим Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

7. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча мўминларга жаннатга кириш изни берилишини сўраб қиладиган шафоатлари.

Қуйидаги ҳадис бунга далилдир:

Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен жаннат ҳақидаги биринчи шафоатчиман», деганлар.

Яъни, одамларнинг жаннатга киришлари учун, демоқчилар.

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларидан гуноҳи кабира қилганларига, дўзахга кирганларига ундан чиқишлари учун шафоат қилишлари.

Шафоатнинг ушбу тури ҳақидаги ҳадислар мутавотирдир. Ушбу турдаги ҳадислардан бири Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадислари бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шафоатим умматларимдан аҳли кабоирларгадир (гуноҳи кабира қилганларгадир)», деганлар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу саккиз тур шафоат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва шафоат қилинувчига нисбатандир.

Энди шафоатчига қараб ҳам шафоат саккиз турли бўлади:

1. Анбиё алайҳиссалломларнинг умматларига шафоати.

2. Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоати.

3. Кичик болаларнинг ота-онасига шафоати.

4. Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганнинг ўз аҳлидан етмиш кишига шафоати.

5. Қуръонни ёд олган кишининг аҳли байтига шафоати.

6. Мўминларнинг бир-бирлари ҳақидаги шафоати.

7. Қуръони Каримнинг ўз қорисига шафоати.

8. Рўзанинг рўзадорга шафоати. Бунинг далили қуйидаги оятлар ва ҳадислардир:

«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (Бақара сураси, 255-оят).

«У ишнинг тадбирини қиладир. Ҳеч бир шафоатчи бўлмас, магар Унинг изнидан сўнг бўлур» (Юнус сураси, 3-оят).

«Улар шафоатга молик бўлмаслар. Ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса, мустасно» (Марям сураси, 87-оят).

«У Кунда Роҳман изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермас» (Тоҳо сураси, 109-оят).

«Улар фақат У Зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У Зотдан қўрқиб, хавфда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).

«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса, мустасно» (Нажм сураси, 26-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бас Аллоҳ таоло: «Фаришталар шафоат қилди. Набийлар шафоат қилди. Мўминлар шафоат қилди. Арҳамур Роҳимийндан бошқа ҳеч ким қолмади», дейди. Сўнгра дўзахдан бир сиқим олади ва ундан ҳеч бир яхшилик қилмаган одамларни чиқаради», деган сўзлари (Муслим Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳиднинг олти хислатини баён қилган ҳадисларининг охирида:

«Ва ўз қариндошларидан етмиш кишига шафоатчи қилинади», деган сўзлари (Термизий ва Ибн Можа Миқдам ибн Маъдикарибдан ривоят қилишган).

Ва яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Умматимдан қабилаларга шафоат қиладиганлар, битта қабилага шафоат қиладиганлар, бир гуруҳ одамларга шафоат қиладиганлар ва бир кишига, токи жаннатга киришлари учун шафоат қилганлар бор», деган сўзлари (Термизий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Рўза ва Қуръон бандага шафоат берадилар», деган сўзлари (Байҳақий «Шуабул-Иймон»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Сиқт* ота-онасини дўзахга киргизган чоғда Робби ила тортишади. Шунда унга: «Эй Робби ила тортишувчи бола, ота-онангни жаннатга кирит», дейилади», деган сўзлари (Ибн Можа Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

* Балоғатга етмай ўлган бола.

Аллоҳ таолонинг Одамдан ва унинг зурриёдидан олган мийсоқи ҳаққдир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳдонияти ва рубубиятига нисбатан руҳ оламида Одам ва унинг зурриёдидан олган аҳд рост ва ҳақдир. Чунки Аллоҳ таоло хабар берганки, У Зот Бану Одам зурриёдини сулбларидан – пушти камаридан чиқариб, уларни ўзларини ўзларига гувоҳ қилиб туриб, Аллоҳ уларнинг Робблари ва Моликлари эканига ва Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигига аҳд олгандир.

Батаҳқиқ, Одам алайҳиссаломнинг сулбидан зурриёди олингани, уларнинг ўнг тараф, чап тараф эгаларига ажратилгани ҳақида ҳадислар келган. Ўша ҳадисларнинг баъзиларида уларни Аллоҳ Робблари эканига гувоҳ қилиш ҳам бор.

Бунинг далили қуйидаги оят ва ҳадислардир:

«Эсла, Роббинг Одам ўғилларининг белларидан зурриёдларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деди. Улар: «Оре, гувоҳ бўлдик!» дедилар. (Бу) қиёмат куни «Бундан ғофил эдик», демасликларингиз учундир» (Аъроф сураси, 172-оят).

«Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан мийсоқни Арафа куни Нуъмонда (шу водийда) олган. Бас, унинг сулбидан барча зурриёдларини чиқариб, олдига ёйди. Сўнгра уларга гапириб: «Роббингиз эмасманми?» деди. Улар: «Оре, гувоҳ бўлдик!» дедилар», деган сўзлари (Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур оят ҳақида  берилган саволга қилган жавобларидаги

«Аллоҳ Одам алайҳиссаломни халқ қилди. Сўнг қўли билан орқасини силади ва ундан зурриёдларини чиқариб олди ва: «Анавиларни жаннат учун яратдим. Улар аҳли жаннат амалини қилурлар», деди.

Сўнгра яна орқасини силади. Ундан зурриёдини чиқариб олди ва: «Анавиларни дўзах учун яратдим. Улар аҳли дўзах амалини қилурлар», деди», деган сўзлари (Аҳмад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ва яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Қиёмат куни дўзах аҳлидан бўлган бир кишига: «Айт-чи, агар ер юзида нимаики бўлса сеники бўлганида, тўлов учун берармидинг?» дейилади.

У: «Ҳа!» дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, сендан бундан кўра осон нарсани сўраган эдим: сендан Одамнинг белида Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигинг учун аҳд олган эдим. Сен бўлсанг Менга ширк келтиришдан бошқа ишдан бош тортдинг!» дейди», деган сўзлари (Бухорий ва Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МуқаддимаЕруосмонларнинг Яратувчиси, Олий ва Буюк, ўлдирадиган ва тирилтирадиган, махлуқларини ўлим ва фонийлик, яхшилик қилган тақводорларнинг ўз ҳузурида давоми...

41231 02:28 / 02.12.2016
АлМуъизз азиз қилувчи ва алМузилл хор қилувчи Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлиб, бу иккиси феълининг сифатларидан ҳамдир. Биз исми зот, исми сифат ва исми давоми...

1493 15:58 / 28 февраль
Модомики ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқари олам ndash ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз, давоми...

3373 10:07 / 16.11.2018
Ўзимиз яшаб турган жамият тарихининт яқин 6070 йиллик даврига назар солсак йўл қўйилган катта иллатлардан бири шахсга сиғинишнинг хилмахил давоми...

2661 00:10 / 03.12.2016
Аудиолар

48012 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Топ рейтинг www.uz Openstat