Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (117-дарс). Йўқдан бор бўлиш далили

13:00 / 18.01.2021 4068 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир ўйлаб кўринг, одам ўзини ўзи ярата оладими? Йўқ, ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди.

Шунингдек, одам ўз фарзандини ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Нафақат фарзандини, балки фарзандидаги бирорта тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди.

Одам боласи ўзи устида яшаб турган ерни яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Шунингдек, инсон осмонни ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Осмон ва ер орасидаги сон-саноқсиз нарсалардан бирортасини ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам.

Одам боласи мазкур нарсаларнинг Аллоҳ таолодан бошқа яратувчиси борлигини исботлаб бера олмайди ҳам.

Демак, Аллоҳ таолодан бошқа холиқ йўқлигини тан олишдан, Аллоҳ таолонинг борлигини тан олишдан бошқа илож йўқ. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ажойиб услуб ила баён этган.

Аллоҳ таоло Тур сурасида қуйидагиларни айтади:

 أَمْ خُلِقُوا مِنْ غَيْرِ شَيْءٍ أَمْ هُمُ الْخَالِقُونَ۝

 «Ёки улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзлари яралганларми?! Ёки улар яратувчиларми?» (35-оят).

Даҳрий ва худосизларга қарата воқеъликдан келиб чиқиб берилган соддагина ушбу саволни тафаккур билан мулоҳаза қилган шахс иймонга келмай иложи йўқ. Савол оддий: «Сен ўз-ўзингдан яралганмисан?»

«Ёки улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзлари яралганларми?!»

Яъни инсон шундай, ўз-ўзидан дунёга келиб қолганми? Албатта, ундай эмас. Бўлмаса, ўзларини ўзлари яратганми?

«Ёки улар яратувчиларми?»

Албатта, йўқ. Айтинг-чи, сизни ким яратди бўлмаса?!

Келаси оят даҳрийларга ўзидан бошқа энг яқин, ҳар лаҳзада мулоқотда бўлиб турадиган осмону ер ҳақида ҳам ўйлаб кўришни таклиф қилади.

 أَمْ خَلَقُوا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بَل لَّا يُوقِنُونَ۝

«Ёки улар осмонлару ерни яратганларми?! Йўқ, улар аниқ ишонмаслар» (36-оят).

Осмонларни, инсон ҳозиргача ададини аниқ билмайдиган осмонларни, бу чексизлик ичида сон-саноқсиз юлдузлару сайёралари бор бўлган осмонларни ҳам даҳрий – худосизлар яратганми?

Мушрикларга «Осмонни ким яратган?» деган савол берилса, «Аллоҳ», деб жавоб берар эканлар. Лекин ақийдаларида Аллоҳни инкор этадилар. Осмонга назар солиб, бу ўз-ўзидан бўлиб қолиши мумкин эмас, биз ҳам яратган эмасмиз, деган фикрни ўтказиб, «Буни Аллоҳ яратган», дейишга мажбур бўлишган. Бошқа вақтда эса Аллоҳни инкор этаверганлар. Ўзлари айтган гапга ўзлари ишонишмаган. Шунинг учун ҳам оятда «Йўқ, улар ишонмаслар», дейиляпти.

Аллоҳ таоло Ғошия сурасида қуйидагиларни айтади:

 أَفَلَا يَنظُرُونَ إِلَى الْإِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ۝ وَإِلَى السَّمَاء كَيْفَ رُفِعَتْ۝وَإِلَى الْجِبَالِ كَيْفَ نُصِبَتْ۝وَإِلَى الْأَرْضِ كَيْفَ سُطِحَتْ۝

«Туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтарилганига, тоғларнинг қандай ўрнаштирилганига ва ернинг қандай текислаб қўйилганига назар солмайдиларми?» (17-20-оятлар).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонларга, хусусан кофирларга Ўзининг яратган нарсаларидан тўрттасига назар солиб кўришни тавсия қилмоқда:

1. Туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми?

Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортил­яп­ти. Ҳақиқатан ҳам, туя бир мўъжиза: унинг тузилиши  қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар «саҳро кемаси» дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.

Энди «саҳро кемаси»нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошининг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир. Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозланган. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.

Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда юк ортилган ҳолатда бундан бошқа тузилишдаги туёқ билан юриш мумкин эмас.

Туя саҳрода оч қолганда қуруқ ёғочни, ҳатто тиканни ҳам еб кетаверади.

Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги «омбор»дан озуқа олаверади.

Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало, туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғ ҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга, туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.

Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?

Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан, ақлини ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.

2. Ва осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига назар солмайдилар­ми?

Осмон ҳам ҳамма жойда барчанинг назари тушиб турадиган нарса. Лекин унинг улканлиги, ичидаги нарсаларнинг кўплиги, интизоми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларига ибрат назари билан, ақлини ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.

3. Ва тоғларнинг қандай ўрнаштирилганига назар сол­май­ди­лар­ми?

Тоғлар ҳам ўз салобати ила ҳамманинг назарига тушиб турадиган нарса. Уларнинг тузилиши, сир-асрори, ажойиботлари ҳам ақлини ишлатган, эътибор назари солганларни Аллоҳга иймон келтиришга ундайди.

4. Ва ернинг қандай қилиб текислаб қўйилганига назар солмайди­лар­ми?

Ердаги ажойиботлар доимо ақлли кишиларни иймонга йўллаб келган. Ким эътибор назари билан қараса, кўп нарсани топади.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аҳзоб сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб .Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр давоми...

3622 19:00 / 31.01.2022
Тавҳид ndash луғатда ваҳҳадаюваҳҳидутавҳийдан масдаридан олинган бўлиб, бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. давоми...

7685 00:06 / 03.12.2016
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, устиshyларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида давоми...

4688 15:51 / 05.03.2018
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

4228 23:07 / 02.12.2016
Аудиолар

135047 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55322 14:35 / 11.08.2021