1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
16:33 / 14 декабрь 307 Кўриш режими

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил қилиниши ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Конституциямизда мустаҳкамланган ушбу тамойил асосида меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда. Барча ҳудудларда «Инсон» марказлари очилиб, 102 та ижтимоий хизмат маҳаллаларда йўлга қўйилди. Ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минг нафари протез олди. Ётиб қолган 4 минг ёлғиз кекса аниқланиб, уларга уйининг ўзида парвариш ташкил этилди. Ногиронлиги бор 5 минг нафар бола боғча-мактабга жойлашди.

Бундай манзилли ишлар туфайли халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга ижтимоий хизмат ва ёрдам бўйича мурожаатлар 35 фоиз камайган.

Уч ой олдин вилоят ва тумандаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди. Натижада бу оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилди. 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди.

Лекин айрим жойларда иш тўғри ташкил қилинмаган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, 184 нафар раҳбар ўзи масъул бўлган камбағал оила уйига бирор марта бормаган. Ногиронлиги бор шахсларнинг бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, Жалақудуқ, Чимбой, Пастдарғом, Чортоқ ва Денов туманларида бу кўрсаткич анча кам. Келгуси йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий муассаса лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмаган.

Йиғилишда шу каби камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, галдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга доир янги ташаббусларни айтди.

Келаси йил 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Бу борада яхши тажрибалар бор. Масалан, Тойлоқ ва Косонсой туманларида «Илк ривожланиш марказлари» очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиб, ҳар бир туманда жорий этиш топширилди.

Шунингдек, келаси йили камбағаллик юқори мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилади. Янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади.

Камбағал оила фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши учун қўшимча имкониятлар яратилади. Хусусан, 118 минг ёшлар чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқитилади. Бу тўгараклар харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади. 2025 йилда 3,5 минг нафар шундай фарзандлар олий таълимга грант асосида қабул қилинади.

Камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган 23 минг нафар одамга ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки болалари қараб ўтирибди. Январдан уларнинг 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараш йўлга қўйилади. Натижада бу билан банд бўлган 15 минг аҳолининг қўли бўшаб, ишлаши мумкин бўлади. Бундай хизматни кўрсатган хусусий секторга оила харажатининг 80 фоизини давлат тўлаб беради. Бу тажриба аввал Тошкент шаҳрида, вилоятларда йил якунигача йўлга қўйилади.

Камбағал оиладаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож. Шу боис келаси йили муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. “Ижтимоий дафтарлар” маблағи эса камбағал оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва даромадини оширишга сарфланади.

Ҳозирги кунда фуқаролар ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжатни олиб юришга мажбур. Энди буларнинг ўрнини босадиган битта – «ижтимоий карта» жорий этилади. У билан билан жамоат транспортида бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади. Нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.

Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, кейинчалик ҳамма жойда қўлланади.

Йиғилишда ногиронликнинг сабаблари, уларга ёрдам бериш масалалари таҳлил қилинди. 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қилиш қамрови жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис ҳар бир вилоят ва туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилиши белгиланди. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади. 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, мутахассислар малакаси оширилади.

Ногиронликнинг айрим турларида уй шароитида бажарса бўладиган машқларни ўргатиш орқали ҳам бемор соғлиғини тиклаш мумкин. Шунинг учун уларга шундай машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюси тарқатилади. Энди реабилитация самараси ногиронлиги борларнинг ҳаракати ва мулоқотидаги ўзгаришга қараб баҳоланади, шундан келиб чиқиб шифокорларга устама берилади.

Бугунга келиб, ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилди. Бунинг эвазига йил бошидан 100 минг одамнинг эҳтиёжи таъминланди.

Энди бунга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши маълум қилинди. Бу орқали 2025 йилда 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситалари етказиб берилади.

Яратилган имкониятлар ҳисобига, бу йил тадбиркорлар ногиронлиги бор 40 минг фуқарони ишга олган. Буни янада кенгайтириш учун 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.

Корхоналарга сурдо-таржимон, психолог ва кўзи ожизларга ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади. Бу имкониятлар натижасида яна 80 минг ногиронлиги бор одамни иш билан таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Оғир вазиятга тушиб қолган бўлса-да, ўзида куч топиб, ҳаётини ўзгартирган матонатли инсонлар орамизда кўп. Уларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш, қаҳрамонлиги ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш кераклиги таъкидланди.  

Дунёда ногиронлиги бор инсонларга тўғри келадиган 100 дан ортиқ спорт тури бор. Лекин бизда фақат 22 таси бўйича тиббий хулоса берилади.

Энди халқаро андозалар асосида ногиронлиги борларга тавсия этиладиган спорт турлари кенгайтирилади. Уларнинг бунга лаёқати касаллик турига қараб автоматик белгиланади. Бу йўналишдаги спорт мураббийлари ойлиги 1 январдан 1,5 баробар оширилади. Ҳудудлардаги 130 та спорт мактаби, 90 та махсус таълим муассасаси ва 29 та «Мурувват» уйидаги майдонлар адаптив спорт турларига мослаштирилади.

Мутасаддиларга келгуси йилда адаптив спорт қамровини 1,6 баробар ошириб, 45 минг нафарга етказиш вазифаси қўйилди.

Ногиронлиги бор болаларни таълим билан қамраб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи очилади. Ҳаракати чекланган болаларнинг мактабга келиб-кетиш харажатининг 75 фоизини қоплаш тизими жорий қилинади. 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор боланинг таълимига шароит яратилади.

Бу йил Меҳрибонлик уйлари ва махсус ўқув муассасаларидан 300 нафар ўғил-қиз оилавий муҳитга қайтган. Ушбу тажриба асосида яна 500 нафар болани масъулларга бириктириб, оилавий болалар уйига ва мактабга жойлаштириш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, ижтимоий соҳа вакилларининг таклифлари эшитилди.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олган мукаммал низомдир. Унинг асосий тамойилларидан бири жамиятнинг ижтимоий бирлигини таъминлаш ва ёрдамга муҳтожларга кўмак кўрсатишдир. Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти ҳақида кўп маротаба таъкидланган. Бу тамойиллар орқали Ислом жамиятнинг энг кучли пойдеворларидан бирини барпо этган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﯭ ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶﯷ ﯸ ﯹﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ

«... Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир» (Моида сураси, 2-оят).

 

Мазкур оят ижтимоий ҳаётимизда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва яхши ишларда ҳамкорлик қилиш Исломнинг асосий амалларидан бири эканини кўрсатади. Ёрдамга муҳтожларни қўллаш, улар билан меҳр-шафқатда бўлиш бизни жаннатга элтувчи улуғ йўлдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бир мусулмоннинг дунёвий ташвишини кетказса, Аллоҳ унинг қиёматдаги ташвишини кетказади. Ким муҳтожга ёрдам берса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда ёрдам беради»

Имом Муслим ривояти.

Бу ҳадис ижтимоий кўмакнинг нафақат дунёвий фойдасини, балки охиратдаги улуғ мукофотини ҳам эслатади. Жамиятдаги камбағал, бева-бечоралар, етим болалар ва ногирон кишиларни қўллаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий амалиётларидан бўлган. У зотнинг ҳаётлари бизга ижтимоий ёрдамнинг энг гўзал намунасини кўрсатади.

Хулоса қиладиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ёрдам ва меҳр-оқибатни ҳаётий амалларимизга татбиқ этишни таъкидлайди. Закот ва садақа, етим ва камбағалларни қўллаш, беморларга ёрдам бериш, қарздорларга кўмаклашиш – буларнинг барчаси Ислом жамиятининг ажралмас қисмлари ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга раҳмат ва мададкор бўлишни, ёрдамга муҳтожларга кўмак беришни лозим топган мўминлардан қилсин.

 

Муаллиф
Нуриддин домла Холиқназаров
Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Калит сўзлар: Иймон Намоз