Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (158-дарс). Тирикларнинг дуо ва яхшилигидан ўлганларга манфаат бор

19:00 / 22.11.2021 3699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бир банда бошқа банданинг ҳаққига дуо қилса ёки ўзи қилган хайрли ишнинг савобини бағишласа бўладими», деган саволга бериладиган жавоб қадимдан кўпгина тортишувларга сабаб бўлиб келган.

Бошқанинг ҳаққига дуо қилиш бу ўринда ўлган кишига мағфират сўраш маъносидаги гапдир. Оддий ҳолатдаги дуо ҳақида ихтилоф йўқ. Бу масалада гап асосан ўтганлар ҳақида бўлади.

Бу ҳам қадимдан ҳар замонда янгиланиб, анчагина тортишувларга сабаб бўлиб турадиган масалалардан. Кўпинча ҳар ким ўзиникини маъқуллаб гапираверади-ю, аммо масалани илмий йўл билан ҳал қилишга ўтилмайди. Бунинг натижасида орада гап кўпайгани қолади, холос. Аслида эса бошқа масалалар қатори, бу масалани ҳам тортишаётган тарафлар бир ерга келиб, ҳужжат – далил суриштириб ҳал қилиб олса, енгил кўчади. Аҳли сунна ва жамоа уламолари доимо шу ишнинг тарафдорлари бўлишлари лозим. Чунки уларнинг далиллари қадимдан тайёр. Улуғ уламоларимиз бу масалаларни батафсил баён қилиб қўйганлар.

Хусусан, уни бундан етти юз йилча олдин ёзилган «Шархи «Ақийдатут Таҳовия» китобидан топамиз. Топганда ҳам, худди бугунги кунимизда баҳс қилинаётгандек шаклда топамиз.

Иқтибос:

«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир».

Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.

Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.

Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган.

Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) «Баданий ибодат савоби ўлганга етади», деганлар.

2. Шофеъий ва Молик «Етмайди», дейдилар.

Ўлганга ўзидан бошқанинг амали савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:

Қуръондан далил:

وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

Суннатдан далил:

Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб, «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисолдир:

«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз, нима дейсиз?» деб сўрадилар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз».

Ижмоъдан далил:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, «Маййит тирикларнинг дуосидан манфаат олади», деганлар.

Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Улар ўз аҳли биландир. Ўлган эркак, аёл ва гўдаклар учун алоҳида дуолар мавжудлигининг ўзи бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.

Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат берганидан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

Садақанинг савоби етишига далил

1. «Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:  «Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри (савоб) бўладими?» деб сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!» деб жавоб бердилар».

Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

2. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам мен йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: «Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди».

Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.

Рўзанинг савоби етишига далил:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этса-ю, зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади», деганлар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Ҳажнинг савоби етишига далил:

«Саҳиҳи Бухорий»да Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг номидан ҳаж қил. Айт-чи, онангнинг қарзи бўлганида, адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир», дедилар».

Шунингдек, мусулмонлар ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам тўлаб қўйса, унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.

Бунинг далили Абу Қатоданинг ҳадисидир.

Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Энди (ўлганнинг) териси совуди», деганлар.

Ал-Ҳоким ривоят қилган.

Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб, савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.

Агар «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганлар-ку!» деган эътироз бўлса, жавоб шулки, агар эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савоби етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор? Ўтганларнинг бу ишни қилмагани савобнинг марҳумларга етмаслигига далил эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар, қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса, унга жавобимиз қуйидагича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида, қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса ундай бўлмаган. Одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида, изн берган бўлар эдилар».

Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак, мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб деганлар, баъзилари бидъат деганлар. Зеро, саҳобалар бундай қилмаганлар ва ўзи шундай ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг умматларидан ҳар бирининг яхши амалининг савоби – қироати Қуръонми, бошқами – етиб туради. Чунки у зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.

Ўлганнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.

Аммо Қуръон тиловат қилиб, савобини маййитга бағишлаши учун бировни ёллаб олишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина савоб ҳосил бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёлланган одамнинг қироати эса холисона эмас. Ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.

Шунинг учун ҳам имомлардан бирорталари ҳам «Рўза тутиб, намоз ўқиб, савобини маййитга бағишлаш учун биров ёллаб олинади», демаганлар.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мазкур исмларнинг .Усулуддин, илмига энг яқини ва муносиби, матнларга мувофиғи замон жиҳатидан энг қадимгиси, Ислом ақийдаларига энг равшан далолат қилувчиси давоми...

1506 19:00 / 20 февраль
Бир ўйлаб кўринг, одам ўзини ўзи ярата оладими Йўқ, ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди. Шунингдек, одам ўз давоми...

4051 13:00 / 18.01.2021
Биринчиси Алоқа ndash у қалбни маҳбубга боғлайди. Иккинчиси Ирода ndash у қалбнинг маҳбубга мойил бўлиши ва уни талаб қилишидир. Учинчиси Қуйилиш ndash у қалбнинг давоми...

724 19:00 / 21 октябрь
Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.Демак, гуноҳкорлар қиёматдаги халойиқнинг ичида белгили бўлиб туришади. давоми...

5365 20:08 / 26.03.2018
Аудиолар

134198 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54539 14:35 / 11.08.2021