Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (227-дарс) Маҳшар куни (биринчи мақола)

19:00 / 10.05.2023 2147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қиёмат» сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб, тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган.  Қиёматнинг бундан бошқа «ҳисоб куни», «охират куни», «маҳшар куни» каби бир қанча исмлари ҳам бор.

Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб, кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб, қиёмат қоим бўлади.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.

Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлганидан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи, фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ҳолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини ўзи ўлдиришлар кўпаяди.

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун, охират кунига иймон албатта бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларига хабар берган «ғайбиётлар» ичида энг хатарлиси ва аҳамиятлиси қиёматдир. Унинг энг хатарли ва аҳамиятли бўлиши одам билган нарсаларнинг барчасидан ўзгача ва улкан бўлганидандир. Қиёматдаги ҳодисалар ва азоблар, воқеалар ва мукофотлар одам боласининг хаёлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғмайдиган равишда хатарли ва улкандир.

Қиёмат ўта хатарли ва аҳамиятли бўлганидан ҳам, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уни сиз билан бизга қайта-қайта, такрор-такрор эслатгандир.

Қиёмат кунига иймон келтириш иймоннинг асосий рукнларидан биридир.

Агар борлиқни, ҳаётни ва инсонни илмий равишда ўрганилса, улуғ яратувчи, чексиз қудрат ва илм соҳиби ҳамда мутлақ адолату ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдан бошқа илож йўқ.

Агар борлиқни, ундаги ҳодисаларни ва қонунларни яхшилаб ўрганилса, уларнинг барчаси беҳуда ёки ўйин учун эмаслиги ҳам ойдек равшан бўлади.

Агар борлиқни, инсонни ва унинг Холиқ таоло билан бўладиган муносабатларини яхшилаб ўргансак, бу дунё синов ва имтиҳон учун эканлигини, беҳикмат эмаслигини англаб етамиз.

Агар бу дунёда бўлаётган адолат ва мукофот ҳамда жазони ўргансак, улар ноқис эканлигини биламиз. Бу эса ўз навбатида бу дунёда яхши бўлиб ўтганлар мукофотларини, ёмон бўлганлар жазоларини тўлиқ олишлари учун, албатта, қиёмат куни бўлиши зарурлигини тақозо қилади.

Зотан, Қуръони Карим ҳам ушбу маънони таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида қуйидагиларни айтади:

ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ

«Наҳотки, сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (115-оят).

Эй одамлар, наҳотки сизни беҳудага яратган бўлсак?

Наҳотки, сиз охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!

Ундай эмас!

Сизни яратишимиз беҳуда бўлган эмас! Аллоҳ таолога бирор нарсани беҳуда қилиш мутлақо ярашмайди. Одамларнинг бу дунёда энг афзал қилиб яратилиши уларнинг Аллоҳ таолога иймон келтириб, ибодат қилиб яшашларини тақозо қилади. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашларини тақозо қилади.

Аллоҳ таоло бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилганларга мукофот, куфр келтириб, ёмон амал қилганларга жазо беришини ваъда қилган. Агар қиёмат ва ундаги ҳисоб-китоб бўлмаса, мусулмонлар билан жиноятчиларнинг орасида фарқ қолмайди-ку!

Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қалам сурасида баён қилади:

ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ

«Мусулмонларни жиноятчиларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?» (35-36-оятлар).

Яъни мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар «Биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз», десалар, ҳеч ишонмаслик керак. Биз мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳидоят қилган кишисининг қалбини тўғри йўлга очиб қўяди. Бундай киши ҳеч қачон бу йўлдан тойиб, залолатга тушмайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу борада давоми...

3857 22:44 / 02.12.2016
Инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ, уни Ўзи яратган мавжудотлари ичида афзал ва азизу мукаррам қилган Аллоҳ, инсонни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари қилган Аллоҳ, давоми...

3695 12:21 / 16.10.2018
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси давоми...

3790 20:01 / 26.10.2018
Имом Ибн Аби Дунё ва алҲоким ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Руҳул қудус менинг кўнглимга .Нафс ўз ризқини тўлалигича давоми...

3846 17:00 / 13.12.2021