Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (90-дарс). Набий алайҳиссаломнинг сўзларига таслим бўлмаслик тавҳиддаги нуқсондир

13:49 / 15.06.2020 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсадан қанчалик чиқса, тавҳиди шунча миқдорда нуқсонга учрайди. Чунки у одам Аллоҳдан бошқани ўзига илоҳ қилиб олган бўлади.

Аллоҳ таоло:

«Айтинг-чи, ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган… кимсани эсламайсизларми?!» деган (Жосия сураси, 23-оят).

Яъни, ҳавойи нафсига ибодат қилган одамни кўрмайсанми, дейилмоқчи.

Бас, у куфр ва иймон, тасдиқ ва такзийб, иқрор ва инкор орасида васвасага тушган, адашган, шак қилган ҳолида музабзаб бўлур. У мўмин бўлиб, тасдиқ қилувчи ҳам эмас, кофир бўлиб, ёлғонга чиқарувчи ҳам эмас.

Шарҳ: Яъни, фаҳмини таслимга қониқтира олмаган, холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсилган одам изтиробга тушиб, иймон ила куфр, тасдиқлаш ила ёлғонга чиқариш, иқрор ила инкор орасида иккиланишга тушади. Ўзини васвасага, ҳайратга, динида шак-шубҳага туширади. Мўмин бўлиб, чин қалбдан тасдиқлай ҳам олмайди, кофир бўлиб, тили билан ёлғонга ҳам чиқара олмайди.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ васф қилган ушбу ҳол Қуръон ва Суннатдан оғиб, нотўғри илми каломда юрган ёки илми калом билан Қуръон ва суннатни жамламоқчи бўлган ҳар бир одамнинг ҳолидир. Улар бир-бирига тўғри келмай қолганда Қуръон ва Суннатда келган нарсани таъвил қилишга ўтади, уни фикрга солиштириб кўради. Иш охири ҳайратга, залолатга ва шак-шубҳага бориб тақалади.

Мана, файласуфларнинг мазҳабларини ва уларнинг айтганларини энг яхши билган одам – Ибн Рушд ўзининг Ғаззолийнинг «Таҳофутул Фалосифа» номли  китобига раддия қилиб ёзган «Таҳофутут-Таҳофут» китобида нима деганига назар солайлик: «Илоҳиётда ким бирор ярагулик нарса айтибди?» Яъни, файласуфларнинг илоҳиётда айтган гаплари ҳеч нарсага арзимайди, демоқчи.

Илми каломнинг имомларидан бири имом Ғаззолий охири келиб илми калом масалаларида ҳайратга тушди. Илми калом ҳақида китоб ёзиб, уни «Илжомул авом ан илмил Калом» («Авомни илми каломдан тийиш») деб номлади.

Агар илми калом зарурий нарса бўладиган бўлса, дин ишида кифоя қиладиган бўлса, нима учун у ўз китобини уламоларга хос қилиб, авом халқни унинг фойдаларидан тийди? Кейин эса имом Ғаззолий мазкур йўлларнинг ҳаммасидан юз ўгириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига юзланди ва «Саҳиҳи Бухорий» кўксида турган ҳолида вафот этди.

Улуғ имом, катта тафсирнинг соҳиби имом Фахруддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ар-Розий ўз умрининг охирида ёзган китобида:

«Умр бўйи қилган баҳсларимиздан фойда олмадик. «Деди-деди»дан бошқа нарсани жамламадик», деганлар.

Шунингдек, у киши яна: «Агар каломий тариқатларни ва файласуфларнинг йўлларини тааммул қилиб кўрсанг, дардга даво, чанқоққа сув бермаслигини кўрасан. Энг яхши тариқа Қуръон тариқаси эканини биласан. Ким мен қилган тажрибаларни қилиб кўрса, мен билган нарсаларни билади», деган.

Имоми Ҳарамайни Абул Маъолий Жувайний:

«Эй асҳобларимиз! Калом билан машғул бўлманглар! Агар илми калом мени нимага етказишини билганимда, у билан шуғулланмаган бўлар эдим», деганлар.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ким динни калом ила талаб қилса, зиндиқ бўлади. Ким молни кимё билан талаб қилса, касодга учрайди. Ким ғариб ҳадисни талаб қилса, ёлғончи бўлади», деганлар.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аҳли калом ҳақида менинг ҳукмим, уларни дарахт шохлари ва кавушлар билан уриб, қавм ва уруғлар бўйлаб айлантириб: «Қуръон ва Суннатни тарк қилиб, илми каломга юзланганнинг жазоси шудир», деб жар солишдир», деганлар.

Улардан ким ваҳмни эътибор қилса ёки фаҳм ила таъвил қилса, дорус-Салом (Жаннат) аҳлининг (Аллоҳни) кўриши ҳақидаги иймони саҳиҳ бўлмайди. Чунки кўришни ва рубубийятга нисбат бериладиган ҳар бир маънони таъвил қилиш (бу борада) таъвилни тарк қилиб, таслимни лозим тутишдир. Мусулмонларнинг дини шулдир. Ким (Аллоҳнинг сифатларини) инкор қилишдан ва ўхшатишдан сақланмаса, йўлдан тояди ва (Аллоҳни нолойиқ сифатлардан) поклашга эриша олмайди.

Шарҳ: «Аҳли жаннат Аллоҳни бундай сифат билан кўрса керак», деган ваҳм билан иймон саҳиҳ бўлмайди. Шунингдек, «Менинг фаҳмимча, Аллоҳни кўриш бундай бўлса керак», деб таъвил қилиш билан ҳам иймон саҳиҳ бўлмайди.

Яна Аллоҳга тегишли бошқа маъноларни таъвил қилиш ҳам мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, жаннатда Аллоҳни кўриш ҳақидаги иймон мазкур икки йўл – ваҳм ва таъвил йўли билан билан саҳиҳ бўлмайди. Агар таъвил маъносини бошқача қилиб айтганда ҳам. Чунки таъвилчилар: «Таъвил – лафзни зоҳирий маъносидан бошқага буриш, холос. Бунинг нимаси ёмон?» дейишади.

Улар ушбу ҳийла билан кўп нарсаларни бузишади ва: «Биз ўз гапимизга тўғри келмаган нарсани таъвил қиламиз», дейишади. Ўзлари қиладиган бузғунчиликни «таъвил» деб номлайдилар. Балки ҳар бир маънони ағдар-тўнтар қилиб чиқадилар.

Аслида эса улар турли фосид таъвилларни тарк қилиб, Қуръон ва Суннат далолат қилган нарсаларга таслим бўлмоқлари лозим эди. Чунки ҳақиқий мусулмонларнинг дини шудир.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Халафлар, деганда .кейин келганлар, маъноси англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари турлича тушуниш мумкин бўлган давоми...

6171 13:10 / 25.02.2019
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, устиshyларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида давоми...

4721 15:51 / 05.03.2018
Энди қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Шу билан бирга, ушбу аломатлардан баъзиларини қиёматнинг катта аломатларидан санаган давоми...

2503 19:00 / 01.05.2023
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

5268 05:00 / 07.12.2016