Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Охират неъматлари бу дунёдаги барча неъматлардан устун туради | Ақийда дарслари (243-дарс)

19:00 / 04.09.2023 4502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ғошия сурасида айтади:

ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ

«Ўшал Кунда бир чеҳралар неъматланувчидир» (8-оят).

Бу чеҳралар бу дунёда иймон, ихлос билан ва ибодат, тақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу дунёда қилган ибодатлари ва амали солиҳлари мукофотига жаннати наъиймни берди. Энди ўша жаннат неъматлари шодлиги уларнинг чеҳраларидан балқиб турибди.

ﮋ ﮌ ﮍ

«Саъй-ҳаракатларидан розидирлар» (9-оят).

Энди охиратда улар ўзларининг ҳаёти дунёда қилган ишлари, саъйиларидан: иймонлари, ихлослари, тақволари, ибодатлари, амали солиҳларидан розидирлар. Худди ўша қилган ишлари Аллоҳ таоло томонидан мукофотлангани учун ҳам улар ўз ишларидан розидирлар.

ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ

«Олий даражали жаннатдадирлар» (10-оят).

Улар мартабаси олий даражали жаннатдадирлар.

Улар макони олий даражали жаннатдадирлар.

Улар нозу-неъматлари олий даражали жаннатдадирлар.

Улар қуйида зикр қилинадиган олий васфларга эга жаннатдадирлар.

Улар шундай жаннатдадирларки...

ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ

«Унда бекорчи гапларни эшитмаслар» (11-оят).

Аҳли жаннатлар жаннатда сўкиш, койиш, озор, ёлғон, бўҳтон, ботил гапларни, кўнгилларини беҳузур қиладиган бирор оғиз сўзни эшитмайдилар. Чунки бир оғиз бекорчи сўз ҳам роҳатларига халал бериши мумкин. Жаннатдагилар фақат яхши ва ёқимли сўзларни эшитадилар, холос. Бу томондан бўладиган роҳатлари ҳам олий даражада. Бекорчи гапларни, сўкиш, итоб, койиш, таҳдидларни дўзахийлар эшитаверсинлар. Аҳли жаннатнинг роҳат-фароғати бу билан тугамайди. Уларга жаннатда бошқа неъматлар ҳам бор.

Жумладан:

ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ

«Унда оқиб турган булоқлар (бордир)...» (12-оят).

У булоқларда турли-туман ўта лаззатбахш шароблар бор. Дўзахийлар ўта қайноқ сувни ичиб, азобларига азоб қўшилиб турган бир пайтда жаннатийлар ана ўша булоқлардаги анвойи шароблардан маза қилиб сипқорадилар. Ўша жаннат шаробини сипқориш оддий ҳолатда эмас, қуйидаги оятларда васф қилинадиган ҳолатда бўлади.

ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ

«Унда баланд-баланд сўрилар, тайёрлаб қўйилган қадаҳлар, саф-саф қилиб тизилган ёстиқлар ва ҳамма ёққа тўшалган гиламлар (бордир)» (13-16-оятлар).

Ҳа, аҳли жаннатлар баланд-баланд сўриларда, ҳамма ёққа тўшаб ташланган гўзал гиламларда, саф-саф қилиб тизилган ёстиқларга ёнбошлаб олиб, тайёрлаб қўйилган қадаҳлардаги шаробларни ҳузур қилиб сипқорадилар.

Мазкур нарсалар охират неъматларидан бир кўриниш бўлиб, инсонда тасаввур ҳосил қилиш учун бу дунёдаги неъматларга ўхшатиб васф қилиняпти. Аслида эса охират неъматлари бу дунёдаги барча неъматлардан нави жиҳатидан ҳам, бошқа жиҳатларидан ҳам устун туради. Бунинг устига, у доимий – абадий неъмат, бу дунёники эса ўткинчи ва бебақодир.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Бас, Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтондан унинг шарридан паноҳ сўрагин,, деган Наҳл сураси, 98оят. Яна бошқа бир оятда .Қуръон давоми...

7481 13:59 / 11.03.2019
Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса кейингиси самара берар, деб доимо давоми...

4600 19:12 / 02.12.2016
Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдору, илми калом уламолари унинг давоми...

5796 13:35 / 09.09.2019
Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф давоми...

6010 13:52 / 23.09.2019
Аудиолар

213178 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132397 14:35 / 11.08.2021