Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (127-дарс). Аллоҳнинг сифатлари ва халафлар

15:48 / 29.03.2021 4345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Халафлар» дейилганда, «кейин келганлар» деган маънони англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари, турлича тушуниш мумкин бўлган матнларни Аллоҳ таолонинг айблардан поклигини англатувчи бир хил тушунчадан бошқага буриб бўлмайдиган матнлар англатадиган маънога мослаб таъвил қилиш бўлган.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари «мушаббиҳа», «муъаттила» ва «мужассима» деб аталган тоифаларнинг бузғунчи фикрларидан мусулмонлар оммасини сақлаш учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганлар.

«Мушаббиҳа»лар Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатишни ўзларига эп кўрган нобакорлардир.

«Муъаттила»лар Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки У Зотнинг Пайғамбари алайҳиссалом зикр қилган сифатларини манфий қилган нобакорлардир.

«Мужассима»лар Аллоҳ таолога жисм нисбатини берган нобакорлардир.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари оятда зикр қилинган қўлни қувват ва карам деб таъвил қилишган. Кўзни иноят ва риоят деб таъвил қилишган. Шунингдек, ҳадиси шарифда «Қалблар Роҳманнинг икки панжаси ўртасидадир» деб келган «икки панжа»ни ирода ва қудрат деб таъвил қилишган.

Бир ҳадисда «Албатта, Аллоҳ Одамни Ўз суратида яратгандир», деб келган. Бунга сиртдан маъно берган кишилар Одам Аллоҳнинг суратида яратилган деб тушунади. Аммо халаф уламолар буни «Аллоҳ Одамни ўзига хос суратда яратди» деган маънога мослаб таъвил қилганлар. Бунда Аллоҳ Одамни халқ қилган вақтда уни ўзига хос суратда яратган, у давр ўтиши билан ўзгариб қолмаган, деган маъно чиқади.

Худди шу ҳадиснинг маъносини англатувчи бошқа бир ҳадисда келган, «Албатта, Аллоҳ Одамни Роҳманнинг суратида яратгандир» деган маънони халаф уламолари «Роҳманнинг сифатида яратгандир» деб таъвил қилганлар. Араб тилида «сурат» сифат маъносини ҳам англатади. Ана шунда Аллоҳ таоло Одамни яратганда уни илм ва идрок каби Ўзида бор сифатлар билан қўшиб яратган, деган маъно келиб чиқади.

Шу ерда халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни таъвил қилишда ҳавойи нафсларига қараб эмас, араб тили қоидаларига ва энг муҳими, диний таълимотлар асосига қараб иш олиб борганларини таъкидлашимиз лозим.

Яна бир бор таъкидлаймизки, салафнинг мазҳаби ўз вақтида тўғри ва афзал бўлган. Халафнинг мазҳабини шароит тақозоси мажбур қилган. Иккисининг мақсади ҳам Аллоҳ таолони айблардан ва Ўзига мос бўлмаган сифатлардан поклаш бўлган.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирда араб тилидаги .нубувват, ва .рисолат, сўзларининг ўрнига бизнинг араб бўлмаган тилларда бир сўз ndash .пайғамбарлик, сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. давоми...

4865 17:31 / 17.01.2022
Бу масалани мўътадил равишда ечган мазҳаб Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидир. Аммо Аҳли сунна ва жамоанинг икки бош йўналиши ndash ашъарийлар ва мотуридийлар орасида давоми...

4136 17:00 / 09.08.2021
Шафоат ndash Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисобкитобсиз киритишини сўрашдир. давоми...

12013 19:00 / 08.08.2023
Даъво ва фаразлар турлича бўлади. Уларни турига қараб, ҳар хил услублар ила текширилади. Агар даъво моддий нарсаларнинг хусусиятига оид бўлса, уни тажриба ўтказиш давоми...

5072 13:01 / 16.11.2020
Аудиолар

213153 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132375 14:35 / 11.08.2021