Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (97-дарс). Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мўъжизалари

15:23 / 03.08.2020 5091 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизаларидир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг набийликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди.

Шундай бўлса ҳам, мазкур мўъжизалар у зотнинг ҳаётларида кўп марталаб содир бўлганини ҳамма таъкидлайди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам битилган. Қуйида ана шу мўъжизаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

У зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода (саҳобалари билан) турганларида, у зотга бир идиш келтирилди. Шунда у зот қўлларини идишга солдилар. Бас, у зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтади:

«Мен Анасга: «Нечта эдинглар?» дедим.

«Уч юзта ёки уч юзта атрофида», деди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия куни одамлар чанқаб қолишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кичик меш турарди. Бас, у зот таҳорат қилдилар. Одамлар у зот томон шошилдилар. Шунда у зот:

«Сизларга нима бўлди?» дедилар.

«Таҳорат қилишимизга ҳам, ичишимизга ҳам ҳузурингиздагидан бошқа сув йўқ», дейишди.

Бас, у зот қўлларини кичик мешкоб ичига солдилар. Шунда панжалари орасидан худди булоқларга ўхшаб сув отилиб чиқа бошлади. Биз ҳам ичдик, ҳам таҳорат қилдик.

«Неча киши эдинглар?» дейилди.

«Юз мингта бўлганимизда ҳам етар эди. Ўн беш юзта (бир ярим мингта) эдик», деди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари ила оз сувнинг кўпайиши.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта (бир минг тўрт юзта) эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто унда бир қатра ҳам қолдирмадик. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг четига ўтирдилар. Сўнгра сув сўрадилар. Кейин оғизларини чайиб туриб, қудуққа пуфладилар. Бир оз кутиб турдик. Сўнгра ичиб-ичиб, сероб бўлдик. Уловларимиз ҳам сероб бўлдилар».

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. Ул зот мени ўз олдиларидаги маркабга қўйдилар. Жуда ҳам қаттиқ чанқадик. Юриб бораётсак, бир аёл икки кўзанинг орасида оёғини осилтириб ўтирибди. Биз унга: «Сув қаерда?» дедик. «Сув йўқ», деди у. «Сенинг аҳлинг билан сувнинг ораси қанча?» дедик. «Бир кечаю бир кундуз», деди у.

«Юр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига!» дедик. «Аллоҳнинг Расули нима дегани?» деди у.

Биз уни ҳоли-жонига қўймай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларига олиб бордик. У бизга айтган гапларини у зотга ҳам айтди. Фақат у зотга етим болалари борлигини ҳам айтди. Бас, у зот унинг икки кўзасини олиб келишга амр қилдилар ва қўллари ила уларнинг оғзини силадилар. Биз, қирқ нафар ташна киши тўйгунча ичдик, барча кўза ва мешкобларимизни ҳам тўлдириб олдик. Ҳатто туялар сувга тўйганидан ёрилиб кетай деди. Сўнгра у зот: «Ўзингизда бор нарсаларни келтиринглар», дедилар. Биз у аёлга ўзимиздаги нон бурдалари ва хурмоларни жамлаб бердик. У ўз аҳлига бориб: «Мен ё энг сеҳргар одамга, ё улар айтаётгандек, Набийни кўрдим», деди.

Аллоҳ ўша аёл сабабли мусофирларни ҳидоят қилди. Ўзи ҳам мусулмон бўлди, улар ҳам мусулмон бўлдилар».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Таомнинг қавмга етиб, ортиб қолгунча кўпайтирилиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Умму Сулаймга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. Ул зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» деди.

У: «Ҳа», деди-да, бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафи билан нонни ўради. Сўнгра уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб, у(рўмол)нинг баъзиси билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Мен бориб, у зотни масжиддан топдим. Ул зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб, индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«Таом биланми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга: «Туринглар», дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб, юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб, хабарни айтдим.

Абу Толҳа: «Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!» деди.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», деди Умму Сулайм.

Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотни бошлаб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Сулайм, ўзингда борини олиб кел», дедилар.

Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, улар синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб, ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб, Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот:  «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берди. Бас, қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар.

Қавм етмиш ёки саксон киши эди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир лагандаги таомни эрталабдан кечгача еяверар эдик. Ўн киши турса, ўнтаси келиб ўтираверар эди», деди.

«У мададни нимадан олар эди?» дедик.

«Нимадан ажабланасан?! Анави ердан бошқадан мадад олмас эди», деб осмонга қўли билан ишора қилди.

Термизий ривоят қилган.

Ул зот алайҳиссаломнинг ҳузурларида таомнинг тасбеҳ айтиши.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз оятларни барака деб ҳисоблар эдик, сизлар эса уларни қўрқитиш деб ҳисоблайсизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Сув оз бўлиб қолди. Шунда у зот: «Ортиб қолган сув бўлса, олиб келинглар», дедилар. Озгина суви бор бир идишни олиб келдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларини идишга киргизиб туриб, «Муборак таҳорат сувига шошилинглар! Барака Аллоҳдан», дедилар. Сувнинг у зотнинг панжалари орасидан отилиб чиқаётганини аниқ кўрдим.

Биз ейилаётган таомнинг тасбеҳ айтаётганини ҳам эшитар эдик».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида:

«Таомни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ер эдик, ўша таомнинг тасбеҳини ҳам эшитар эдик», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги «оят»дан мурод мўъжизадир.

Дарахтнинг ул зотга бўйсуниши.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб, кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан бир идишда сув олиб бордим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб, ўзларига тўсиқ бўладиган нарса кўрмадилар. Водийнинг четида икки дарахт кўриниб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бири томон юриб қолдилар. Унинг шохларидан бирини тутиб туриб: «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар.

У ул зотга худди бурнидан ҳалқа ўтказилган туя ўз етакчисига эргашгани каби эргашиб кетди. Ул зот бошқа дарахтнинг олдига келиб, унинг шохларидан бирини тутиб туриб: «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар. У ҳам ул зотга эргашди. Икковларининг ўртасига етганда икковларини улаб туриб: «Иккингиз Аллоҳнинг изни ила мени тўсингиз», – дедилар. Улар бир-бирларига киришдилар. Жобир айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг яқиндалигимни сезиб (қолиб), узоқлашмасинлар деб, тезлаб у ердан узоқлашдим. Ўтириб, ўзимга ўзим гапириб туриб, бироз вақтни ўтказибман. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен томон келмоқдалар. Икки дарахт эса ажраб, ҳар бири ўз ўрнига ўрнашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини қимирлатиб, бундай-бундай, деганларини кўрдим. Сўнгра юриб, олдимга келдилар ва:

«Эй Жобир, менинг мақомимни кўрдингми?» дедилар.

«Ҳа», дедим мен».

Муслим ривоят қилган.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларининг тез қабул бўлиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аҳли Мадинага қаҳатчилик етди. Ул зот жума куни хутба қилиб турганларида бир киши ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, отлар ҳалок бўлди, қўйлар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, бизларни сероб қилсин!» деди. Шунда у зот икки қўлларини кўтариб, дуо қилдилар.

Жобир айтади: «Осмон ойнадек мусаффо эди. Бирдан шамол туриб, булут пайдо қилди. Сўнгра булутлар тўпланиб, жам бўлди. Кейин осмон мешларининг оғзини очиб юборди. Чиқиб, сувда сузиб юриб, уйларимизга етиб келдик. Янаги жумагача ёмғирда қолдик. Ҳалиги одам ёки ундан бошқа биров туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқилиб кетди. Аллоҳга дуо қилинг, уни тўхтатсин!» деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва: «Атрофимизга, устимизга эмас», дедилар. Булутларга назар солсам, ёрилиб, худди гулчамбарга ўхшаб Мадина атрофига тарқалди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашича, амал иймондан эмас. Иймон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки иймоннинг асли тасдиқдан давоми...

4663 15:00 / 06.08.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болалар унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдак ҳузурига келтирилди. Унинг давоми...

6630 06:38 / 04.09.2018
Тавҳид тушунчасиТавҳид ndash луғатда ваҳҳадаюваҳҳидутавҳийдан бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки шу давоми...

6335 16:00 / 24.12.2018
. ,. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

4378 17:00 / 21.06.2021
Аудиолар

135045 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55320 14:35 / 11.08.2021