Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(иккинчи мақола)
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
1. «Сизга ер юзида ва ўз жонингизда нимаики мусибат етган бўлса, уни яратишимиздан олдин китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. Токи кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун» (Ҳадид сураси, 22-23-оятлар).
2. «Қайси бир мусибат етган бўлса, фақат Аллоҳнинг изни биландир» (Тағобун сураси, 11-оят).
Банда Аллоҳнинг илми Унинг мавҳумотларида бўладиган ҳар бир нарсани аввалдан билишини, бас, ўша нарсани мустаҳкам ва ниҳоий равишда тақдир қилганини, халойиқнинг ичида на осмонларда ва на ерда Уни рад қилувчи, йўқ қилувчи, ўзгартирувчи, камайтирувчи ва зиёда қилувчи йўқ эканини билмоғи лозим. Бу иймон тугунларидандир. Маърифат аслларидандир. Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва Робблигини эътироф қилишдандир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «Ва У Зот ҳар бир нарсани яратди ва унинг ўлчовини белгилади», деган (Фурқон сураси, 2-оят). Бошқа бир оятда: «Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди», дейилган (Аҳзоб сураси, 38-оят). Бас, Аллоҳга қадарда хусуматчи бўлган, унга назар солиш учун маразли қалб ҳозир қилган, ўз ваҳмича ғайбни текширишга, беркитган сирни очишга уринган ва у ҳақда айтган гапи ила уйдирмачи – гуноҳкор бўлган кимсага ҳалокат бўлсин.
Шарҳ: Бу гап олдин зикр қилиб ўтилган, Аллоҳнинг илми коинотлардан олдин эканлиги, У Зот уларни халқ қилишдан олдин тақдирларини белгилаб қўйганлиги ҳақидаги гапга биноан бўлмоқда.
Бу маъно имом Муслим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда ҳам келгандир: «Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини осмонлару ерни халқ қилишдан эллик минг йил олдин белгилагандир. Ўшанда Унинг Арши сув устида эди».
Шундан билинадики, Аллоҳ таоло Ўзининг болиғ ҳикмати ила нарсаларнинг ўз вақтида вужудга келишини билган. Айнан У Зот билгандек бўлган. Чунки махлуқотларнинг ғаройиб ҳикматлари ила ҳосил бўлишини фақат уларни мавжуд бўлишидан олдин билган Зотгина тасаввур қила олиши мумкин.
Далиллар:
ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ
1. «Яратган Зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор Зотдир» (Мулк сураси, 14-оят);
ﭥﭦﭧﭨﭩﭪﭫﭬﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱ
2. «У сизларни яратган Зотдир. Бас, баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир» (Тағобун сураси, 2-оят);
ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ
3. «Ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билувчидир» (Ёсин сураси,79-оят);
ﯦ ﯧ ﯨﯩ
4. «Йўқ! У кўплаб халқ қилувчидир, билувчидир» (Ёсин сураси, 81-оят).
Муаллифнинг «Бу – иймон тугунларидандир. Маърифат аслларидандир. Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва Робблигини эътироф қилишдандир», деган жумлаларининг шарҳи: «Бу» билан қадарга бўлган иймонга ва Аллоҳнинг илми мавжуд бўладиган барча нарсалардан олдин эканлигига бўлган иймонга ишора қилинмоқда. Яъни иймон фақат қадарга таслим бўлиш ва Аллоҳнинг илми воқе бўладиган нарсаларнинг яратилишидан ҳам олдин эканлигига таслим бўлиш билангина тўғри ва соғлом бўлади.
Шунингдек, тавҳид ҳам ва Аллоҳ таолонинг Робблигига иқрор бўлиш ҳам Аллоҳнинг мазкур сифатларига иймон келтириш билангина батамом бўлади. Ким «Аллоҳдан бошқа яратувчи бор» деган даъвони қилса, мушрик бўлади. Бас, шундай экан, «Ҳар бир одам ўз амалини ўзи яратади», деб даъво қилган кимса ким бўлар эди?! Шунинг учун ҳам Қадария мазҳабидагилар ушбу умматнинг мажусийларидир. Уларнинг ушбу умматнинг мажусийлари эканига далолат қилувчи ҳадислар «Сунан» китобларида ривоят қилингандир.
Далиллар:
ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ
«Ва У Зот ҳар бир нарсани яратди ва унинг ўлчовини белгилади» (Фурқон сураси, 2-оят);
ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ
«Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди» (Аҳзоб сураси, 38-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом Жаброилнинг иймон ҳақидаги саволига жавоб бериб, «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, қиёмат кунига иймон келтирмоғинг ва қадарга: яхшиси-ю, ёмонига иймон келтирмоғинг», деганларида ҳам қадарга иймон алоҳида таъкидланган.
Билки, яратиш тақдирни ўз ичига олади. У икки қисмдан иборат бўлади:
1. Бир нарсани вужудидан олдин тақдир қилиш.
2. Ўша нарсанинг ўлчовини ва сифатини тақдир қилиш.
Яъни Аллоҳ таоло унга белгили ўлчов қилади. Бунга қуйидаги оятларда ишора қилинган:
ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ
«Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган» (Талоқ сураси, 3-оят);
ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ
«У ўлчовли қилган ва ҳидоятга бошлаган Зотдир» (Аълаа сураси, 3-оят).
Яъни ҳар бир нарсанинг миқдорини ва кайфиятини ўлчовли қилди. Сўнгра уни ўзи учун тақдир (ўлчов) қилинган нарсага ҳидоят қилди.
Муаллифнинг «Бас, Аллоҳга қадарда хусуматчи бўлган, унга назар солиш учун маразли қалб ҳозир қилган, ўз ваҳмича ғайбни текширишга, беркитилган сирни очишга уринган ва у ҳақда айтган гапи ила уйдирмачи гуноҳкор бўлган кимсага ҳалокат бўлсин», деган жумласининг шарҳи:
Яъни кимки қадар масаласида Аллоҳ таолога қарши чиқса, хусумат қилса, талашиб-тортишса, тақдир ҳақида баҳс қилиш учун шак-шубҳа дардига чалинган қалби ила келса, унга ҳалокат ва залолат бўлсин. Чунки у ўзининг нотўғри гумони ила, халойиқдан ғойиб бўлган қадарни текшириши ила, Аллоҳ таоло беркитган сирни очишга уринди. У ғайбни билмагани учун бу уриниши ила уйдирмачи, яъни гуноҳкор бўлди.
Билки, қалбнинг ҳам ҳаёти ва ўлими, беморлиги ва шифоси бор. Бу нарсаларнинг қалбдагиси бадандагисидан улкан бўлади.
Аллоҳ таоло:
ﮗﮘﮙﮚﮛﮜﮝﮞﮟﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ
«Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрган одам ўхшаш бўладими?» деган (Анъом сураси, 122-оят).
Яъни «Куфр ила ўлик эди, уни иймон ила тирилтирдик», дейилмоқда.
(Тамом)
«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан