Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Араб тилидаги «калом» лафзи «сўз», «гап», «жумла» каби маъноларни англатади.
«Илми калом» ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий иккинчи асрда зоҳир бўлган. Зеро, у шу даврда илк бора имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида илми калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар. Бу номнинг ишлатилишига сабаб шуки, эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани, ихтилофлар келтириб чиқаргани Аллоҳнинг «калом»и ҳақидаги масаладир. Қолаверса, бу илм соҳиблари ўз фаолиятлари давомида фақат каломни ишлатганлари учун ҳам у «калом» номини олган.
Мазкур илм билан шуғулланганлар ўз сўзларини «Калом шулки», деб бошлаганлари учун улар машғул бўлган илм «Илми калом» деб аталган, деган фикрлар ҳам бор.
Илми каломнинг бу номни олиши ҳақидаги тахминларнинг бири Саъдуддин Тафтазонийга тегишли бўлиб, у киши: «Эҳтимол, «калом» исми жароҳат етказиш маъносидаги «калим» лафзидан олингандир. Чунки у ўзининг қатъий далиллари ва чақнаган ҳужжатлари ила қарши тараф қалбида жароҳат пайдо қилади ва унинг ичига ёриб киради», деган.
Уламолар илми каломнинг таърифида ҳам бир неча хил фикрлар айтганлар. Энг қадимги таъриф Абу Наср Форобийга тегишли бўлиб, у: «Калом синоати ила миллатнинг асосчиси айтган чегараланган гап ва ишларга нусрат берилур ва унга хилоф қилган барча сўзлар беҳудага чиқарилур», деган.
Илми калом ҳақида имом Ғаззолий қуйидагиларни айтади: «У бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз Набийи тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди.
Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.
Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».
Илми калом пайдо бўлган вақтга келиб ақийдага оид масалаларга, аввалги вақтларга ўхшаб, фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.
Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари: Аҳли сунна вал жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган. Кейинчалик Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва, ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтилган.
Вақт ўтиши билан турли халқ ва тоифаларнинг Исломни қабул қилишлари уларнинг ақийда ва фикрлари исломий фикр ва ақийдаларга аралашиб кетишига сабаб бўлди. Зеро, ота-боболари бидъат-хурофотда ўтган бу халқлар, элатлар Аллоҳ таолога ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирсалар ҳам, аждодларининг бир қарашда тўғри кўринган баъзи хурофий фикрларидан бутунлай воз кеча олмаган эдилар. Шу билан бирга, номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади. Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар. Бу ишда Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.
Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса бошқа илм ва соҳаларда бўлгани каби, турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган-бўлмаган турли-туман масалалар аралашиб кетди. Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб қолди. Натижада ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.
Мазкур баҳс ва тортишувлар жараёнида илми каломнинг кўзга кўринган шахслари ва намояндалари ҳам зоҳир бўла бошлади. Бу борада Аҳли сунна вал жамоадан Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийлар энг машҳур имомлар бўлганлар. Мўътазилийлардан Восил ибн Ато, Абу Ҳузайл Аллоф, Наззом, Жоҳиз ва бошқалар ном қозонганлар.
Машҳур мусулмон уламолар илми калом ҳақида ўз замонлари ва билимларига қараб турлича фикр билдирганлар.
Салбий фикрдагилардан бўлган имом Абу Ҳанифа илми каломга оид «Ал-Фиқҳул Акбар» номли китоб ёзган ва «Диндаги фиқҳ илмдаги фиқҳдан афзалдир. Чунки диндаги фиқҳ аслдир. Илмдаги фиқҳ фаръдир. Асл фаръдан афзаллиги маълумдир», деган.
Имом Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Жалолуддин Суютий ва Ибн Абдул Баррлар ҳам бу илм ҳақида салбий фикрда бўлганлар.
Имом Абул Ҳасан Ашъарий илми каломни мадҳ этиб китоб ёзган.
Имом Ғаззолий ўртача йўл тутган ва илми каломда яхши тараф ҳам, салбий тараф ҳам борлигини таъкидлаб, у билан фақат мутахассис олимлар шуғулланиши кераклигини уқтирган.
Бу фикрларни тадқиқ қилиб, ўрганган олимлар: «Илми каломни танқид қилганлар ундаги адашувларни танқид қилганлар. Уни мадҳ қилганлар эса фойдали тарафларини эътиборга олганлар. Шунинг учун унинг ижобий тарафларидан кўп нарсани ўрганса бўлади», дейдилар.
Вақт ўтиши билан Ислом оламида фақат Аҳли сунна вал жамоанинг илми калом бўйича таълимотлари ҳукм сурадиган бўлди. Фалсафа ва бошқа фикрий мазҳаблар чиққанидан кейин «илми калом» истилоҳининг ўзи ҳам истеъмолдан чиқиб кетди.
Илми каломнинг вужудга келишига бир қанча ички ва ташқи сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйидагилар:
Ички сабаблар:
1. Қуръони Каримда кўпгина мавзулар қатори аввал ўтган ҳамда қолдиқлари ўша пайтда мавжуд бўлган турли сохта ва бузилган динлар, фирқалар ҳақидаги оятлар ҳам мавжуд эди. Қуръони Карим улар ҳақида маълумот келтирибгина қолмай, уларга раддия берган ва улар билан мунозаралар олиб борган эди. Мусулмон уламолар бундан ўрнак олиб, ўз мухолифларига раддия бериб, улар билан муноқашалар олиб боришлари турган гап эди.
2. Фатҳ ишларидан қўли бўшаган мусулмонлар фикрий ишларга киришиб кетишди. Бунинг оқибатида дин-диёнат ва эътиқод масалаларидаги тортишувлар кўпайди.
3. Сиёсий масалалар. Ҳукм талашиш, ҳар ким ўз тарафининг сиёсий қарашлари тўғри эканини тасдиқлаши учун ҳам илми калом керак бўлиб қолди.
Хорижий сабаблар:
1. Фатҳ туфайли Ислом ерларининг кенгайиб кетгани.
2. Масиҳий, яҳудий, мажусий, бараҳмий, монавий, даҳрий каби турли тоифа вакилларининг Исломга киргани.
3. Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.
Тарихий манбаларга назар соладиган бўлсак, дастлаб имом Абу Ҳанифа, имом Молик ва имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳилар ўз ижтиҳодларида илми калом ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар («Ишоратул Мақом», 28-29-бетлар.)
Шу билан бирга, мазкур мазҳаббоши имомларнинг ўзлари ҳам бу илм билан шуғулланганлар.
Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан.
Шунда имом Молик:
«Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар буни менинг олдимдан!» деган эканлар.
Имом Субкийнинг «Ат-Тобақотул Кубро» китобида қуйидагилар келган:
«Робиъ раҳматуллоҳи алайҳи зикр қиладики, бир куни у Шофеъийнинг олдида ўтирган экан. У кишига Соъид деган жойдан мактуб келди. Мактуб эгаси Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларини кўришдан тўсилурлар», деган қавли ҳақида сўраган экан. Унга: «Бир қавм У Зотнинг ғазабига учрагани учун кўришдан маҳрум бўлган. Мана шунинг ўзи бошқа қавмлар У Зотни кўришига далолат қилади», деб жавоб ёзди.
Шунда Робиъ унга: «Эй саййидим, шунга эътиқод қиласизми?» деди.
«Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад ибн Идрис ўз Роббини охиратда кўришига ишонмаганида, бу дунёда Унга ибодат қилмас эди», деди Шофеъий».
Кўпчилик олимлар имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг дастлаб илми каломга киришганларини таъкидлайдилар. Шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Абу Ҳанифа» номли китобида бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:
«Гапнинг хулосаси шуки, турли ривоятларнинг ишора қилишича ва уларнинг кўпининг очиқ-ойдин айтишича, у киши ҳаётининг бошида эътиқод масалаларида тортишишни бошлаган. У «илми калом» деб аталади» (26-бет).
Ибн Надимнинг машҳур «Феҳрист» деб номланган китобида таъкидланишича, Абу Ҳанифанинг тўртта китоби бор:
1. «Ал-Фиқҳул Акбар».
2. «Ал-Олим вал-Мутаъаллим».
3. «Рисолатун ила Усмон ибн Муслим ал-Баттий».
4. «Китобур-радди алал қадария».
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Жаҳм ибн Сафвон ва унга ўхшаган турли тоифа ва фирқаларнинг бошлиқлари ва мутакаллимлари билан кўплаб баҳс ва мунозаралар олиб борганлари ҳақида турли манбаларда маълумотлар кўп.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг илми калом масалаларида кўрсатган хизматлари ҳаммага маълум. У кишининг Қуръоннинг махлуқ эмаслигини исботлаш учун қандай жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатганлиги машҳур.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг бу борадаги фатволари, мунозаралари ва айган гапларидан ташқари алоҳида китоблари ҳам бор:
1. «Китобул иймон».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг бу номдаги китоби бўлгани ҳақида Ибн Аби Ҳотим ўзининг «Ал-Журҳ ват-Таъдийл» китобида ва имом Заҳабий ўзининг «Ас-Сияр» китобида маълумот берган.
2. «Китобур-радди алал жаҳмийя».
3. «Китобу нафйи ташбиҳ».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тобеъинлар даврига келиб баъзи кишилар ақийда масаласида мутахассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар.
Имом Ҳасан Басрий бу соҳада дарслар ўтар эдилар. Айни Ҳасан Басрийнинг дарс ҳалқасида иштирок этган кишилардан бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида тортишиб, беодоблик қилди ва кейинчалик мўътазилийлар мазҳабига асос солди.
Кейинчалик мўътазилийлар ўз фикрларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сўнг фикрларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақидаги фикрлари катта жанжалларга сабаб бўлгани ҳаммага маълум.
“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан