Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар «машиъат масаласи» деса, бошқалар «бандаларнинг амали масаласи» ҳам дейишади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз фаолиятида эркинми ёки ҳамма нарса фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўладими, деган масаладир.
Бу баҳс қадимда кўпгина ихтилофларга сабаб бўлгани маълум. Мусулмонлар ичида ҳам бу масалага турли қарашлар бўлган. Мазкур масалада тўғри фикрлардан кўра хатолар кўпроқ учрайди.
Хатоларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини тўғри тушуна олмай, уларни инсоний қолипга солишга ҳаракат қилиш туфайли юзага чиққан.
1. Жабрия мазҳаби.
Баъзи кишилар: «Ҳамма нарса Аллоҳ таолодан, инсон ўзича бир нарса қила олмайди, у бу дунёда худди денгизга отилган чўпга ўхшайди. Уни тўлқин қайси тарафга олиб кетса, кетаверади», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳар бир ишни мажбур бўлган ҳолда қилади. Шунинг учун ҳам бу фикрга эргашганлар «жабрия мазҳабидагилар» деб аталади. Улар Аллоҳ таолога жабр нисбатини берадилар.
Жабрия мазҳабидагилар ўз фикрларини қўллаш учун Қуръони карим оятларидан далиллар келтирадилар.
Аллоҳ таоло Соффаат сурасида:
ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ
«Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деган (96-оят).
Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг ўзини ҳам, амалини ҳам яратади. Инсон Аллоҳ таоло яратган амални қилишга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло Анфол сурасида айтади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ
«Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди» (17-оят).
Эй мўминлар, билиб қўйинглар, Бадр урушида мушрикларни ҳақиқатда сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди. Ҳа, «Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди».
Бунинг учун Аллоҳга шукр қилинг.
«Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди».
Яъни, эй Набий, бир сиқим тупроқни олиб отганингда, сен отганинг йўқ, балки Аллоҳ отди.
Бадр урушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовучларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» («Юзлар қаро бўлсин!») деб отганлари ривоятларда собит.
Бу ҳам инсон ўз ҳаракатида фақат Аллоҳ таолонинг қилган мажбурлаши остида бўлишига ёрқин далилдир.
Жабрия мазҳабининг бошқа бир номи жаҳмиядир. Бу ном уларга ўзларининг бошлиқлари – ҳижрий 118 санада вафот этган Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийнинг исмидан ўтган.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг Жабрия мазҳабидагиларнинг далилига жавоби:
1. Биринчи оятни далил қилганларига жавоб қуйидагича:
Бу оят ўзидан олдинги оятдаги жумланинг жавобидир. Икки оят қўшилиб, бир жумла бўлган. Ўшандай бўлганда маъно: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?! Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» бўлади.
Яъни, сизни ҳам, сизлар қўлингиз билан йўниб ясаб, ибодат қилаётган нарсангизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!
2. «Отган вақтингда сен отганинг йўқ. Лекин Аллоҳ отди» ояти уларнинг фойдасига эмас, зиддига далилдир (Анфол сураси, 17-оят). Чунки Аллоҳ таоло «Отган вақтингда» дейиши билан Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отганини исбот қилмоқда.
Кўриниб турибдики, «отган вақтингда» дейиш билан исбот қилинган нарса бошқа, «отганинг йўқ» дейиш билан манфий қилинаётган нарса бошқа.
Бунинг тафсилоти қуйидагича:
Албатта, отишнинг ибтидоси бор, интиҳоси бор. Унинг ибтидоси силташ ва улоқтиришдир. Интиҳоси эса мўлжалга тегишидир. Уларнинг иккиси ҳам «отиш» деб номланади.
У вақтда оятнинг маъноси: «Улоқтирган вақтингда мўлжални урганинг йўқ. Лекин мўлжални Аллоҳ урди», бўлади.
Агар шундай бўлмаса, «Намоз ўқиган вақтингда сен намоз ўқиганинг йўқ. Лекин Аллоҳ намоз ўқиди», дейишга тўғри келарди.
Шунингдек, «Рўза тутган вақтингда сен рўза тутганинг йўқ. Лекин Аллоҳ рўза тутди».
«Зино қилган вақтингда сен зино қилганинг йўқ...»
«Ўғрилик қилган вақтингда сен ўғрилик қилганинг йўқ...» ва ҳоказо.
Бунинг фасодлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.
2. Қадария мазҳаби.
Мазкур масалада Жабрия мазҳабига тамоман зид фикрни айтганлар қадарийлардир. Улар қадарни инкор қиладилар ва: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ таолонинг бу ишга ҳеч дахли йўқ. Бу фикрга мўътазилийлар ҳам қўшилганлар.
Қадария мазҳабидагилар ҳам Жабрия мазҳабидагиларга ўхшаб ўз фикрларини қўллаш учун далиллар келтирадилар.
Аллоҳ таоло Муъминун сурасида:
ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ
«Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси – Аллоҳ баракотли ва буюкдир», деган (14-оят).
Ушбу оятдан билиниб турибдики, Аллоҳ холиқларнинг (яратувчиларнинг) биттасидир, қолганлари эса бандалардир.
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида:
ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ
«(Булар) – қилиб юрган амалларнинг мукофотидир», деган (24-оят).
Демак, охиратдаги жазо бу дунёдаги амалларга боғлиқдир. Бандалар қилиб ўтган амалларининг жазоси ёки мукофотини оладилар.
«Қадария» – бандалар ўз ишларини қилишга қодирдир, уларни яратувчидир, деб эътиқод қилувчилардир. Улар ҳар бир яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳнинг тақдир қилиши билан бўлишини инкор қиладилар. Уларнинг наздида банданинг иши Аллоҳнинг қадари, илми ва иродаси билан бўлмайди.
Қадария мазҳабининг бу фикрига мўътазила мазҳаби ҳам қўшилган.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари қадария мазҳабининг далилларига ҳам кучли раддиялар берганлар.
Биринчи оятнинг маъноси: «Сурат берувчиларнинг, тақдир қилувчиларнинг энг яхшисидир», деганидир.
Одатда баъзи вақтларда «халқ» (яратиш) зикр қилиниб, унда тақдир қилиш ирода этилади.
«Қилиб ўтган амаллари учун жазодир» оятининг маъноси: қилиб ўтган амаллари сабабидан жазо ёки мукофот берилади, деганидир (Воқиъа сураси, 24-оят).
Яъни бандалар жаннатга ёки дўзахга ўз амаллари сабабидан кирадилар. Сабабларни яратувчи эса Аллоҳдир.
Ушбу оятда ишлатилган «бо» ҳарфи сабаб маъносини ифода этади.
3. Аҳли сунна мавқифи.
Бу масалани мўътадил равишда ечган мазҳаб Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидир.
Аммо Аҳли сунна вал жамоанинг икки бош йўналиши – ашъарийлар ва мотуридийлар орасида ҳам бироз турличалик бор.
Ашъарийлар: «Инсоннинг барча ишларини Аллоҳ таолонинг Ўзи вужудга келтиради. Инсоннинг бунга дахли йўқ. Инсон ўз амалини касб қилади, холос. Касб эса янги қувват билан амалнинг оддий яқинлашишидир. Инсон ўша касбига қараб савоб ёки гуноҳ олади», деганлар.
Аммо бу гап кўпчилик Аҳли сунна вал жамоа уламолари томонидан танқид қилинган.
Энг мақбул гапни мотуридийлар айтганлар. Улар: «Инсонда ўзи қилмоқчи бўлган ишни бажаришга иститоъат бор. Худди шу нарса савоб ва гуноҳга сабаб бўлади», деганлар.
Бу маънони «Шарҳи «Ақийдатут-Таҳовия» китобидан олинган иқтибосдан ўрганамиз.
“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан