Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (103-дарс). Илм нима?

13:02 / 21.09.2020 6787 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда собит бўлмайди.

Ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак бўлса, илм ўзи нима, деган савол пайдо бўлади. Келинг, илм нима экани ҳақида биргаликда фикр юритайлик.

Ҳозирги кунимизда одамлар тилида энг кўп такрорланадиган сўзлардан бири илм десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аммо қизиғи шуки, мен кўпчиликка «Илм нима?» деган саволни бериб, ҳозиргача қониқарли жавоб олмадим. Кўпчилик «Илм – билим», дейишдан нарига ўта олмади.

Албатта, илмнинг таърифида айтилган барча фикрлар билан танишиб чиқдим, деган даъводан тамоман йироқман. Аммо мусулмон уламолардан бошқалар илмни таъриф қилганмикан ёки йўқми, деган шубҳада эканим аниқ.

Мусулмон уламолар илмни «Ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир», деб таърифлайдилар.

Исломда ҳар бир нарсанинг илмий асосда бўлиши таъкидланган. Ислом илм динидир. Исломнинг ҳар бир нарсанинг илмий асосда бўлиши зарурлигини таъкидлашининг бош сабабчиси диний ақийдадир. Агар диний ақийда бўлмаганда, мусулмонлар илмга бунчалар аҳамият бермаган бўлардилар.

Мазкур диний омил Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽﯾ ﯿ ﰀ

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир» (36-оят).

Ҳа, Ислом ҳар бир нарсани илмий асосда олиб боришга даъват қилади. Билмаган нарсадан четда бўлишга чақиради.

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма!»

Ҳар бир нарсани очиқ-ойдин ва аниқ билиб олгачгина унга ишониш ва у ҳақда ҳукм чиқариш керак. Гумон билан, бировнинг гапига ишониб, турли ноаниқ ишораларга суяниб ҳукм чиқариш мусулмонларга хос эмас. Билган нарсасини борича етказиш ҳам омонатдир. Қулоқ нима гапни эшитса, хиёнат қилмай, ўша гапни аниқ етказиш керак. Кўз бир нарсани кўрса, ўша кўриб-билган нарсага хиёнат қилмай, у ҳақда очиқ-ойдин маълумот бериш керак.

Шунингдек, дил нимани идрок этса, ўша нарсани аниқлик билан етказмоқ зарур. Бу аъзоларнинг билган, идрок этган ҳар бир нарсаси илмий омонат саналади. Омонатга хиёнат қилмаслик катта масъулият ҳисобланади. Кўз ҳам, қулоқ ҳам, дил ҳам ҳар бир нарсадан масъулдир. Бу дунёда бўлмаса, у дунёда, албатта, масъулдир. Айниқса ана ўша охиратдаги масъулият мусулмонларни илмий омонатга ҳеч хиёнат қилмасликка ундаган. Улар доимо билгани ҳақида тўғри маълумотлар берганлар. Ушбу ояти каримага ўхшаш оятлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари уларни доимо илмий омонатга хиёнат қилмай, тўғри маълумотлар беришга чорлаб келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Гумондан эҳтиёт бўлинглар, чунки гумон энг ёлғон сўздир», деганлар.

Қуръони Карим нозил бўлаётган пайт ва жойдаги мушрикларнинг ҳоли Юнус сурасида қуйидагича васф қилинади:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини ўта билувчидир» (36-оят).

Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан: «Нима учун бу ишни қилмоқдасан? Нима учун бу йўлга юрмоқдасан?» деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гумондан иборат бўлади. Ҳа,

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос».

Қадимда бутпарастлар: «Ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз», деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам «Фалончи айтгани учун», «Пистончи қилгани учун», дейишади.

«Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини ўта билувчидир».

Шунинг учун мусулмонлар ҳеч қачон гумонга эргашмайдилар. Шунинг учун ҳам ақийда бўйича мутахассис уламоларимиз иймоннинг тўғри ва соғлом бўлиши учун ишончли ва таъкидланган илмни асосий шарт қилиб қўйганлар ва бировларга тақлид қилиб келтирилган иймон ҳақиқий бўлмайди, деганлар.

Исломда илмий ҳақиқат фикрий қадриятларнинг манбаси ва чўққиси ҳисобланади. Ақийда илмга асосланган бўлгани учун ҳам ақийда бўйича мутахассис бўлган мусулмон уламолар ўзларининг шу мавзудаги китобларини айнан илм ҳақида баҳс юритишдан бошлаганлар.

Мисол учун, машҳур уламоларимиздан Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг шуҳрат қозонган китоблари бўлмиш «Ақоидун Насафия»нинг аввалида, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Аҳли ҳақнинг айтишича, нарсаларнинг ҳақиқатлари собитдир. Уларни илм ила билиш, суфистоийларга хилоф ўлароқ, муҳаққақдир».

Суфистоийлар юнон файласуфларидан бир мазҳабга эргашганларининг номидир. Улар нарсаларнинг ҳақиқатини билиш муҳаққақ эмас, деган фикрда бўлганлар. Мусулмон уламолар эса уларга муқобил фикрда бўлганлар. Қадимда юнон файласуфларининг китоблари мусулмонлар томонидан таржима қилиб, ўрганилгани учун улар мазкур томоннинг фалсафасидан бохабар бўлганлар ва ўз илмий баҳсларида уларга нисбатан фикрларини билдириб юрганлар.

Илмнинг ҳақ эканини исбот қилганидан кейин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи унинг воситалари ҳақида сўз юритади: «Халойиқ учун илмнинг воситалари учтадир: соғлом ҳис қилиш аъзолари, содиқ хабар ва ақл. Соғлом ҳис қилиш аъзолари бештадир: эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ушлаш. Ҳар бир ҳис қилиш аъзоси ила унга хос бўлган нарса билинади».

Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғулар инсонга унинг дунёга келиши билан дастлабки илм олишга восита бўлади. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шундай илм олишлар жумласига киради. Бу илмий тилда туғма инстинкт дейилади. Лекин бу тоифадаги илм инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

Инсон катта бўлганидан кейин, у ўзининг ҳис қилиш аъзолари орқали маълум бир нарсалар ҳақида илм ҳосил қилади. Ушбу ҳис қилиш аъзолари орқали идрок қилинган нарсаларни инсон илми ила иҳота қилади, яъни кўрган, эшитган, ҳидлаган, татиган ва ушлаган нарсаларини таҳлил қилиб, ўрганиб, хусусиятларини ажратиб боради. Инсон мазкур ҳис қилиш аъзоларидан бошқа нарсалар билан бирор нарсани билиши қийин.

Мисол учун, кўзи ожиз ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, рангларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди. Шунингдек, кар ҳолда туғилган одамга, у қанчалар закий ва доно бўлса ҳам, овозларни васф қилиб тушунтириб бўлмайди.

Барча инсонлар ўзлари татиб кўрмагунларича, бирорта таъмни тўлиқ билишлари қийин иш. Лекин ҳис қилиш аъзолари ҳам тўла илм олиш учун кифоя қилмайди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси маълум бир чегарагача илм олиш учун ярайди, холос.

Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Кўзга кўринган нарса ундан узоқлашган сари кичкина бўлиб боради ва охири кўринмай қолади. Бунинг устига, кўз ила кўриш учун ёруғлик ҳам керак. Агар қоронғи тушиб қолса, кўзнинг кўриш қобилияти ҳам ишламай қолади.

Қулоқ ҳам маълум даражадаги товушларни эшитади. У товушдан узоқлашган сари ёки товуш кучи озайган сари унинг эшитиши сусайиб боради ва охири эшитмай қолади.

Ушлаб билиш қобилияти эса яна ҳам шарти кўп нарсадир. У билан бирор нарсани билмоқ учун, албатта, ўша нарсага баданнинг маълум қисмини текказиб кўрмоқ керак.

Баъзи бир ақлини пешлай олмаган зотлар дунёда ҳис қилиш аъзолари воситасида билинадиган нарсалардан бошқа нарса йўқлигини таъкидлайдилар. Уларнинг ақли қосирларича, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитилмадими, демак, ўша нарсалар дунёда мавжуд эмас эмиш. Дунёда фақат инсон кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитган нарсаларгина мавжуд эмиш. Улар мана шундай ноқис ақллари билан Аллоҳни ҳам инкор қиладилар.

Ҳозирги замон илми дунёда одам боласи ҳис қилиш аъзолари билан била олмайдиган, жумладан, оддий кўз билан кўра олмайдиган, оддий қулоқ билан эшита олмайдиган кўпгина нарсалар борлигини кашф этди.

Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, катта тезликда кетаётган кишига қизил чироқ яшил бўлиб кўриниши кўпчиликка маълум.

Бу каби нуқсонларни инсон ақл ёрдамида топган илми ила тузатади. Ақл илм ҳосил бўлиши учун ишлатиладиган муҳим воситадир.

Ақлнинг илмга алоқасини Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича таърифлайди:

«Ақл ҳам илмнинг воситасидир. Унда ўз-ўзидан пайдо бўлган илм зарурийдир. Ҳар бир нарса ўзининг бўлагидан катта экани ҳақидаги илм каби. Ақлнинг мушоҳадаси орқали собит бўлган илм касбийдир. Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас».

Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омилдир. Ақл воситаси ила ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади.

Биринчиси, таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ ўз-ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта экани бир кўришда ўз-ўзидан билинади. Бу «зарурий илм» деб аталади.

Иккинчиси, ақлни ишга солиб, таҳлил ва мушоҳада воситаси ила ҳосил бўладиган илм. У «касб қилиб топилган илм» дейилади.

Ақл ила ҳосил бўладиган илм ҳис қилиш аъзолари воситасида ҳосил бўладиган илмдан кучлидир. Ақл воситаси ила ҳис қилиш аъзолари йўл қўйган хатолар ҳам тузатилади.

Масалан, сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин, бу кўзнинг хабари ва нотўғри хабар. Лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилиги ҳақида илм беради. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.

Ақлнинг асосий вазифаси ҳис қилиш аъзолари нақл қилган маълумотлардан таҳлил, қиёслаш, мушоҳада қилиш, фарқлаш, турли қоидалар ишлаб чиқариш орқали илм ҳосил қилишдир. Шунинг учун ҳам ақлнинг хизмат доираси ҳис қилиниши мумкин бўлган олам билан чегаралангандир.

Бинобарин, ғайбий – метафизик нарсаларнинг илми ақл доирасида эмас. Бу нарсаларни ақл билан аниқ билиб бўлмайди. Чунки бу нарсаларни ҳис қилиш, тажрибага бўйсундириш мумкин эмас.

Инсоннинг ҳис қилиш доирасидан ташқарида бўлган ғайбий – метафизик нарсалар ҳақида ақл юритиш гумондан, хаёл ва тахминдан бошқа нарса бўла олмайди. Гумон, хаёл ва тахмин зинҳор илмнинг ўрнини боса олмайди.

Шунингдек, мазкур нарсаларни илҳом йўли билан ҳам билиб бўлмайди. Мусулмон кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса «илҳом» дейилади. Аллоҳнинг фазли ила баъзи мўмин-мусулмонларга илҳом берилиши бор гап.

Агар тақводор кишига илҳом инъом этилса, бу унинг маълум даражага етганининг аломати ва хурсанд бўлиш башорати, холос. Илҳом зинҳор илм манбаси бўла олмайди. Буни қадимда ақоид илми уламолари бир овоздан таъкидлаганлар. Жумладан, Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳақда: «Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас», деган.

Бу гап билан ўша вақтдаги икки тоифага раддия берилган: Исломдан бошқа баъзи бир  динларга ва ўзидан кетган баъзи бир мутасаввуфларга.

Дарҳақиқат, Исломдан бошқа баъзи динларнинг арбоблари илҳомни «ақийда қилиб олиш мумкин бўлган илмнинг манбаси» деб қабул қилганлар. Мисол учун, Инжилларни ёзган кишилар ёлғиз ҳолларида ўтириб, ўзларига илҳом қилинган нарсани ёзганлари даъво қилинади.

Шунингдек, баъзи суфийлар бу масалада ҳадларидан ошиб, ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар.

Улардан баъзилари: «Илҳом билан кифояланиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ўрганмаса ҳам бўлаверади, ақоид ҳамда фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганишнинг ҳожати йўқ», деган ботил фикрларни айтганлар.

Бошқа бирлари эса: «Кашф, илҳом туфайли шайхларнинг қалби исмат даражасига етади. Ўшандоқ қалбларга тушган нарса ваҳий ўрнига ўтади», дейишгача бориб етганлар. «Уларнинг фикрича, авлиёларнинг қалблари анбиёларнинг қалблари каби эмиш. Аслида бу куфр ва залолатдан бошқа нарса эмас», дейдилар муҳаққиқ уламоларимиз.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурларhellip.Нур, бир кишиларки, уларни давоми...

5730 18:05 / 23.10.2017
islom.uz middot 012 Хабарлар ва нақлларни текшириш Ўзи кўрмаган ва эшитмаган нарсалар ҳақидаги хабар ҳамда нақлларни бошқалардан эшитиш одам учун ўзига нисбатан ғайб давоми...

3433 13:02 / 12.10.2020
Бу умумий сарлавҳа остида ваҳий, набийлик, расуллик ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.Ваҳий нима.Ваҳий,нинг луғатдаги маъноси .махфийлик, ва давоми...

2746 17:58 / 23.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аҳзоб сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб .Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр давоми...

3622 19:00 / 31.01.2022
Аудиолар

135047 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55322 14:35 / 11.08.2021