Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (28-дарс). Иститоъат ва унинг турлари (давоми)

13:30 / 08.04.2019 5789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ

3. «Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас», деган (Бақара сураси, 286-оят).

Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг инсоннинг амалини Аллоҳ таоло халқ қилишига далиллари:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

1. «Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир» (Зумар сураси, 62-оят).

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ

2. «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят).

ﭸ ﭹ ﭺﭻﭼﭽ

3. «Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳлайсизлар» (Инсон сураси, 30-оят).

Бандаларнинг хоҳишлари ҳам Аллоҳнинг халқ қилиши – яратиши билан бўлганидан кейин, бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Чунки ихтиёрий амаллар хоҳишнинг жузъи ва самарасидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир бўлганидан кейин, У Зотни бандалар амалини халқ қилишдан нима ожиз қила олади?

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бандадан содир бўладиган нарса икки хил бўлади.

Биринчи хили: унинг иродаси, имконига боғлиқ бўлмаган – титраш, юрак уриши каби нарсалар. Булар унинг амали эмас, сифатидир.

Иккинчи хили: Банданинг ихтиёрига ва имконига боғлиқ нарсалар бўлиб, бунга барча ихтиёрий ҳаракатлар киради. Булар банданинг сифати эмас, амали ва касби, деб васф қилинади.

Аллоҳ банданинг ихтиёрий ва бошқа ҳамма амалларининг холиқи, яъни яратувчисидир.

Кўҳна китоблардан олинган юқоридаги иқтибослардан кейин ижозатингиз билан худди шу масаланинг ҳозирги талқини билан ҳам танишиб чиқишга таклиф қиламан.

Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўладими? Агар шундай бўлса, бандага нима қолади, деган саволга жавоб ахтарайлик.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: инсоннинг дахли йўқ нарсалар.

Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онасининг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча ишлари борки, уларда инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Инсон бу нарсалардан масъул ҳам эмас.

Мисол учун, уни ҳеч ким «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?» деб сўроқ-савол қилмайди.

Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан.

Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.

Иккинчи қисм: инсон томонидан содир этилган иш ва амаллар. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда. Худди шу турдаги ишларни қандай баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган. Кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан.

Аввал айтиб ўтилганидек, қадария ва мўътазилия мазҳабидагилар: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар.

Бу эса Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри дейилса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Холиқлиги ягона бўлмайди.

Жабрия мазҳабидагилар эса: «Инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади.

Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри дейилса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот таоло одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур этиб, кейин сўроқ-савол қилиб, «Нима учун бу ишни қилдинг?» дея жазолаши адолатсизлик бўлар эди.

Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган (яратган) нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас.

Лекин бу «Инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади», дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси – уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси – инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши.

Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.

Бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун уламоларимиз қуйидаги мисолни келтирадилар:

Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари – қўл, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар Аллоҳ халқ қилган нарсалардир. Шунингдек, варақ, қалам ва улардаги ёзиш учун бўлган хусусиятларни ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган.

Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Бу Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак.

Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади, деган гапнинг маъноси шу.

Аммо бу «Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди», дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Балки бунинг учун аввало инсон ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ таоло инсонда Ўзи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради.

Шундай қилиб, «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида, ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўлади.

Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Инсон ана ўша қасди ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри, ҳурлиги мана шундадир.

Ҳеч бир ақлли инсон «Мен бу ёки у ишни Аллоҳ таоло мажбур қилгани учун қилганман, ўз қилмишимга жавобгар эмасман», дея олмайди.

Аллоҳ таоло бандага Ўз иродаси доирасида ихтиёрни берган. Банданинг ихтиёри Аллоҳ таолонинг ихтиёрига тобедир. Аллоҳ таолонинг Китобида бандаларнинг амал қилишдаги ҳурриятларини баён қилувчи бир қанча оятлар келган.

 (давоми бор)

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.Яъни жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан давоми...

5839 20:50 / 04.05.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиУ Зот халойиқни билиб туриб, халқ қилди.Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларни билиб туриб пайдо қилди, вужудга давоми...

4768 19:09 / 09.12.2019
Аллоҳ таоло .Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар,, дейилур. Уларнинг дилларидаги ғиллиғиштларни чиқариб давоми...

5891 21:51 / 01.12.2016
Уламоларимиз Ислом билан иймон орасидаги алоқа, .Қайси бири умумий, деганга ўхшаш саволлар ҳақида узунданузоқ баҳс қилганлар. Бу мавзу бўйича алоҳида китоб давоми...

1966 19:00 / 06.11.2023
Аудиолар

135045 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55320 14:35 / 11.08.2021